Карвонсарой
Аёллар ҳуқуқлари

Қозоғистонда радикализм таъсирига тушган аёллар реабилитацияси муваффақиятли давом этмоқда

Ксения Бондал

«Жусан иси» ҳужжатли филмидан олинган кадр: далада болалари билан сайр қилиб юрган қозоқ аёли. У «Жусан» операцияси доирасида Суриядан қайтарилган тўрт нафар қозоғистонлик аёлдан бири бўлган.

«Жусан иси» ҳужжатли филмидан олинган кадр: далада болалари билан сайр қилиб юрган қозоқ аёли. У «Жусан» операцияси доирасида Суриядан қайтарилган тўрт нафар қозоғистонлик аёлдан бири бўлган.

ОЛМАОТА – Ўтган йил давомида Қозоғистоннинг радикаллашувга қарши кураш бўйича ҳукумат дастури Интернетда профилактик чора-тадбирлар ва аёлларга мўлжалланган реабилитация дастурларини бирлаштириб, ижобий натижаларни қайд этди.

7 сентябр кунги матбуот анжуманида ҳукуматнинг Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Ержан Нукежанов ҳукумат фуқаролар радикаллашувининг олдини олиш, шунингдек, собиқ экстремистларни дерадикализация қилишда фойдаланадиган айрим усуллар ва стратегиялар ҳақида сўзлаб берган.

Унинг сўзларига кўра, 2021 йилнинг биринчи ярмида ҳукумат Интернетда ўн минглаб профилактик ва аксилташвиқот материалларини жойлаштирган, бу ўтган йилгига нисбатан икки баравар кўп.

Нукежановнинг таъкидлашича, бу материаллар минглаб қозоғистонликларни ижтимоий тармоқлардаги радикал гуруҳлар таъсирига тушишининг олдини олган.

Ватанига қайтарилган қозоғистонлик аёллар ва болалар: Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитасининг (КНБ) март ойида Интернетда жойлаштирилган видеолавҳасидан олинган кадр.

Ватанига қайтарилган қозоғистонлик аёллар ва болалар: Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитасининг (КНБ) март ойида Интернетда жойлаштирилган видеолавҳасидан олинган кадр.

У айниқса, кўп босқичли «Жусан» (Аччиқ шувоқ) операцияси доирасида террор исканжасидаги Яқин Шарқ минтақаларидан ватанига қайтарилган деярли барча аёллар билан ишлашда ижобий натижалар кўрсатган дерадикализация дастурининг муваффақиятини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Жусан ва Zoom

Павлодар шаҳридаги Динлараро муносабатларни таҳлил қилиш ва ривожлантириш маркази (ЦАРМО) директори Гулназ Раздикова бир йилдан ошибдики, ватанига қайтарилган аёлларни онлайн реабилитация қилиш бўйича кенг кўламли дастурга раҳбарлик қилиб келмоқда.

ЦАРМО Қозоғистонда собиқ экстремист аёлларни реабилитация қилиш билан шуғулланувчи ноҳукумат ташкилотлардан биридир.

Пандемия туфайли ташкилот ўз ишини муваффақиятли давом эттиришнинг янги усулларини ўйлаб топди. 2020 йил июн ойида у реабилитация дастуридан ўтган репатриант аёллар учун мўлжалланган «Жусан Zoom» онлайн лойиҳасини ишга туширди.

Қозоғистон ҳукумати маълумотларига кўра, 2019-2021 йиллар давомида «Жусан» операцияси доирасида Сурия ва Ироқдаги ИДнинг собиқ ҳудудларидан қайтарилган қайтарилган 700 дан ортиқ қозоғистонликнинг 188 нафари аёллар бўлган.

Бу аёллардан 20га яқини қамоқ жазосини ўтамоқда, «шунинг учун улар билан ишлай олмадик», деб қўшимча қилди у.

Дастурнинг тилга тушгани у ҳақдаги маълумотнинг кенг тарқатилишига сабаб бўлди. Қозоғистонга ўз кучи билан қайтган ва «Жусан» операцияси репатриантларига ёрдам берувчи расмий реабилитация ресурсларидан фойдалана олмаганлар Жусан Zoom ҳақида хабар топиб, унга қўшилдилар, деди у.

Бунинг натижасида иштирокчи аёлларнинг умумий сони 100 нафарга етди.

