Карвонсарой
Хавфсизлик

ИДга мансуб уйғур худкуш-террорчи ҳужуми Толибонларнинг Хитой билан ҳамкорлиги хатарларини юзага чиқарди

Сулаймон

8 октябр куни Афғонистоннинг Қундуз шаҳридаги худкушлик ҳужумидан кейин шиалар масжидини кўздан кечираётган Толибон жангарилари. [AFP]

8 октябр куни Афғонистоннинг Қундуз шаҳридаги худкушлик ҳужумидан кейин шиалар масжидини кўздан кечираётган Толибон жангарилари. [AFP]

КОБУЛ – Толибон Хитой билан иттифоқ тузишга ҳаракат қилар экан, Афғонистон хавфсизлиги ва барқарорлиги хавф остида қолмоқда, деб огоҳлантиради таҳлилчилар.

Ўтган ҳафтада Қундуз шаҳридаги шиалар масжидида юз берган портлаш Хитой ҳимоясига ишониш хавфига мисолдир, дейди улар.

«Ислом давлати»нинг Хуросон бўлинмаси 8 октябр кунги портлаш билан боғлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олар экан, «худкуш» – уйғурлардан экани ва Толибон уларни [Шинжондаги] мусулмонларга қарши сиёсат юритаётган Хитой талабига кўра қувиб чиқаришга ваъда берганини айтган.

Портлаш оқибатида 100га яқин шиа мусулмонлари ҳалок бўлди ва кўплаб одамлар жароҳат олди, маҳаллий аҳолига кўра, бу ИД, «Ал-Қоида» ва Толибон каби сунний жамоалар бидъатчи деб биладиган Афғонистондаги озчиликка қарши уюштирилган навбатдаги ҳужум бўлди.

ИД 8 октябр куни Афғонистоннинг Қундуз шаҳридаги шиалар масжидига ҳужум уюштирган худкуш террорчи «Муҳаммад Уйғур» суратини Интернетга жойлаган. [Файл]

ИД 8 октябр куни Афғонистоннинг Қундуз шаҳридаги шиалар масжидига ҳужум уюштирган худкуш террорчи «Муҳаммад Уйғур» суратини Интернетга жойлаган. [Файл]

Толибон асосчиларидан бири Мулла Абдулғани Бародар (чапда) Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан, июл ойи охирида Толибон делегациясининг Хитойга ташрифи чоғида олинган сурат. [AFP]

Толибон асосчиларидан бири Мулла Абдулғани Бародар (чапда) Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан, июл ойи охирида Толибон делегациясининг Хитойга ташрифи чоғида олинган сурат. [AFP]

Уйғурлар билан алоқадорлик

Толибон 1990-йилларда уйғур жамоаларига Афғонистонда фаолият юритишга рухсат берган. Лекин охирги пайтларда уйғур жангарилари Афғонистоннинг Хитой билан чегарадош ҳудудларидан cиқиб чиқарилмоқда, деб хабар берган 5 октябр куни Озодлик радиоси.

Таҳлилчиларга кўра, бу чора Пекин ҳамда Хитойнинг хавфсизликка оид хавотирларини аритишга уринаётган Толибон ўртасидаги ҳамкорликнинг кучайиб бораётганидан далолат беради.

Пекин Шинжон минтақасидаги уйғур айирмачиларининг Афғонистонни плацдарм сифатида қўллаши мумкинлигидан хавфсирайди. Хитойни, айниқса толибларнинг Шарқий Туркистон ислом ҳаракати (ШТИҲ) ва унинг меросхўри – Туркистон ислом партияси (ТИП) билан алоқалари хавотирга солиб келмоқда.

Пекин ШТИҲ ва ТИП мавжудлигини рўкач қилиб, ўзининг Шинжондаги репрессияларини оқлашга уринган, аммо минтақада 2017 йилдан бери айтарли ҳеч қандай террорчилик ҳодисалари қайд этилмаган.

Хитой куч тузилмалари бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонлар, жумладан этник қозоқларни «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерлари, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган юзлаб муассасаларда сақлаб келмоқда.

Хитой ҳукумати бу муассасаларни террорчиликка барҳам бериш ва бандлик имкониятларини яхшилашга қаратилган «қайта тарбиялаш марказлари» деб атайди.

Аммо бу муассасалар мудҳиш қонунбузарлик юз берадиган «концентрацион лагерларга» ўхшаш мажбурий ҳибсда сақлаш марказлари экани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалган.

Толибон: қудрат ва бойлик истаги

Толибон Ислом ҳимояcида эканлигини даъво қилса-да, унинг сўнгги хатти-ҳаракатлари Афғонистонни қутқариш ва ислом учун эмас, балки куч-қудрат ва бойлик учун кураш кетаётганини кўрсатмоқда, дейди афғон сиёсатшуноси Фарид Мунир.

«Уйғур мусулмонларини уйларидан қувиб чиқариш – Толибоннинг Хитой ҳукумати тарафидан сиёсий дастак ва легитимликка эришиш йўлидаги чораси экани аниқ», деди у.

