Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Россиялик депутат адоват қўзғаш тўғрисидаги қонунга хилоф тарзда мигрантларни «келгинди ярамаслар» деб атади

Канат Алтинбаев

«Родина» партия аъзоси, давлат Думаси депутати Алексей Журавлев август ойидаги тадбир чоғида. [Алексей Журавлевнинг Twitter саҳифаси]

«Родина» партия аъзоси, давлат Думаси депутати Алексей Журавлев август ойидаги тадбир чоғида. [Алексей Журавлевнинг Twitter саҳифаси]

ОЛМАОТА – Россиялик сиёсатчининг Марказий Осиёликларни нишонга олган нафратга тўла нутқи Россиянинг адоват қўзғашга қарши қонунларини бузаётгани ҳақидаги айбловларни келтириб чиқарди.

«Родина» миллий консерватив партияси аъзоси, Россия давлат Думаси депутати Алексей Журавлев мигрантлар учун меҳнат лагерлари ташкил этиш таклифини билдириб, кескин танқидга учради.

12 сентябр куни ўз Твиттер саҳифасида ёзиб қолдирган қатор фикрларида Журавлев меҳнат мигрантларини «келгинди ярамаслар» деб атаган ва Россия ҳукумати «мигрантлар хавфини бартараф этиш юзасидан тезкор чора кўриши» кераклигини айтган.

У хорижликларга россияликларга нисбатан «сезиларли даражада кескинроқ» чора кўришни назарда тутувчи «икки контурли жиноий кодекс» қабул қилиш таклифини билдирган.

Внуково аэропортида ўз рейсларини кутаётган Марказий Осиёликлар, Москва, 2020 йилнинг 24 марти. [Александр Неменов/AFP]

Внуково аэропортида ўз рейсларини кутаётган Марказий Осиёликлар, Москва, 2020 йилнинг 24 марти. [Александр Неменов/AFP]

Ишлаш ва яшаш рухсатномаларини янгилаш учун Санкт-Петербургдаги миграция марказида навбатда турган мигрантлар, Россия, 2020 йил. [Олга Малцева/AFP]

Ишлаш ва яшаш рухсатномаларини янгилаш учун Санкт-Петербургдаги миграция марказида навбатда турган мигрантлар, Россия, 2020 йил. [Олга Малцева/AFP]

Дарахт шохларини кесаётган тожикистонлик мигрантлар, Москва, 19 июл. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Дарахт шохларини кесаётган тожикистонлик мигрантлар, Москва, 19 июл. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

«Чақирилмаган «меҳмонларга» ўз жойини кўрсатиш вақти келди!», деб ёзган Журавлев.

«Меҳнат мигрантларини шаҳардан ташқарига жойлаштиришимиз, керак бўлганда шимол ёки Сибир каби ишчи кучи етишмайдиган ҳудудлардаги катта иншоотларга юборишимиз керак», деб қўшимча қилган у.

«Ўша ерларнинг ўзда мигрантлар учун миллатлараро меҳнат лагерларини ҳам яратишимиз керак. Ишлаб бўлдингми, кетавер! Шаҳарларимизга анклав ёки геттолар керак эмас!» деб ёзади у.

Журалевнинг сўзларига кўра, ички ишлар вазирлиги «этник жиноятчиликка аёвсиз барҳам бериши зарур».

Журавлевнинг бу мулоҳазалари Россияда энг оғир ишларни бажарувчи меҳнат мигрантларининг оддий фуқаролар ва ҳатто полиция томонидан камситилиши, пора беришга мажбурланиши ва калтакланиши билан боғлиқ ҳолатлар фонида янграмоқда.

«Фашизм ва ирқчилик»

Журавлевнинг мулоҳазалари бошқа Твиттер фойдаланувчиларининг кескин танқидига дуч келди.

«Этник жиноятчилик тўғрисида тинмай бонг уриш фашизм ва ирқчиликдир!», деб ёзади izaurarussia номли Твиттер фойдаланувчиси.

«Қандай аҳмоқгарчилик, қонун олдида ҳамма баробар бўлиши керак», дейди фойдаланувчи Herz94068208.

Журавлевнинг фикрларини айниқса, Россиядаги аксар мигрантларнинг ватани бўлмиш Марказий Осиё фуқаролари қоралаб чиқишган.

«Россияда биздака мигрантлар жуда кўп, албатта баъзи бировлар қонунни бузади, лекин россияликларнинг ўзи қонунни бузмайдими?», дейди Москвадаги қаҳвахоналарнинг бири официант бўлиб ишлайдиган ўзбекистонлик Баҳром Исломов Карвонсаройга.

«Жиноятнинг миллати йўқ, жиноятчилар ҳамма ерда бор

У Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларини шартнома тузмай ишга оладиган, уларнинг ҳужжатларини олиб қўядиган ва бир неча ой давомида қул қилиб ишлатадиган россиялик иш берувчилар ҳақида гапирган.

