Карвонсарой
Хавфсизлик

Хитой телефонлари билан боғлиқ хавфсизлик таҳдидлари хавотирга сабаб бўлмоқда

Карвонсарой

15 январ куни Пекиндаги Xiaomi дўкони ёнидан ўтиб кетаётган одамлар. [Грег Бейкер/AFP]

15 январ куни Пекиндаги Xiaomi дўкони ёнидан ўтиб кетаётган одамлар. [Грег Бейкер/AFP]

ВИЛНЮС, Литва – Хитой телефонлари бутун дунё бўйлаб жиддий эътибор остига тушган – тадқиқотларга кўра, бу қурилмалар билан миллий хавфсизлик таҳдидлари, цензура, махфийликка оид муаммолар ва маълумотларнинг сизиб кетиши орасида боғлиқлик мавжуд.

Литва Xiaomi телефонида ўрнатилган цензура воситаси туфайли Хитой телефонларига қарши чиққан навбатдаги мамлакат бўлди.

Вилнюс расмийлари Хитой коммунистик партиясининг (ХКП) аксилдемократик қадриятларини, геосиёсий зўравонлик, ўз мақсади йўлида технологияларни суиистеъмол қилиш ва цензура қўллашини бир неча бор танқид қилганлар.

Ўтган ой Литва мудофаа вазирлиги давлат муассасалари ва истеъмолчиларни Хитой телефонларини ишлатишдан эҳтиёт бўлишга чақирар экан, уларда хавфсизлик нуқсонлари ва маълумотларнинг сизиб чиқиш эҳтимоли борлиги ҳақида огоҳлантирган.

Уяли телефонидан фойдаланаётиб ён-атрофга қараётган муслима аёл, Хитой, Шинжон. Минтақадаги мусулмонлар қонуний хатти-ҳаракатлари, жумладан чет элдаги қариндошларига қўнғироқ қилгани ёки телефонларини қайта-қайта ўчиргани учун ҳукумат эътиборига тушадилар. [Фредерик Ж. Браун/AFP]

Уяли телефонидан фойдаланаётиб ён-атрофга қараётган муслима аёл, Хитой, Шинжон. Минтақадаги мусулмонлар қонуний хатти-ҳаракатлари, жумладан чет элдаги қариндошларига қўнғироқ қилгани ёки телефонларини қайта-қайта ўчиргани учун ҳукумат эътиборига тушадилар. [Фредерик Ж. Браун/AFP]

Вазирлик Европада сотиладиган Хитойга мансуб учта машҳур телефонни таҳлилдан ўтказган: Xiaomi Mi 10T 5G, Huawei P40 5G ва OnePlus 8T 5G.

22 сентябр куни Мамлакат миллий киберхавфсизлик маркази Huawei ва Xiaomi 5G моделларида «киберхавфсизлик хатарлари» топилгани ҳақида хабар берди.

Европадаги энг машҳур Xiaomi смартфони ичига маълум қидирув сўзларини блокировка қила оладиган цензура воситаси ўрнатилгани аниқланди.

Тадқиқотчилар телефоннинг Европада сотиладиган версиясида қора рўйхат функцияси ўчиқ эканлиги, уни Хитойдан туриб масофадан ёқиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришган.

Афтидан, цензурага тушган сўзлар сони ошиб бормоқда, 2021 йил апрелда қора рўйхатда 449 сўз ёки ибора бўлса, сентябрда уларнинг сони 1376 тани ташкил этган. Улар хитойча ва лотин ёзувидаги сўзлардан иборат.

Блокланган сўз ва иборалар орасида «Тибетга озодлик», «Яшасин Тайван мустақиллиги», «демократик ҳаракат», «талабалар ҳаракати», «диктатура», шунингдек айрим Ғарб компаниялари ва ахборот агентликларининг номлари бор.

«Бу калит сўзларнинг барчаси сиёсий характерга эга эканлиги аниқ кўриниб турибди», деб айтган Литва мудофаа вазирининг ўринбосари Маргирис Абукявичюс «Америка Овози» билан суҳбатда.

«Қурилма ичида интернет қидирувини филтрлайдиган ёки филтрлаши мумкин бўлган калит сўзлар ва цензура воситасининг борлиги жуда хавотирли», деди у.

