Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

ЕХҲТ ҳисоботи: Марказий Осиёда жангариликка ёллаш ва одам савдоси тафсилотлари

Ксения Бондал

image

Фоҳишалар ролини ижро этаётган актрисалар, Оқмола вилоятининг Коши қишлоғида ЕХҲТ томонидан ўтказилган одам савдосига қарши кураш бўйича семинар-тренинг, 2018 йил 27 сентябрь. [Файл]

ОЛМАОТА – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) ҳисоботида айтилишича, Марказий Осиёлик аёллар, болалар ва меҳнат мигрантлари «Ислом давлати» (ИД) ва бошқа террор гуруҳларига ёлловчиларнинг асосий нишонлари бўлиб қолмоқда.

«Террорчи гуруҳларнинг алдовлари анчадан бери одамфурушлар қўллаб келаётган усуллардан бўлиб, улар ЕХҲТ ҳудудида ва ундан ташқарида ёш қизлар ва аёлларни даромадли иш ёки романтик муносабатлар ваъдалари билан жинсий эксплуатацияга жалб қилади», дейилади июл ойида чоп этилган ҳисоботда.

Унда айтилишича, Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларини жангариликка ёллаш турли омиллар, жумладан, ижтимоий тармоқлар таъсири, ижтимоий-иқтисодий чекловлар ва камситишлар билан боғлиқ.

Ҳисоботда айтилишича, одам савдоси ҳам, терроризм ҳам тинчлик ва хавфсизлик, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт учун жиддий таҳдид саналади.

image

«Ислом давлати» (ИД) ва бошқа террорчилик гуруҳларининг одам савдосига оид фаолиятида Марказий Осиё давлатлари муҳим ўринни эгаллайди, дейди ЕХҲТ таҳлилчилари. [БМТ]

«Террорчи гуруҳлар одам савдоси фаолияти ва воситалари орқали катталар ва болаларни турли мақсадларда, шу жумладан жинсий эксплуатация, мажбурий меҳнат ва қуллик, ҳатто жангларда фойдаланиш учун ўз сафига жалб қилиб, инсон капитали, тактик мослашувчанлиги ва мафкуравий қўллаб-қувватловини ошириб бормоқда», дейилади ҳужжатда.

Одам савдосига қарши кураш чоралари ўтган ҳафта Нур-Султонда ЕХҲТнинг матбуот эркинлиги масалалари бўйича вакили Тереза Рибейро ва Қозоғистон сенати раиси Маулен Ашимбаев ўртасидаги учрашувнинг асосий мавзуларига айланди.

«Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда», деди Ашимбаев ўтган сешанба (14 сентябр) кунги учрашувдан сўнг.

«Биз қийноқлар ва одам савдосига қарши кураш, шунингдек, фуқароларни, хусусан ёш болаларни киберзўравонликдан ҳимоя қилишга оид қонунларни такомиллаштиришга ҳаракат қиляпмиз.»

Ёш аёллар ва қизларни жалб қилиш

ЕХҲТ мутахассислари ОАВ хабарлари ва ҳамкор мамлакатлар айниқса Марказий Осиё давлатларидаги ЕХҲТга аъзо мамлакатлар фуқароларининг шахсий ҳисоботларини таҳлил қилишган.

«Одам савдоси ва террорчилик: улар қаерда ва қандай кесишади» номли ҳисоботда энг заиф қатламдаги қурбонларнинг юракни эзувчи ҳикоялари келтирилади.

Ахлоқий нуқтайи назардан ҳисоботда шахсларнинг исмлари ва воқеа юз берган давлатлар номлари очиқланмаган.

«Марказий Осиё мамлакатларидан бирида тўпланган маълумотга кўра, 2013-2017 йилларда Ироқ ва Сурияга одам савдоси йўли билан олиб кетилган 12 нафар ёлғиз аёлнинг тасдиқланган ишлари мавжуд», дейилади ҳисоботда. «Аёллардан мажбурий меҳнат ёки жинсий қулликда фойдаланилган.»

2016 йилда юз берган ҳолатларнинг бирида Марказий Осиёлик қизга интернет орқали бир эркак мурожаат қилади. Қиз ўша вақтда 16 ёшда бўлиб, яқинда ажрашган бўлган.

Эркак унга турмушга чиқиш учун қўшни мамлакатга келишга ишонтиради. Бўлажак куёв йўл ҳаражатлари учун 3000 АҚШ доллари юборади.

Қиз ота-онасига айтмай, ўз мухлиси билан учрашиш учун ватанини 17 ёшида тарк этади. Манзилга етиб келганидан кейин эса уни хавфсиз уйлар учун маъсул бўлган террорчилик гуруҳи аъзоси кутиб олади.

Бу киши унга Сурияга тез орада жўнаб кетишига виза олиш учун дарҳол унинг паспортини олиб қўйган ва уч ой давомида хонадонда ушлаб ўтирган.

