Карвонсарой
Оммавий ахборот воситалари

Ғарб оммавий ахборот воситаларидаги фикр-мулоҳазаларга ҳужум қилаётган Россия троллари Кремл нарративини илгари сурмоқда

Карвонсарой ва AFP

Россия президенти Владимир Путин 30 июн куни Москвада мамлакат фуқаролари билан «Владимир Путин билан бевосита алоқа» телевизион суҳбатида иштирок этмоқда. [Сергей Савостянов/Sputnik/AFP]

Россия президенти Владимир Путин 30 июн куни Москвада мамлакат фуқаролари билан «Владимир Путин билан бевосита алоқа» телевизион суҳбатида иштирок этмоқда. [Сергей Савостянов/Sputnik/AFP]

Россияпараст троллар Ғарбдаги янгиликлар веб-сайтларига ҳужум қилиб, у ерда Кремлни қўллаб-қувватловчи ташвиқот ва дезинформацияни ёйинламоқда, дейилади душанба (6 сентябр) куни Британия университети чоп этган тадқиқотда.

Кардифф университети қошидаги Жиноят ва тадқиқот хавфсизлиги институтига кўра, (CRSI) 16 мамлакатдаги 32 та йирик ОАВнинг ўқувчилар фикр-мулоҳазалари бўлими манипулятив ҳаракатлар билан билан нишонга олинган.

Улар орасида Британиянинг Daily Mail, Daily Express ва Times, Қўшма Штатларнинг Fox News ва Washington Post, Франциянинг Le Figaro; Германиянинг Der Spiegel ва Die Welt ҳамда Италиянинг La Stampa нашрлари бор.

Тадқиқотчилар Россияга алоқадор мақолалар остида 242 та «провокацион россияпараст ва Ғарбга қарши фикрлар» қолдирилганини аниқлаган.

16 мамлакатдаги 32 та йирик нашр сафига кирувчи Британиянинг Times, АҚШнинг Washington Post, Франциянинг Le Figaro ва Германиянинг Der Spiegel нашрларининг фикр-мулоҳазалар рукнлари россияпараст троллар манипуляцияси нишонига айланган. [File]

16 мамлакатдаги 32 та йирик нашр сафига кирувчи Британиянинг Times, АҚШнинг Washington Post, Франциянинг Le Figaro ва Германиянинг Der Spiegel нашрларининг фикр-мулоҳазалар рукнлари россияпараст троллар манипуляцияси нишонига айланган. [File]

Россия президенти Владимир Путин 30 июн куни Москвада мамлакат фуқаролари билан «Владимир Путин билан бевосита алоқа» телевизион суҳбатида иштирок этмоқда. [Сергей Савостянов/Sputnik/AFP]

Россия президенти Владимир Путин 30 июн куни Москвада мамлакат фуқаролари билан «Владимир Путин билан бевосита алоқа» телевизион суҳбатида иштирок этмоқда. [Сергей Савостянов/Sputnik/AFP]

Шундан сўнг русийзабон ОАВлар Ғарб жамоатчилиги ичида Россия сиёсати ва президент Владимир Путинни қўллаб-қувватловчилар бор, деб кўрсатиш учун «Daily Mail ўқувчиларининг фикрича...» деган сарлавҳалардан фойдаланган.

«Бу мулоҳазалар ва позицияларни ишончли ахборот ташувчи сифатида ва асосий жамоатчилик фикри кўринишида узатиш орқали Ғарб медиа брендлари обрўсига путур етказиш» усулидир, дейилади ҳужжатда.

Рус тилидаги бундай мақолалар Марказий Осиё ва Шарқий Европада, айниқса Болгарияда ҳам тарқатилади.

Шунингдек, кичик нашрлар ҳамда ташвиқот ва дезинформацияга ихтисослашган веб-сайтлар ёрдамида Ғарб аудиториясини нишонга олган мақолаларда «қайта алоқа ҳалқаси» эффекти бўйича чекланган далиллар ҳам аниқланган.

