Карвонсарой
Дипломатия

Афғонлар ўз эркини қўлдан бой бераётган бир пайтда Хитой Толибонни «сўзсиз» қўллаб-қувватлашга ваъда бермоқда

Карвонсарой ва AFP

image

22 сентябр куни Қандаҳор бозорида эски кийимлар билан савдо қилаётган сотувчи ёнидан ўтиб кетаётган ёпинчиқли аёллар . [Жавод Танвир/AFP]

БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ – Афғонистонликларнинг эркинлик ва имкониятлари чекланган ўтмишдаги каби фармонлар чиқараётган Толибон ўз қиёфасини кундан-кунга очиқроқ намоён қилмоқда, дейди кузатувчилар.

Дунёнинг аксар мамлакатлари Толибонга нисбатан позиция масаласида кутиш режимини маъқул кўриб, унинг аёллар, озчиликлар ва кундалик турмушнинг бошқа жабҳаларида мўътадил сиёсат қабул қилиши учун босим ўтказишга умид қилиб турган бир пайтда, Хитой бу гуруҳ билан дўстона муносабатлар ўрнатишга (ёки сотиб олишга) тайёр эканлигини намойиш этган.

Ҳукуматнинг турли гуруҳлар вакилларидан таркиб топиши ҳақидаги ваъдаларга қарамай, Толибон фақат ўзига мойил диний арбоблардан иборат ҳукумат тузган. Унинг таркибига толибон бўлмаганлар ва аёллар киритилмаган.

Пекин, дунёнинг бошқа қудратли давлатлари сингари бажарилмаган ваъдалар юзасидан гуруҳга босим ўтказиш ўрнига, Афғонистон бўйлаб ўз ҳукмронлигини янада мустаҳкамлаётган Толибон муваққат ҳукуматига миллионлаб доллар ёрдам беришни ваъда қилган.

image

Толиблар байроқлари фонидаги Толибон жангариси, 11 сентябр. [Карим Соҳиб/AFP]

image

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбин 9 ноябр куни Пекинда журналистларнинг саволларига жавоб бермоқда. [Грег Бейкер/AFP]

8 сентябр куни Хитой гуруҳга 31 миллион долларлик фавқулодда ёрдам тақдим этишини айтди, ўтган якшанба куни эса қўшимча 15 миллион долларлик ёрдам ва 3 миллион доза коронавирусга қарши Хитой вакциналарини ваъда қилди.

Хитойнинг Афғонистондаги элчиси Ван Юй якшанба куни Кобулда Толибоннинг қочқинлар ва репатриация масалалари вазири вазифасини бажарувчи Халил ал-Раҳмон Ҳаққоний билан учрашиб, ушбу ёрдам юзасидан баёнот берди.

Ван Ҳаққонийни лавозимга тайинлангани билан қутлар экан, Хитой «Афғонистон билан ҳамкорлик қилишга ва унга сўзсиз ёрдам беришга тайёр» эканлигини айтди, дейилади Толибоннинг Facebook саҳифасидаги баёнотида.

АҚШ ва БМТ санкциялари остига тушган ва АҚШ Молия вазирлиги томонидан 5 миллион долларлик мукофот билан халқаро террорчи деб эълон қилинган Ҳаққоний ушбу ёрдам имкон қадар тезроқ «мажбуран кўчирилганлар ва бошқалар орасида шаффоф тақсимланишини айтди», дейилади баёнотда.

Қабул қилинган ёрдам миқдори ва турини, шунингдек унинг тақсимланишини мустақил равишда текшириш имконсиз, чунки эндиликда Афғонистоннинг молия тизими Толибон ихтиёрига ўтган.

Мавҳум келажак

Ёрдамга оид баёнотлар Толибон мамлакат бўйлаб эркинлик ва ҳуқуқларнинг чекланишига қарши норозилик намойишларини куч билан бостираётган вақтда янгради.

Гуруҳ ҳокимиятни қўлга олиб, аввалги тузумнинг мўътадилроқ версиясини ваъда қилганидан бир ой ўтар-ўтмас, афғонлар аста-секин эркинликлардан маҳрум бўла бошлаганлар.

Ўтган жума куни Толибон таълим вазирлиги ўғил болалар ва эркак ўқитувчиларни мактабга қайтишни буюргани ҳолда қизлар ва аёл ўқитувчиларга мактабга чиқишни тақиқлаган.

Ушбу қарор сабабли халқаро ҳамжамиятнинг танқидига учраган Толибон матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳид сешанба куни афғон қизларига «имкон қадар тезроқ» мактабга қайтишга рухсат берилишини айтди.

«Аёллар ва қизларнинг таълим олиши ва ишлашига оид масала ҳал этилмоқда», деди у матбуот анжуманида, мактаблар қачон қизлар учун очилишини маълум қилмай.

