Хитойнинг Эрон режими ва Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) иқтисодий манфаатларини қўллаб-қувватлашдаги иштирокига оид қўшимча далиллар ошкор бўлган.
17 сентябр куни АҚШ молия вазирлиги бир неча миллионлаб АҚШ долларини ювган, уларни ИИПК ва иттифоқдош гуруҳларга ўтказган Хитойдаги тижорий ва банк ташкилотларини бошқарувчи тармоққа нисбатан санкциялар жорий қилди.
Хорижий валюта ва тилла савдоси билан шуғулланадиган тармоқ Хитойда яшовчи Муртазо Минаий Ҳошимий ва икки нафар Хитой фуқаро Ян Су Сюан ва Сун Цзин томонидан бошқарилган, улар компанияларнинг «ҳужжатдаги эгалари» бўлиб, банк хизматлари ва қулайликларини тақдим этишган.
Бу тармоқнинг нишонга олиниши умумий манфаатларга ва дунё бўйлаб беқарорлаштириш фаолияти олиб боришда ҳамкорлик қилиб келаётган Эрон ва Хитойга нисбатан халқаро ҳамжамият хавотирларини очиқлайди, дейди кузатувчилар.
Пул ювиш соҳалари
Эрон яширин пул ювиш операцияларини олиб бориш учун Хитой каби иттифоқчи мамлакатлардаги компанияларни ва умумий савдо-сотиқ ташкилотларини бошқариб келган, дейди Эрон стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Ғозий Файзал Ҳусайн.
Эрон бундай фаолиятлар, ноқонуний савдо, коррупция ва контрабандадан топадиган даромадини дунё бўйлаб «тартибсизлик келтириб чиқаришда давом этадиган» ИИПК ва минтақавий воситачи кучларини молиялаштиришга йўналтиради, дейди у.
Эрон билан иқтисодий муносабатлар ва инвестицияларга эга Хитой «Эрон манфаатларини яширади ва ҳимоя қилади, пул ювиш, ноқонуний фаолиятларда иштирок этади», таъкидлади у.
Булар «қароқчилик маҳсулотлари, бренд маҳсулотлари контрабандаси ва даромад йўлида лицензияланмаган сохта товарлар ишлаб чиқаришни» ўз ичига олади, дейди у.
Эрон пул ювиш операцияларини амалга ошириш орқали санкцияларни четлаб ўтиш йўлларини изламоқда, «аммо бундай операцияларни узоқ вақт яшириб бўлмайди», дейди Ҳусайн.
«Улар Вашингтон томонидан долларнинг ҳаракатланишига қўйилган қатъий назорат, шу билан бирга бошқа мамлакатлар билан хавфсизлик ва разведка соҳаларидаги ҳамкорлиги туфайли тезда аниқланади», дейди у.
Хитойда жойлашган тармоқлар
Ўтган йили Қўшма Штатлар Хитойда жойлашган, Эрон режимига санкциялардан қочиш ва унинг воситачи кучларини молиялаштиришга ёрдам берган бир қатор логистика компаниялари тармоғига нисбатан санкциялар жорий қилган эди.
Шунингдек, Эрон нефт ва нефт-кимё маҳсулотларини экспорт қилишга ёрдам бераётган Хитойда фаолият юритувчи компанияларга нисбатан ҳам санкциялар қўлланилиши мумкин.
Улардан бир Ҳонконгдаги Triliance Petrochemical Company компанияси Эрон миллий нефт компаниясига Эрон нефт-кимё, нефт хомашёси ва нефт маҳсулотлари учун тўлов сифатида миллионлаб доллар ўтказган.
Кузатувчиларга кўра, Хитой ҳукумати Эрондаги иқтисодий режаларни амалга ошириш ёки қўллаб-қувватлаш мақсадида кўп ҳолларда Эрон компанияларининг активларини музлатмайди ва Эронга қарши халқаро резолюциялар қўлланилишини четлаб ўтади.
Чунки Эрон савдосининг қарийб учдан бир қисми Хитой ҳиссасига тўғри келади, дейди улар.
Хитой ва Эрон март ойида 25 йиллик шартнома имзолади, унга кўра Пекин Эронга объектлардан фойдаланиш, Эрон нефть-газ маҳсулотларини катта чегирма билан олиш эвазига 400 миллиард АҚШ доллари инвестиция киритади. Хитой худди шу стратегияни бошқа мамлакатларда ҳам ўзининг глобал таъсирини ошириш учун олиб боради.
Миллий бойликларнинг совурилиши
Бу каби иқтисодий ҳамкорликлар Эрон халқига зарар келтиради, уларга тегишли бойликлар фақат экспансияни кўзда тутувчи ва қўшни давлатлар хавфсизлигига раҳна солишга интилувчи режим томонидан исроф қилинмоқда, дейди сиёсий таҳлилчи Ғаним ал-Обид.
Шунингдек, Эрон режими «бир неча ноқонуний манбалардан маблағ йиғиш мақсадида четлаб ўтиш сиёсати, Хитой ва бошқа жойларда пул ювиш амалиётини ўтказмоқда», дейди у.
Шу тариқа у «ўз шўъбаларини исканжасига олиб, уларни манфаатларига йўналтиришга» ҳаракат қилмоқда, дейди ал-Обид.
Эрон аҳолисининг учдан бири ишсизликдан азият чекади, турмуш даражаси ва давлат хизматлари соҳаси сезиларли ёмонлашган, дейди у.
Унга кўра, мамлакат кўплаб инқирозлар билан курашмоқда, уларнинг барчаси Эрон етакчилари амалга оширишга ва халқаро санкциялар, босимлардан ҳимоя қилишга интилаётган зўравонлик стратегияси оқибатидир.
Шанхайлик Хитой фуқароси Шен Йонг АҚШ санкциялари остидаги Эрон Ислом Республикасининг Shipping Line Group компанияси ишини юритиш учун шу тармоқ ичида яширин фаолият олиб борувчи сохта ва холдинг компанияларни бошқаради.