ВАШИНГТОН, Колумбия округи – Ўтган икки йил давомида Хитой ҳукумати уйғур тадбиркорларнинг бир неча ўн миллион АҚШ долларига тенг активларини мусодара қилган ва аукционларда сотиб юборган, деб хабар беради уйғур ҳуқуқбонлари ва мустақил ОАВ.
Кимошди савдолари Хитой коммунистик партиясининг (ХКП) мамлакатдаги этник озчиликларни «хитойлаштириш», Шинжон вилоятидаги уйғур ва бошқа туркийзабон мусулмонлар, жумладан қозоқлар ва қирғизларга тазйиқ ўтказишга қаратилган кенг қамровли кампанияси доирасида ўтказилган.
2019 йилдан бери Шинжон судлари камида 21 кишига тегишли жами 84,8 миллион АҚШ долларига тенг 150 активни Хитойнинг энг катта технологик ва онлайн савдо компанияси бўлган Алибаба гуруҳига тегишли Таобао электрон тижорат сайтида аукционга қўйган.
Савдога қўйилган буюмлар рўйхати қисман АҚШ ҳукумати томонидан молияланадиган Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси (UHRP) ҳуқуқбон гуруҳи томонидан тузилган, Wall Street Journal уни тасдиқланган.
Мусодара қилинган активлар орасида уй жиҳозларидан тортиб, кўчмас мулк ва компаниялар акцияларигача бор.
Активлари сотувга қўйилган шахслар «террорчилик ва экстремизм (ёки шунга ўхшаш) сиёсийлаштирилган айбловлар билан ўта махфий суд жараёнлари натижасида қамоққа олинган. Судлар Хитой қонунларига ҳам зид тарзда ўтган», деб хабар беради UHRP 24 сентябр кунги баёнотида.
«Бу суд аукционлари уйғур жамиятига нисбатан олиб борилаётган репрессия кўламини, шунингдек суд жараёнларининг тез ва қонунга хилоф тарзда олиб борилаётганини акс эттиради», дейилади ҳужжатда.
«Бемаъни» айбловлар
Хитой суд тизимида «терроризм» тушунчаси аниқ белгиланмаган. Уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонларга нисбатан айбловлар аксар ҳолларда хорижга сафар қилиш, хориждаги қариндошлар билан боғланиш ёки умумий диний урф-одатларда иштирок этиш каби оддий нарсалар туфайли қўйилади.
«Суд жараёнларининг махфийлиги ва мол-мулкнинг ҳукумат томонидан мусодара қилингани ҳисобга олинса, бадавлат уйғур тадбиркорларига «терроризмни қўллаб-қувватлаш» ва «террорчилик фаолиятига ёрдам бериш» каби айбловлар қўйилиши бемаънидек кўринади», деб хабар берган UHRP.
Бундай айбловларга сабаб бўлувчи ишлардан яна бири – оддий бизнес фаолияти бўлган хорижга пул юбориш ёки у ердан пул қабул қилиб олишдир.
UHRPга кўра, Хитой ҳукумати бадавлат уйғур тадбиркорларни «ижтимоий элита» сифатида, жумладан зиёлилар ва диний етакчиларни ҳам нишонга олмоқда.
2017 йилнинг апрел ойидан бери юзлаб уйғур зиёлилари қамоққа олинган ёки мажбурий тарзда ғойиб бўлган, деб хабар берган UHRP 2019 йилда. Яна кўплаб уйғур зиёлилари «жиддий инсон ҳуқуқлари бузилиши» ҳолатларига дуч келишмоқда.
Тилшунослар, олимлар ва ноширларнинг таъқиб остига олинишини ҳуқуқбон ташкилотлар Хитой коммунистик партиясининг этник гуруҳ миллий ўзлигини йўқотиш ва уни мандарин тилида сўзлашувчи ҳукмрон хан аҳолисига ассимиляция қилиш ҳаракати ўлароқ баҳоламоқда.
Пекиннинг Шинжон минтақасидаги мусулмонларга нисбатан давом этаётган тазйиқлари доирасида куч идоралари мингдан ортиқ имомлар ва диний арбобларни ҳибсга олган, дейилади Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳасининг (UHRP) май ойидаги ҳисоботида.
Улар «диний таълим олиб бергани ва жамоатга бош бўлгани учун ҳибсга олинган», дейилади ҳужжатда.
Бу ҳукмлар Шинжонга хос судловнинг шафқатсиз характерини акс эттиради: 96 фоиз одам камида беш йилга, 26 фоизи 20 йил ва ундан ортиқроққа ҳукм қилинган, шу жумладан 14 та одамга умрбод қамоқ жазоси берилган.
ХКПга «таҳдид»
UHRPга кўра, ҳукумат нуфузли уйғурлар, жумладан тадбиркорлар, зиёлилар ва диний етакчиларни «расмий ташкилотлардан ташқарида бўлган мақомлари ва уйғур маданиятини сақлаб қолишдаги ролини ҳисобга олиб, ХКП ва давлатга таҳдид» деб ҳисоблайди.
