Карвонсарой
Атроф-муҳит

USAID Қозоғистонда қурғоқчиликдан жабрланган фермерларга ёрдам беради

Канат Алтинбаев

Қозоғистоннинг Олмаота вилояти Қаскелен дарасида от боқиб юрган болакай, 15 август. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

Қозоғистоннинг Олмаота вилояти Қаскелен дарасида от боқиб юрган болакай, 15 август. [Канат Алтинбаев/Карвонсарой]

ОЛМАОТА - АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Манғистов вилоятида қурғоқчиликдан азият чеккан энг заиф аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш учун Қозоғистон Қизил Ярим Ой жамиятига 100 минг долларлик (42,5 млн. тенге) грант ажратди, дейилади агентликнинг жума (24 сентябр) кунги хабарида.

Бу йил баҳор ва ёзда Қозоғистоннинг энг иссиқ ғарбий ва жанубий туманлари узоқ давом этган қурғоқчиликдан кўпроқ зарар кўрди.

Қурғоқчилик оқибатида минглаб қорамол ва отлар нобуд бўлди, экинлар қуриб, чучук сув танқислиги юзага келган.

Вилоятда чорвачилик асосий даромад манбаи бўлгани учун қурғоқчилик ҳаёт сифатига жиддий путур етказган. Сут ва гўшт ишлаб чиқариш сезиларли даражада камайди, маҳаллий аҳолининг даромади пасайиб, кўпчилик тирикчилик воситаларидан маҳрум бўлган.

USAIDга кўра, «қорамолнинг нобуд бўлишидан зиён кўрган 200 дан ортиқ уй хўжаликларига асосий эҳтиёжларни қондириш учун моддий ёрдам берилади. Ёрдам миқдори уй хўжаликларининг ҳар бир аъзоси учун энг кам кунлик нафақа миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.»

Унинг айтишича, USAID эҳтиёжни баҳолаганидан сўнг, молиявий ёрдам олувчиларнинг бевосита банк ҳисобрақамларига ўтказиб берилади.

Бундан бир ой аввал Европа Иттифоқи (ЕИ) қозоғистонлик фермерларни қўллаб-қувватлаш учун 200 минг евро (99,2 млн. тенге) молиявий ёрдам ажратган эди. Энг кўп зарар кўрган вилоятлар – Манғистов ва Туркистоннинг 6 мингга яқин аҳолисига ёрдам кўрсатилди.

Бу маблағ Европа Иттифоқининг Қизил хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари Халқаро Федерациясининг фавқулодда вазиятлар жамғармасига қўшган ҳиссасининг бир қисми бўлди.

Қишлоқ хўжалигининг мослашуви

Икки хорижий донордан олинган маблағ шахсий томорқаси қуриб қолган оилаларга йўналтирилди, дейди Фермерлар олий кенгаши директори, чимкентлик мустақил таҳлилчи Кирилл Павлов Карвонсаройга.

Бундай оилаларнинг ҳар бири 400 доллардан (170242 тенге) кўпроқ маблағ олди, деди у.

Бу йил ёзда Қозоғистоннинг ғарби ва жанубида ғайритабиий иссиқ ва қуруқ об-ҳаво ҳукмронлик қилиб, яйловлардаги ўтларни қуритиб ташлади.

Минтақада озиқ-овқат нархи кўтарилгач, маҳаллий аҳоли ориқлаб кетган чорва молларини паст нархларда сотишни бошлади, деб ёзади оқтовлик блогер Азамат Сарсенбаев 16 июл куни.

«Маҳаллий чорвадорлар ҳеч қачон бундай ҳолатга дуч келмаганликларини эътироф этмоқдалар. Чорва аввал ҳам нобуд бўлар эди, лекин фақат қишда, тупроқ музлаб, чорва ўтлай олмаганида», деб ёзади Сарсенбаев.

Келгусида яна шундай вазиятга тушмаслик учун ҳукумат қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгариши туфайли юзага келадиган янги шароитларга мослаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиши керак, деди Миллий қўйчилик уюшмаси мутахассиси, қизилўрдалик Нурлан Мусин.

«Ўтган ёз содир бўлган воқеа илк огоҳлик қўнғироғи, биз учун сабоқ бўлиши керак», дейди Мусин. «Биз иқлим ўзгариши оқибатлари ҳали-бери дуч келмаймиз, деб ўйлаймиз, лекин аслида ундай эмас.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500