«Бир томондан, толиблар исломий қадриятларни ҳимоя қилиш ва исломий тузум ўрнатишни даъво қиладилар,» дейди Мунир, «бошқа томондан, улар ўз шиорларига зид равишда, Хитойнинг сиёсий ва иқтисодий манфаатларини таъминлаш мақсадида Пекин ҳукумати билан Афғонистонда яшайдиган уйғур мусулмонларига босим ўтказиш режасини туздилар.»

Афсуски, Толибоннинг уйғурларга босим ўтказиш борасида Хитой билан ҳамкорлиги уларнинг толибларга нисбатан ғазаби ва нафратини қўзғатиши аниқ ва улар яна Қундуздаги каби худкушлик ҳужумларини амалга оширадилар, дейди у.

Хитой уйғур мусулмонларига турли йўллар билан зулм ўтказиб келмоқда, жумладан эркак ва аёлларини панжара ортига ташлаб, шафқатсиз қийноқ ва тазйиқларга дучор қилмоқда, дейди Кобулдаги дорихона эгаси, 35 яшар Сайед Рафиулла.

«Афсуски, Толибон Пекинга иттифоқчи бўлиб, Хитой ҳукуматининг режаларига хизмат қилиш учун Афғонистондаги уйғур жангариларини йўқ қилишга киришди», деди у.

Толибон Хитой ҳукумати билан алоқада бўлиб, Пекиннинг буйруғи билан уйғурлар ва Хитойнинг бошқа мухолифларини бостиришда давом этар экан, уйғурлар ҳам қасос олишдан тўхтамайдилар, деди Рафиуллоҳ.

«Бу вазиятда Толибон бошқа кўплаб бегуноҳ афғонларнинг ўлими учун жавобгар бўлади».

Хитойдаги урушни Афғонистонга экспорт қилиш

Хитой уйғурлар ва ШТИҲнинг ҳар қандай географик экспансиясидан қаттиқ ҳайиқади ва уларни тийиб туриш учун Толибон билан мустаҳкам муносабатлар ўрнатишга интилмоқда, дейди Лондонда яшайдиган афғонистонлик сиёсий таҳлилчи Азизуддин Маҳареж.

«Уйғурлар ИД билан дўстона алоқада экан, Толибон ва Хитой уйғурларни умумий душман деб билади», деди у ва Хитой Толибондан чегара ҳудудларидаги уйғурлар пистирмаларини йўқ қилишни кутаётганини қўшимча қилди.

Афғонлар огоҳ бўлишлари лозим, чунки Хитой уйғурларни Толибон ёрдамида бостириш учун ўзининг ички урушини Афғонистонга олиб кирмоқчи ва бу билан афғонларни яна хунрезликлар тўлқинига дучор қилмоқчи, деди у.

«Толибоннинг Хитой олдидаги ҳар қандай мажбурияти Афғонистоннинг миллий манфаатларини инобатга олиши керак, чунки уйғурларга нисбатан репрессия туфайли мамлакатдаги вазият янада қалтис ва беқарор бўлади», дейди Маҳареж.

Афғонистон бошқаларнинг прокси-урушлари йўлида ишлатилмаслиги керак, дейди Кобулдаги хусусий университетлардан бирининг сиёсатшуноси Восиқуллоҳ Ҳикмат.

«Афғонистон мустақил бўлиши лозим, чунки тарихда Афғонистоннинг бошқа давлатларга қарам бўлгани бизга доим зиён келтирган», деди у.

Агар Толибон Пекин истаган нарсани қилаверса, зўравонлик янада кучаяди, дейди у.

«Хитой ҳеч қачон афғонларга ёрдам бермаган», дейди Ҳикмат. «У Толибонни қўллаб-қувватлашга ваъда берган бўлса, бунинг эвазига ундан Афғонистондаги уйғурларга босим ўтказишни сўраган».

Унинг айтишича, Қундуздаги масжидда рўй берган қонли портлаш уйғур жангарилари ва ИДнинг қандай хунрезликларга қодир эканини кўрсатиб турибди.

Оқибати хавфли иттифоқчилар

Хитой режими Афғонистон ва ундан ташқарида сиёсий, иқтисодий ва хавфсизликка оид мақсадларига эришиш учун Толибондан пиёда сифатида фойдаланмоқда, дейди Кобулдаги хусусий университетнинг халқаро муносабатлар факултети талабаси Ҳабиб Станкезай.

Унинг айтишича, легитимликка муҳтож бўлган Толибон қандай қилиб бўлса ҳам – ҳатто уйғур мусулмон биродарларини нишонга олиб Пекинни қўллаб-қувватлаган.

«20 йилдан бери давом этаётган можарода юз минглаб афғонлар ўлдирилди ёки жароҳатланди», дейди Станкезай. «Аммо, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг аъзоси сифатида, Хитой ҳеч қачон бу жангларни тўхтатиш ёки афғонларнинг ўлдирилишини қоралаш йўлида қатъий чора кўрмаган».

«Толибоннинг Хитой билан номутаносиб алоқалари мамлакатимиз учун ҳеч қандай фойда келтирмайди», деди у Пекин фақат ўз манфаатларини кўзлаши ва уйғурлар Хитойдан ташқарида худкуш ҳужумларини амалга ошириши ёки ИД билан бирлашиши уни қизиқтирмаслигини қўшимча қилиб.

«Толибоннинг Хитой билан яқин алоқалари Афғонистон учун хавфли оқибатларга олиб келади», деди Станкезай.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500