Кўпчилик уйғурлар Марказий Осиёда ўзларининг тадбиркорлик ва савдогарлик маҳорати билан ғурурланса-да, Хитой ҳукумати уйғурларни «ночор», уларнинг маданиятини эса «эскирган» деб тасвирлайди.
Пекинга кўра, уйғурларнинг «бойиб кетиши ва самарали ишчи кучига айланиши учун уларга ХКПнинг етакчилиги ва қайта таълим» зарур, деб хабар берган UHRP.
Хитой бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонларни 400га яқин «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерлари, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган юзлаб муассасаларда сақлаб келаётганини мана шундай оқлайди.
Аввалига Шинжонда лагерлар мавжудлигини инкор этган Пекин энди уларни террорчиликка барҳам бериш ва бандликни яхшилашга қаратилган «касб-ҳунар таълими марказлари» дея оқлашга уринмоқда.
Аммо кўп сонли мустақил текширувлар лагерлардаги воқелик анча қайғули эканини кўрсатмоқда.
BuzzFeed News нашрининг 2020 йил август ойида ўтказган текшируви давомида Шинжон минтақасида қамоқхона ёки ҳибсхонага хос белгиларга эга юзлаб бинолар аниқланган бўлиб, уларнинг аксарияти сўнгги уч йил ичида барпо этилган.
Ўтган йил декабр ойида ўтказилган бошқа бир текширувга кўра, коммунистик давлат Шинжонда 100 дан ортиқ янги ҳибсхоналар қургани маълум бўлди.
Ҳибсхоналарнинг собиқ маҳбуслари ва қўриқчилари мазкур лагерлардаги мусулмон аёллар мунтазам равишда зўрланиши, қийноққа солиниши ва жинсий зўравонликларга дуч келишини очиқлаган эдилар.
Гувоҳлар ва собиқ маҳбуслар электр токи, жумладан электрошокерлар билан зўрлаш, очлик билан қийнаш, калтаклаш, гуруҳ бўлиб зўрлаш ва мажбурий стерилизация каби қийноқлар ҳақида сўзлаб беришган.
АҚШ ва Ғарб ҳукуматлари, ҳуқуқбон ташкилотлар ва ҳуқуқ фаоллари Пекиннинг Шинжондаги хатти-ҳаракатларини геноцидга тенглаштирганлар.
Шу нуқтаи назардан, уйғурларга тазйиқ ўтказилаётгани ҳақидаги далиллар алоҳида хавотирга сабаб бўлмоқда, дейди Уйғур инсон ҳуқуқлари лойиҳаси (UHRP), зеро «мулкни тортиб олиш инсоният тарихи давомида геноцидга хос амалиёт бўлган».
«Хитой бирдамлиги» баҳонаси йўлида
Мамлакатдаги мусулмонларга қарши репрессияларни тан олиши учун Хитойга нисбатан босим кучаяр экан, Хитой режими ўз хатти-ҳаракатларини ҳимоялашни янада кучайтирган.
«Этник озчиликлар яшайдиган Шинжон ва Тибет каби жойлар Хитойдаги инсон ҳуқуқлари тараққиётининг ёрқин намунаси сифатида ажралиб туради», деб айтган Хитой ташқи ишлар вазирлиги Ванг Йи феврал ойида.
Ҳуқуқбонлар ва фаолларга кўра, тибетликлар Хитой ҳукмронлиги остида бир қатор диний ва маданий чекловлар, жумладан монастирларнинг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларга дуч келишган.
Мухбирларга Тибет мавзусида мустақил лавҳалар тайёрлаш тақиқланган – Пекин илгари қолоқ бўлган бу минтақага тараққиёт олиб келганини таъкидлаб келади.
Шинжонда тазйиқлар ХКПнинг 2018 йилда бошланган беш йиллик «хитойлаштириш» режасининг бир қисми ҳисобланади.
Ушбу режа доирасида расмийлар масжидларнинг гумбазлари, миноралари ва бошқа ислом архитектураси рамзларини олиб ташлаб, масжид карнайларидан азон айтишни тақиқлаган.
Режа нафақат аксар мусулмонлар яшайдиган Шинжон вилоятида, балки бутун Хитой бўйлаб фаол равишда амалга оширилмоқда.
Президент Си Цзинпин бир неча йиллардан бери хитойлаштириш сиёсати тарафдори бўлиб келган.
Август ойидаги нутқида Си барча диний ва этник гуруҳлар «Хитой бирдамлиги байроғини баланд кўтариши» кераклигини айтган эди.
Мусулмонлар қатлиоми учун Си Гаага судида жавоб бериши керак
Жавоб беришФикрлар 2
Супер
Жавоб беришФикрлар 2