Россиянинг тажовузининг кучайиши

Онлайн фаолликка оид тадқиқот шу йил бошида Россия ва Украина ўртасидаги кескинлашган низо вақтида ўтказилган.

Аммо CRSI хабарига кўра, Ғарб билан кескинликнинг ортиши фонида Россия тактикаси 2018 йилдан бери анча кучайган.

«Россия троллари Ғарб ОАВини аввал ҳам нишонга олиб келган, аммо бу жараён 2018-2019 йилларда кучайганини тасдиқловчи бир қанча белгилар бор», дейилади ҳисоботда.

«Халқаро миқёсдаги ушбу ягона операция битта усулдан фойдаланади ва бу давомий «жонли» кампаниянинг аҳамиятини янада оширади», деб қўшимча қилинади унда.

Ҳисоботга кўра, Ғарб ОАВ веб-сайтларида чоп этилган фикр-мулоҳазаларнинг «сезиларли фаоллашуви»га «тўлиқ спектрли» медиа ёндашув орқали эришилган.

Бу стратегия «РИА Новости» каби Россиянинг давлат оммавий ахборот воситаларини, шу билан бирга Евгений Пригожинга тегишли Patriot Media «Group» таркибидаги Кремлга алоқадор бўлмаган бир қатор ташвиқот ва дезинформация ОАВларини ўз ичига олади.

Шунингдек, у Федерал хавфсизлик хизматига (ФСБ) алоқадор бўлган News Front дезинформация веб-сайти ҳамда асосий платформалардаги ижтимоий тармоқ аккаунтлари ва саҳифаларини ҳам қамраб олган.

Манфаатдор медиа нарративлари атрофида Ғарб жамоатчилиги фикрини мунтазам равишда бузиб кўрсатишда inoSMI.ru веб-агрегатори ҳам етакчи рол ўйнайди.

Ғарб ОАВ веб-сайтларида россияпараст троллар фикр-мулоҳазаларидан фойдаланган «ўқувчилар фикр-мулоҳазаларига асосланган мақолаларни» чоп этиш орқали бунга эришади.

Троллар сценарий асосида иш юритади

Русийзабон аудиторияни нишонга олган бу каби «ўқувчилар фикр-мулоҳазаларига асосланган мақолалар» айрим фикрларни ажратиб олиш орқали Ғарбда ўзгача фикр мавжудлигини кўрсатишга уринади.

Танлаб олинган алоҳида фикрлар Россия ва Путинни кенг миқёсда қўллаб-қувватлаш мавжудлигини ёки Ғарб мамлакатларида ҳам ўз ҳукуматларидан норозилик борлигини ёлғондан талқин қилади.

CRSI ҳисоботида ушбу троллик фаолияти органик эмас, балки сценарийга кўра бўлаётгани тахмин қилинган.

«Кейинги терговлар бир қатор мамлакатлардаги Ғарб ОАВлари бўйлаб кенг миқёсда рўй бераётган такрорланувчи шаблонларни аниқлаган», дейилади унда.

Қўлланилган методология қуйидаги тарзда олиб борилади:

«Нашрда Россия давлатининг геосиёсати ва позициясига зид келувчи сенсацион мақола чоп этилганида, у гўёки нашр «ўқувчиларидан» бўлган фикр-мулоҳазаларни жалб этади», дейилади ҳисоботда.

Бу «ўқувчилар» мақоланинг асосини қоралашади, унга ҳужум қилишади, Ғарб ташкилотларини қоралашга, Путин ва Россия давлат идораларини оқлашга ҳаракат қилишади.

Шундан сўнг россиялик ижрочилар бу фикр-мулоҳазаларни тўплайдилар ва Россия давлат оммавий ахборот воситалари рус тилидаги мақолалари учун улардан асос сифатида фойдаланишади.

