Карвонсарой
Сайловлар

«Миллионлаб совринлар»: Путиннинг партияси пул ва имтиёзлар билан сайловчилар эътиборини жалб қилмоқда

Карвонсарой ва AFP

Москва бўйлаб ўрнатиб чиқилган баннерларда сайловда электрон овоз берган сайловчилар учун «миллионлаб совринлар» (пул мукофотлари, квартира, автомобил ва совға сертификатлари) реклама қилинган бўлиб, буларнинг бари машҳурлик даражасининг пасайганига қарамай, «Ягона Россия» партиясига яна кўпчилик овоз олиб берадиган кўринади. [AFP]

Мухолифат мислсиз тазйиққа дучор қилинган охирги йил давомида президент Владимир Путиннинг «Ягона Россия» партияси сўровларда муваффақиятсизликка учрагач, ҳукумат жума-якшанба (17-19 сентябр) кунлари ўтадиган парламент сайловларига қизиқишни ошириш учун қўлидан келганини қилмоқда, дейди Марказий Осиёлик кузатувчилар.

Москва бўйлаб ўрнатиб чиқилган баннерларда сайловда электрон овоз берган сайловчилар учун «миллионлаб совринлар» (пул мукофотлари, квартира, автомобил ва совға сертификатлари) реклама қилинган бўлиб, буларнинг бари машҳурлик даражасининг пасайганига қарамай, «Ягона Россия» партиясига яна кўпчилик овоз олиб берадиган кўринади.

Танқидчиларнинг фикрича, Кремлнинг бош рақиби Алексей Навалний қамоқда қолаётган ва бошқа мухолифлар ўйиндан четлатилган бир вақтда бу сайлов Путин иттифоқчиларининг расмиятчилигидан бошқа нарса эмас.

Сайловолди кампания суст ўтди, дебатлар тунги телеканаллар орқали трансляция қилинди, Москвадаги кўплаб сайловчилар эса жараёнга катта иштиёқ билдиргани йўқ.

Россия парламентининг қуйи палатаси – Давлат думаси биноси ёнида бўлажак Россия парламенти ва маҳаллий кенгашга сайловлар олдидан эълон қилинган «совринлар» баннери, 8 сентябр, Москва. [Наталья Колесникова/AFP]

Россия парламентининг қуйи палатаси – Давлат думаси биноси ёнида бўлажак Россия парламенти ва маҳаллий кенгашга сайловлар олдидан эълон қилинган «совринлар» баннери, 8 сентябр, Москва. [Наталья Колесникова/AFP]

12 сентябр куни Москвада сайловолди баннери ёнида уяли телефонидан фойдаланиб турган велосипедчи. 17-19 сентябрь кунлари Россияда парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади, Кремл танқидчиларининг аксариятига сайловда қатнашиш тақиқланган, ҳукмрон «Ягона Россия» партияси эса парламентдаги кўпчиликни сақлаб қолиши кутилмоқда. [Александр Неменов/AFP]

12 сентябр куни Москвада сайловолди баннери ёнида уяли телефонидан фойдаланиб турган велосипедчи. 17-19 сентябрь кунлари Россияда парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади, Кремл танқидчиларининг аксариятига сайловда қатнашиш тақиқланган, ҳукмрон «Ягона Россия» партияси эса парламентдаги кўпчиликни сақлаб қолиши кутилмоқда. [Александр Неменов/AFP]

«Бизда реал танлов йўқ; буни ҳаммамиз биламиз ва кўриб турибмиз», дейди театрда чироқ устаси бўлиб ишлайдиган 29 ёшли Григорий Матвеев.

«Мен сайловда кўп марта қатнашганман, лекин бу сафаргиси майнабозчиликдан бошқа нарса эмас.»

Сайловда 334 ўрин «Ягона Россия»га тегишли бўлган 450 депутатдан иборат қуйи палата – Давлат Думаси ва бир қанча маҳаллий қонун чиқарувчи кенгашлар учун депутатлар сайланади.

Қолган ўринларни, одатда Путинни танқид қилмайдиган, ҳукуматга содиқ мухолифат партиялар – «Адолатли Россия», шунингдек коммунистлар ва миллатчи Россия либерал-демократик партияси (ЛДПР) вакиллари эгаллаган.

«Бу сайлов эмас»

Охирги ўн йил мобайнида россияликларнинг турмуш даражаси сезиларли пасайди, пандемия оқибатида юзага келган иқтисодий таназзул эса қўшимча зарба бўлди – бунинг натижасида Россиядаги Марказий Осиёлик мигрантларнинг аҳволи янада ёмонлашган.

Июн ойида Кремл мигрантларга «содиқлик келишувини» имзолаш талабини қўйди, бу уларга нисбатан тобора кучайиб бораётган чекловларнинг навбатдагиси бўлди.

Путин «Ягона Россия»си парламентда яна ғалаба қозонса, Россияда иш изловчи Марказий Осиёликлар учун бундан ҳам оғир кунлар келиши мумкин, дейди кузатувчилар.

Россияда аҳоли даромадлари 2013 йилдан бери 10% га камайган, нархлар эса кўтарилмоқда, август ойида инфляция 6,7% ни ташкил этган.

Коррупция айбловлари билан таъқиб остига олинган Навалний уни «фирибгарлар ва ўғрилар партияси» деб атаган – «Ягона Россия» умидсизликлар бош сабабчисига айланган.

ВЦИОМ давлат социологик маркази томонидан ўтказилган сўнгги сўровлар шуни кўрсатдики, бу партияга овоз бериш истагидаги россияликлар 30% дан камроқни ташкил этган, 2016 йилда ўтган охирги парламент сайловлари арафасида бу рақам 40-45% ни ташкил этган эди.

