ҲААГА – 45 мамлакатдан иборат гуруҳ сешанба (5 октябр) куни Токсик қурол-яроғларни назорат қилиш халқаро ташкилотидан Россиянинг Кремл танқидчиси Алексей Навалнийнинг заҳарланиши юзасидан шошилинч жавоб беришини талаб қилган.
Эндиликда Москва Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) қоидалари бўйича 10 кун ичида Европа Иттифоқи, шунингдек АҚШ, Канада ва Австралия тарафидан қўйилган саволларга жавоб бериши керак.
Ғарб давлатларининг таъкидлашича, мухолифат етакчиси Навалний ўтган йилнинг августида Россияда совет даврига оид «Новичок» асабни фалажловчи моддаси билан заҳарланган. У Германияда даволаниб, Россияга қайтган ва ҳозир қамоқда ўтирибди.
Москва Навалнийнинг заҳарланишига алоқадорлигини доим рад этиб келган.
«Россия ўз ҳудудида кимёвий қурол ишлатилгани билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритиши ва уни тергов қилишга оид чораларни батафсил баён қилиши зарур», дейилади 45 мамлакатнинг қўшма баёнотида.
Россиядан «Новичок» билан боғлиқ масалани ўрганиш учун КҚТТ нозирлари ташрифини нима учун кечиктирганини изоҳлаш ҳам сўралган.
«Жавоб бериш учун Россияда 10 кун муҳлат бор», дейилади британиялик делегатларнинг твиттерида.
АҚШ Давлат департаментининг маълум қилишича, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) жосуслари Навалнийни фақат Россия ишлата оладиган «Новичок» моддаси билан заҳарлаган, деган хулосага келинган.
«Бундай хатти-ҳаракатлар жазосиз қолиши мумкин эмас», дейилади баёнотда. «Заҳарланиш масаласида Россиянинг шаффоф эмаслиги ва ҳамкорлик қилмаётгани хавотирга сабаб бўлмоқда.»
Аввалроқ Ҳаагада жойлашган КҚТТ Германия тақдим этган Навалнийдан олинган намуналар «Новичок» учун ижобий натижа берганини тасдиқлаган эди.
Агар Россиянинг жавоблари қониқарсиз деб топилса, мамлакатлар Кимёвий қуроллар тўғрисидаги конвенцияга асосан Москвадан қўшимча «изоҳлар» сўрашга, кейин эса экспертлар гуруҳи терговини талаб қилишга ҳақли.
60 кундан кейин муаммо ечимини топмаса, КҚТТ ижроия кенгашининг махсус сессияси чақирилади – 41 аъзодан иборат директив ташкилот шу ҳафта йиғилади, зарур бўлса, КҚТТга аъзо барча давлатлар йиғилиши ўтказилади.
Кимёвий қуроллар конвенциясига риоя қилмайдиган давлатларнинг сайлаш ҳуқуқлари тўхтатилиши мумкин. Апрел ойида Россия иттифоқдоши Сурия билан худди шундай бўлган эди.
Шу ҳафта Ғарб давлатлари Дамашқ КҚТТ олдидаги мажбуриятларини бузишда давом этаётганини айтиб, Суриядан қурол-яроғ инспекторларини мамлакатга киритишни талаб қилганлар.
Бу орада Британия Россияга 2018 йил Англиянинг Солсбери шаҳрида собиқ икки томонлама жосусга қарши «Новичок» ёрдамида қилинган ҳужум юзасидан босим ўтказишда давом этишини айтган.
Суиқасддан кейин Сергей Скрипал ва унинг қизи ҳаёт учун курашган, тергов ишини олиб борган полициячи соғлигига жиддий зарар етган, асабни фалажловчи модда билан алоқада бўлган аёл кейинчалик вафот этган. Скрипаллар омон қолишган.
«Ўғирланган» сайловлар
Навалний ўзининг заҳарланишида Россия президенти Владимир Путинни айблаган. Январ ойида Германияда даволаниб қайтиб келганидан кейин қўлга олинган ва фирибгарликка оид эски айбловлар билан қамалган эди.
Ўтган ойдаги сўнгги сайловлардан аввал Навалнийнинг ташкилотлари «экстремистик» деб топилиб тақиқланган, унинг етакчилари ҳибсга олинган ёки мамлакатни тарк этган, улар билан ҳар қандай алоқада бўлганлар сайловда иштирок эта олмаган.
Президент Владимир Путин танқидчиларига нисбатан мисли кўрилмаган таъқиблар ортидан ўтказилган уч кунлик сайлов 19 сентябрда якунланган. Сайловлар олдидан Ягона Россия партияси ўз тарихидаги энг қуйи кўрсаткичларни қайд этди.
Давлат ташаббуси билан ўтказилган ижтимоий сўровларга кўра, «Ягона Россия» 30 фоиз овоз билан ғолиб бўлиши керак эди. Аммо партия 49.82 фоиз овоз тўплаб, парламент қуйи палатаси – Давлат Думасидаги ўринларнинг учдан иккисини, яъни 450 та ўриндан 300 тасини эгаллаган.
Россиянинг етакчи мухолифат арбоби Алексей Навалнийнинг тарафдорлари натижаларни ғайриоддий деб атади.
«Бунга ақл бовар қилмайди», дейди Навалнийнинг вакили Кира Ярмиш AFP нашрига. «2011 йили ўтган сайловлардаги фирибгарликларни эслайман. Худди ўша нарса ҳозир ҳам қайтариляпти.»
2011 йилда кенг қамровли сохталаштиришлар юз бергани ҳақидаги даъволар Навалний етакчилигидаги намойишларни келтириб чиқарган эди.
Унинг иттифоқдошларига кўра, ҳукумат сайловларни кенг миқёсда сохталаштирган, айниқса мухолифат тарафдори бўлган Москвада электрон овоз бериш натижаларини эълон қилиш кечиктирилган.
Ҳукумат пандемия сабабли одамлар бир жойда тўпланишининг олдини олиш учун сайлов жараёнини уч кунга узайтирганини даъво қилар экан, танқидчилар бу каби узоқ муддат манипуляцияга кенг имкон яратиб берганини айтмоқдалар, деб хабар беради Озод Европа/Озодлик радиоси.
Мамлакат ичидаги сайлов кузатувчилари бюллетен қутиларининг тўлдирилиши ва «карусел усулида овоз бериш» ҳолатларини қайд этаркан, бунда махсус ташкил этилган гуруҳ автобусларда юриб, турли сайлов участкаларига бориб овоз берганини айтган.
Давлат идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар овоз бериш буйруғини олгани ҳақида хабарлар бор.
Шунингдек, натижаларни қалбакилаштириш учун уйдан туриб овоз беришдан ҳам фойдаланилган, деб айтган россиялик кузатувчи рўйхатга олишдаги номутаносибликлар ва «сохта талабномаларга» ишора қилиб.