Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Афғонистондаги инқирознинг оғирлашуви фонида Термиз стратегик ёрдам марказига айланмоқда

Рустам Темиров

Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) томонидан тарқатилаётган буғдой қопларини олиш учун навбатда турган афғонлар, Қандаҳор, 19 октябр. [Жавед Танвир/AFP]

Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) томонидан тарқатилаётган буғдой қопларини олиш учун навбатда турган афғонлар, Қандаҳор, 19 октябр. [Жавед Танвир/AFP]

TERMEZ – Афғонистонга Ўзбекистон орқали халқаро ёрдам кела бошлади – бу ердаги Термиз карго маркази юклар учун муҳим транспорт маркази бўлиб хизмат қилмоқда.

15 октябр куни Украина халқаро авиалинияси самолёти Дубайдан 32 тонна гуманитар ёрдам олиб келган. Унинг ортидан шанбадан душанбага қадар (16-18 октябр кунлари) бошқа юклар ҳам етиб кела бошлади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар масаласи бўйича олий комиссари (UNHCR) томонидан ташкиллаштирилган гуманитар ёрдам юк машиналари орқали Мозори Шарифга етказиб берилади.

«Юк ичида чодирлар, идиш-товоқлар ва кўрпалар каби зарурий жиҳозлар бор», дейди Термез карго маркази раҳбари Нодир Жалолов Карвонсарой билан суҳбатда.

Дубайдан гуманитар юк билан Термизга етиб келган Украина халқаро самолётлари, 15 октябр. Юк чодирлар, идишлар ва кўрпалар каби энг зарур жиҳозлардан иборат, дейди Термиз карго маркази раҳбари Нодир Жалилов. [Нодир Жалилов]

Дубайдан гуманитар юк билан Термизга етиб келган Украина халқаро самолётлари, 15 октябр. Юк чодирлар, идишлар ва кўрпалар каби энг зарур жиҳозлардан иборат, дейди Термиз карго маркази раҳбари Нодир Жалилов. [Нодир Жалилов]

Шунингдек, БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) ҳам октябр ойидан бери Афғонистонга Ўзбекистон орқали ёрдам етказмоқда, деб айтган Жалолов.

«Юкларни 34 та машинага ортдик. Улар Афғонистонга автотранспорт орқали етказиб берилди», деб айтган у 15 октябр кунги ёрдам юкини назарда тутиб.

Термиз карго маркази 2016 йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-сотиқни кучайтириш мақсадида ташкил этилган.

У Марказий Осиёдаги Афғонистон билан чегарадош бўлган шу турдаги ягона карго терминали ҳисобланади.

Ўзбекистон Афғонистонга ёрдам юкларини ўтказиш билан бирга, қўшни давлатга мустақил равишда кўмак бермоқда. У сентябр ойининг ўзида афғонистонликлар учун 1400 тонна ун ва ун маҳсулотларини юборган.

Афғонистонга йўл

Термизнинг жойлашуви, жумладан логистик нуқтаи назардан ҳам уни стратегик марказга айлантиради.

Бу шаҳар иҳоталаниб қолган Афғонистонга, энг аввало гуманитар ёрдам етказиш учун мавжуд бўлган саноқли дарвозалардан биридир.

Термиздан Дўстлик кўприги орқали Афғонистон жанубига темирйўл ва автомобил йўли ўтади.

Гуманитар ёрдамни етказиб бериш учун Ўзбекистон ҳукумати Толибонга чегарадош Сурхондарё вилоятидаги бир қатор иншоотлардан фойдаланиш ҳуқуқини берган.

Бу қарор Тошкентнинг халқаро даражада тан олинмаган Толибон ҳукумати билан минтақавий барқарорлик манфаати учун ҳамкорлик қилишга тайёрлигидан далолат беради, дейди кузатувчилар.

«Ўзбекистон Афғонистоннинг чуқур гуманитар инқироз домида қолишини истамайди... Агар ёрдам бермасак, у ердаги оқибатлар бизга ҳам таъсир қилишини ҳисобга олган ҳолда, у ер нотинч бўлиб, одамлар азият чекадиган бўлса, биз бир чеккада қараб тура олмаймиз», деб айтган ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Фарҳод Мирзабоев.

«Ҳозир Афғонистон ҳукуматига қандайдир шарт қўядиган вақт эмас, у ерда юзага келган гуманитар инқирозни енгиб ўтишда ёрдам беришимиз керак», деб айтган у.

«Бу бизнинг Толибон билар дўстлашишни истаганимиз учун эмас, балки афғон халқи қўшнимиз бўлгани ва биз уларга ёрдам беришимиз кераклиги учундир

Мирзабоев Толибон расмийларини ўз ички ресурларидан максимал даражада фойдаланишга ва мамлакатда гуманитар инқироз келиб чиқишининг олдини олиш учун барча чораларни кўришга чақирди.

Бу масала бўйича халқи олдида энди фақат уларнинг ўзи жавобгар, дейди у.

Ҳукуматни куч билан қўлга олиш бошқа, давлатни муваффақиятли бошқариш ва ижобий натижага эришиш эса буткул бошқа масала, деб айтган Мирзабоев.

«Айни вазият янги афғон ҳукумати бардошлилиги учун жиддий синов бўлади. Аммо баъзида улар вазиятнинг ҳақиқий кўламини тушуниб етмаётгандек ва кераксиз масалаларга аҳамият бераётгандек кўринади», деб айтган Мирзабоев.

«Ҳозирги вақтда аёллар ҳуқуқларини чеклаш муҳим масалами?»

Шошилинч ёрдам зарур

Афғонистондаги гуманитар инқироз ёмонлашиб бормоқда ва у ердаги 20 миллионга яқин одамга ёрдам кўрсатиш учун шошилинч молиявий маблағ ажратилиши керак, деб огоҳлантирган UNHCR ўзининг 12 октябр кунги баёнотида.

«Фақат беш фоиз оилаларда ҳар куни овқатланиш имконияти бор, кейинги йилга келиб беш ёшдан кичик бўлган болаларнинг ярмидан кўпи тўйиб овқатлана олмаслик хавфи остида», дейилади UNHCR баёнотида.

Ҳозирда Тошкентда яшаётган 35 яшар афғонистонлик журналист Саид Санжар Барлос шу йилнинг бошида Афғонистонни тарк этган.

У Афғонистонда қолган қариндошлари билан охирги марта 8 октябр куни гаплашганини айтади.

«Қариндошларим Сари-Пул вилоятидаги Шибирғон шаҳрида яшашади. Улар ҳали ҳеч қандай ёрдам олмаганликларини айтмоқдалар. Аммо, билишимча Афғонистонга халқаро ёрдам кириб кела бошлаган», деди у Карвонсарой нашрига.

«Агар Толибонда инсонпарварлик ва ирода етарли бўлса, улар бу ёрдамни тенг тақсимлай олиши мумкин. Аммо, ҳозирча жавоблардан кўра саволлар кўп», деб айтган у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500