Аммо Думадаги жами ўринларнинг учдан икки қисмига эгалик қилувчи «Ягона Россия» кўпчилик ўринларни сақлаб қолиши кутилмоқда, бу Путинга 2036 йилга қадар ҳукумат тепасида қолишга имкон берувчи ислоҳотлар каби конституцияга ўзгартиш киритиш учун кифоя қилади. Агар у ўшанда ҳам тирик бўлса, 84 ёшга тўлган бўлади.

Навалнийнинг асосий ёрдамчиларидан бири Леонид Волков учун бунинг сабаби оддий: «Бу сайлов эмас».

«Улар ҳаммани пойгадан четлатиб, бошқа номзодларнинг иштирокига имкон қолдиришмади... бу моҳиятан рақобатбардош сайлов эмас», дейди қувғинликда яшаётган Волков AFPга.

Сиёсий «экстремистларнинг» овозини ўчириш

Сайловдан аввалги йил 20 йиллик Путин ҳукмронлигининг энг репрессив йилларидан бири бўлди.

2020 йил август ойида асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарланиб, Германияда даволанган Навалний ватанига қайтиши билан ҳибсга олиниб, икки ярим йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ўтган ой заҳарланиш билан боғлиқ мудҳиш ҳодисага бир йил тўлар экан, Британия ва АҚШ Россиянинг бир қанча расмий шахслари ва ташкилотларига санкциялар жорий қилган.

Июн ойида унинг ташкилотлари «экстремистик» деб топилди ва тақиқланди, кўплаб иттифоқчилари ҳибсга олинди, бир неча ёрдамчиси мамлакатни тарк этди.

Навалнийнинг ҳудудий идоралари ва унинг коррупцияга қарши кураш жамғармасининг (ФБК) «экстремистик» деб топилишини кўпчилик Марказий Осиёлик кузатувчилар сиёсий сабаблар билан изоҳлайди.

Суд қарори «мутлақо бемаъни», деган эди ўшанда Олмаотада яшовчи Миллий хавфсизлик қўмитасининг (КНБ) истеъфодаги зобити Арат Нарманбетов.

Навалнийни заҳарлашга қаратилган муваффақиятсиз уринишдан сўнг, Кремл энди унинг мамлакатда коррупцияга қарши курашадиган ташкилотларини ҳам таъқиб қилмоқда, деди у.

Нарманбетовнинг таъкидлашича, ФБКни «экстремистик ташкилот» деб топиш билан Россия бош прокуратураси уни «ҳақиқий экстремистлар, ўтакетган каллакесарлардан» иборат «Ислом давлати» (ИД) билан тенглаштирмоқда.

Москва судининг қарори мутлоқ сиёсий характерга эга, чунки судьялар Кремлнинг фикрига мос равишда қарор чиқаришди, деган эди Францияда яшовчи ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов июн ойидаги суҳбатда.

«Навалний бошчилигидаги ФБК ахборот кампанияси россияликларнинг Владимир Путинга ишончини кескин пасайтириб юборди», деди у, жумладан Қора денгиз бўйидаги Путинники деб иддао қилинган «порахўрлик қасри» ҳақидаги YouTube видеолавҳасини назарда тутиб.

Шунингдек, ҳукумат мустақил оммавий ахборот воситаларига нисбатан босимни кучайтирган.

Етакчи медиа нашрлар, жумладан «Meduza» янгиликлар сайти ҳамда «Дождь» мустақил телеканали «хорижий агент», Проект суриштирув нашри эса «исталмаган ташкилот» деб топилган.

«Ақлли сайловлар» тактикаси

Бу босимлар Навалний иттифоқчиларига сайловда иштирок этиш тақиқланганидан кейин, у томонидан таклиф этилган «Ақлли сайловлар» режаси туфайли путинпараст партиялар маҳаллий кенгашларга сайловларда мағлубиятга учраши ортидан бошланган.

Бу усул сайловчиларни ҳукмрон партияни мағлуб этиш эҳтимоли катта бўлган номзодга овоз беришга чақиради. Шу тариқа Кремлга алоқадор номзодлар ўз жойларидан маҳрум бўлиши натижасида 2019 йилда Москва кенгашида ўз жойларини йўқотган эдилар.

Навалний жамоаси бу йил ҳам сайловчиларни худди шундай қилишга чақирмоқда, аммо кўпчилик муқобил номзодларга сайловда иштирок этишга рухсат берилмаган, кампаниянинг ташвиқот веб-сайти эса блокланган.

«Кремлнинг Ақлли сайловларга қарши жон-жаҳди билан курашаётганига сабаб шуки, улар эҳтимолий таъсирни ҳисоблаб чиқиб, унинг жуда катта бўлишини яхши англаб етганлар», дейди Волков.

Машҳурлик рейтинги 60-65 фоизлик кўрсаткич билан юқори даражада қолаётган Путин «Ягона Россия» имкониятларини оширишни мақсад қилиб, сайлов олдидан нафақахўрларга 10 минг рубл (137 АҚШ доллари), ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига 15 минг рубл (205 АҚШ доллари) миқдорида бир марталик нафақа тўлаш ҳақида қарор чиқарди.

Бу тўловлар ўсиб бораётган инфляцияни жиловлаш муаммолари юзага чиқаётган вақтга тўғри келди. Путин 2020 йил охиридан бери кўтарилиб кетаётган нарх-навони назорат қилиш бўйича ҳукуматга бир неча бор кўрсатма берган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500