Кўпчилик Толибон аёлларнинг ишга кириш имкониятини чеклаганидан кейин берган ваъдасини бажаришига шубҳа билан қарамоқда. Расмийлар таълим тизимида Толибоннинг шариат қонунларига кўра ажратишни амалга оширмагунича хавфсизлик важидан уларга ўз уйларда қолишни буюрган.

«Ўтган сафар шундай бўлган эди», деб айтган душанба куни AFP мухбирига ўқитувчи аёллардан бири Афғонистонда Толибоннинг 1996-2001 йиллардаги ҳукмронлигини назарда тутиб. «Улар ишга қайтишимизга рухсат беришларини айтганлар, лекин ундай бўлмади.»

Бу мавҳумлик ва ишсизлик билимли ёшларни мамлакатни тарк этишга мажбур қилар экан, айримлар буни «Афғонистон учун фожиа» деб атаганлар.

Толибонга шошилинч хайрихоҳлик

Кузатувчиларнинг айтишича, Пекин Толибоннинг босимларига кўз юммоқда, зеро Кобулдаги ҳамкорликка мойил маъмурият Хитой манфаатлари, яъни унинг хориждаги кенг қамровли инфратузилмаси – «Бир камар, бир йўл (BRI)» ташаббусини кенгайтириш учун иқтисодий имкониятлар эшигини очади.

BRI бошқа мақсадлар қатори ночор мамлакатларнинг табиий бойликларини Хитой манфаатлари йўлида қазиб олиш ва ташиб кетишга ҳам хизмат қилади.

Кобулдаги маъмуриятнинг ҳамкорлиги BRI ташаббусига Афғонистон ва Марказий Осиё республикалари бўйлаб кенгайишга имкон беради.

Хитой Афғонистоннинг триллион долларлик фойдали қазилмалар захирасига кўз тикаётган кўринади.

Айни вақтда Толибон Хитойни тўғридан-тўғри ёки Пекиннинг яқин иттифоқдоши бўлган Покистон орқали инвестиция ва иқтисодий қўллаб-қувватлаш манбаи деб ҳисобламоқда.

Хитой Толибон билан «дўстона ва ҳамкорлик» алоқаларни чуқурлаштиришни истайди, деб айтган Хитой ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Хуа Чунин 16 август куни.

Унинг сўзларига кўра, «Толибон Хитой билан яхши муносабатларни ривожлантиришга ҳамда Афғонистонни қайта тиклаш ва ривожлантиришда Хитойнинг иштирокига бир неча бор умид билдирган».

Қулай иттифоқ

Бу ўзаро қулай иттифоқда Толибон Хитойнинг Шинжондаги миллионлаб мусулмонларга нисбатан тазйиқларига кўз юмишга тайёр, Пекин эса Толибоннинг жанговар мафкураси ва Афғонистон ҳукуматини ағдариш ҳаракатлари борасида сукут сақламоқда.

Толибон билан шартномалар имзолаш орқали Хитой унинг Шинжондаги уйғурлар муаммоси бўйича бетарафлигини сақлаб қолишга умид қиляпти.

Пекин бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонлар, жумладан этник қозоқлар ва қирғизларни «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерлари, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган 400 га яқин муассасада сақлаб келмоқда.

Аввалига Шинжонда лагерлар мавжудлигини инкор этган Пекин кейинроқ уларни террорчиликка барҳам бериш ва бандликни яхшилашга қаратилган «касб-ҳунар таълими марказлари» дея оқлашга уринди.

Аммо бу муассасалар «концентрацион лагерларга» ўхшаш мажбурий қамоқхоналар экани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалган.

Хитой расмийлари томонидан Шинжонда содир этилган айрим жиноятлар бутун дунё мусулмонларининг кескин эътирозига сабаб бўлган – минтақада 1000 дан ортиқ имом ва диний арбобларнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олиниши, қарийб 16000 масжиднинг бузилиши, тана аъзоларини мажбуран олиш, муслима аёлларнинг мунтазам зўрланиши ва мажбурий бичилиши шулар жумласидандир.

Ўзини ислом ҳимоячиси қилиб кўрсатадиган толиблар мақсадга эришиш йўлида мусулмонларнинг ўлдирилиши ва қулга айлантирилишига кўз юмадиган кўринади, дейди кузатувчилар.

Толибон матбуот котиби Суҳайл Шаҳин июл ойида AFPга берган интервюсида исёнчилар «дунёнинг барча мамлакатлари билан яхши муносабатда бўлиш» истагида эканлигини айтган.

«Бирор-бир мамлакат конларимизни тадқиқ қилишни истаса, бундан мамнун бўламиз», деди у. «Биз инвестициялар учун яхши имкониятлар яратамиз.»

Марказий Осиё учун Хитойнинг сармояси ва таъсири манфаатлими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500