Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Украиналик исёнчилар тарафидан уриб туширилган MH17 рейси қурбонларининг яқинлари ҳодисада Россияни айбламоқда

Карвонсарой ва AFP

image

Cудьялар ҳайъати раиси Хендрик Стенхейс (ўнгда) 26 май куни Голландиянинг Гилзе-Рийен ҳарбий ҳаво базасида Malaysia Airlines авиакомпаниясига қарашли MH17 самолётининг қайта тикланган қолдиқларини кўздан кечириш жараёнида бошқа судялар ва адвокатларга қўли билан ишора қилмоқда. Судялар тўрт гумонланувчининг суд жараёни доирасида MH17 рейси қолдиқларини ўрганиб чиққанлар. [Питер Дежонг/Pool/AFP]

ҲААГА, Голландия – 2014 йилда Украина осмонида MH17 рейси билан учаётган самолётнинг ерга қулаши оқибатида ҳалок бўлган 298 кишининг жабрдийда оилаллари Россиядан адолат талаб қилиб, Голландия судида тўрт нафар гумонланувчи устидан гувоҳлик бердилар.

2014 йилнинг 17 июл куни Malaysia Airlines самолётининг қулаши оқибатида фарзандлари, ота-онаси ва ака-укаларини йўқотган одамлар, айбдорлар жавобгарликка тортилмагунча, яқинлари билан росмана видолаша олмасликларини айтганлар.

Халқаро терговчиларнинг айтишича, Boeing 777 самолёти москвапараст исёнчилар назоратидаги Украина шарқидан учирилган, Россия ишлаб чиқарган ракета ёрдамида уриб туширган, бироқ Россия бунга алоқадорлигини рад этмоқда.

Июл ойида Европа Иттифоқининг дезинформацияга қарши «EU vs Disinfo» сайти «Кремл дезинформация машинасининг энг мудҳиш етти ёлғонли» рўйхатини тузган.

image

Қурбонлар қариндошларининг матбуот котиби Риа ван дер Стин (ўртада) Украина осмонида Малайзия авиакомпаниясининг MH17 самолётининг уриб туширилишига (бортидаги 298 кишининг барчаси ҳалок бўлган) оид суд жараёнида қатнашиш учун Голландиянинг Бадхеведорп шаҳридаги Схипхол суд биносига кириб келмоқда, 6 сентябр. [Коэн ван Вил/ANP/AFP]

Инкор этиб бўлмас далиллар

2014 йилда Россия кучлари ва ёлланма аскарлари кўмагида Украина шарқига ҳужум қилган исёнчиларга қарши рад этиб бўлмас далиллар талайгина.

Терговчиларнинг аниқлашича, самолётни йўқ қилиш учун ишлатилган ракета Россиянинг «Бук» зенит-ракета мажмуасидан учирилган. Бу ҳақида АҚШ Атлантика кенгаши таҳлил маркази ва бошқа кўплаб манбалар хабар берган.

Айнан шу «Бук» мосламаси Россия армиясининг Курск шаҳрида жойлашган 53 рақамли зенит-ракета бригадасига тегишли бўлган. 2018 йилда терговчилар сунъий йўлдош тасвирлари ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган фотосуратга асосланиб шундай хулосага келганлар.

Энг даҳшатлиси, айирмачилар қўмондони Игор Гиркин ёки унинг ишончли вакили самолёт билан радиоалоқа узилганидан 1 ярим соат ўтиб, «ВКонтакте» ижтимоий тармоғида мақтанганича «Биз АН-26 самолётини уриб туширдик», деб ёзган. The New Yorker хабарига кўра, ўшанда исёнчилар Украинага тегишли ҳарбий юк самолётини уриб туширдик, деб ўйлашган.

Гаркин бу ёзувни зудлик билан ўчириб ташлаган бўлса-да, АҚШнинг нотижорат интернет-архиви уни Wayback Machine сайтида келажак учун сақлаб қолган.

Жабрдийда оилаларнинг нафрати

Отаси Жан ва ўгай онаси Неллдан айрилган Риа ван дер Стин деди: «Улар ёлғон сўзламоқда, биз уларнинг ёлғон гапираётганини биламиз ва улар ёлғон сўзлаётганликларини билишимиздан хабардор».

