Карвонсарой
Хавфсизлик

Хитойнинг ўз ҳарбий қудратини намойиш қилиши сергак ва хавотирдаги қўшниларни огоҳ бўлишга ундамоқда

Карвонсарой ва AFP

Фуқаровий автомагистралдан осмонга кўтарилиб, ерга қўнаётган Тайван ҳаво кучлари самолётлари. [AFP]

ПИНДУН, Тайван – Ўтган ҳафта Тайван жанубида Хитойнинг бостириб киришига қарши оролни мудофаа қилиш бўйича ҳар йилги жанговар машғулотлар доирасида ҳарбий самолётлар магистралга қўнишни машқ қилган.

Тайван оролни ўз ҳудуди деб биладиган ва уни қачондир (керак бўлса, зўрлик билан) тортиб олишга тайёр бўлган авторитар Хитойнинг доимий тажовузи остида яшамоқда.

Президент Си Цзинпин ҳукмронлигида ўтган ўн йилликлар ичида ҳарбий танглик янада кучайди, ҳозирда Хитой мунтазам равишда жанговар самолётлар ва ядровий қувватга эга бомбардимончиларни Тайван ҳаво ҳудудига юборади, давлат ОАВлари эса босқинчилик машғулотларини эълон қилиб туради.

Ўтган ҳафтанинг чоршанба (15 сентябр куни) Тайваннинг турли жанговар, шунингдек барвақт хабардор қилиш самолётлари Пиндунг округидаги магистралда ҳавога кўтарилиш ва қўнишни машқ қилган.

Хитойлик аскарлар пляжга бостириб кириш машқи давомида амфибия машинасидан тушмоқдалар. [Хитой мудофаа вазирлиги]

Хитойлик аскарлар пляжга бостириб кириш машқи давомида амфибия машинасидан тушмоқдалар. [Хитой мудофаа вазирлиги]

АҚШда ишлаб чиқарилган E2K барвақт огоҳлантириш самолёти ҳар йили бўлиб ўтадиган Хан Куанг ҳарбий машқлари чоғида Тайвандаги Пиндунг шаҳри автомагистралидан ҳавога кўтарилмоқда, 15 сентябр. [Сам Йе/AFP]

АҚШда ишлаб чиқарилган E2K барвақт огоҳлантириш самолёти ҳар йили бўлиб ўтадиган Хан Куанг ҳарбий машқлари чоғида Тайвандаги Пиндунг шаҳри автомагистралидан ҳавога кўтарилмоқда, 15 сентябр. [Сам Йе/AFP]

Цай Ин-вэн томонидан кузатилган ҳарбий машғулотлар оролнинг учиш йўллари йўқ қилинган ҳолда тайванлик учувчиларнинг кўникмаларини оширишга қаратилган.

Тайванни босиб олиш жуда қимматга тушиши ва мушкул бўлиши аниқ, аммо Пекин сўнгги йилларда ҳарбий бўшлиқни анча тўлдириб олган ҳамда Си оролни қўлга олиш ниятини яширмайди.

АҚШнинг катта генераллари Хитойнинг бостириб кириши эҳтимоли борлиги ҳақида омматан огоҳлантирганлар.

Ўтган йили Хитой ҳарбий самолётлари ва бомбардимончилари Тайваннинг ҳаво мудофаа ҳудудини рекорд даражада – 380 марта бузиб кирган.

Жорий йилнинг дастлабки саккиз ойида бундай босқинчиликлар 400 мартадан ошиб улгурган.

28 июн куни Хитойнинг жанговар самолёти ҳаво мудофаа ҳудудига энг йирик босқинни амалга оширди. Бу воқеа G7 етакчилари Тайван бўғозида тинчлик ўрнатишга чақирувчи муҳим баёнотни эълон қилиши ортидан юз берган.

Бундан аввалги 25 та жанговар самолёт орқали амалга оширилган йирик босқин АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Хитойни Тайваннинг статус квосини ўзгартиришга уринмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантириши ортидан апрел ойида содир бўлган.

Тортишувларни куч билан ҳал қилиш

Тайванда юз бераётган воқеалар уларнинг минтақа бўйлаб оқибатларни тахмин қилаётган қўшни Марказий Осиёлик таҳлилчилари кузатувида бўлиб турибди.

«Агар Хитой Тайванни босиб олса, бу глобал хавфсизлик учун ўнгланмас оқибатларга олиб келиши мумкин», дейди Олмаотадаги фалсафа, сиёсатшунослик ва диншунослик институти катта тадқиқотчиси Талгат Исмагамбетов.

«Пекин Тинч океанининг шарқий қисмида ҳеч қандай чекловлар ҳис қилмайди ва келажакда ҳудудий баҳсларни музокаралар орқали эмас, балки ўз даъволари ва тақдирини мустақил белгилаш ҳуқуқига таяниб, куч билан ҳал қилади.»

«Хитойнинг Япония, Жанубий Корея, Вьетнам, Малайзия ва Филиппин билан ҳудудий низолари мавжуд бўлиб, Пекин уларни ҳарбий йўл билан ҳал этиши мумкин», дейди у.

«Қўшма Штатлар Осиё Тинч океани ҳудудида янги гегемон қудратга айланган Хитойни тийиб туриши лозим», деб қўшимча қилган Исмагамбетов.

