Карвонсарой
Хавфсизлик

Путиннинг хавотирга солувчи баёнотлари ортида Россия бошчилигидаги КХШТнинг асл мақсадлари намоён бўлмоқда

Канат Алтинбаев

КХШТ «иттифоқи» билан боғлиқ воқеликни акс эттирувчи карикатура. [Файл]

КХШТ «иттифоқи» билан боғлиқ воқеликни акс эттирувчи карикатура. [Файл]

ОЛМАОТА – Россия президенти Владимир Путиннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) фаолият доирасини кенгайтириш мақсадида Марказий Осиё давлатларини қўрқитишга уриниши аъзо давлатлар раҳбарлари ҳарбий блокни Россиянинг очиқ даъволари туфайли тарк этишни ўйлаётган пайтга тўғри келмоқда.

Россия бошчилигидаги КХШТ олти постсовет республикаси: Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларус ва Арманистондан иборат.

13 октябр куни Путин собиқ совет республикаларининг махсус хизматлари вакиллари билан учрашувда Ироқ ва Суриядаги урушларда тобланган жангарилар Афғонистонда тўпланаётгани ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатларидаги вазиятни, жумладан, «бевосита экспансия» йўли билан беқарорлаштиришга уриниши мумкинлигини айтди.

«Шу сабабли Афғонистон чегарасидаги вазиятни доимий кузатиб бориш ва жангариларга қарши туришга тайёр бўлиш, куч тузилмалари ишини шунга мос тарзда мувофиқлаштириш, керак бўлса, қўшма махсус операциялар ўтказиш зарур», деди Путин.

9 сентябр куни Бишкекда КХШТнинг ўқув машқларида иштирок этаётган россиялик ҳарбий хизматчи. [Вячеслав Оселедко/AFP]

9 сентябр куни Бишкекда КХШТнинг ўқув машқларида иштирок этаётган россиялик ҳарбий хизматчи. [Вячеслав Оселедко/AFP]

18 октябр куни Тожикистоннинг «Ҳарб-майдон» полигонида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) машғулотларининг очилиш маросимида саф тортиб турган қозоқ аскарлари. [Россия мудофаа вазирлиги]

18 октябр куни Тожикистоннинг «Ҳарб-майдон» полигонида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) машғулотларининг очилиш маросимида саф тортиб турган қозоқ аскарлари. [Россия мудофаа вазирлиги]

У 15 октябр куни МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Афғонистондаги террор ташкилотлари етакчилари «ўз таъсирини кенгайтириш режаларини ишлаб чиқаётганини» айтган.

Унинг сўзларига кўра, «Ҳамдўстлик давлатларининг чегаралари яқинида экстремистик ва террорчи гуруҳлар тўпланган», биргина Афғонистон шимолида 2000 га яқин ИД аъзоси бор.

«Афғонистондаги вазият» Марказий Осиё ва бутун МДҲ ҳудуди учун хавф туғдиради, гарчи айрим давлатлар бу минтақадан узоқроқда бўлса ҳам, деди Путин.

Путиннинг хавотирга солувчи баёноти 18 октябр куни КХШТ тожик-афғон чегараси яқинида сўнгги йиллардаги энг йирик ҳарбий машғулотини бошлаши арафасида янграган. Россия ва Тожикистон мудофаа вазирликлари маълумотига кўра, олти кунлик машғулотларда 5 мингдан зиёд аскар қатнашмоқда, уларнинг ярмидан кўпи – Россия ҳарбийлари.

Бироқ, кузатувчиларга кўра, бундай «хавфлар» Россиянинг ўз манфаатларини кенгайтириши учун баҳона, холос.

«Кремл сўнгги ойларда бизни Афғонистоннинг минтақавий хавфсизликка таҳдиди билан қўрқитишга уринмоқда. Бу унинг Марказий Осиёдаги ҳарбий мавқеи ва таъсирини кенгайтириш учун жуда қулай ва ишонарли баҳона», дейди хавфсизлик масалалари бўйича бишкеклик таҳлилчи Касибек Жолчиев.

«Бу иттифоқ мамлакатларимизни афсонавий ташқи душмандан эмас, балки Москванинг геосиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш учун тузилган», деб айтган у Карвонсарой нашрига.

«Россия АҚШнинг Шарқий Европадаги ракета мудофааси тизимидан ва унинг Украина ҳамда Грузия билан ҳарбий ҳамкорлиги кучайиб бораётганидан хавотирда ва бундай ҳолатлар Марказий Осиёда ҳам юз беришига йўл қўймоқчи эмас.»

«Қоғоздаги ташкилот»

Путиннинг қўрқитишларига қарамай, КХШТга аъзо мамлакатлардаги сиёсатчилар ва кузатувчилар ташкилотни ташқи хавф олдида бефойда деб биладилар.

Шунингдек, улар блокни Москванинг ўз геосиёсий мақсадларини – ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий таъсирини, жумладан Марказий Осиёда ҳам Россия қўл остида сақлаб қолиш воситаси деб ҳисоблайдилар.

Россиянинг хатти-ҳаракатлари бир неча бор шубҳаларни келтириб чиқарган.

Апрел ойи охирида КХШТга аъзо икки давлати – Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида узоқ давом этаётган сув можароси бир неча кунлик низолар натижасида ўнлаб одам ҳалок бўлгани ва юзлаб одам жароҳат олганида Москва сукут сақлаб турди.

