Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Қонунсизлик кучайиши фонида Москвадаги мигрантлар ўз ҳимоячиларидан маҳрум бўлдилар

Канат Алтинбаев

Россияда Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келаётган асли ўзбекистонлик фаол Валентина Чупик Россия куч тузилмалари тарафидан ушланганидан сўнг, шу ой бошида Арманистонга учиб кетган. [USAID]

Россияда Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келаётган асли ўзбекистонлик фаол Валентина Чупик Россия куч тузилмалари тарафидан ушланганидан сўнг, шу ой бошида Арманистонга учиб кетган. [USAID]

ОЛМАОТА – Россиядаги Марказий Осиёлик меҳнат мигрантлари энг дадил ва фидокор ҳимоячидан маҳрум бўлдилар.

Россияда Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келаётган асли ўзбекистонлик фаол Валентина Чупик Россия ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан ушланиб, қўйиб юборилганидан сўнг, шу ой бошида Арманистонга учиб кетган.

Чупик меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тарафдори бўлса-да, самарадорлигини йўқотиши аниқ, чунки у энди хорижда яшашга мажбур.

Чупик 25 сентябр куни Арманистон сафаридан қайтаётганида Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари томонидан Москвадаги Шереметьево аэропортида ҳибсга олинган.

2020 йилнинг 3 апрел куни Санкт-Петербургдаги миграция марказида Россияда ишлаш ва яшаш рухсатномаларини янгилаш учун навбатда турган ниқобдаги мигрантлар. [Олга Малцева/AFP]

2020 йилнинг 3 апрел куни Санкт-Петербургдаги миграция марказида Россияда ишлаш ва яшаш рухсатномаларини янгилаш учун навбатда турган ниқобдаги мигрантлар. [Олга Малцева/AFP]

Хавфсизлик хизмати ходимлари уни аэропортда ҳибсга олиб, ҳужжатларини тортиб олишган, қочқинлик мақомидан маҳрум қилиб, 2051 йилгача Россияга киришни тақиқлаганлар.

Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Чупикни «қочқин мақомини олиш учун ёлғон маълумот ёки сохта ҳужжатлар тақдим этишда» айблаган, аммо фаоллар ва журналистларга кўра, бу шунчаки баҳона, холос.

Ҳибсдалик вақтида унга қамоқ ёки ундан ҳам ёмонроқ жазо олишдан қўрқадиган Ўзбекистонга депортация билан таҳдид қилишган. У 2005 йилда Андижон қирғинидан кейин Россияга қочқин бўлиб келган эди.

2 октябр куни Ўзбекистон кутилмаганда унга янги паспорт бериб, Арманистонга – хавфсиз жойга қайтиш имкониятини бериши ортидан қарама-қаршилик ўз ниҳоясига етган.

У узоқ муддатли режаларини ошкор қилмаган.

Ўтмишдаги қочқин

15 йил Москвада яшаган «Утро Мира» нодавлат нотижорат ташкилотининг раиси Чупик 2009 йилда Россияда қочқин мақомини олган эди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ва бир қатор халқаро ҳуқуқбон ташкилотлар аралашмагунича Россия расмийлари Чупикни Ўзбекистонга депортация қилишни режалаштираётган эдилар.

Москвадалик вақтида Чупик Россияда ҳар куни полиция ёки иш берувчилар томонидан ҳуқуқлари поймол қилинадиган Марказий Осиёлик меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келган, шунингдек, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича тренинглар ўтказган.

Бу ёрдамларнинг бари бепул эди.

Чупик, шунингдек, қонунбузарликларни, ҳукуматдаги коррупцияни ва меҳнат мигрантлари ҳуқуқларининг мунтазам равишда бузилишини қоралаб, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва умуман Россия жамиятидаги шовинизм ва ирқчилик ҳақида очиқ гапириб келган.

«Жуда кўп шикоят қиласиз»

Чупикнинг ҳуқуқий фаолияти Россия ҳукумати учун бош оғриққа айланган кўринади.

Валентина Чупикнинг ёрдамчиси Александр Ким 26 сентябр куни YouTube тармоғига Чупик билан телефон суҳбати ёзувини чиқарган, унда ҳуқуқбон аёл аэропортда бўлган воқеани сўзлаб берган.

