Карвонсарой
Терроризм

Қирғизистонлик ёшларнинг интернетдаги фаоллиги экстремизмга ёллаш билан боғлиқ хавотирларни кучайтирмоқда

Мунара Боромбаева

Бишкеклик 14 яшар Сагин Канибек ўғли мобил телефонидан фойдаланмоқда, 4 октябр кунги сурат. [Мунара Боромбаева/Карвонсарой]

Бишкеклик 14 яшар Сагин Канибек ўғли мобил телефонидан фойдаланмоқда, 4 октябр кунги сурат. [Мунара Боромбаева/Карвонсарой]

БИШКЕК – Қирғизистонлик ота-оналар ва васийларга кўра, фарзандларнинг Интернетдаги фаоллигини кузатиш тобора қийин бўлиб бормоқда. Кўпчилик болаларнинг интернетдаги радикал ёлловчилар таъсирига тушиб қолишидан хавотирда.

Бишкекда бувиси Айнагул Сидиқбекова билан яшайдиган ўн тўрт ёшли Сагин Канибек ўғли Европада меҳнат муҳожирлигида бўлган ота-онаси билан гаплашиб учун 11 ёшидан бери мобил телефон тутади.

Ўшандан бери Сагин ТикТок, Инстаграм ва Ватсапп каби турли ижтимоий тармоқларда аккаунтлар очган. У шунингдек, тез-тез онлайн ўйинлар ўйнаб туришини ва уларда ютишини айтади.

Сидиқбекова набирасининг Интернетдаги фаоллигини имкон қадар назорат қилишини айтса-да, ҳамма нарсани кузатиб бориш имконсиз эканлигини яхши тушунади.

Қирғизистонда Марказий Осиё ёшларини ижтимоий тармоқлар орқали нишонга оладиган террорчи-экстремистларнинг ёллаш хавфини бартараф этиш учун болалар орасида интернет саводхонлигини ошириш чоралари кўрилмоқда. [Мунара Боромбаева/Карвонсарой]

Қирғизистонда Марказий Осиё ёшларини ижтимоий тармоқлар орқали нишонга оладиган террорчи-экстремистларнинг ёллаш хавфини бартараф этиш учун болалар орасида интернет саводхонлигини ошириш чоралари кўрилмоқда. [Мунара Боромбаева/Карвонсарой]

Ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланиш

Қирғизистонлик болаларнинг аскари ижтимоий тармоқлар ва интернетга боғланиб қолгани сабабли, Қирғизистондаги бошқа кўплаб ота-оналар ва васийлар ҳам худди шундай муаммога дуч келишмоқда.

2020 йил бошида одамларни бир неча ойга уйда қолишга мажбурлаган COVID-19 пандемияси авж олар экан, болалар ҳам, катталар ҳам кўнгил очиш ва мулоқот қилиш учун Интернетга боғланиб қолишди.

«Касперский лабораторияси»нинг Қозоғистон, Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича минтақавий ваколатхонаси тижорат директори, олмаоталик Валерий Зубановнинг сўзларига кўра, қирғизистонлик бошланғич синф ўқувчиларининг 43 фоизи ижтимоий тармоқларда ўз ҳисобига эга.

«Статистикага кўра, ўрта мактаб ўқувчиларининг 95 фоизи ижтимоий тармоқларда бор», деди у сентябр охирида Бишкекда бўлиб ўтган Интернетни бошқариш бўйича Марказий Осиё форумида.

«Вояга етмаганларнинг ярмидан кўпи бегоналардан мулоқот таклифини олади», деб қўшимча қилди у. «Ижтимоий тармоқлардаги дўстларининг 34 фоизи реал ҳаётда нотаниш бўлган катталардир.»

Янада хавотирлиси шуки, «болаларнинг учдан бири Интернетда танишган одамлари билан реал ҳаётда ҳам учрашади».

Шунингдек, интернетда болаларни исталмаган ахборотдан ҳимоя қиладиган ҳеч қандай дастур ёки илова йўқ, деди Зубанов.

Экстремизмга ёллаш

Бундай омиллар экстремизм ёлловчиларига қўл келади. Коронавирус пандемияси эса улар учун янада қулай шароит яратди, дейди хавфсизлик бўйича бишкеклик мутахассис Азамат Тилекеев.

Шунга мувофиқ ёлланувчилар сони ҳам кўпаяди, деб огоҳлантирди у.

«Лекин, уларни халқаро террорчи гуруҳлар сафида жанг қилиш учун уруш ҳудудларига юбориш йўллари (пандемия сабабли) ҳозир ёпиқ», деди у. Бу ўз навбатида «Ислом давлати» (ИД) ва «Ал-Қоида»га байъат берган яширин ячейкалар сонининг кўпайишига олиб келган».

Унинг сўзларига кўра, экстремист-террорчи гуруҳларнинг веб-сайтларида уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар, етакчиларнинг таржимаи ҳоллари, сиёсий мақсадлар ҳақидаги маълумотлар ва долзарб янгиликлар эълон қилиб борилади.