«Қалбим қасос, нафрат, ғазаб ва қўрқув туйғулари билан тўлган», деди биринчи бўлиб гувоҳлик берган Ван дер Стин.

«Биламан, улар ҳалок бўлишган, мен уларни бошқа кўрмайман, лекин мен, албатта, уларнинг ўлими учун жавобгар бўлганлар қилмишлари учун айбдор деб топилмагунича, улар билан росмана видолаша олмайман.»

Ван дер Стин ҳалокатдан сўнг отасини излаб, вайроналар бўйлаб юраётганини такрор-такрор кўраётган даҳшатли тушлари ҳақида гапирган.

«Охир-оқибат уни топар эканман, унга ўлганини айтишим керак бўлади, кейин йиғлаб уйғонаман», дейди у.

Машъум самолётда Европадаги таътилдан қайтаётган ота-онаси Алберт ва Марини йўқотган австралиялик Ванесса Ризк жиноятчилар «жирканч ҳаракатлари учун жазога лойиқ» эканликларини айтади.

«Қурбонлар уларнинг яқинлари бўлганида жиноятчилар ўзларини қандай ҳис қилар эди? (Президент Владимир) Путин ва унинг коррупцияга ботган Россия ҳукумати бунга қандай жавоб бераркин?» деди у Австралиядан жонли эфирда.

«Сопол каптар»

Россия фуқаролари Гиркин («ВКонтакте»да мақтанган одам), Олег Платов, Сергей Дубинский ва Украина фуқароси Леонид Харченко қотиллик учун сиртдан суд қилинган. Фақат Пулатов қонуний вакилига эга.

Яқин кунларда судда 90 га яқин одам, жумладан, 196 нафар голландиялик, шунингдек, Австралия ва Малайзиялик қурбонларнинг қариндошлари чиқиш қилиши кутилмоқда.

Кўзи жиққа ёшга тўлган Питер ван дер Меернинг айтишича, қизлари – 12 яшар Софи, 10 ёшли Флер, 7 ёшли Бенте ва рафиқаси Ингриднинг вафотидан кейин унинг учун «ҳаёт ва келажак» тугаганини айтган.

«Умид қиламанки, жиноятчилар бугун мен сўзлаб берган ҳикоядан кейин ичларидагини айтишга эҳтиёж сезадилар, кўзгуга қараб, ўз фарзандлари ёки набираларига 2014 йил 17 июлда қилган ишлари ҳақида ёлғон гапиришмайди», деди у.

Ван дер Меернинг айтишича, у қизларининг вафотидан кейин Голландияда авлиё Николай байрамини нишонламай қўйган. «Бу болаларнинг байрами. Мен ортиқ уни нишонлашни истамайман. Энди менинг фарзандларим йўқ», дейди у.

Бошқа бир гувоҳ, укаси Эрик, келини Тина ва уларнинг 17 ёшли ўғли Зегердан айрилган Робберт ван Хейнингеннинг айтишича, жиноятчилар «осмондаги сопол кабутар каби ҳимоясиз фуқаролик самолётини ўққа тутаётганликларини билишган».

Ҳалокатда Сандер Эссерснинг укаси Питер, унинг рафиқаси Жолетт Юсинк ва уларнинг икки фарзанди – 20 яшар Эмма ва 17 яшар Валентин ҳам ҳаётдан кўз юмган. У укасининг парвоздан 20 дақиқа олдин «кўнгли ғаш» ҳолатда қўнғироқ қилганини айтган.

«Унинг бундай ҳолатини жиддий қабул қилмаганим учун ўзимни айбдор санайман. Шуни ўйлаб кечалари ухлолмай чиқаман», дейди Эссерс.

Бош судья Хендрик Стенхейс суд якуний ҳукмни 2022 йил 22 сентябрда чиқариши мумкинлигини баён қилган, бироқ суд ҳукми ўша йилнинг ноябр ва декабр ойларида ҳам чиқарилиши мумкин.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бир томонлама уйламанглар хар ерда игво хар ерда жанжал чикарадиган хамма ишни улар режалаштириб, бошкаларни жавобгар килиш уста узларини демократ тутадиган юзлари оппок ичлари кумирдан хам кора узи булолмайдиган булганни куролмайдиган юлдузча ва крестиклардан иборат давлатлар хам бор...

Жавоб бериш