Карвонсарой
Сайловлар

Қозоғистонликлар Россия сайловларидаги фирибгарликни қораламоқда

Ксения Бондал ва AFP

image

Россия президенти Владимир Путин давлат марказий сайлов комиссияси раисаси Элла Памфилова билан видео алоқа орқали суҳбатлашмоқда, Москва ташқарисидаги Ново-Огарёво давлат қароргоҳи, 20 сентябр. [Алексей Дружинин/Спутник/AFP]

ОЛМАОТА – Кремл Россиядаги парламент сайловларида турли усуллардан фойдаланган ҳолда сохталаштиришларни амалга оширди, дейди қозоғистонлик таҳлилчи ва фаоллар.

Президент Владимир Путин танқидчиларига нисбатан мисли кўрилмаган таъқиблар ортидан ўтказилган уч кунлик сайлов 19 сентябрда якунланган. Сайловлар олдидан Ягона Россия партияси ўз тарихидаги энг қуйи кўрсаткичларни қайд этди, деб хабар беради AFP.

Давлат ташаббуси билан ўтказилган ижтимоий сўровларга кўра, «Ягона Россия» 30 фоиз овоз билан ғолиб бўлиши керак эди. Аммо партия 49.82 фоиз овоз тўплаб, парламент қуйи палатаси – Давлат Думасидаги ўринларнинг учдан иккисини, яъни 450 та ўриндан 300 тасини эгаллаган.

Коммунистик партия 18.93 фоиз овоз билан иккинчи ўринни олган. Қозоғистонни нишонга олувчи империалистик баёнотлари билан танилган Владимир Жириновский етакчилигидаги Россиянинг либерал демократик партияси 7.55 овоз тўплаган.

image

Россия парламентига ўтказилган уч кунлик сайловларнинг сўнгги кунида Москванинг Казанский темирйўл бекатидаги сайлов участкасида овоз бераётган аёл, 19 сентябр. [Наталия Колесникова/AFP]

image

Уч кун давом этган Россия парламентига сайловларнинг охирги кунида сайлов комиссияси аъзолари бюллетен қутисини бўшатмоқда, Москва. [Александр Неменов/AFP]

«Адолатли Россия» 7.46 фоиз, «Янги одамлар» 5.32 фоиз овоз олган бўлса, қолган 10 та партия қуйи палатада ўрин эгаллаш учун зарур бўлган 5 фоиз овозни тўплай олмади.

Қамоқдаги Кремл танқидчиси, Россиянинг етакчи мухолифат арбоби Алексей Навалнийнинг тарафдорлари натижаларни ғайриоддий деб атади.

«Бунга ақл бовар қилмайди», дейди Навалнийнинг вакили Кира Ярмиш AFP нашрига. «2011 йили ўтган сайловлардаги фирибгарликларни эслайман. Худди ўша нарса ҳозир ҳам қайтариляпти.»

2011 йилда кенг қамровли сохталаштиришлар юз бергани ҳақидаги даъволар Навалний етакчилигидаги намойишларни келтириб чиқарган эди. У ўзининг заҳарланишида Кремлни айблагач, жорий йилнинг январ ойида қўлга олинган ва фирибгарликка оид эски айбловлар билан қамалган эди.

Навалнийнинг ташкилотлари сўнгги сайловлардан аввал «экстремистик» деб топилиб, тақиқланган, унинг етакчилари ҳибсга олинган ёки мамлакатни тарк этган, улар билан ҳар қандай алоқада бўлганлар сайловда иштирок эта олмаган.

Унинг иттифоқдошларига кўра, ҳукумат сайловларни кенг миқёсда сохталаштирган, айниқса мухолифат тарафдори бўлган Москвада электрон овоз бериш натижаларини эълон қилиш кечиктирилган.

Сайловдаги фирибгарликлар

Россиялик кузатувчилар сайловларда қатор сохталаштириш усуллари қўлланилганини қайд этганлар.

Ҳукумат пандемия сабабли одамлар бир жойда тўпланишининг олдини олиш учун сайлов жараёнини уч кунга узайтирганини даъво қилар экан, танқидчилар бу каби узоқ муддат манипуляцияга кенг имкон яратиб берганини айтмоқдалар, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиоси.

Мамлакат ичидаги сайлов кузатувчилари бюллетен қутиларининг тўлдирилиши ва «карусел усулида овоз бериш» ҳолатларини қайд этаркан, бунда махсус ташкил этилган гуруҳ автобусларда юриб, турли сайлов участкаларига бориб овоз берганини айтган.

Давлат идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар овоз бериш буйруғини олгани ҳақида хабарлар бор.

Шунингдек, натижаларни қалбакилаштириш учун уйдан туриб овоз беришдан ҳам фойдаланилган, деб айтган россиялик кузатувчи рўйхатга олишдаги номутаносибликлар ва «сохта талабномаларга» ишора қилиб.

Ҳукумат тарафилан ёлланган «титушки» номли қаллоблар Москва, Краснодар вилоятлари ва Санкт-Петербург шаҳрида ишлаган, дейди Россиянинг ягона мустақил сайлов гуруҳи – «Голос» кузатувчиси аъзоси Виталий Аверин.

