Карвонсарой
Иқтисодиёт

Ироқликлар Хитой иқтисодий инвестициялари баҳосини шубҳа остига олмоқдалар

Фарис ал-Умрон

2009 йилнинг 3 феврал куни олинган сурат: Ироқнинг Басра шаҳри жануби-ғарбида жойлашган Зубайр-1 туманидаги Баржисия нефт кони бўйлаб юриб бораётган муҳандис. [Эссам ал-Суданий/AFP]

2009 йилнинг 3 феврал куни олинган сурат: Ироқнинг Басра шаҳри жануби-ғарбида жойлашган Зубайр-1 туманидаги Баржисия нефт кони бўйлаб юриб бораётган муҳандис. [Эссам ал-Суданий/AFP]

Ироқнинг Эронга мойил фракциялари ва сиёсатчилари мамлакат қурилиш бозорида Эрон режимининг стратегик иттифоқчиси бўлган Хитойга устуворлик берилишига эришмоқчи.

Аммо уларнинг амбициялари «Хитой билан яқин алоқалар фақат Эрон режимига хизмат қилади» деб ҳисоблайдиган Ироқ мухолифати билан тўқнаш келмоқда. Таҳлилчилар назарида Хитой Ироқ иқтисодиёти ҳисобига ўз манфаатларини кучайтиришга интилади.

«Катаиб Ҳизбуллоҳ» ва «Асоиб Аҳлул-Ҳақ» сингари Эронга мойил жангари гуруҳлар ўзларига алоқадор оммавий ахборот воситаларини 2019 йил 23 сентябрда тузилган Ироқ-Хитой келишувини фаоллаштиришга чақирмоқдалар.

20 йилга мўлжалланган келишув ўша вақтда билдирилган эътирозлар ва унинг бандларига оид тафсилотлар бўйича кескин мунозаралар туфайли бажарилмай қолган эди.

Ўтган йилнинг 11 октябр куни Эроннинг ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Жавод Зариф хитойлик ҳамкасби Ван И билан суратга тушмоқда, Тенчун, Хитой. [Хитой давлат ОАВ]

Ўтган йилнинг 11 октябр куни Эроннинг ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Жавод Зариф хитойлик ҳамкасби Ван И билан суратга тушмоқда, Тенчун, Хитой. [Хитой давлат ОАВ]

Ироқ бош вазири Мустафо Козимий ҳукумати умумий манфаатлар асосида минтақа ва дунё мамлакатларига очилишга интилмоқда, 27 октябр куни олинган сурат. [Ироқ бош вазирининг матбуот хизмати]

Ироқ бош вазири Мустафо Козимий ҳукумати умумий манфаатлар асосида минтақа ва дунё мамлакатларига очилишга интилмоқда, 27 октябр куни олинган сурат. [Ироқ бош вазирининг матбуот хизмати]

Келишувда Хитойнинг Ироққа 10 миллиард доллар қарз бериши ва у Ироқ нефтини Хитойга сотишдан олинган даромад ҳисобига босқичма-босқич узилиши кўзда тутилган. Бу кредит Ироқдаги йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун сафарбар этилади.

Шартномага қарши бўлганларнинг фикрича, у Ироқ нефтини узоқ муддат Хитой гаровида қолдиради ва Ироқни Хитойдан қарздор қилиб қўяди.

Улар, шунингдек, Эронга алоқадор жангари гуруҳлар ўз таъсиридан фойдаланиб, Хитой лойиҳаларида Эрон компанияларига иккинчи даражали операцион шартномалар беришга уринишидан хавотир билдирмоқдалар.

Ироқдаги Хитой инвестицияларининг умумий ҳажми 20 миллиард долларни ташкил қилади, уларнинг аксарияти энергетика секторида, деган эди 2019 йил июл ойида Хитойнинг Бағдоддаги элчиси Чжан Тао.

Ироқнинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун

Кўпчиликнинг фикрича, хавотирлар фақат «Эрон ва унинг иттифоқдошларига хизмат қиладиган» Хитойнинг келгуси лойиҳалари ва шартномаларига тегишли, дейди Ироқнинг стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Ғози Файзал Ҳусайн.

Шу йилнинг бошида Ироқ 2 миллиард АҚШ доллар эвазига Хитойга 48 миллион баррелга яқин нефт хомашёсини (2021 йил июлдан 2022 йил июнгача) етказиб бериш бўйича шартномани музлатиб қўйди, дейди у.

Ироқнинг Басрадаги Ал-Фав порти лойиҳасини Хитойга топширишдан бош тортиши ҳам Хитой ва Эрон тарафдорларининг саъй-ҳаракатларига тўсиқ бўлди, дейди Ҳусайн.

