ОЛМАОТА – Иқтисодчиларга кўра, қозоғистонлик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар ўтган йили Хитой пандемия тарқалишининг олдини олиш баҳонасида ўз чегараларини ёпиб қўйиши ортидан АҚШ бозори ёрдамида ўз бизнесларини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.
QazTrade савдо сиёсатини ривожлантириш маркази бош директори ўринбосари Асел Эгембердиеванинг сўзларига кўра, 2020 йилда пандемия бошланганидан бери қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини юборадиган мамлакатлар сони 190 тадан 119 тага камайган.
Бу ҳақда у АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ташаббуси билан ўтказилган Марказий Осиё савдо форумининг 11-йиғилишида айтиб ўтди.
4-8 октябр кунлари онлайн режимда бўлиб ўтган бу йилги форумда пандемиядан кейин Марказий Осиёда савдони тиклаш масалалари муҳокама қилинди.
«Пандемия вақтида экспортни жадаллаштириш бўйича янги дастур ишга туширилди», деди Эгембердиева. «Дастур учун Қозоғистоннинг озиқ-овқат саноатидан 35 компанияни танлаб олдик.»
«Афсуски, биз уларни асосан Хитой бозорига қаратган эдик, лекин [Хитой-Қозоғистон ўртасидаги] чегаралар ёпилиши ортидан бошқа бозорлардан харидор қидира бошладик», дейди у.
«Натижада биз қозоқ компанияларига АҚШда 17 миллион долларлик шартномалар тузишга ёрдам бердик».
Ўтган йил охиридан бошлаб Хитой ҳукумати COVID-19 тарқалишини тўхтатиш баҳонаси билан божхона назоратини кучайтирган эди. Бироқ кўпчиликнинг фикрича, расмий Пекин ўз сиёсатини Хитой режимидан қочаётган этник қозоқларга қочқин мақомини берган Қозоғистонни жазолаш мақсадида ўзгартирган.
Янги бозорларга кириш
Кўплаб экспортчилар давлатнинг бу ёрдамидан бехабар бўлгани учун, «QazTrade» экспортга чиқариш тартиби ва бунинг учун қандай ҳужжатлар талаб қилинишини тушунтирувчи қатор видеолавҳалар чиқарди ва бу мақсадли бозорларни тадқиқ қилишга ёрдам берди.
Натижада музлатилган гўшт етказиб берувчилар чет элдаги таъминот нуқталарини ўзгартириб, экспортни Хитойдан Яқин Шарққа йўналтирдилар, деди Эгембердиева.
Махсар мойи ишлаб чиқарувчилар «Хитой бозоридан Қатарга ўтиб, етказиб бериш ҳажмини оширдилар», деди у. «Улар ҳозир АҚШга маҳсулот юбориш йўлларини изламоқдалар.»
АҚШ Қозоғистоннинг энг йирик иқтисодий шерикларидан ва инвесторларидан бири ҳисобланади, дейди олмаоталик иқтисодчи Айдос Тайбекули.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда машинасозлик, кимё, қурилиш, нефт-газ ва IT соҳаларида 500 дан ортиқ Америка компаниялари фаолият кўрсатмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, «охирги 16 йил ичида АҚШ Қозоғистон иқтисодиётига 45 миллиард доллар инвестиция киритган», деди Тайбекули.
Унинг айтишича, Қозоғистоннинг дипломатик ва савдо ваколатхоналари ҳар йили Американинг йирик компаниялари вакиллари билан учрашиб, икки томон учун манфаатли бўлган ҳамкорлик шартларини таклиф қилади.
Қолаверса, АҚШ яхши молиявий шерик бўлибгина қолмай, бутун дунёдан турли технологияларни импорт қилади, деди Тайбекули.
Бардошлилик
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Жаҳон cавдо ташкилотининг идораси бўлган Халқаро савдо маркази (ITC) иқтисодчиси Валентина Роллога кўра, Марказий Осиёдаги кичик ва ўрта бизнес пандемия шароитига мослашиш йўлларини топган.