Энг кўп сайловчилар шу уч ҳудудда жойлашган, дейди у.

Бу «титушкалар» карусел овоз беришда иштирок этишган, ижарага олинган автобусларда турли сайлов участкаларига бориб, бир мартадан кўп овоз беришган, дейди Аверин «Дождь» телеканалига.

«Шунингдек, улардан сохта кузатувчилар сифатида ҳам фойдаланишган, уларнинг мақсади – куч ишлатиб бўлса ҳам қаршилик қилиш», деди у.

Россиядаги сайловлар ҳеч қачон қатъий белгиланган қоидалар асосида ўтмайди, янги уч кунлик сайлов жараёни эса фирибгарликка имкон яратиб беради, дейди сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этган Екатеринбургнинг собиқ ҳокими Евгений Ройзман.

Биринчидан, йирик компаниялар ходимлари яшаш жойларида эмас, балки ишлайдиган жойларида овоз беришган, деб айтган у Дождь телеканалига. Йўлбошчилари уларни сайлов участкаларига олиб бориб, назорат қилиб туришган.

Ройзман уйда овоз беришни сайлов натижаларини қалбакилаштириш воситаси деб таърифлади.

«Ҳукуматнинг кучли мухолифларидан ҳеч бирига сайловда қатнашишга рухсат берилмади», деб қайд этди у. «Пойгада ғолиб чиқа оладиганлар рўйхатга ҳам олингани йўқ.»

Ғирром сайловлар

Кремл мухолифатнинг сайловлардаги иштирокини қийинлаштириш учун барча чораларни кўргани – барча, жумладан россиялик кузатувчилар учун ҳам аён эди, дейди Нур-Султонлик сиёсий шарҳловчи Газиз Абишев Карвонсаройга.

«Мухолифатчиларни ҳибсга олиш, ҳукумат сиёсатидан норозиларни мамлакатдан сиқиб чиқариш ва Алексей Навалнийнинг «Ақлли овоз бериш» тизимига қарши унинг мобил иловасини блоклаш орқали курашиш ҳукуматнинг иши эканлиги аниқ», деди у Навалнийнинг сайловчиларни ҳар бир пойгада ҳукмрон партияга энг кўп зарар етказувчи номзодни танлашга чақириш стратегиясига ишора қилиб.

Сайлов кампаниясининг бу каби ғирром усуллари «[ҳукуматга] расман қонунга амал қилган ҳолда сайловлар қонунийлиги руҳини бузиш имконини беради», деди Абишев.

«Президент администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко учун овозларни очиқдан-очиқ қалбакилаштиришга йўл қўймай, Давлат Думасидаги конституциявий кўпчиликни сақлаб қолиш муҳим эди».

«Эҳтимол, қўпол қонунбузарликлар сони камдир, лекин Думага сайловлар мутлоқ эркин ва холис ўтди, дейиш ярамайди», деди у.

«Фикримча, сайловга стратегик тайёргарлик ўтган йили ёки шу йил бошида олиб борилган», дейди Абишев.

Россия лидерлари «барчасини обдон ўйлаб, сайловнинг сохталаштирилгани ҳақидаги иддаоларга йўл қўймаслик учун унга ташқаридан аралашувни минималлаштириш бўйича концептуал қарор қабул қилишган», деди у. Сўнг Путиннинг содиқ тарафдорлари бу режани амалга оширганлар.

«Путинизм даври деб аталган сўнгги 20 йил мобайнида демократиядан узоқлашиш ва ўзгача фикрни бўғиш юз бермоқда», дейди олмаоталик сиёсий фаол Расул Жумали.

«Бу экспертларга ҳам, кузатувчиларга ҳам маълум», деди у Карвонсаройга. «Бўлиб ўтган сайловлар ҳукмрон партияни илгари суриш ва назоратни қатъийлаштириш сиёсатига ҳам мос келади.»

Ҳукумат бу сафар ҳам аввалги сайлов жараёнидаги усулларини қўллади, дейди у – мухолифатга тазйиқ ўтказиш ва диссидентларни таъқиб қилиш.

Навалний ва унинг тарафдорларига нисбатан кучли босимдан ташқари, Россия ҳукумати «хорижий агентлар» тўғрисидаги аксилдемократик қонунларни қабул қилди, деди Жумали.

«Бу йил Россия бошқа бир амалиётни – уч кунлик овоз беришни жорий қилди, лекин шундай катта ҳудудда бир неча юз нафар хорижлик кузатувчи бор эди», деди у.

«Уларнинг ваколатлари чекланган ва билишимча, исмлари ҳам махфий эди», деди у кузатувчиларнинг Путинга мойил постсовет давлатлар вакиллари бўлгани, шу боис ҳам ўз фаолиятини очиқламаганини назарда тутиб.

«Бу қандайдир бемаънилик», деб хулоса қилди у Россиядаги сайловлар борасида.

Мамлакатингиз учун Россиянинг таъсири яхшими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500