ПАРИЖ – Бугунги кунда Толибон триллион долларлик қазилма бойликлар захирасининг калитларига эгалик қилмоқда – уларнинг айримлари дунёнинг қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишини таъминлай олса-да, гуруҳ билан бизнес юритишга жуда кам давлатлар қизиқиш билдирмоқда.
Ҳокимиятдан ағдарилганидан 20 йил ўтиб, яна иқтидорга келган Толибон молиявий ёрдамга муҳтож бўлиб турибди, зеро йирик халқаро ёрдам ташкилотлари Афғонистонни қўллаб-қувватлашни тўхтатган.
24 августда Жаҳон банки мамлакатга ёрдамни тўхтатгани ҳақида эълон қилди.
Урушлар ва қолоқ инфратузилма сабаб Афғонистон узоқ вақт ўзидаги улкан конларни ўзлаштира олмаган.
АҚШ Геология хизматининг (USGS) январ ойидаги ҳисоботига кўра, мамлакат қазилма бойликлари бокситлар, мис, темир рудаси, литий ва ноёб тупроқ элементларини ўз ичига олади.
Юқори кучланиш кабелларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган мис бу йил харидоргир маҳсулотга айланиши натижасида унинг бир тоннаси 10 минг доллардан ошган.
Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, электромобиллар аккумуляторлари, шамол электростанциялари ва қуёш панеллари ишлаб чиқаришда муҳим элемент ҳисобланувчи литийга бўлган дунёдаги талаб 2040 йилга қадар ҳозиргидан 40 баробар ошиши кутилмоқда.
«Нодир металлар учун уруш» китобининг муаллифи Гийом Питронга кўра, Афғонистонда шу кунгача қазиб олинмаган улкан литий захиралари мавжуд.
Афғон заминида шунингдек, тоза энергия соҳасида қўлланиладиган ноёб тупроқ элементлари: неодим, празеодим ва диспрозий ҳам бор.
АҚШ Геология хизмати (USGS) мамлакатнинг қазиб олинмаган табиий бойликларини 1 триллион долларга баҳолаган, бироқ Афғонистон расмийларига кўра, бу рақам уч баробар кўпроқ.
Афғонистон ноёб тупроқ элементларини ўзлаштиришга қийналган бўлса-да, зумрад ва ёқут каби қимматбаҳо тошлар, шунингдек, ярим қимматбаҳо турмалин ва лазуритни қазиб олишда муваффақият қозонди, лекин бу бизнес Покистонга ноқонуний контрабанда туфайли оқсамоқда.
Шунингдек, мамлакатда талк, мармар, кўмир ва темир қазиб олинади.
Хитой даромадни ўз принципларидан устун қўймоқда
Толибоннинг ҳокимият тепасига келгани хорижий инвесторларни чўчитаётган бўлса-да, Хитой у билан бизнес қилишга тайёр мамлакат бўлиб турибди.
15 август куни Толибон Кобулни эгаллаши ортидан Пекин Афғонистон билан «дўстона ва ҳамкорлик» алоқаларини ўрнатишга тайёр эканлиги ҳақида баёнот берди.
2007 йилда давлатга қарашли Хитой металлургия гуруҳи корпорацияси (MCC Group) «Мис ойнак» конини 30 йилга ижарага олиш ва 11,5 миллион тонна мис хомашёсини қазиб олиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.
Аммо, дунёдаги иккинчи энг катта мис кони лойиҳаси «хавфсизликка оид муаммолар туфайли қайта иш бошламаган», деб ёзади Хитойнинг Global Times давлат нашрига.
Global Times нашрининг MCC Group корпорациясига таяниб ёзишича, «вазиятнинг барқарорлашуви ҳамда халқаро ҳамжамият, жумладан Хитой ҳукуматининг Толибон режимини тан олиши ортидан идора фаолияти қайта тикланиши мумкин».
Хитой етакчилари Толибонлар ҳукуматни қўлга олганидан «хурсанд бўлмаса-да, улар принципларнинг прагматизм йўлида туришига йўл қўймайди», деб ёзган Вашингтондаги Brookings таҳлилий марказининг катта илмий ходими Райан Хасс ўз блогида.
«Пекиннинг Мис Ойнак конига йирик сармоя киритишга шошилмаётгани унинг инвестицияларнинг қопланишида сабрли эканлигини англатади», деб ёзган у.
Хитой «ўз бизнес келишувларида демократик тамойилларни шарт қилиб қўймайди», дейди француз ёзувчиси Питрон.
Афғонистоннинг Элдорадога айланишига ишониш қийин, деб огоҳлантирди у.
«Бунинг учун жуда барқарор сиёсий муҳит зарур», деди Питрон.
Минерал конларни ўзлаштириш ва қазилма ишларини олиб бориш учун 20 йил муддат керак бўлиши мумкин, дейд у.
«Барқарор сиёсий ва қонуний тизим бўлмас экан, ҳеч қандай компания инвестиция киритишни истамайди», дейди у.