Карвонсарой
Терроризм

Тожик оилалари ўйламай қўйилган қадамларнинг оқибатларидан ҳануз азият чекмоқда

Неъматулло Мирсаидов

Афғонистонда совуқ олдириш оқибатида оёқсиз қолган 13 ёшли Абдулло уй вазифаси билан банд, ўтган йилнинг 22 декабри, Спитамен тумани. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Афғонистонда совуқ олдириш оқибатида оёқсиз қолган 13 ёшли Абдулло уй вазифаси билан банд, ўтган йилнинг 22 декабри, Спитамен тумани. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

ХЎЖАНД – Чет элларда ҳалок бўлган тожик жангариларининг оила аъзолари экстремизм йўлида қўйилган мудҳиш қадамларнинг асоратларидан ҳанузгача ўнглана олгани йўқ.

2019-2020 йилларда Тожикистон ҳукумати тарафидан Сурия, Ироқ ва Афғонистондан ватанига қайтарилган болаларнинг аксари шу йилнинг сентябрида илк бор мактаб остонасига қадам қўйган бир пайтда Суғд вилоятидаги Спитамен туманида яшовчи 13 ёшли Абдулло Ҳошимов таҳсилни ўз уйида бошлади.

Абдуллонинг ота-онаси бундан бир неча йил олдин Афғонистон-Покистон минтақасида ҳалок бўлгач, у икки синглиси билан етим қолган. Болакай Афғонистон тоғларида совуқ олдириш натижасида оёқларидан маҳрум бўлган.

2019 йил сентябр ойида Кобул ҳукумати бир неча тожикистонлик аёллар ва уларнинг фарзандларига Афғонистон қамоқхоналаридан ватанига қайтишга рухсат бергач, болаларнинг бобоси Ёқубжон Ҳошимов Афғонистонга бориб, Абдулло ва унинг сингилларини уйига олиб келди.

Китоб ўқиётган Абдулло ва унинг сингиллари, Спитамен тумани, ўтган йилнинг 22 декабри. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Китоб ўқиётган Абдулло ва унинг сингиллари, Спитамен тумани, ўтган йилнинг 22 декабри. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Ёқубжон Ҳошимов боғидаги помидорларни парвариш қилмоқда, Спитамен тумани, 2017 йилнинг 8 августи. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Ёқубжон Ҳошимов боғидаги помидорларни парвариш қилмоқда, Спитамен тумани, 2017 йилнинг 8 августи. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Ёқубжон Ҳошимов ва унинг рафиқаси, 2017 йил 8 августда Спитамен туманида олинган сурат. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Ёқубжон Ҳошимов ва унинг рафиқаси, 2017 йил 8 августда Спитамен туманида олинган сурат. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

«[Тағояк жамоатидаги] маҳаллий ҳокимият молиявий ёрдам берди», дейди Ҳошимов. «Тожикистон элчихонаси ходимлари менга ҳамроҳ бўлиб, барча ишларга ёрдам беришди».

Абдулло ўзидан анча кичик болалар билан биринчи синфга боришни истамай, уйда ўқишни афзал кўрди, шунга Спитамен туман ҳокимлиги у билан шуғулланадиган ўқитувчиларни тайинлади.

Бу орада Абдуллодан ёшроқ, лекин Афғонистонда камроқ талафот кўрган сингиллари бу йил иккинчи синфга ўтдилар.

«Боланинг умидлари ва интилишлари кучли, у бой берганларини ўзлаштириб, таълим йўналишида тенгдошларини ортда қолдиради», дейди Ҳошимов. «Ўғилларимга бера олмаганимни унга беришга ҳаракат қиламан.»

Ҳошимовлар оиласининг тарихи

Абдуллонинг ота-онаси ва амакиси – ҳалок бўлган спитаменликларнинг ҳикояси экстремизм таъсирига учраган бошқа одамларникидан деярли фарқ қилмайди.

2009 йилда Россияга борган Абдуллонинг отаси Тожиддин Ҳошимов Москвада қурилишда ишлаб, мунтазам равишда уйига – аёли Муножот Алиева ва ота-онасига пул жўнатиб турган.

2012 йил январ ойида у оиласиз қийналаётганини айтиб, отасидан аёли ва болаларини Москвага юборишни сўради. Ўшанда унинг икки фарзанди бор эди.

Оиласи билан қовушгач, ўғлим қўнғироқ қилмай қўйди, деб эслайди қария Ҳошимов.

«Орадан бир, икки йил ўтгач, биз хавотирга туша бошладик», деди у.

Бу воқеадан бироз аввалроқ, 2010 йилнинг кузида, Ёқубжон Ҳошимовнинг кенжа ўғли Акмал Ҳошимов тақиқланган ташкилотларга аъзоликда айбланиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган эди.

Ёқубжон ўғлининг ҳибсга олиниши ва экстремистларга алоқадорлиги ҳақидаги миш-мишларга ишонмай, Ички ишлар вазирлигига (МВД) боради.

