Карвонсарой
Дипломатия

АҚШ Ўзбекистондан 500 га яқин афғон фуқаролари ва ҳарбий хизматчиларни эвакуация қилди

Карвонсарой ва AFP

Ўтган ой Кобулдаги эвакуация чоғида АҚШ ҳарбий самолёти бортига кўтарилаётган фуқаролар. [CENTCOM]

Ўтган ой Кобулдаги эвакуация чоғида АҚШ ҳарбий самолёти бортига кўтарилаётган фуқаролар. [CENTCOM]

ТОШКЕНТ – Cешанба (14 сентябр) куни Америка Қўшма Штатлари 500 га яқин ҳарбий хизматчи ва афғонистонлик оддий фуқароларни Ўзбекистондан эвакуация қилгани ҳақида хабар берди.

Толибоннинг Афғонистонни эгаллашидан бир неча кун аввал афғон хизматчилари ҳарбий самолётларда Ўзбекистон ва Тожикистонга чегара оша қочиб ўтганлар.

Тошкент қочқинлар сони ва уларнинг ҳолати ҳақида ҳеч қандай маълумот бермади, аммо АҚШ элчихонаси вакили сешанба куни AFPга берган интервюсида Қўшма Штатлар Ўзбекистон ҳукумати ёрдамида 494 нафар афғонистонлик «ҳарбий хизматчи ва фуқарони» Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги аэропортдан эвакуация қилгани ҳақида хабар берган.

«Эвакуация жараёни 12-13 сентябр (якшанба-душанба) кунлари якунланди», деб айтган элчихона вакили AFPга телефон орқали. Қочқинларнинг якуний манзили очиқланмаган.

15 август кунги сурат: Термиз яқинида Ўзбекистон ва Афғонистонни ажратиб турувчи Амударё устидаги «Дўстлик» кўпригидан 2 км узоқликда жойлашган назорат-ўтказиш пунктини қўриқлаётган ўзбек аскарлари. [Темур Исмоилов/AFP]

15 август кунги сурат: Термиз яқинида Ўзбекистон ва Афғонистонни ажратиб турувчи Амударё устидаги «Дўстлик» кўпригидан 2 км узоқликда жойлашган назорат-ўтказиш пунктини қўриқлаётган ўзбек аскарлари. [Темур Исмоилов/AFP]

Афғонистон ҳарбий самолётининг тақдири ҳам номаълумлигича қолмоқда.

Афғонистонлик учувчилар ва уларнинг оила аъзолари Бирлашган Араб Амирликларидаги АҚШнинг ҳарбий базасига кўчирилди, деб айтган америкалик конгрессмен New York Times нашрига.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Юсуф Қобулжонов Kun.uz янгиликлар сайтига эвакуация жараёни олиб борилганини тасдиқлаган.

«Барча афғонистонлик қочқинлар Ўзбекистонни тарк этди», деб айтган у аниқ рақамларни келтирмай.

Афғонистон элчихонаси ходимининг ўтган ой AFP нашрига берган хабарига кўра, Ўзбекистонга 1500 тага яқин афғонистонлик ўтган бўлиши мумкин.

Август ойида Ўзбекистон томонидан берилган фавқулодда баёнотда Ўзбекистон Толибон билан хавфсизликни кафолатлаганидан кейин Афғонистонга ўз талабларига кўра 150 нафар кишини қайтариб юборган.

Бу орада Толибон билан расмий алоқалардан қочаётган Тожикистон ҳам қабул қилиб олинган қочқинлар сонини яширмоқда.

Мамлакатдаги Европа Иттифоқининг (ЕИ) делегацияси сешанба куни Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош икки вилоятидаги «кўчирилган 5000 га яқин афғонга» 160 минг евро (189 минг АҚШ доллари) маблағ ажратгани ҳақида хабар берган.

ЕИнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қочқинлар агентлигига (UNHCR) таяниб берган баёнотига кўра, «2021 йил охирига бориб, Америка ва НАТО қўшинлари Афғонистондан тўлиқ олиб чиқилганидан кейин Тожикистонда 50 мингга яқин қочқинлар рўйхатдан ўтиши мумкин».

Ёрдам ҳақидаги ваъдалар

Ўзбекистондан қочқинларнинг олиб кетилиши АҚШ армияси томонидан олиб борилган биринчи ноҳарбий эвакуация операцияси ҳисобланади.

Кобул аэропортидаги операциялар 14 августда бошланиб, 30 августда якунига етган.

Умумий ҳисобда АҚШ ҳарбий самолётлари Кобул аэропортидан 79 мингдан ортиқ киши, жумладан 5500 та америкалик ва 73500 дан ортиқ учинчи мамлакат фуқаролари ва афғонистонликларни эвакуация қилган.

«АҚШ ва коалиция ҳаво кучлари самолётлари биргаликда 123 мингдан ортиқ фуқарони эвакуация қилаётган пайтда АҚШ ҳарбий хизматчилари аэропорт хавфсизлигини ва назоратини таъминлади», деб хабар берган АҚШ марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Кеннет «Френк» Маккензи 30 август куни АҚШ мудофаа вазирлиги баёноти матнига кўра.

«Биз 18 кун давомида ҳар куни ўртача 7500 дан ортиқ фуқарони эвакуация қилдик, шундан 16 кун тўлиқ эвакуация жараёни ўтказилди ва бир кунда энг кўпида 19 мингдан ортиқ одам олиб чиқилди.»

Душанба куни Қўшма Штатлар минтақадаги афғонистонликлар ва қочқинлар учун янги гуманитар ёрдам сифатида 64 миллион АҚШ доллари ажратишни ваъда қилган. Бундан ташқари, БМТнинг фавқулодда мурожаатидан сўнг, Франция мамлакатдаги фавқулодда гуманитар ишлар учун қўшимча 100 миллион евро (118 миллион АҚШ доллари) ажратишга сўз берган.

Шу тариқа АҚШнинг Афғонистон ва минтақадаги афғон қочқинлари учун 2002 йилдан бери ажратган гуманитар ёрдамининг умумий миқдори 4 миллард АҚШ долларига етган.

БМТ Афғонистонга озиқ-овқат ёрдамини етказиш мақсадида Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги омборларда энг зарур маҳсулотлар заҳирасини кўпайтирмоқда, дейилади БМТнинг чоршанба кунги баёнотида.

Бунинг учун Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида логистика маркази ишга туширилди.

Бу орада душанба куни Женевада бўлиб ўтган донорлар анжумани Афғонистон учун 1,2 миллиард АҚШ доллари ёрдам ажратилиши ҳақидаги ваъдалар билан якунланди.

Айни дамда БМТ озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотларни харид қилиш учун донорлардан ваъда берилган маблағларни имкон қадар тезроқ ажратишни сўрамоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон Афғонистоннинг Балх вилоятига 1300 тонна гуманитар ёрдам, жумладан озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечак етказиб берган, деб хабар беради AsiaPlus нашри чоршанба куни.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500