Ўрганишлар натижасида аёллар раҳбарлик қиладиган корхоналар эркаклар бошқарувидаги компанияларга нисбатан кўпроқ муаммоларга дуч келиши маълум бўлди, деди у.
«Бу хавотир учун сабабдир, чунки пандемия даврида аёллар бошқарадиган компаниялар ҳукумат ва халқаро донорларнинг корхоналар учун имтиёзлари тўғрисида маълумот олишга қийналган», деди Ролло.
Марказий Осиёда гендер фарқини ҳам ҳисобга олиши керак, дейди у. Яъни, аёллар раҳбарлигидаги компаниялар давлат кўмагига муҳтожроқ, шунга мувофиқ, давлат тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашнинг самарали усулини топиши керак.
Бундан ташқари, хорижий донорлар уларга эътибор қаратиб, имтиёзлар бериши зарур, деди у.
«Шунингдек, Марказий Осиёдаги кичик ва ўрта корхоналар импорт қилишда бошқа Осиё мамлакатларидан кўра кўпроқ муаммоларга дуч келиши маълум бўлди», дейди Ролло.
«Шундай бўлса-да, Марказий Осиёдаги кичик ва ўрта корхоналар пандемияга жавобан жадалроқ чора кўрдилар: улар интернет-савдони тезроқ йўлга қўйиб, янги хомашё таъминотчиларини жалб қила бошлади. Бу рақобатбардошлик омилларидан биридир.»
Кичик ва ўрта бизнеснинг инқироз вақтидаги барқарорлиги компаниянинг бизнес-шериклар ва уюшмалар билан алоқасига ҳам боғлиқ бўлди, дейди Ролло.
Алоқага эга компаниялар ҳукумат ва халқаро донорлар томонидан берилаётган ёрдам ҳақидаги маълумотни топишда унчалик қийналмаган, чунки улар ахборотни ўз бизнес алоқалари орқали олишган, дейди у.
«Бундан ташқари, улар хомашё етказиб бериш бўйича узоқ муддатли каналларга эга бўлган ва тезлик билан уларнинг ўрнига бошқаларини топа олмайдиган йирик компаниялардан фарқли ўлароқ, хомашё таъминотчиларидан мустақил иш юрита олди», деди Ролло.
Компаниянинг онлайн сотувларга ўтиш ва мижозлар учун янги содиқлик дастурларини жорий қилиш каби билимни янги маҳсулот ва жараёнга айлантира олиш қобилияти катта рол ўйнайди, дейди у.
«Мен тилга олган омилларнинг бари нафақат компанияларнинг ўзига, балки Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодиётларига ҳам таъсир қилади, деган хулосага келдик, чунки улар янги иш ўринлари яратадилар ва солиқ тўлайдилар», деб қўшимча қилди у.
Ёрдамга ошиққан АҚШ
Қўшма Штатлар COVID-19 пандемияси Қозоғистон иқтисодиётига путур етказишга таҳдид қилганида ёрдамга келди.
Ўтган бир йил давомида Қозоғистон пандемия оқибатларини енгиш учун 6 миллион АҚШ доллари ажратган, дейди Нур-Султондаги молиявий таҳлилчи Андрей Чеботарёв.
«Мен бу ёрдамдан мамнунман, бундай лойиҳалар ва донорлар борлигини ижобий баҳолайман», дейди у. «Барча дастурлар қурғоқчиликдан азият чеккан фермерлик ёки дори-дармонлардан иборат гуманитар ёрдам каби жамиятнинг маълум бир сегментига мўлжалланган.»
«Ҳаммамиз 2020 йил ёз ойларида Қозоғистонда антисептиклар, тиббий ниқоблар ва қўлқоплар етишмаганини эслаймиз», деб қўшимча қилган у.
«Қозоғистон ва Қўшма Штатлар орасида мавжуд ҳамкорлик бизга фақат фойда келтиради», деб айтган Чеботарёв.
USAID нафақат Қозоғистонга, балки ёрдамга муҳтож ва уни олишга тайёр бошқа Марказий Осиё мамлакатларига ҳам кўмак беради, дейди Чеботарёв.
Ёрдам «ҳақиқатан ҳам керак бўлган вақтда» тақдим этилмоқда.