Карвонсарой
Транспорт

Қирғизистонлик ишчилар Хитой компаниясидан 16 ойлик маошларини талаб қилмоқдалар

Канат Алтинбаев

Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғи, 2 июл, 2019 йил. Бишкек 2017 йилда Хитой компанияси томонидан Иссиқкўл қирғоғи бўйлаб қуриб битказилмаган Балиқчи-Корумду магистрали билан боғлиқ яна бир можарога гувоҳ бўлди. [File]

Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғи, 2 июл, 2019 йил. Бишкек 2017 йилда Хитой компанияси томонидан Иссиқкўл қирғоғи бўйлаб қуриб битказилмаган Балиқчи-Корумду магистрали билан боғлиқ яна бир можарога гувоҳ бўлди. [File]

БИШКЕК – Қирғизистонда магистрал йўл қуриш бўйича шартномага эга Хитой компанияси билан юзага келган можаро Хитой компаниялари билан ишлаш ва Пекин билан алоқа қилиш хатарларига мисолдир, деб огоҳлантиради таҳлилчилар.

Ишчилар Longhai Road and Bridge Corporation компаниясидан Иссиқкўл қирғоғи бўйлаб қурилаётган ва ҳали ҳам битказилмаган Балиқчи-Корумду магистралида бажарган ишлари учун бир ярим йиллик маошларини талаб қилмоқдалар.

2015 йилда Хитой компанияси 104 км узунликдаги йўл қурилишига оид тендерни ютиб олган. Лойиҳа 2017 йил охирига қадар якунланиши керак эди.

Қирғизистон транспорт вазирлиги 6,8 миллиард қирғиз сўми (80,2 миллион АҚШ доллари) тўлаган лойиҳа бўйича қурилиш ишлари ҳамон битказилмаган.

Иссиқкўл вилоятининг Жети Ўғуз дарасидаги ўтовлар, 3 июл, 2019 йил. Иссиқкўлликлар Балиқчи-Корумду магистрали лойиҳасининг қуриб битказилмагани билан боғлиқ ноқулайликлардан шикоят қилиб қўшиқ тўқиганлар. [File]

Иссиқкўл вилоятининг Жети Ўғуз дарасидаги ўтовлар, 3 июл, 2019 йил. Иссиқкўлликлар Балиқчи-Корумду магистрали лойиҳасининг қуриб битказилмагани билан боғлиқ ноқулайликлардан шикоят қилиб қўшиқ тўқиганлар. [File]

Ишчилар «Бир камар – бир йўл» форуми баннерини олиб ташламоқда, Пекин, 2019 йилнинг 27 апрели. [Грег Бейкер/AFP]

Ишчилар «Бир камар – бир йўл» форуми баннерини олиб ташламоқда, Пекин, 2019 йилнинг 27 апрели. [Грег Бейкер/AFP]

Лойиҳа аслида икки йилда якунланиши керак эди. Олти йил ичида Longhai компанияси ишнинг учдан икки қисмини бажарган.

Йўлнинг қарийб 20 км қисми ҳали қуриб битказилмаган бўлса-да, якунланган қисмида ёриқлар пайдо бўлган.

Лойиҳа жуда секинлик билан амалга оширилмоқда, ҳафсаласи пир бўлган ишчилар эса кўпинча ишга чиқишдан бош тортмоқда.

2019 йилда маҳаллий ишчилар компания маош тўламай қўйганидан шикоят қилган эдилар. Эндиликда яна тўлов билан боғлиқ муаммолар юзага келган.

21 сентябр куни 25 кишидан иборат бир гуруҳ қурувчилар Бишкекка бориб, транспорт вазири ўринбосари Нурланбек Кайинбаевга ва инсон ҳуқуқлари масаласи бўйича маъсул вазирлик расмийси Бахтияр Орозовга бевосита шикоят қилганлар, деб хабар беради 24.kg нашри.

Йўл хавфсизлиги инспектори Бакит Айдаркановга кўра, у ва яна 18 кишига 16 ойдан бери маош тўланмаган, компания жами 120 та ишчидан қарз.

Хитой компанияси ишчилардан жами 28 миллион қирғиз сўми (330 минг АҚШ доллари) қарздор.

Қирғизистон расмийлари муаммони сентябр охирига қадар ҳал қилишга ваъда беришган. Транспорт вазирлиги иқтисодиёт вазирлигидан йўлни қайта таъмирлаш учун қўшимча 72 миллион қирғиз сўми (850 минг АҚШ доллари) ажратишни сўраган.

«Муаммо ҳал бўлмоқда», деб хабар берган транспорт вазирлиги 24.kg сайтига.

Муваффақиятсизликка учраган лойиҳа

Қирғизистонлик ишчиларга маош тўлаш билан боғлиқ муаммо Хитой компанияси бошига тушган зиддиятлардан бири, холос.

2018 йилнинг октябрида Қирғизистон бош прокуратураси Longhai фаолияти юзасидан жиноий иш қўзғаган.