«Facebook, ВК ва Одноклассники ижтимоий тармоқлари Марказий Осиёда бу маълумотларни ёйинлашнинг асосий воситасига айланди», деди Тилекеев.

«Улар ўқув машғулотлари ва шу каби тадбирларни ўтказиш учун Skype, Telegram ва Zello интернет иловасидан фойдаланадилар.»

Рақамли гигиена

Болаларни ўз сафига ёллашда экстремистларга оилавий ва социал омиллар қўл келади, дейди таълим вазирлигининг мактаб, мактабгача ва мактабдан кейинги таълим бошқармасининг бош мутахассиси Гулшан Абдивалиева.

Унинг қайд этишича, Таълим ва фан вазирлиги томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, шаҳар мактабларидаги болалар қишлоқдагиларга қараганда интернет таъсирига берилувчанроқ, чунки шаҳарда яшовчи ота-оналар кўп вақтларини ишда ўтказадилар.

Тадқиқот натижаларига кўра, қишлоқ муҳитидаги болалар уй юмушлари билан банд ва аксар вақтини ота-оналари назоратида ўтказади.

Экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича қирғизистонлик мутахассис Юлия Денисенкога кўра, бутун дунёда террорчи гуруҳлар фойдаланадиган камида 5 мингта сайт бор.

«Шу сабабли рақамли гигиена жуда муҳим», деди у. Вируслар «кибермаконда» ҳам бор ва ота-оналар, мактаблар ва оммавий ахборот воситалари уларга қарши эмлашлари керак.»

Элементар психологик саводхонлик ғайритабиий хулқ билан боғлиқ муаммоларнинг ярмини ҳал қилиши мумкин, дейди Денисенко.

«Бу ортга қайтмас жараёнга айланишини кута олмаймиз», дейди у.

Денисенко бу муаммони ҳал қилишда ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни таклиф қилди.

«Аслида ижтимоий тармоқлар реклама марказлари бўлиб, улар фойдаланувчи ҳақида маълумот тўплайди ва қидирувларини таҳлил қилиб, уларнинг хоҳиш-истакларини ўрганади», дейди у.

«Якунда веб-саҳифада «сиз учун махсус» контекстли рекламани кўрасиз. Компаниялар мана шундай премиум маркетинг учун жуда катта маблағ ажратадилар.»

Бу имконият террорчи-экстремист гуруҳларга қарши кураш вазифасини ўташи мумкин, дейди у. Маълум веб-сайтга «олдиндан огоҳлантириш» функциясини татбиқ қилиш керак холос, деб қўшимча қилди у.

«Мисол учун, ўсмир интернетда террорчи гуруҳлар билан қизиқишни бошлайди дейлик. Бу ҳақда ҳеч ким, унинг ота-онаси ҳам, дўстлари ҳам билмайди. Аммо, бундан анча олдин «мижознинг» қизиқишларини таҳлил қилиб чиққан ижтимоий тармоқ сервери буни билади ва шунга яраша чора кўради», дейди Денисенко.

«Ўсмирга контекстли реклама ўрнига террорчиларни қораловчи материаллар кўрсатилади», дейди у.

Интернет саводхонлигини яхшилаш

Бу орада Қирғизистон расмийлари ёшлар орасида интернет-саводхонликни ошириш чораларини кўра бошлаган.

Таълим, Ички ишлар вазирликлари ҳамда Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг (ГКНБ) идоралараро режасига кўра, хавфсизлик идораси ходимлари мактабларга ташриф буюриб, ўқувчилар билан терроризм ва экстремизм фаолиятига оид суҳбатлар ўтказади, дейди Абдивалиева.

«Гап интернет ҳақида кетмоқда. Мактаб барча болаларни, улар қайси сайтларга кираётганини ёки ким билан мулоқот қилаётганини ва ҳоказоларни кузата олмайди», дейди у.

«Биз фақат профилактика ишларини олиб боришимиз, ота-оналар билан ишлаб, уларни ижтимоий тармоқ таҳдидидан огоҳлантиришимиз мумкин.»

Ёшларга экстремизм ёлловчиларини таниб олишни ва интернетда ишончли манбаларни топишни ўргатиш зарур, дейди бишкеклик медиа-таҳлилчи Гулнура Тўралиева. Ёшлар тоқатсизликнинг олдини олиш учун уни фарқлай олиши керак, деб қўшимча қилди у.

Шунингдек, ёшларда бағрикенгликни кучайтириш зарур. Экстремизм ва терроризм тоқатсизлик ва бир гуруҳни бошқасидан устун қўйиш туфайли келиб чиқади, дейди у.

«Бағрикенглик, умумий дунёқарашни кенгайтириш ва хилма-хилликни қабул қилиш бўйича кўпроқ лагерлар ва мактаблар бўлиши керак», дейди Тўралиева.

«Бу дастурлар биринчи синфдан бошлаб ўтилиши мумкин ва ёш болаларни конструктив фаолиятга жалб қилиши ҳамда уларда ижодкорликни ривожлантириши мумкин.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500