Кейинроқ, Акмал 27 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилингач, Ёқубжон ўғлининг жиноятлари нақадар оғир эканлигини тушуниб етади.

Акмал 2018 йил ноябр ойида Хўжанд қамоқхонасида юз берган ғалаёнда ўлдирилган.

Махсус хизматлар ходимларига кўра, Тожиддиннинг Москвадан қочишига Акмалнинг судлангани сабаб бўлган. У оиласи билан 2012 йилда Туркия ва Эрон орқали Покистонга ўтган.

Кўпгина тожик ва ўзбеклар сингари улар ҳам Покистоннинг Шимолий Вазиристон вилоятига жойлашдилар, Тожиддин эса Афғонистонда ҳукумат қўшинларига жангларда қатнашиш учун чегарани кесиб ўтди.

Айрим маълумотларга кўра, Тожиддин ва Муножот 2014 йил июн ойида Шимолий Вазиристонда Покистон армиясининг чет эллик жангариларга қарши ўтказган амалиёти чоғида ўлдирилганлар.

Уларнинг қандай ҳалок бўлгани маълум эмас. Ҳатто ўша пайтда тахминан етти ёшларда бўлган Абдулло ҳам ота-онасининг қандай ўлганини билмайди ёки эслай олмайди.

Машаққатли ҳаёт

Тожиддин билан бир тумандан бўлган ва оилага яқин икки жангари – Шакарбек Содиқов (Абу Жафҳар) ва Ҳошимбой Гадоев (Закариё) болаларни Афғонистоннинг Бадахшон вилоятига олиб кетишган, дейди Шимолий Вазиристоннинг Мирали қишлоғида яшаган тожик жангариларидан бирининг аёли Шафоатхон Ҳомидова.

Ота-онасининг вафотидан кейин Абдулло учун Афғонистондаги ҳаёт оғир кечди.

Абу Жафҳар ва Закариё эндиликда Покистонда туғилган қизалоқ билан бирга учтага етган етим болаларни қўшниларга ташлаб, жанговар топшириқларни бажаргани кетар эдилар. Абдуллонинг ўзи Афғонистоннинг баланд қорли тоғларида ўтин теришга мажбур бўлган. У ўшанда оёғини музлатган бўлиши мумкин, деди Ҳомидова.

2015 йил ноябр ойида Афғонистон ҳукумат кучлари АҚШ ҳарбийлари кўмагида Бадахшонда «Ислом давлати» (ИД) ва бошқа радикад гуруҳларга қарши махсус амалиётларни бошладилар, натижада Ўзбекистон ислом ҳаракати (ЎИҲ) ва ундан ажралиб чиққан «тожик толибони» лақабли Ансоруллоҳ жамоатининг кўплаб жангарилари ўлдирилди.

Айрим жангарилар ва уларнинг аёллари таслим бўлиб, Афғонистон қамоғига тушдилар. Ҳошимов Абдулло ва унинг сингилларини ўша қамоқхонадан топди.

Ҳозирда Ҳошимов набирасини даволаш ва унга протез сотиб олиш учун пул йиғмоқда.

«Кичиккина ерим бор. Оилани боқишга аранг етиб турибди», дейди у. Хотиним билан озгина пенсия оламиз.

«Оиламиз ҳар жиҳатдан ночор ва ёрдамга муҳтож... Мен ота-онасининг хатосини такрорламаслиги учун уч набирамни тарбиялаб, уларга муносиб таълим-тарбия беришим керак», дейди Ҳошимов.

Тожикистоннинг репатриация чоралари

Тожикистон ҳукумати Афғонистондан фуқароларни эвакуация қилиш билан бир қаторда, Ироқ ва Суриядаги тожик аёллари ва уларнинг болаларини ватанига қайтариш устида ҳам ишламоқда.

2019 йил апрел ойида Ироқдан қайтган 84 нафар боланинг қаерда экани ҳақида деярли тўлиқ маълумот йўқ.

Шуниси маълумки, болалар Варзоб дарасидаги санаторийларнинг бирида реабилитация жараёнидан ўтганлар. Кейинроқ улар бир нечта мактаб-интернатларга юборилган.

Уларнинг кичик қисми қариндошларига топширилган.

Шунингдек, Тожикистон расмийлари йил бошида Суриянинг ал-Ҳасака вилоятидаги курдларга қарашли иккита лагердан ИД жангариларининг 800 га яқин оила аъзоларини ватанига қайтаришга ҳаракат қилаётганликларини айтганлар.

«Биз Сурия ташқи ишлар вазирлиги билан доимий алоқадамиз. Имкон туғилиши билан Сурия лагерларидан иложи борича кўпроқ аёллар ва болаларни олиб келмоқчимиз», дейди Тожикистоннинг Қувайтдаги элчиси Зубайдулло Зубайдов телефон орқали берган интервюсида.

«Ўтган йили биз ҳатто қайтишни истаётган одамлар рўйхатини тузган эдик, аммо COVID-19 пандемияси сабабли кўп мамлакатлар чегараларини ёпди ва парвозларни бекор қилди», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500