Дренаж тизимини барпо этишда компания сулфатга чидамли цемент ўрнига оддий цементдан фойдаланган, бу йўлнинг тез эскириши ва фалокатлар юз беришига олиб келиши мумкин.

Longhai оддий цементдан фойдалангани сабабли нархларни камайтирмаган, деб айтган бош прокурор.

Бу иш бўйича якуний қарор эълон қилингани йўқ.

Ўша йилнинг ўзида Қирғизистоннинг «Қирғиз Жол Курулуш» субпудратчиси унинг ишчиларига тўрт ой маош тўланмагани ортидан намойишга чиққанидан кейин Longhai компаниясини судга берган.

Натижада суд Longhai ҳисобларини музлатиб қўйган.

Шунингдек, Хитой компанияси қарийб лойиҳа бошланганидан бери Қирғизистонга солиқ тўламаган.

2019 йил декабр ойида Қирғизистон солиқ қўмитаси Longhai компанияси тўрт йилдан бери ҳеч қандай солиқ тўламагани ҳисобига 227 миллион қирғиз сўми (2,7 миллион АҚШ доллари) қарз эканлигини эълон қилган.

Қирғизистон Longhai компаниясининг тўланмаган солиқлари бўйича қабул қилинган қарор юзасидан ҳеч қандай баёнот бермаган.

«Ҳаммаси бошиданоқ барбод бўлган эди, тендер жараёни қонунга хилоф эди», деб айтган сентябрда парламентнинг транспорт, коммуникация, архитектура ва қурилиш қўмитаси аъзоси Рискелди Момбеков Озод Европа/Озодлик радиосининг қирғиз хизматига.

«Балиқчи-Корумду магистрали сабабли юзага келган ноқулайликлар ҳақида иссиқкўлликлар бекорга қўшиқ тўқимаган», деб айтган у.

Қимматга тушган хато

Магистрал йўл қурилиши якунланмагани туфайли энг кўп маҳаллий аҳоли зарар кўрган.

Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғида жойлашган Бостери қишлоғидаги меҳмонхона бекаси Бермет Абдикаликовага кўра, лойиҳа бошланганидан бери меҳмонлар сони камайган, чунки сайёҳларнинг аксарияти айланма тошлоқ йўллардан юришни истамайди.

«Шунча йил ўтиб ҳам йўлни битиришмади, 100 км унча кўп эмас-ку», дейди у. «Хитойликлар Қирғизистондаги лойиҳаларга нисбатан бепарво. Хитойда бундай йўлни бир ҳафтада битирган бўлишарди.»

«Аввал нимадир бошлашади, кейин ташлаб қўйишади», дейди Чўлпон-Оталик Қасим Аттокуро.

«Йўлнинг қачон битишини ҳеч ким билмайди. Бу нимаси энди?»

Бишкекдаги кўпчилик расмийлар ва таҳлилчиларга кўра, бундай муҳим вазифага Longhai компаниясини пудратчи сифатида танлаш хато бўлган.

2019 йилда ҳам Қирғизистон ҳукумати Longhai компаниясини ишончсизликда ва ўз мажбуриятларини бажармасликда айблаган эди.

«Тажрибага кўра, пудратчи ўз айланма капиталига эга бўлиши керак, агар қарз тўпланса, ўз субпудратчиларига маош ва бошқа харажатларни қоплаш учун маблағ ажратиши керак», деган эди транспорт вазирлиги ўша вақтда. «Аммо, Longhai компанияси молиявий имконияти йўқлиги сабабли мунтазам равишда тўловларни амалга оширишда муаммоларга дуч келади.»

Аждарни ғазаблантириш

Хато ва камчиликларига қарамай, Қирғизистон Longhai компаниясининг шартномасини бекор қила олмайди, чунки ҳукуматнинг Хитой олдида мажбуриятлари бор, дейди хавфсизлик масаласи бўйича таҳлилчи, бишкеклик Касибек Жолчуев.

Пекин Хитой манфаатлари йўлида ночор мамлакатларнинг табиий бойликларини қазиб олиш ва ташиб кетишга хизмат қилувчи «Бир камар, бир йўл» ташаббуси доирасида Бишкекка кредит бермоқда.

Бу кредитларнинг асосий шарти шуки, йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун хитойлик пудратчиларни ёллаш талаб этилади.

«Longhai билан хайрлашадиган бўлсак, Пекин дарҳол жавоб қайтаради. Хитойдан катта қарзимиз борлиги ва тўловни кечиктиришга ҳаракат қилаётганимиз учун у биринчи навбатда ўзининг молиявий дастакларини ишга солади», деди Жолчуев.

Март ойи ҳолатига кўра, Қирғизистоннинг умумий ташқи қарзи 5 миллиард долларни (424 миллиард қирғиз сўми) ташкил этган, унинг катта қисми – 40 фоиздан кўпроғи – Хитой Экспорт-импорт банки олдидаги қарздорликдир, деб хабар беради Қирғизистон молия вазирлиги.

«Аждаҳонинг ғазабини қўзғатсак, оқибати яхши бўлмайди», дейди Жолчуев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500