Карвонсарой
Хавфсизлик

Марказий Осиё Толибоннинг ваъдаларига қарамай, чегараларни мустаҳкамлашда давом этмоқда

Канат Алтинбаев

Афғонистондаги воқеалар муносабати билан жанговар тайёргарликни синаш бўйича умуммиллий машғулотларда иштирок этаётган тожикистонлик аскарлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, 22 июл. [Тожикистон ҳукумати матбуот хизмати]

Афғонистондаги воқеалар муносабати билан жанговар тайёргарликни синаш бўйича умуммиллий машғулотларда иштирок этаётган тожикистонлик аскарлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, 22 июл. [Тожикистон ҳукумати матбуот хизмати]

ОЛМАОТА – Толибон раҳбарлари гуруҳнинг Афғонистонга қўшни мамлакатлар учун хавф солмаслигига ишонтираётган бўлса-да, Марказий Осиё ҳукуматлари воқеаларнинг эҳтимолий ривожига тайёргарлик кўришда давом этмоқда.

Қўшма Штатлар ўз қўшинларини олиб чиқиши ортидан Афғонистондаги хавфсизлик ёмонлашар экан, Ўзбекистон Афғонистон билан чегарани мустаҳкамлаш учун тезкор чоралар кўрган.

Ўзбекистон жанубидаги энг чекка шаҳар – Термизда фавқулодда вазиятларда тезкор чора кўриш маркази ташкил қилинган. Бу ҳақда август ойида Сурхондарё вилоятидаги Ўзбекистон чегара қўшинларида хизмат қилаётган подполковник Аброр Бердиев «Ўзбекистон 24» телеканалига маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, марказда куч ишлатар идоралар расмийлари, шунингдек, бошқа давлат идоралари вакиллари иш олиб бормоқда.

Бишкекда 31 август куни Қирғизистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган парадда Қирғизистон ҳарбий техникаси намойиш этилган. [Максат Осмоналиев/Карвонсарой]

Бишкекда 31 август куни Қирғизистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган парадда Қирғизистон ҳарбий техникаси намойиш этилган. [Максат Осмоналиев/Карвонсарой]

Жанговар шайликни намойиш қилаётган ўзбекистонлик ҳарбийлар, 24 июн куни олинган сурат. Ўзбекистон Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) қўшилишдан бош тортган. [Ўзбекистон мудофаа вазирлиги]

Жанговар шайликни намойиш қилаётган ўзбекистонлик ҳарбийлар, 24 июн куни олинган сурат. Ўзбекистон Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) қўшилишдан бош тортган. [Ўзбекистон мудофаа вазирлиги]

Ўзбекистоннинг чегара қўшинлари юқори жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилди, президент Шавкат Мирзиёев эса Миллий гвардия, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликларининг энг сара бўлинмаларини чегарада жанговар навбатчилик режимига ўтказди, деди Бердиев.

«Қуролли кучлар чегарани янада ишончли ҳимоя қилиш учун энг замонавий қуроллар билан жиҳозланган», деди Бердиев. «Чегарачиларимиз туну кун навбатчилик қилмоқда».

30 август куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон-Афғонистон чегараси ҳозирда тўлиқ ёпилганини, қуруқликдан ўтиш тўхтатилгани ва яқин келажакда уни қайта тиклаш режаси йўқлигини эълон қилди.

«Сабабидан қатъи назар, чегарани кесиб ўтишга бўлган ҳар қандай уринишларнинг олди олинади», дейилади вазирлик хабарида.

ОАВда «Ўзбекистон Афғонистондаги Толибон режимидан қочган одамлар учун ўз чегараларини очишга тайёр», деган хабарларга жавобан вазирлик шундай баёнот берган.

Россия Тожикистондаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтирмоқда

Тожикистон ҳам худди шундай чоралар кўрган.

«Чегарани қўриқлаш ва ҳимоя қилиш юқори жанговар шайлик ҳолатида амалга оширилмоқда», деб хабар берган Тожикистон куч тузилмаларидаги аноним манбалар август ойида Душанбедаги «Азия-Плюс» сайтига.

«Афғонистон билан чегара бўйлаб учта мудофаа чизиғи ташкил этилган. Уларга чегара қўшинлари, Мудофаа вазирлиги, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Тожикистоннинг бошқа хавфсизлик идоралари махсус кучлари ва воситалари, армия захирасидагилар жалб этилган», деди расмий.

Афтидан, Душанбенинг хавотирланишига асос бор, аммо бу Афғонистон таҳдиди билан эмас, балки Россиянинг хориждаги энг йирик 201-ҳарбий базасидаги ҳарбий ҳозирликнинг кучайиши билан боғлиқ.

Август ойида Россия базага танкларга қарши «Корнет» ракета мажмуалари ва «Верба» кўчма зенит-ракета комплекслари каби бир қанча янги қуролларни жойлаштирган, деб хабар беради Deutsche Welle.

Россия минтақавий хавфсизлик масаласини кўтариб, зарур бўлса, «Афғонистон билан чегарани ҳимоя қилиш учун Тожикистонга қўшимча ёрдам» кўрсатишга тайёрлигини айтмоқда.

Бироқ, Москва ўзининг геосиёсий мақсадларини кўзламоқда, дейди таҳлилчилар.

