Карвонсарой
Хавфсизлик

Россиянинг Қозоғистонда электрон ҳукумат платформасини жорий қилишдаги иштироки хавотирга сабаб бўлмоқда

Ксения Бондал

Юқори чап тарафдан соат мили йўналишида: Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, «Сбербанк» бош директори ва раиси Герман Греф, Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин 3 сентябр куни онлайн маросимда рақамли ҳамкорликка оид битимни имзоладилар. [Қозоғистон бош вазирининг сайти]

Юқори чап тарафдан соат мили йўналишида: Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, «Сбербанк» бош директори ва раиси Герман Греф, Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин 3 сентябр куни онлайн маросимда рақамли ҳамкорликка оид битимни имзоладилар. [Қозоғистон бош вазирининг сайти]

ОЛМАОТА – Қозоғистоннинг рақамли бошқарув платформасини ишга туширишда Кремлга алоқадор компаниянинг иштирок этиши Россия қозоғистонликларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритиши мумкинлиги борасидаги хавотирларни келтириб чиқармоқда.

Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин ва «Сбербанк» бош директори Герман Греф 3 сентябр куни Қозоғистоннинг рақамли трансформациясига оид ҳамкорлик меморандумини имзоладилар.

Ушбу меморандум доирасида «Сбер» – Кремл билан яқин алоқада бўлган компаниялар гуруҳи – Қозоғистон Республикаси электрон ҳукумати (egov.kz) сайти учун GovTech рақамли платформасини жорий қилиши кутилмоқда.

Келишувга кўра, «Сбер» барча давлат идоралари маълумотлар базаларини битта платформага улайди.

«Сбербанк» логотипининг кўриниши, банкнинг Москвадаги бош офиси, 2020 йил, 25 сентябр. [Наталя Колесникова/AFP]

«Сбербанк» логотипининг кўриниши, банкнинг Москвадаги бош офиси, 2020 йил, 25 сентябр. [Наталя Колесникова/AFP]

Бэкенд дастурчиси Асхат Абдикари, 20 сентябр куни Олмаотада олинган сурат. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

Бэкенд дастурчиси Асхат Абдикари, 20 сентябр куни Олмаотада олинган сурат. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

Сайт шахсий маълумотлар, жумладан, Қозоғистон фуқароларининг саломатлиги, уларнинг оила аъзолари, манзиллари, шунингдек, уларнинг мулклари ва солиқ тўловларига оид маълумотларни ўз ичига олади.

Рақамли тараққиёт вазири Багдат Мусинга кўра, Қозоғистоннинг ахборот технологиялари (АТ) компаниялари платформани ишга туширишга кўмаклашади, жамоатчилик фаоллари эса жараённи мониторинг қилиб борадилар.

Лойиҳанинг тахминий баҳоси – 500 миллион доллар атрофида (213 миллиард тенге). Ишлаб чиқиш санаси маълум қилинмаган.

«Бу сумманинг бир қисми маҳаллий IT-бозорига киритилади, у платформали ёндашувни жорий қиладиган қозоқ компанияларига берилади. Маблағнинг яна бир қисми инфратузилмавий ечимларга йўналтирилади. Шундан кейин қоладиган қисмигина «Сбер»нинг ўзидан ечимни сотиб олишга сарфланади», деб айтган Мусин 14 сентябр куни рақамларга аниқлик киритмай.

«Сбер» мутахассислар билан машғулотлар ташкиллаштиради, улар платформанинг қандай ишлашини кўрсатиб, тренинглар ўтказадилар. Кейинчалик бу иш билан қозоғистонликларнинг ўзи шуғулланади, деди Мусин.

Россия компаниясига дастурий таъминотни топшириш, шунингдек, давомли техник кўмак кўрсатиш шарти қўйилган.

«Хатарли» хавотирлар

Сайловлар жараёнига аралашувчи Санкт-Петербургдаги Интернет тадқиқотлари агентлиги (ИТА) каби Россия қўлловидаги хакерларнинг бадномлиги қозоғистонликларнинг хавотирига сабаб бўлмоқда.

Қолаверса, Россия Қозоғистоннинг жисмоний ёки рақамли чегараларини ҳурмат қилиши масаласи иштибоҳли, зеро Россия парламенти аъзолари Қозоғистоннинг легитим давлат эканлигини бир неча бор савол остига қўйганлар.