Бу мақолалар жамоатчилик фикри Ғарб ҳукуматини доим ҳам қўллаб-қувватламаслигини ёки жамоат фикри якдил эмаслигини кўрсатиш учун хизмат қилади.

Интернетдаги дезинформацияга қарши кураш

Жиноят ва тадқиқот хавфсизлиги институти (CRSI) директори Мартин Иннеснинг айтишича, Россиянинг троллинг операцияси мураккаблиги, ҳажми ва кўламини ҳисобга олган ҳолда «сезиларли» бўлган.

«Россия Ғарб медиа-брендларининг шарҳлар бўлимига ҳужум қилиб, ўз ташвиқотини ҳукмрон фикр сифатида кўрсатишга муваффақ бўлди», деди у.

Ташқи ишлар вазири Доминик Раабнинг айтишича, Британия ва унинг иттифоқчилари «ёлғон тарқатувчи Кремл троллари»га қарши кураш чоралари устида ишламоқда.

«Бу ҳисобот Интернетда Россия давлати қўлловидаги дезинформациянинг бизнинг демократиямизга таҳдиди алоҳида таъкидланган», деб қўшимча қилди у.

Ҳисоботда дезинформация тарқатиши билан танилган Россиянинг давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари ва Ғарб разведкасига кўра, Россия хавфсизлик хизматларига алоқадор деб кўриладиган ОАВ иштирокидаги мувофиқлашган чораларга ишора қилувчи далиллар келтирилган.

«Асосий ижтимоий тармоқлар платформалари хорижий давлатларнинг таъсир операцияларининг хавфидан огоҳ бўла бошлагач, дезинформация ижрочилари ва ташвиқотчилар ОАВ экотизимидаги янги заифликларни қидирмоқдалар», деди Иннес.

Иннеснинг айтишича, жамоатчилик фикрига таъсир қилиш салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, «оммабоп веб-сайтларга эгалик қилувчи медиа-компаниялар дезинформация билан қандай курашаётганлари борасида шаффофроқ бўлишлари ва унинг олдини олишда янада фаолроқ бўлиши зарур».

Россия троллингига мисол

Бутун Марказий Осиё минтақасига оид янгиликлар, шунингдек қатор таҳлиллар, суҳбат ва шарҳлани бериб борадиган мазкур сайт – «Карвансарой» ўқувчилари учун мақолалар остида фикр-мулоҳаза қолдириш имкони яратилган.

Гарчи бу расмий тадқиқотлар доирасида бўлмаса-да, Карвонсарой администраторлари йиллар давомида сайт ва ижтимоий тармоқларда чоп этилган мақолалар остида Россия ташвиқотини ёйинлашга уринган «тролларнинг» юзлаб фикр-мулоҳазаларини аниқлаганлар.

Кўп ҳолларда бошқа ўқувчилар бу изоҳларни ва уларда билдирилган фикрларни қатъиян рад этадилар.

Масалан, 2020 йил апрел ойида чоп этилган Путиннинг Совет иттифоқини қайта тирилтиришга оид фикр-мулоҳазалари Марказий Осиёда кескин танқидга учради сарлавҳали мақолада троллар ва ҳақиқий муштарийлар ўртасидаги жанг юзага чиққан.

Кремлпараст троллардан бири ёзади: «Улар (америкаликлар) очликдан ўлмаслигинг ва изоҳларда керакли нарсаларни ёзиб туришинг учун пул беришдими? Лекин қўшнинг ва ёнингдаги кампирга ҳеч нарса беришмаган, улар қашшоқликда яшайверсин, шундайми?»

Аммо бу каби троллар «Тур йўқол Россияга; ким ушлаб турибди сени?» ва «Ароқхўр ватниклар Совет Иттифоқини орзу қилиб қолишибди» каби кескин жавобларни олишган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия олигархлари узлари каерни орзу килади?!

Жавоб бериш