2021 йил апрел ойида порт қурилишига оид йирик лойиҳани амалга оширишда Ироқ хитойлик рақобатчини чиқариб юборганидан кейин Жанубий Кореянинг Daewoo компаниясини танлаган.

«Миллий манфаатлар шарт қилиб қўйилиши асосий мезон», дейди Ҳусайн. «Ҳукумат айни дамда шунга эътибор қаратмоқда, Хитой, Эрон ва бошқа мамлакатлар манфаатларини кўзлайдиган ҳамкорлик ўрнатишга эмас.»

«Хитой инвестицияларига нисбатан муносабат адоватли деб қаралмаслиги керак», деб қўшимча қилди у. «Ироққа алоқалар ва шартномалар зарур, аммо бу Ироқнинг мустамлакага айланиб қолиши ва Ироқ бойликларини Хитой ва бошқаларга қарз эвазига берилишига олиб келиши керак эмас.»

Эрон-Хитой келишуви

Эрон ҳукумати 2019 йилдаги жами 400 миллион АҚШ долларга тенг келишуви доирасида «халқнинг нефтдан олинган бойлигини Хитойга сотиб юборган», бу Хитойга бир қанча секторлардаги лойиҳаларни ривожлантириш ва амалга оширишга имкон беради, деб айтган у. Унинг сўзларига кўра, Хитой ўз воситачилари орқали Ироқда ҳам худди шундай қилмоқчи.

Эроннинг Хитой билан иттифоқидаги ажабланарли жиҳат шундаки, у Хитой «мусулмонлар ҳуқуқларини анчадан бери бузиб келаётганига» эътибор қаратмаяпти, дейди у.

Хитой ҳукуматининг Шинжон вилоятидаги этник мусулмонлар, уйғурларга нисбатан олиб бораётган зўравонликлари ҳужжатлар билан исботланган, шунингдек у мусулмонларнинг ўнлаб қадамжолари, жумладан Имом Осим зиёратгоҳини ҳам йўқ қилиб юборган.

Аммо, Ислом республикаси ҳукумати бунга эътибор бермай, Эрон нефтини сотиш бўйича 25 йиллик шартномани имзоламоқда.

Сиёсий Ғаним ал-Обидга кўра, Эрон Хитой билан яқин муносабатга киришиш билан ўз иқтисодиётини халқаро санкциялар юкидан қутқариб қолмоқчи.

У Хитой ва Россия, шунингдек Шимолий Корея билан «глобал лагер» тузиб, Ғарб босимига қарши турувчи иттифоқни мустаҳкаш ниятида.

Бу орада Пекин ўз иттифоқчилари ёрдамида барча минтақаларда таъсир доирасини кенгайтиришни кўзламоқда, дейди Ал-Обид.

Хитойнинг умумий мақсади дунё бўйлаб шунчаки «иқтисодий гегемонлигини» ёйишдан кўра каттароқ бўлиши, шунингдек ўз инвестицияларини ҳимоя қилиш баҳонасида «ҳарбий таъсир» ўрнатиш ниятида бўлиши ҳам мумкин, деб таъкидлади у.

Ироқ – мувозанатлашган ҳамкорлик тарафдори

Ал-Обидга кўра, Ироқдаги воситачи кучлар мамлакатдаги йирик инвестицияларда Хитойга устуворлик беришга уринмоқда, аммо уларнинг мақсади ҳар сафар пучга чиқиб, ҳафсаласи пир бўлиб қолмоқда.

Аслини олганда, бундай инвестициялар Ироқнинг бойликлари ва халқининг келажаги ҳисобидан инқироз ёқасида турган Ироқ иқтисодиёти ва режими учун шунчаки «ҳаётни сақлаб қолувчи куч» бўлади, холос.

Унга кўра, жангари гуруҳлар Ироқнинг фақат Эрон-Хитой-Россия билан ҳамкорлик қилишини истайдилар.

Ироқ ҳукумати умумий манфаатларга асосланган мамлакатлар билан мувозанатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш орқали бу жангариларга муваффақиятли қарши курашмоқда, деб таъкидлади у.

Шу билан бирга, у Ироқнинг Иордания, Миср ва Саудия Арабистони каби минтақавий мамлакатларни кенг кўламли инвестициялар орқали инфратузилмани тиклаш чораларига жалб қилиш ҳаракатларини олқишлади.

Шанба (28 август) куни Ироқ минтақани ларзага солаётган инқирозга ечим топишда Бағдодга «бирлаштирувчи ролни» тақдим этишни кўзлаган минтақавий етакчилар саммитига мезбонлик қилган.

Саммит Иордания, Миср, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт, Туркия, Ироқ, Эрон, Саудия Арабистони ва Франция етакчиларини жамлаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500