Янги электрон ҳукумат платформасини ишлаб чиқишни хорижий компанияга ишониб топширилишининг ўзи хавотирли, дейди Олмаотадаги «Azimut Solutions Group» IT-компанияси бош ижрочи директори Еркегали Машир.

«Шубҳасиз, «Сбер» – катта компания, лекин унинг бундай лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси борми, деган савол туғилади», дейди у.

«Иккинчидан, GovTech асосида давлат хизматлари кўрсатилади, бунда барча IT тизимлар ва ҳукумат маълумотлари билан алоқа кўзда тутилган, бу эса стратегик аҳамиятга эга маълумотлар ҳисобланади», деди у. «Шу сабабли мен бу лойиҳанинг хорижий дастурчилар томонидан амалга оширилишини ёқламайман.»

Қозоғистон GovTech платформасини мустақил равишда ишлаб чиқа олади – бу фақат вақт ва пул масаласи, деди у.

Қозоғистон ҳукумати «Сбер» билан ишлаш тўғрисида шартнома тузган экан, янги платформанинг барча манба кодларини Қозоғистонга топширилишини таъминлаш зарур, деди у.

«Бундан ташқари, тизимни ишга тушириш билан маҳаллий мутахассислар шуғулланиши лозим.»

«Умуман олганда, GovTech платформасининг ўзи лойиҳанинг 30 фоизини ташкил қилади», деди у. «Лойиҳанинг 70 фоизи тизимларнинг ўзи ва давлат хизматларини жорий қилишдан иборат».

«Ҳамма нарса рисоладагидек ишлаши ва маълумотлар Қозоғистондан чиқиб кетмаслиги учун, уларга киришни назорат қилиш масаласига жиддий ёндашиш зарур», деб огоҳлантирди Машир.

Мусин фойдаланувчилар маълумотлари «Сбер» учун очиқ бўлмаслигини айтса-да, компания давлат идораларига тегишли бўлган айрим маълумотларга кира олиши мумкин, чунки лойиҳа big data платформаси билан тўлиқ интеграцияни назарда тутади, дейди олмаоталик бэкенд дастурчиси Асхат Абдикари.

«Шу боис мен давлат ва жамоатчилик учун бундай муҳим лойиҳада хорижий компаниянинг иштирок этишига қаршиман.

Масалан, лойиҳа кодини ёзадиган дастурчи ўзи учун «махфий эшик» яратиб, унга кира олиши мумкин, деди Абдикари.

«Сбер айнан шундай қилади, дейишдан йироқман. Шунчаки, интеграцияда иштирок этаётган дастурчи шундай имкониятга эга», деди у.

Қозоғистон инновациялари

Айрим манфаатдор томонлар Қозоғистон бу лойиҳани «Сбер» ёрдамисиз амалга ошириши кераклигини айтмоқдалар.

Қозоғистонда етарли малакага эга кадрлар бор, дейди Қозоғистон-Британия техника университети ахборот технологиялари факултетининг 3-босқич талабаси, олмаоталик Аблайхон Одилбек.

«Мисол учун, Лондон фонд биржасида ўз акцияларини жойлаштирган ва инвесторлардан 1 миллиард доллар жалб қилган Kaspi.kz технологик компаниямиз Қозоғистоннинг энг қиммат компанияга айланди», деди у.

«Унинг акцияларига бўлган талаб «Тинькофф Банк» ва «Сбербанк» каби Россия бозори гигантларини ортда қолдирди. «Бу мамлакат ичидаги инновацион муваффақиятга мисол бўла олади.»

GovTech ҳақида фикр билдирар экан, Одилбек, табиийки, оддий фойдаланувчи сифатида электрон ҳукумат сайти яхши ишлашини истамоқда.

Маълумотлар хавфсизлиги нуқтаи назаридан, веб-сайтга уланган давлат органларининг маълумотлар базаларида шахсга оид махфий маълумотлар шунчалик кўпки, у мазкур жараёнда хориж компаниясининг иштирокига қарши.

«Сбер – B2G (business-to-government) даражасида ишлайдиган компания, яъни Россия ҳукумати билан яқин алоқада», деди у. «Шунинг учун мен ва яқинларимга тегишли маълумотларга россияликларнинг киришига рози эмасман.»

«Биз GovTech тизимини мустақил равишда жорий этишимиз керак», деди у. «Қозоғистонда буни амалга ошириш учун ақлли дастурчилар етарли. Бу иш «Сбер» қилганидек тез битмаса-да, маълумотлар хавфсизлиги – шошмаслик керак бўлган соҳадир».

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500