«Фикримча, бу дастуримизнинг нечоғли самарали ва муҳим эканидан далолат беради», деди Раздикова.

Ихтиёрий иштирок

Дастурда иштирок этиш шартларидан бири шуки, аёллар бу ишга ихтиёрий равишда бош қўшадилар – ҳеч ким уларни Zoom гуруҳига қўшилишга мажбурламаган, деб тушунтирди Раздикова.

Унинг айтишича, 2020 йилдан бери 40 нафар аёл реабилитацияни тугатганидан сўнг, «Жусан Zoom»да 60 га яқин аёл қолган.

«Интернет орқали бир ярим йил давомида одамлар эътиборини ушлаб туриш қийин, лекин биз буни уддаладик. Курс давомида мен аёллардан яна нимани ўрганишни хоҳлаётганликларини ва дастурда қандай камчиликлар борлигини сўрадим, уларнинг жавобларидан келиб чиқиб, жонли эфирга ўзгартириш киритдим», дейди у.

Барча иштирокчи аёллар она бўлгани ва ўз фарзандлари ҳақида қайғургани сабабли, биринчи ўринда болалар психологияси, дефектология ва неврологияга (болалардаги энурез, нутқ ривожидаги кечикиш ва дудуқланиш) оид муаммоларга қизиқиш катта бўлди.

Қозоғистонда болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман Аружан Саин билан ҳам учрашув ўтказилди, унда аёллар болаларни ҳимоялаш ва улар учун ёзги дам олишни ташкил қилишга оид саволларни беришди.

«Энг кўп сўраладиган саволларнинг иккинчиси – оилавий психология, кейингиси эса саломатликка оид саволлардир (3-ўрин)».

«Шунинг биз аёлларнинг маслаҳатлашуви учун умумий амалиёт шифокорлари, гинекологлар ва юқумли касалликлар бўйича мутахассисларни таклиф қилдик», дейди Раздикова.

Энг кўп сўраладиган тўртинчи масала ҳуқуқий ва ижтимоий соҳага тааллуқли: Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги мутахассислари бу саволларга жавоб беришди ва манзилли ижтимоий ёрдам тақдим этиш қоидаларини муҳокама қилишди: бу тўловларни ким олади, уларнинг миқдори қанча ва аризачилар қандай ҳужжатларни тақдим этиши керак.

Диний мутахассислар ва имомлар билан учрашувлар

Аёллар Қозоғистон бош муфтийси Наврўзбой Ҳожи Таганули билан Zoom орқали икки бор учрашув ўтказдилар.

«Сафимизга халқаро экспертларни ҳам жалб қилдик. Масалан, ўзбекистонлик диний мутахассис Бахтиёр Бобожонов радикализм ва экстремизм, мамлакатнинг радикаллашувдан халос бўлиш тажрибаси ҳақида сўзлаб берди», дейди Раздикова.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекдаги ваколатхонасидан Елена Жирухина эса одам савдоси ва терроризм ўртасидаги боғлиқликни тушунтириб берди.

Машғулотлар ҳар шанба ва якшанба кунлари бўлиб ўтмоқда, уларда Қозоғистоннинг турли вилоятларидан яшовчи репатриант аёллар иштирок этмоқдалар, деди Раздикова.

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси (ҚМДИ) ва Дин ишлари қўмитасининг (ДИҚ) вилоят бўлимлари жойларда қозоғистонлик аёллар орасида реабилитация ишларининг асосий қисмини олиб бормоқда.

«Қилаётган ишимиз – аёллар жамоатлари орасида қўшимча реабилитация ишларини олиб бориш», деди Раздикова.

Раздикованинг айтишича, дастур давомида радикализм бу аёлларнинг диндорлиги ёки психологиясидан эмас, балки таълим даражасининг пастлиги ва тор дунёқарашидан келиб чиқиши маълум бўлган.

Шунинг учун, айнан шу соҳаларга эътибор қаратиш лозим, деди у.

«Мен машғулотларни диндорлар менталитетига мослаштирдим – уларга дунёвий одамга нисбатан ишлатадиган тактикани қўллаб бўлмайди. Иш жараёнида гендер хусусиятларини ҳам ҳисобга олиш керак. Аёлларни суратга олиб бўлмайди, улар билан мулоқот вақтида махфийлик сақлаш ва ўзаро ишонч муносабатларини ўрнатиш керак», дейди Раздикова.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500