Хабарда айтилишича, Huawei телефони фойдаланувчиларни вирусли дастурлар жойлаштирилиши мумкин бўлган учинчи томон иловалар дўконларига автоматик равишда қайта йўналтиргани сабаб хавф туғдириши мумкин.

Реал хатарлар

Ушбу ҳисоботдан сўнг Литвада давлат идораларига «ишончсиз» қурилмалардан фойдаланишни тақиқловчи қонун ишлаб чиқилиши мумкин, деб хабар беради Euronews 28 сентябр куни.

«Ҳозирги кунда биз қонунчилик татбиқ этиладиган соҳани белгилаш устида ишлаяпмиз. Янги тартиб қайси ташкилотлар (миллий хавфсизлик учун муҳим бўлганлари), қайси АКТ (ахборот -коммуникация технологиялари) маҳсулотлари/ускуналари/дастурий таъминотини сотиб олишга тааллуқли бўлади, харид жараёнида фақат ишончли таъминотчилар иштирокини таъминлаш учун қандай мезонлар қўйилади, деган саволларга аниқлик киритилмоқда», деди вакил.

Абукявичюс Литвадаги 200 га яқин давлат муассасалари Хитойда ишлаб чиқарилган қурилмалардан фойдаланаётганини таъкидлар экан, давлат сектори миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан Xiaomi ва Huawei телефонларини умуман «ишлатмаслиги» кераклигини айтган.

«Биз айтаётган хавфлар ҳақиқий», дейди Абукявичюс AFP билан суҳбатда. «Бу хавфни камайтиришнинг энг яхши чораси.»

Бошқа давлатлар ҳам ушбу тадқиқотга эътибор қаратиши ва худди шундай қилиш ҳақида ўйлаб кўришлари керак, деди у.

«Ўйлайманки, бу тадқиқотимиз телекоммуникация соҳасидаги мунозара доирасидан чиқиб, бошқа соҳаларни ҳам ўйлашимиз кераклигини кўрсатади», деди у «Америка Овози» билан суҳбатда.

Аксарият ғарб давлатлари, жумладан Қўшма Штатлари хавфсизлик сабабли Huawei телефонларида 5G мобил алоқасини блоклаб қўйишган.

Яқин кунларда Европа Иттифоқига аъзо бошқа давлатлар ҳам тадқиқотни муҳокама қилиши кутилмоқда. Литва ташқи ишлар вазири Габриелиус Ландсбергис бу масалада кўмак олиш мақсадида ўтган ой Вашингтонда АҚШ давлат котиби Антони Блинкен билан учрашган эди.

Литванинг кичиклиги, аҳолиси сони 3 миллиондан кам ва иқтисодиёти Хитойнинг 270 дан 1 бўлаги эканлиги уни осон нишонга айлантиради, дейди Ландсбергис.

Пекиннинг «ҳисоб-китобича, у ўзидан анча паст бўлган душманларни танлаш, уларни жанг майдонига олиб чиқиб, янчиб ташлашни афзал деб билади», дейди у.

Блинкен «Хитой Халқ Республикаси томонидан босим ўтказилган тақдирда, АҚШ Литвани қатъий қўллаб-қувватлашига» ваъда берди.

Германия хавфсизлик хизматлари Xiaomi телефонларини техник томондан ўрганишни бошлаган, деб хабар беражи Америка Овози.

Иқтисодий зарар етказишга уриниш

Литванинг Хитойда ишлаб чиқарилган телефонлардаги чекловларга оид ҳисоботи Хитойни ранжитган.

Пекин Болтиқбўйи давлатидаги элчисини чақириб олиши ортидан Литванинг Пекиндаги элчиси ҳам ватанига қайтган.

Июл ойи бошида Литва Тайванга Вильнюсдаги режаланган квази-элчихонасида Тайпей сўзи ўрнига Тайван номини ишлатишга рухсат бергач, Пекин Литвага юк поездлари киришини тўхтатган ва Хитойда Литва маҳсулотлари сотилишини деярли имконсиз қилиб қўйган.

Аммо Литва Хитойнинг тобора кучайиб бораётган босимига ён беришни истамади.

Литванинг иқтисодиёт ва инновация вазири Аушрине Армонайте ушбу жавоб чораларини эътиборсиз қолдирган.

Унга кўра, зарар «унча катта эмас», чунки Литванинг Хитойга экспорти умумий экспортнинг 1 фоизини ташкил этади.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500