ВАШИНГТОН – Чоршанба (22 сентябр) куни АҚШ президенти Жо Байден дунё раҳбарлари иштирокидаги COVID-19 саммитида пандемияга қарши курашаётган мамлакатларга қўшимча 500 миллион доза вакцина хайрия қилишга ваъда берди.
«Бу барча кучларни ишга солишни талаб қилувчи инқироздир», деди Байден. «Иккинчи жаҳон урушида демократия арсенали бўлгани каби, Америка вакцина захирасига айланади.»
Саммитда Байденнинг Оқ уйдан туриб берган ваъдаси билан АҚШ тарафидан хайрия қилинган вакциналар 1,1 миллиардга етади – бу дунёнинг бошқа мамлакатларини қўшиб ҳисоблаганда ҳам уларникидан кўпроқ.
«Биз аллақачон 100 мамлакатга 160 миллион доза вакцина жўнатдик», дейди Байден. «Америкада қилинган ҳар бир вакцинага дунё бўйича учта вакцина етказиб бериш мажбуриятини оламиз.»
Ярим миллиард вакцинадан иборат янги партия Pfizer вакциналари бўлиб, паст ва ўрта даромадли мамлакатларга етказилади.
Шунингдек, Байден дунё раҳбарларига юзланиб, 2022 йил сентябрга қадар ҳар бир мамлакатнинг 70 фоизи аҳолисини эмлашга чақирмоқда, дейилади Оқ уй баёнотида.
«Биз бошқа юқори даромадли мамлакатларнинг ўз режаларини амалга оширишини истаймиз», деди у ўз нутқи аввалида. «Бу инқирозни ярим-ёрти чоралар билан ҳал қилмоқчи эмасмиз.»
Байден вакцина ёрдами беғараз, ҳеч қандай «сиёсий» шартларсиз бўлиши кераклигини (Хитойга яширин ишора сифатида) таъкидлаган.
Ўтган йили Хитой ўзининг «вакцина дипломатияси» билан боғлиқ кампаниясини бошлаган, ўшанда Си дунёдаги миллионлаб одамлар, хусусан, ночор мамлакатларга осон сақланадиган ва ташиладиган вакцинани ваъда қилган эди.
У буни «глобал жамоатчилик манфаати» деб атаган, партиянинг бошқа раҳнамолари ҳам бу иборани такрорлаган эдилар.
Аммо Хитойнинг мақсадларига кўп мамлакатлар шубҳа билан қарайди ва Пекин уларнинг ҳудуди ва табиий бойликларига даъво қилишга уринмоқда, деб ҳисоблайди.
AFP расмий манбаларидан олинган маълумотларга кўра, 2019 йил декабр ойида Хитойда эпидемия бошланганидан бери дунё бўйлаб 4,7 миллионга яқин одам вафот этган.