Охир-оқибат, низонинг учинчи куни – 30 апрелда томонлар cулҳга розилик билдиргач, Москва Бишкек ва Душанбени музокара ўтказишга чақирган.

Бу воқеадан кейин қирғизистонлик депутатлар ва оддий фуқаролар мамлакатнинг КХШТга аъзолиги қанчалик мақсадга мувофиқлигини савол остига олганлар.

10 май куни бўлиб ўтган парламент сессиясида Қирғизистон парламентининг халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси «Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашувга ҳеч қандай муносабат билдирмаган» КХШТни танқид қилди.

Баъзилар КХШТни тарк этишни таклиф қилишган.

«Бир мамлакат иккинчисига очиқдан-очиқ ҳужум қилган вақтда КХШТ бунга эътибор бермади. Бунга қандай муносабат билдирамиз? Ёки жим туришимиз керакми? КХШТга нега аъзо бўлганмиз унда?», деб савол берган Қирғизистон парламенти депутати Айбек Осмонов.

«Ташкилот шунчалик адолатсиз ҳаракат қилар экан, унинг таркибидан чиқишимиз керак деб ўйлайман», деб айтган у.

2020 йил охирида баҳсли Тоғли Қорабоғ ҳудуди учун тўқнашувда Озарбайжон Арманистонни тор-мор этиши ортидан КХШТнинг яна бир аъзоси – Арманистоннинг ҳам Москвадан ҳафсаласи пир бўлган.

КХШТ унга ҳеч қандай кўмак бермаган.

2020 йилги урушда КХШТ ўз қоидаларига амал қилган бўлса-да, Арманистон халқи Россияни сотқинликда айблаб келади.

«Сасна црер» сиёсий партияси фаоли, ереванлик Агарон Заварянга кўра, Арманистон блокни зудлик билан тарк этиши керак.

«КХШТ шунчаки қоғоздаги ташкилот бўлиб, ўз тарихи давомида, ҳатто аъзо мамлакатлар ёрдамга муҳтож бўлганида ҳам ўзининг керакли эканлигини исботламаган», деб айтган Заварян Карвонсаройга.

«Бу блокнинг фақат Россия манфаатларига хизмат қиладиган бошқа мақсадлари борлигини тасдиқлайди.»

Кетиш вақти келган

Марказий Осиё мамлакатлари КХШТнинг асл мақсадларини яхшироқ тушуна бошлаганлар.

Мисол учун, 2012 йилда КХШТни тарк этган Ўзбекистон унинг маънисиз эканлигини таъкидлашда давом этмоқда.

Ўзбекистон «демократик жамият, кучли ва рақобатбардош иқтисодиёт, инновацион институтлар ва инфратузилмани шакллантираётган мамлакат сифатидаги» янги имижини мустаҳкамламоқда, деб айтган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдуллазиз Комилов 8 октябр куни Правда Востока газетасига берган интервюсида.

Тошкент «ўз миллий хавфсизлигини таъминлаш учун етарли салоҳиятга эга экани сабаб» КХШТга қайтмайди, деди у «хавфсизликка оид муаммоларга дуч келганда, фақат ҳарбий кучга таяниш ҳар доим ҳам самарали эмаслигини», қўшимча қилиб.

«Хавфсизлик таҳдидларига қарши туришда самарали ва кўп ҳолларда жуда яхши натижа берадиган бошқа воситалар ҳам бор», деб айтган Комилов.

«Масалан, Марказий Осиёда Қўшма Штатлар томонидан мувофиқлаштирилган минтақадаги давлатлар ва ҳамкорлар учун 5+1 форматидаги мувозанатлашган мулоқот механизмлари тизими мавжуд.»

Аъзо давлатлар учун КХШТ ҳеч қандай мақсадга хизмат қилмайди, дейди таҳлилчилар.

КХШТ аъзо давлатларни ташқи таҳдиддан ҳимоя қилишдан кўра, Россиянинг манфаатлари ва геосиёсий фитналари учун хизмат қилади, дейди Тошкентдаги «Билимлар карвони» таҳлилий маркази раҳбари Фарҳод Толипов.

«Ўтган 30 йил Марказий Осиё КХШТга аъзо бўлишга алоҳида эҳтиёж йўқлигини кўрсатди», дейди Толипов. «Худди Ўзбекистон каби Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон учун ҳам бу блокни тарк этиш вақти келган.»

Аслида, Ўзбекистон КХШТга аъзо бўлмагани учун ўз миллий хавфсизлигига нисбатан бошқа давлатнинг таҳдидидан сақланмоқда, дейди Қозоғистон армиясининг собиқ майори, олмаоталик Даурен Оспанов.

Қозоғистоннинг КХШТ аъзоси бўлиши бефойда, чунки у Афғонистон билан чегарадош эмас ва унга нисбатан ҳеч қандай босқин таҳдиди мавжуд эмас, дейди у.

«Шунингдек, худди Ўзбекистон каби бизда ҳам қудратли қуроллар ва жангга тайёр армия бор, агар террорчилик таҳдиди юзага келса, бу муаммони ўз кучимиз билан ҳал қила оламиз», деб айтган Оспанов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500