ФСБ ходимларидан бири унга Россияга кириш тақиқланиши ажабланарли эмаслигини айтган.

«Бу сизнинг хатти-ҳаракатларингиз сабабли. Ички ишлар вазирлигида тизимли коррупция борлиги ҳақида жуда кўп гапирасиз. Полициядан жуда кўп шикоят қиласиз. Ҳайрон қоладиган жойи йўқ», деб айтган Чупик офицернинг сўзларидан иқтибос келтириб.

Чупик унинг ҳужжатларини апелляциясиз олиб қўйган Россия ҳуқуқ-тартибот идораларини қонунбузарликда айблади.

Куч идоралари унинг адвокатлари билан кўришишига тўсқинлик қилиб, «ФСБнинг махсус рухсатномасини» талаб қилишган, адвокатлар эса бу ҳужжатни ололмадилар, деди у.

«Шу тариқа мен ҳимояланиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилиндим», деб шикоят қилган Чупик.

Унинг ҳибсга олиниши меҳнат мигрантларининг норозилиги ва танқидига сабаб бўлди.

Россияда мигрантларни Чупик сингари фаол ва иштиёқ билан ҳимоя қиладиган бошқа ҳуқуқбонлар йўқ, дейди Москвада такси ҳайдовчиси бўлиб ишлайдиган душанбелик Тоҳир Юсупов.

«Россиялик ҳуқуқшунослар ва маслаҳатчилар биздан фақат пул ишлаб олишни хоҳлайдилар... Улар бизга ёрдам беришдан манфаатдор эмаслар», дейди Юсупов. «Бу ерда биз билан ҳеч кимнинг иши йўқ».

«Суянган тоғимизни йўқотдик», деб қўшимча қилган у.

Чупик бир неча ўн минглаб оддий одамларга бепул ёрдам бериб келгани учун жуда улкан мигрантлар ҳамжамиятининг ҳурматига сазовор бўлди, дейди москвалик ёзувчи ва Fergana News нашрининг собиқ бош муҳарирри Мария Дубнова.

25 сентябр куни у ўзининг Facebook саҳифасида бу воқеани «шок ҳолати» деб тасвирлаган.

«Унга бу қадар разилона тарзда Россияга киришнинг тақиқланиши Россия хавфсизлик мутасаддиларининг қасди», деб ёзган Дубнова.

«Россияда анчадан бери вазият ёмонлашиб бораётган эди. Ясама айбловлар, ўз ҳуқуқини ҳимоялаш имконининг йўқлиги, одамларга чиқит каби муносабатда бўлиш ва куч идоралари ходимларининг жазосиз қолиши – шулар жумласидан», дейди у.

Тўғри қарор

Бишкек адвокатлар коллегияси раҳбари, ҳуқуқшунос Ислом Байгараевга кўра, Ўзбекистондаги мутасаддилар россиялик ҳамкасбларидан фарқли равишда Чупикни қўллаб-қувватлаш бўйича тўғри ва кутилмаган қарорни қабул қилганлар.

«Тарих билан солиштирсак, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият яхшиланганига гувоҳ бўляпмиз», дейди Россияга кетаётган ишчи-мигрантларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатадиган Байгараев.

Ўзбекистонда 2016 йилда Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан бери кўп ислоҳотлар амалга оширилди.

«Айни вақтда Россияда бунинг умуман тескарисини кўряпмиз», дейди Байгараев.

Чупик Россия ташқарисида туриб ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоялашда давом этмоқчи.

«Менга нацистлар қўнғироқ қиляпти, хурсанд бўлишяпти, таҳдид қилишяпти», деб айтган у ҳамкасбларига ёрдамчиси Ким эълон қилган телефон ёзувида.

«Аммо, мен уларни узоқ вақт хурсанд қилишни хоҳлайман, чунки тирик эканман, қаерда бўлишимдан қатъий назар, дунёнинг исталган бурчагидан мигрантларга ёрдам беришда давом этаман.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу маразни икки марта отиб ташлаш керак эди. Чупик мигрантларни ҳимоя қилиш ўрнига уларга зарар етказмоқда. Жинни бўлганми у? Аҳмоқ.

Жавоб бериш