Хитой глобал ҳукмронликка интилмоқда, дейди халқаро масалалар ва низолар бўйича бишкеклик эксперт Эдил Осмонбетов.

«Дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиётга эга Хитой энг катта иқтисодга айланишни истаяпти», деди у. «Бу истак пандемия вақтида янада кучайди, чунки Хитой тиббий товарлар ва COVID-19 вакциналарини сотиш ортидан катта пул ишлаб олди

Осмонбетов Хитойнинг Тайванга тажовузини «ўз кучи ва салоҳияти синаш» деб атаган.

«Хитой қизил чизиқни босиб ўта оладими-йўқми, шуни билмоқчи», деди у.

Суверенитетга таҳдидлар

Хитой Коммунистик партияси назоратидаги оммавий ахборот воситаларининг Марказий Осиё давлатлари Хитойга «қайтишга» интилаётгани ҳақидаги доимий даъволари – Пекин минтақа раҳбарлари ўз суверенитетини ҳимоя қилишга қанчалик тайёрлигини синовдан ўтказаётганига мисол бўла олади.

Баҳорда, Қозоғистон ва Қирғизистон коронавирус сабабли қатъий карантинда эканлигида Хитой веб-сайтлари икки мамлакатни ларзага келтирган провокацион баёнотларни чоп этган эди.

Апрел ойида Хитойнинг Sohu.com хусусий онлайн нашрида «Нима учун Қозоғистон Хитойга интилмоқда» сарлавҳали мақола чоп этилиши ортидан Хитой элчиси Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди.

Ўша ойнинг ўзида Toutiao.com сайтида «Нима учун Қирғизистон мустақилликка эришганидан кейин ўз ватанига қайтмади?» сарлавҳали мақола чоп этилган.

Мақолада Қирғизистон минг йилликлар давомида Хитой ҳудудининг бир қисми бўлгани, 1846 йилда Чор Россияси Хитойдан 510 минг кв. км ҳудудни, жумладан ҳозирги Қирғизистон ерларини тортиб олгани ҳақида ёзилган.

«Ватанидан ажралган минтақа ва давлатлар охир-оқибат ортга қайтишга интилса-да», 1991 йилда мустақилликка эришган Қирғизистон асосан Россиянинг давомли таъсири туфайли Хитойга «қайтмади», деб ёзади муаллиф.

Мақола қирғизистонликларнинг ғазабини қўзғади ва улар мақолани иғволи деб атадилар.

«Пекин нафақат Қирғизистоннинг ҳудудий яхлитлиги, балки унинг суверенитети учун ҳам таҳдидга айланмоқда. Бу хавотирли белги», дейди Orbita.kg янгиликлар сайтининг бишкеклик мухбири Марс Абаев.

Пекин Марказий Осиё мамлакатларининг муносабатини баҳолаш учун «ўз» ҳудудларини қайтариш ғоясини илгари сурмоқда, деди Абаев.

2020 йил июлда Хитой оммавий ахборот воситалари «Тожикистон Хитойга ерини топшириш ташаббуси билан чиқди ва Помирнинг қўлдан чиқарилган тоғлари ўзининг қонуний эгасига қайтарилди» деган иғволи сарлавҳа остида мақола чоп этган.

2011 йилда Тожикистоннинг 1158 кв. км ҳудуди Хитой ихтиёрига ўтказилиши ҳақидаги мақола кўплаб тожикистонликларни ғазаблантирган эди.

Тожикистон бу ерларни ўз қарзларининг бир қисмидан қутулиш учун Хитойга топширган.

Шинжон муаммоси

Яқинда Қозоғистон ўз қўшнисининг тажовузига қарши туриш истагини намойиш этган.

Йил бошидан бери қозоқлар Хитойнинг Олмаотадаги консуллиги олдида ҳар куни намойиш ўтказиб, Пекиннинг Шинжондаги мусулмонларга қарши тазйиқи доирасида ҳибсга олинган қариндошлари ва дўстларининг озод этилишини талаб қилганлар.

Қозоғистон ҳукумати ўтган йилнинг октябр ойида Хитой ҳукуматининг тазйиқлари туфайли Шинжондан қочган тўрт нафар этник қозоққа қочқинлик мақомини берди.

Фаолларга кўра, Нур-Султон Хитойдан келган этник қозоқларга қочқинлик мақомини бериш билан Пекиннинг Шинжонда инсон ҳуқуқларини бузаётганини тан олмоқда.

Пекин Шинжондаги мусулмонларга қарши тазйиқлар доирасида бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонлар, жумладан этник қозоқларни «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерлари, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган 400 га яқин муассасаларда сақлаб келмоқда.

Яна миллионлаб одамлар қатъий кузатув ва назорат остида яшаётгани айтилади.

Аввалига Шинжонда лагерлар мавжудлигини инкор этган Пекин кейинроқ уларни террорчиликка барҳам бериш ва бандликни яхшилашга қаратилган «касб-ҳунар таълими марказлари» дея оқлашга уринди.

Бироқ, мустақил терговлар, собиқ маҳбуслар билан ўтказилган суҳбатларда жисмоний ва руҳий қийноқлар, онгни заҳарлаш, мунтазам зўрлашлар, жинсий таҳқирлаш ва бошқа даҳшатли амалиётлар тилга олинган.

[Ушбу мақолани тайёрлашга Олмаотадан Канат Алтинбаев ўз ҳиссасини қўшган.]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500