«Нега ҳозир ва нега бизнинг чегарада?»
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 27 сентябр куни Туркиянинг «Анадолу» ахборот агентлигига берган интервюсида Эрон армияси томонидан ўтказилган йирик ҳарбий машғулотлар муносабати билан шундай савол берган.
Совет Иттифоқи парчаланиб, Озарбайжон мустақилликка эришганидан бери Эрон ўзининг Озарбайжон билан шимолий чегарасига бунчалик яқин жойда ҳарбий машқлар ўтказмаган эди.
Қуръонда тилга олинган қалъа шарафига «Ҳайбар» деб номланган ўқув машқлари ҳам миқёси, ҳам сарф-харажатлари жиҳатидан йирик миқёсли бўлиб, Эронда ишлаб чиқарилган ракеталарнинг дабдабали намойиши билан ўтган.
Ўтган жума (1 октябр) куни Эрон давлат телевидениесида мамлакат шимоли-ғарбидаги чегарага яқин нишонларни ўққа тутаётган танклар, тўплар ва вертолётлар намойиш этилган, деб хабар беради AFP.
Эрон ва Озарбайжон шу пайтгача ўзаро алоқаларни сақлаб турган ва сешанба куни Эрон раҳбари Али Ҳоманаийнинг Бокудаги идораси ёпилгани ҳақидаги хабарларни инкор этган бўлса-да, улар ўртасидаги зиддият сўнгги ўттиз йил ичида энг юқори даражага чиққан.
Эрон ўтган йили Тоғли Қорабоғ баҳсли ҳудуди учун Ереван ва Баку ўртасидаги 40 кунлик урушда Арманистон тарафини олган, гарчи бундай позиция унинг стратегик, логистик ёки иқтисодий манфаатларига мос эмасди.
Ўтган йилнинг 10 ноябрида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Россия ҳомийлигида имзоланган тинчлик шартномаси Баку учун ҳарбий ғалаба бўлди.
Таҳлилчиларнинг айтишича, Арманистон тарафини олиш билан Теҳрон сиёсий ва стратегик жиҳатдан ўзини хавф остига қўйди ва Баку билан савдо-сотиқда катта миқдорда пул йўқотди.
Оташкесим битимига биноан, Ереван бир неча ўн йиллар давомида Арманистон назорати остида бўлган Озарбайжоннинг Эрон билан 700 километрли чегарасидаги участкани ўз ичига олувчи баҳсли ҳудудларнинг бир қисмини Баку ихтиёрига топширди.
Сўнгги бир неча ой ичида Баку эронлик юк ташувчилар учун Озарбайжонга товарлар импорт қилиш тарифларини кескин оширган. Бундай қарор Эроннинг Озарбайжонга нисбатан позициясига жавобан қабул қилинган бўлиши мумкин.
Теҳрон 83 миллионлик Эрон аҳолисининг 10 миллионга яқинини ташкил этувчи этник озарбайжонлар орасида айирмачилик кайфиятидан анчадан бери хавфсираб келади.
«Ҳайратланарли» машқлар
27 сентябр куни Алиев ўз мамлакати чегараси яқинида ҳарбий машғулот ўтказган Эронни кескин танқид остига олди.
У ҳар қандай мамлакат ўз чегаралари яқинида шундай қилишга ҳақли эканини тан олган бўлса-да, машғулот ва унинг танланган жойидан «ҳайратда қолганини» айтган.
28 сентябр куни Теҳрон Озарбайжоннинг хавотирларини рад этиш учун ўз «суверенитетига» ишора қилган.
Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Саид Хатибзода вазирлик сайтида эълон қилинган баёнотда: «Мамлакатимиз шимоли-ғарбидаги чегара ҳудудларида ўтказилган машғулотлар суверенитетга дахлдор масаладир», деб айтган.
Теҳрон «ўз миллий хавфсизлиги учун зарур деб ҳисоблаган барча чораларни кўради», деди у Исроилнинг Озарбайжон билан алоқаларига ишора қилиб.
Сешанба куни Озарбайжон оммавий ахборот воситаларида Эрон ўз ҳаво кенгликларини Озарбайжоннинг ҳарбий транспорт самолётлари учун ёпиб қўйгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқаганди. Эртаси куни Озарбайжоннинг AZAL Airlines давлат авиакомпанияси Арманистон ҳаво ҳудудидан парвозлар учун фойдалана бошлашини айтган.
Эрон армияси машқлари Озарбайжон, Покистон ва Туркия иштирокидаги «Дўстлик: уч биродар» деб номланган қўшма ҳарбий машғулотдан тахминан икки ҳафтадан кейин ўтказилди.
Охирги 30 йил мобайнида Эрон республикаси бу давлатлар билан позитив сиёсий ва савдо алоқаларига эга бўлган.
Аммо Боку-Ереван можаросида Теҳроннинг мағлубиятга учраган тарафни қўллаб-қувватлагани ва Форс кўрфази мамлакатларининг Исроил билан яқин алоқалари ортидан Эрон кўплаб иттифоқчиларини йўқотган.
Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг Қудс кучлари минтақада экспансия сиёсатини юритиб, Ироқ, Ливан, Яман ва Сурия ҳудудларига кирган бўлса-да, Тел-Авив билан алоқаларнинг илиқлашуви учун кўрфаз давлатларини доимо танқид қилиб келади.
Ночорлик ва яккаланиш кучаймоқда
Таҳлилчиларга кўра, Эрон жиддий ички муаммоларга қарши курашмоқда, уларнинг деярли барчаси уқувсиз бошқарув, коррупция, устуворликлардаги хатолик ва нотўғри режалаштириш туфайли келиб чиққан.
Уларнинг сўзларига кўра, қашшоқлик ой сайин кучаймоқда, ўрта синф йўқ бўлиб кетиш арафасида, ишсизлик ва «стагфляция» даражаси ошган ва мамлакат валютаси эркин қулашни бошдан кечирмоқда.
Инфляция Эронни, унинг фуқаролари ва иқтисодиётини жиддий ҳолдан тойдирган.
Эрон Марказий банки маълумотларига кўра, ўтган йили инфляция даражаси 58% га етган – бу ҳозирги режимни ҳокимиятга олиб келган 1979 йилги ислом инқилобидан бери энг юқори кўрсаткичдир.
Ҳарбий парад ва машқлар чоғида ўз дронлари ва баллистик ракеталарини намойиш қилиш билан Исроил ва Туркия қуроллари билан жиҳозланган ва урушда ғалаба қозонган мамлакат– Озарбайжонни қўрқитишга уринаётган Эрон режими ўз халқини ёмон аҳволда қолдирди, дейди кузатувчилар.
Биргина мисол – Ҳоманаий тарафидан Эрондаги COVID-19 инқирози учун масъул қилиб тайинланган ИИПК бўлиб, бу тузилма воситачи сифатида охирги бир ярим йил ичида вакциналар қора бозоридан миллионлаб доллар ишлаган.
Бурчакка тақалган ва яккаланиб қолган Эрон тобора кўпроқ дўстлар ва иттифоқчиларидан айрилиб, минтақа ва бутун дунё бўйлаб ўзига душман орттиришда давом этмоқда.