Россия «Толибон» таҳдидидан минтақани қўрқитиш ва уни янада қаттиқроқ назоратга олиш учун қулай баҳона сифатида фойдаланмоқчи, дейди Хавфларни баҳолаш бўйича консалтинг гуруҳи директори, олмаоталик Досим Сатпаев.

АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетар экан, Москва Марказий Осиёда ўз таъсирини кучайтириш ва хавфсизлик кафолати сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш имконини кўрмоқда, дейди у.

Россия бу имкониятдан фойдаланиб, Ўзбекистонни Россия раҳбарлик қилаётган ва Ўзбекистон қўшилишдан бош тортаётган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо бўлишга ундайди.

Тошкентдаги «Билимлар карвони» таҳлилий маркази раҳбари Фарҳод Толипов Тошкентнинг рад жавобини изоҳлар экан, «мамлакат, жумладан Афғонистондан чиқувчи хавфсизлик таҳдидларига КХШТ ёрдамисиз қарши туриш салоҳиятига эга эканлигини» айтди.

Толиповга кўра, КХШТ ўз аъзоларини реал ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишдан кўра, кўпроқ ҳийла-найранг ва геосиёсий можаролар билан овора бўлиб қолган.

Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам жанговар шайликни мустаҳкамламоқда

Афғонистон билан чегарадош бўлмаган Марказий Осиё давлатлари ҳам муаммоларга қарши туришга эҳтиёж сезмоқдалар.

Август ойининг ўрталарида Қозоғистон «огоҳликни кучайтириш» чораларини кўрди: ҳарбий қисмлар жанговар шай ҳолатга келтирилди, махсус ҳарбий машқларни ўтказиш режаланди, ҳаво кенгликларини, ҳарбий объектларни, қурол-яроғ омборлари ва захираларини қўриқлаш янада кучайтирилди.

22 август куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Олмаота вилоятида бўлиб ўтган «Қайсар-2021» ҳарбий машғулотларини шахсан кузатди. У Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашуви шароитида Қозоғистон куч тузилмалари тўлиқ сафарбарлик ҳолатида бўлиши кераклигини таъкидлади.

«Афғонистондаги воқеалар Қозоғистонга тўғридан-тўғри хавф солмаса-да, улар шубҳасиз айрим таҳдидларни пайдо қилади. Шу боис воқеалар ривожини диққат билан кузатиб боришимиз ва ҳар қандай таҳдидга муносиб жавоб қайтаришга ҳозир бўлишимиз керак», дейилади Тўқаев матбуот хизматининг баёнотида.

1 сентябр куни халққа мурожатида Тўқаев Афғонистондаги вазият ва глобал кескинликнинг кучайиб бориши шароитида Қозоғистон мудофаа салоҳиятини кучайтириш ва таҳдидларга қарши зудлик билан чора кўриш учун «мамлакат мудофаа саноати ва ҳарбий доктринасини қайта юклаш» зарурлигини баён қилган.

Афғонистон билан чегарадош бўлмаган минтақадаги яна бир давлат – Қирғизистон ҳам эҳтиёт чоралари сифатида Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарада қўшимча блокпостлар ташкил этган.

Бундан ташқари, Қирғизистон куч тузилмалари чегара ҳудудларида мунтазам равишда разведка-қидирув операцияларини ўтказмоқда. Қирғизистон Давлат чегара хизматига кўра, қўшни мамлакатлар билан оператив маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилган, деб хабар беради «Кабар» ахборот агентлиги август ойида.

«Қирғизистон давлат идоралари ва куч тузилмалари билан ҳамкорликда қўшма ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиб, чегарадаги вазият кескинлашган тақдирда ўзаро ҳамжиҳатлик механизми йўлга қўйилди», дейилади Kabar.kg хабарида.

30 август куни дипломатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувда Қирғизистон президенти Садир Жапаров биринчи навбатда чегара туманларини мустаҳкамлаш, чегара хавфсизлигини кучайтириш ва қирғиз ҳарбийларини қўшимча қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш режалаштирилаётганини айтган.

Сценарийлар кўлами

Марказий Осиё давлатлари бир қатор сценарийларга тайёр туриши керак, дейди таҳлилчилар.

Толибоннинг ўзи Марказий Осиё мамлакатларига жанговар ёки террор хавфини туғдирмаса-да, улар Афғонистонда минтақа радикаллашувига сабаб бўладиган кескин ҳаракатлар учун қулай замин яратиши мумкин, дейди Вашингтондаги АҚШ миллий мудофаа университети профессори Эрика Марат Карвонсаройга.

Унинг сўзларига кўра, экстремизмга ёлловчилар одатда оғир иқтисодий аҳволда қолганларни тузоққа илинтиради.

«Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари экстремизмга қарши курашда асосий эътиборни ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратмоғи лозим», дейди Марат.

Тошкентлик сиёсатшунос Равшан Назаров Толибонни Афғонистон ташқарида нима бўлаётгани қизиқтирмайди, деган фикрга қўшилмаслигини айтар экан, уларнинг мафкураси трансчегаравий характерга эга эканлигини таъкидлайди.

«Марказий Осиё давлатлари, айниқса Афғонистон билан бевосита чегарадош Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ўз қуролли кучларини юқори тайёргарлик ҳолатига келтириши, коллектив минтақавий хавфсизлик тизимини мустаҳкамлаши керак», деб айтган у август ойида Eurasianet нашрига берган интервюсида.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500