Икки ҳафта давомида, ҳар бир намоздан кейин эркак қизга «жиҳоддаги» аёлларнинг ўрни ҳақида хутба ўқиган. Унинг хонасига Суриядан ҳар кеча жангчилар келишини ва уларга жинсий хизмат кўрсатиши кераклигини айтиб ўтган.

Икки ойдан кейин эркак қизга Сурияга олиб кетилиши ва у ерда террорчилик гуруҳи аъзоси бўлган «доимий эрига» турмушга чиқишини айтган.

Қиз бу кунлар бошига келишидан аввал қочишга аҳд қилади. Кечаларнинг бирида чойшабларни бир-бирига боғлаб учинчи қаватдан тушиб олади. У ердан ўз мамлакати элчихонасига югуриб бориб, охир-оқибат ватанига қайтишга муваффақ бўлади.

ИДнинг одамларни эксплуатация қилиши билан боғлиқ яна бир ҳолатда Марказий Осиёлик 56 яшар аёл ёши 13-14 атрофида саккиз нафар қизга яширин мактабда ислом асосларидан дарс берган.

Олти ойдан кейин қизлар дарсларни бошлаб юборишган, аёл уларга Сурияга боришлари кераклиги ва у ерда «кофирларга қарши жанг қилаётган ҳақиқий мусулмонларга» турмушга чиқишлари кераклигини айтиб ўтган, дейилади ЕХҲТ ҳисоботида.

Шу билан бир вақтда, у қизларнинг ота-оналарини Сурияга қўшни мамлакатдаги мадрасада икки ҳафта қўшимча дарс ўтиши кераклигига ишонтирган.

Самолётга чипталар харид қилинганидан кейин қизларнинг бири ота-онасига якуний манзил Сурия эканлиги ва исёнчиларга «турмушга чиқиш» асл мақсад эканлигини тан олиб айтган. Расмийлар самолёт учиб кетишидан аввал қизларни олиб қолган.

«Аёл Суриядаги террорчилар ва зўравон экстремистларга қизлар жинсий қуллик учун топширилганини тан олган», дейилади ҳисоботда.

Сохта ваъдалар

Яна бир мисолда, кейтеринг соҳасида ишлаб келган 23 яшар ажрашган онага бир эркак томонидан Сурияда даромадли иш таклиф қилинади.

Сурияга етиб келганидан кейин ИД аъзолари унинг паспортини олиб қўйишган ва Идлибда уй хизматкори сифатида ишлатишган. У меҳнати учун ҳеч қандай маош олмаган.

Қочишга ҳаракат қилганида ИД жангарилари уни тутиб олиб зўрлашган ва жароҳатлашган.

Унинг қаердалиги ҳақидаги сўнгги маълумот 2015 йил ноябр ойига тегишли – ўшанда у террорчилар томонидан қўлга олинган бўлган.

Марказий Осиёлик эркаклар ҳам жангариликка ёлловчиларнинг нишони ҳисобланади.

Жумладан, 21 ва 25 ёш орасидаги бўлган 12 нафар меҳнат мигрантлари шарқий Европа мамлакатида қурувчилик, савдо, меҳмонхона ва транспорт соҳаларида ишлаб келишган.

ЕХҲТ хабарига кўра, ёлловчилар йигитларга ИД ҳудудида ошпаз ва қурувчи сифатида даромадли ишларни таклиф қилишган.

Икки ёки уч ойдан кейин эркакларни Сурияга олиб кетишган, паспортлари олиб қўйилган ва уларга мажбуран ўқ отиш ўргатилган.

Ҳисоботга кўра, эркаклар ўз ихтиёрига зид тарзда жангариларга айлантирилган.

Қуллик бозорлари ва органлар савдоси

Террорчиликка олиб келадиган хатарларни аввалдан тахмин қилиш мушкул, дейди Павлодар шаҳридаги Динлараро муносабатларни таҳлил қилиш ва ривожлантириш маркази (ЦАРМО) директори Гулназ Раздикова.

«2013 йилда фуқароларимизнинг омматан уруш ҳудудларига чиқиб кетишига ёки бошқа давлатда қуролли тўқнашувларда иштирок этишига тайёр эмас эдик», дейди у.

«Бу давлатимиз, мутахассислар ва умуман жамиятимиз учун муаммо эди. Бунинг оқибатларини ҳамон бошдан кечирмоқдамиз.»

«Ота-онаси ИД сафига қўшилган ва у ерда ҳалок бўлганларнинг фарзандлари тақдири ачинарли», дейди у. «Етимлар органлар бозорида, меҳнат ёки жинсий қулликка сотиб юборилган.»

Ҳукумат одам савдосига барҳам бериш, инсон, айниқса ёш болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўрмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500