«Буларнинг бари етмагандек, энди бизни меҳнат лагерларига юборишмоқчими?», дейди Исломов.

«Бундай хавфли баёнотларни Россиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборсиз қолдираётганига ишонгим келмайди», дейди Тез Тур сайёҳлик агентлиги ходими, Нур-Султонлик Асел Байболова.

«Бундай фикрларни фақат нацист қарашларига эга одамгина билдириши мумкин.»

Бошқалар эса ҳатто Журавлевни қонунни бузишда ҳам айблаганлар.

Журавлевнинг баёноти Россия жиноят кодексининг 282-моддасини бузади, дейди бишкеклик адвокат Мурат Ашимов Карвонсаройга.

«282-моддада нафрат ёки адоват қўзғашга қаратилган ҳаракатлар учун жазо кўзда тутилган», дейди Ашимов.

Бу каби хатти-ҳаракатлар учун кўпи билан беш йилгача қамоқ жазоси белгиланган, дейди у.

«Аммо Россияда ким уни қамайди? У депутат бўлса, демак у дахлсиз», деб қўшимча қилди Ашимов.

Ашимов россиялик депутатлар ўз қонунларига энг аввало ўзлари амал қилишлари кераклигини таъкидлади.

Кенг тарқалган таассуб

Журавлевнинг баёноти Россия Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Қозоғистон ва Қирғизистонни рус озчиликларга қарши босим ўтказаётганликда ёлғондан айблаган вақтда билдирилган.

8 август куни Россия президенти ҳузуридаги фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари қўмитаси «Қирғизистондаги ватандошларга нисбатан нодўстона ҳаракат» ва «русийзабон аҳолини тил ва миллий белгиларга кўра камситишга уриниш» ҳақида баёнот эълон қилган.

Баёнот маҳаллий фуқаролар ташкилотларда уларга қирғиз тилида хизмат кўрсатишларини талаб қилгани ортидан эълон қилинди, афтидан бу ҳолатда мижозлар рус тилини яхши тушунишмаган.

Русийзабонлар норозилигига сабаб бўлган шу каби яна бир ҳолат, миллатчилик руҳидаги қозоғистонлик блогер мижозларга қозоқ тилида гапира олмаётган ходим ҳақидаги видеолавҳани чиқарганидан кейин юз берган.

11 август куни Россия парламентининг юқори палатаси – Федерация Кенгаши спикери ўринбосари Константин Косачев Қозоғистон ҳукуматидан «мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги қўшничилик муносабатларига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган бу жайдари миллатчиларнинг шармандали қилмишларига баҳо беришни» талаб қилган.

Аммо Қозоғистон ва Қирғизистоннинг расмий матбуот котиблари ўз мамлакатларида русофобия мавжудлиги рад этиб, бу бир-бирига алоқадор бўлмаган оддий ҳодисалар эканлигини таъкидлаганлар.

Қозоғистонда мутаассибликка оид муаммолар ҳақиқатдан кўра уйдирмага яқинроқ, дейди сиёсий шарҳловчи ва Turan Times ахборот порталининг бош муҳаррири, Нур-султонлик Газиз Абишев.

Россияда эса бундан фарқли равишда шовинизм ва ирқчилик кенг тарқалган, ҳукумат эса бунда ҳеч қандай муаммо кўрмайди, дейди Абишев.

«Бошқаларга бағрикенглик ва инсонларга нисбатан меҳрли бўлишни ўргатмоқчи бўлган одам энг аввало бунга ўзи амал қилиши керак», дейди Абишев Карвонсарой билан суҳбатда.

Бу орада Россияда бағрикенглик билан боғлиқ вазият йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда.

2020 йилда сўровда қатнашган ҳар тўрт одамдан бири мигрантларга салбий муносабат билдирган бўлиб, бу рақам аввалги йилларга нисбатан 7,5 фоизга ошган. Бу ҳақда апрел ойида бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида Россия президенти администрацияси раҳбарининг ўринбосари Магомедсалам Магомедов маълум қилди.

Россияда давлат даражасидаги тажовузкор риторика меҳнат мигрантларига бўлган муносабатнинг ёмонлашувига сабаб бўлмоқда, дейди ўзбекистонлик мигрант Исломов.

«Кўп одамлар сиёсатчиларнинг сўзларига ишониб, кўчада, дўконларда, метрода бизга нисбатан ёмон муносабатда бўла бошлайди», деди Исломов. «Россия борган сари нохолис бўлиб бормоқда».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Журавлёв – шовинист ҳаромзода!!! Сассиқ омборга даф бўл.\Жерар Депарде\

Жавоб бериш