Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Россия инсон ҳуқуқлари бўйича йирик халқаро учрашувга тўсқинлик қилмоқда

Карвонсарой ва AFP

Россиянинг ОМОН аскарлари Кремл танқидчиси Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойиш чоғида кўчани тўсиб қўйишган, Санкт-Петербург маркази, 21 апрел. [Ольга Мальцева/AFP]

Россиянинг ОМОН аскарлари Кремл танқидчиси Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойиш чоғида кўчани тўсиб қўйишган, Санкт-Петербург маркази, 21 апрел. [Ольга Мальцева/AFP]

ВЕНА, Австрия – Ғарб мамлакатлари Россияни инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик анжуманга тўсқинлик қилишда айблаганидан бир кун ўтиб, сешанба (7 сентябр куни) Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) анжуманни ташкиллаштиролмаганини тан олди.

Швециялик раис Инсонийлик ўлчамлари бўйича учрашув (HDIM) деб номланган йиғилишга оид «қарорлар бўйича келишувга эришишда барча имкониятлардан фойдаланди», дейилади AFP нашрига берилган баёнотда.

«Иштирокчи мамлакатлар билан олиб борилган кенг қамровли маслаҳатлар ва музокараларга қарамай, доимий кенгаш режага кўра HDIM учрашувини ўтказиш бўйича якуний қарорга кела олмаган.»

«Бу жуда ачинарли», дейилади баёнотда ва бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг давом эттирилиши таъкидланади.

Журналистлар ва уларни қўллаб-қувватловчиларнинг «хорижий агентлар» рўйхатига қарши намойишида «Ҳамманинг овозини ўчира олмайсиз!» деб ёзилган плакат кўтариб олган аёл, Москва, 4 сентябр. [Наталья Колесникова/AFP]

Журналистлар ва уларни қўллаб-қувватловчиларнинг «хорижий агентлар» рўйхатига қарши намойишида «Ҳамманинг овозини ўчира олмайсиз!» деб ёзилган плакат кўтариб олган аёл, Москва, 4 сентябр. [Наталья Колесникова/AFP]

Полициячи Москвада «Биз журналист бўлишдан тўхтамаймиз» ёзувли плакат ушлаган журналистни қўлга олмоқда, 21 август. У Кремлнинг «хорижий агентлар» рўйхатига киритилган ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир кишилик намойиш уюштирган. [Наталья Колесникова/AFP]

Полициячи Москвада «Биз журналист бўлишдан тўхтамаймиз» ёзувли плакат ушлаган журналистни қўлга олмоқда, 21 август. У Кремлнинг «хорижий агентлар» рўйхатига киритилган ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир кишилик намойиш уюштирган. [Наталья Колесникова/AFP]

Россиянинг қониқарсиз тарихи

Президент Владимир Путин етакчилигидаги Россия режимига назар солинса, Москва нима сабабдан ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича анжуманига тўсиқлик қилаётгани ойдинлашади.

АҚШ Давлат департаментининг март ойида эълон қилинган 2020 йилда инсон ҳуқуқлари амалиёти бўйича мамлакатлар бўйича ҳисоботи: Россия деб номланган ҳужжатида Путин иқтидорда бўлган вазиятга баҳо берилган.

«Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муҳим масалалар қуйидагиларни ўз ичига олади: судсиз қатл қилиш ва қатлга уринишлар... инсонларни куч билан йўқотиш, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан айримлари ўлим билан якунланган кенг қамровли қийноқлар... қамоқхоналардаги оғир ва ҳаёт учун хавфли шароитлар, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш... сўз эркинлиги ва матбуот эркинлигини бўғиш...»

Путиннинг ўз-ўзини «умрбод президентга» айлантириш ҳаракатини ва ҳукуматдаги бошқа коррупция ҳолатларини фош қилган мухолифат арбоби Алексей Навалний бу босимни биринчилардан бўлиб ҳис қилди.

2020 йилда асаб тизимини фалажловчи Новичок моддаси билан заҳарланишдан аранг омон қолган Навалний ҳозирда сохталаштирилган айбловлар билан икки ярим йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Шунингдек, жорий йилда Россия ҳукумати ОАВ эркинлигини ҳам чеклаган ва «Дождь» мустақил телеканали ҳамда «Meduza» янгиликлар сайтини «хорижий агент», Проект суриштирув нашрини эса «исталмаган ташкилот» деб топган.

Бундай чоралар натижасида «хорижий агент» деб топилган Россиянинг бир қатор оммавий ахборот воситаларини ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди, чунки ҳомийлар ва реклама берувчиларни топиш деярли имконсиз бўлиб қолди, деб хабар берган Reuters август ойида.

Россия бош прокурори Игорь Краснов «Проект» лойиҳасини «исталмаган» деб қарор чиқаргач, бу ташкилот ўз ходимларини жарима ва қамоқ жазосидан ҳимоя қилиш учун дарҳол фаолиятини тўхтатди, дейилади «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг июл ойидаги баёнотида.

Кремл жавобгарликдан бўйин тортмоқда

Душанба куни АҚШнинг ЕХҲТдаги миссияси Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва бошқа бир қатор Европа мамлакатлари томонидан имзоланган, Россиянинг хатти-ҳаракатларини қораловчи баёнотни эълон қилган.

Улар ЕХҲТнинг швед раиси билан биргаликда йил бошидан бери «инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича минтақадаги энг йирик тадбир» тафсилотлари устида ишлаб келишаётган эди, дейилади ҳужжатда.

«Биз кўрсатган қайишқоқлик, конструктивлик ва виждонлилик Россия Федерацияси тарафидан муносиб қаршиланмаганидан афсусдамиз.»

HDIM учрашуви юзлаб юқори лавозимдаги давлат арбоблари, соҳанинг халқаро мутахассислари, ташвиқотчилар ва ҳуқуқбон ташкилотларни жамлайди.

Тадбир давомида ЕХҲТга аъзо 57 та давлат ўз минтақасидаги инсон ҳуқуқларига оид муаммоларни таҳлил қилади.

Унинг аҳамиятлилигига қарамай, Россия ўз жавобгарлигидан бўйин товламоқда, дейилади умумий баёнотда. Имзоловчилар Москвани ўз позициясини ўзгартириш ва баҳсли масалаларда келишувга келишга чақирдилар.

Одатда HDIM учрашуви сентябр ойида ўтказилади, лекин ўтган йили COVID-19 пандемияси сабабли бекор қилинган эди.

ЕХҲТ Совуқ уруш даврида хавсизлик ва инсон ҳуқуқлари муаммоларини ҳал қилиш учун ташкил этилган эди. Унга Европа мамлакатлари, Туркия, собиқ Совет давлатлари, Қўшма Штатлар ва Канада аъзо.

Ўтган йили декабр ойида Ғарб мамлакатлари Россиянинг Қозоғистонни ЕХҲТ етакчилигидаги тўртта юқори дипломатик лавозимларидан бирига тайинлаш ҳақидаги талабини қондирган эди.

Улар бунга жавобан Москва инсон ҳуқуқлари масаласида ҳамкорлик қилишига ишонган эдилар, Путин эса ташкилот инсон ҳуқуқларидан кўра хавфсизлик масаласига диққат қаратиши кераклигини таъкидлаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500