Карвонсарой
Дин

Хитой миллионлаб мусулмонлар фойдаланадиган машҳур Қуръон иловасини тақиқлади

Карвонсарой

Хитойнинг Шандун вилояти Танчэн масжидида Қуръон ўқиётган хитойлик мусулмонлар, 2014 йилнинг 30 июни. [STR/AFP]

Хитойнинг Шандун вилояти Танчэн масжидида Қуръон ўқиётган хитойлик мусулмонлар, 2014 йилнинг 30 июни. [STR/AFP]

ҚОҲИРА – Пекин Хитойда интернет орқали китоблар ёки журналларни тарқатиш учун рухсатнома талаб қилувчи қонунни рўкач қилиб, бутун дунё бўйлаб миллионлаб мусулмонлар ишонадиган Қуръон иловасини тақиқлаб қўйди.

Иловани ишлаб чиққан Pakistan Data Management Services (PDMS) маълумотларига кўра, шу ой бошида Apple Хитойдаги иловалар дўконидан қарийб бир миллион фойдаланувчига эга «Қуръони Мажид» иловасини ўчириб ташлаган.

«Бутун дунёда 25 миллиондан ортиқ мусулмонлар учун ишончли ҳисобланган» бу илова орқали, жумладан Қуръон ўқиш ёки тинглаш, намоз вақтларини билиш, қиблани аниқлаш ҳамда Макка ва Мадинадан жонли видеотасвирларни томоша қилиш мумкин.

Хитой цензурасига қарши туриш

«Қуръони Мажид» иловаси «таркибида ноқонуний диний матнлар борлиги» учун олиб ташланган, деб хабар беради Би-би-си 15 октябр куни. Аммо унинг Хитойдаги қайси қонунларни бузганига аниқлик киритилмаган.

20 дан ортиқ тилда чиқарилган «Қуръони Мажид» иловасидан ўнлаб мамлакатларда 25 миллиондан ортиқ мусулмонлар фойдаланиб келади. Пекин яқинда бу иловани «ноқонуний диний матнлар» сабабли Хитойдаги App Store иловалар дўконида тақиқлаб қўйган. [Pakistan Data Management Services]

20 дан ортиқ тилда чиқарилган «Қуръони Мажид» иловасидан ўнлаб мамлакатларда 25 миллиондан ортиқ мусулмонлар фойдаланиб келади. Пекин яқинда бу иловани «ноқонуний диний матнлар» сабабли Хитойдаги App Store иловалар дўконида тақиқлаб қўйган. [Pakistan Data Management Services]

«Apple маълумотларига кўра, Қуръони Мажид иловамиз Хитойнинг App Store дўконидан олиб ташланди, чунки унинг таркибида Хитой расмийларидан қўшимча ҳужжатлар талаб қиладиган контент бор экан», дейилади PDMSнинг «Би-би-си»да эълон қилинган баёнотида.

«Бу масалани ҳал қилиш учун Хитой кибермакони маъмурияти ва Хитойнинг тегишли органлари билан боғланишга ҳаракат қиляпмиз», дейилади хабарда.

Хитой ҳукумати масалага изоҳ сўраган мухбирларга жавоб бермаган.

Apple инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сиёсатига мувофиқ чора кўрганини айтган, унга кўра: «Биз маҳаллий қонунларга риоя қилишга мажбурмиз. Баъзида мураккаб масалалар келиб чиқиши ва биз улар борасида ҳукуматлар билан келиша олмаслигимиз мумкин».

Тахминан бир вақтнинг ўзида Хитойдаги App Store онлайн дўконидан яна бир машҳур диний илова – Olive Tree's Bible («Зайтун дарахти Инжили») иловаси ҳам ўчириб ташланган.

«App Store дўконида Olive Tree Bible дастурий таъминотини текшириш жараёнида бизга Хитойда китоб ёки журналлар билан боғлиқ контентни ўз ичига олган иловаларни тарқатиш учун рухсатнома тақдим этишимиз кераклигини айтишди», деди Би-би-си вакили.

«Бизда бунга рухсат йўқлиги ва мижозларга тақдим этиш учун илова янгиланишини тасдиқлашимиз кераклиги сабаб, Хитойнинг App Store дўконидан Инжил иловасини олиб ташладик.»

Бутун дунё бўйлаб Apple App Store дўконидаги иловаларни кузатиб борувчи Apple Censorship веб-сайти илова ўчирилгани ҳақида илк марта 12 октябр куни хабар берган.

Ўтган ой Amazon ўзининг Audible аудиокитоблар ва подкастлар иловасини «рухсат талаблари туфайли» Хитойдаги App Store дўконидан олиб ташлашга мажбур бўлган эди, деб хабар беради Mac Observer 15 октябр куни.

14 октябр куни Microsoft Пекиннинг цензура қоидаларига риоя қилиш билан боғлиқ «муаммолар» туфайли ўзининг LinkedIn ижтимоий тармоқ иловасини олиб ташлаганини эълон қилган эди.

«Бемулоҳаза» чора

Хитойнинг «Қуръони Мажид» иловасини ўчиришни талаб қилиш қарори «бемаънилик», дейди Миср вақф ишлари вазирлиги диний йўл-йўриқлар бошқармаси бошлиғи Ражи Сабри.

Унинг сўзларига кўра, иловада «қонунга зид диний матнлар» бор-йўқлигини аниқлаш учун мутахассис билими талаб қилинади.

«Дастурни йирик диний мутасаддиларининг текшируви ва фикрисиз олиб ташланишини эътиборсиз қолдириш мумкин эмас», деди у. «Бундай хатти-ҳаракатлар дин ва эътиқод эркинлигини чеклашга киради.»

Ислом масаласи Хитой Коммунистик партияси учун бош оғриққа айланган, дейди Қоҳирадаги Ал-Азҳар университетининг шариат ва ҳуқуқ факултети профессори, сиёсий тадқиқотчи Абдул Наби Баккар.

«Шу сабабли Хитой маъмуриятининг фикрича, ижтимоий тармоқлардан исломий иловани ўчириб ташлаш – «исломийлашув» тўлқинини тўхтатиш йўлидаги муҳим масала ва мақсад бўлиши лозим», деди у.

Аммо бу билан «Хитой мустаҳкам алоқаларга эга исломий мамлакатлар билан муносабатларини хавф остига қўймоқда», деди у.

«Хитой расмийлари бир томонлама қарор қабул қилиб, Ислом мамлакатларидан олиши мумкин бўлган қўллаб-қувватловини йўқотди, сабаби улар ҳатто озгина ишонарли бўлган далилларни тақдим этмадилар», деди Баккар.

«Хитойда масжид миноралари ва исломий рамзлар бузиб ташланмоқда», деб ёзган Salaam Times нашрининг афғонистонлик муштарийси Пекиннинг беш йиллик «хитойлаштириш режаси» ҳақидаги мақолага жавобан.

Бу янгилик кенг тарқалган ва ишончли Қуръон иловасининг ўчириб ташланиши фонида хавотирли, дейди муштарий.

«Бу билан Хитой мусулмонларни қўрқитиб қўймоқчи, унинг ҳукумати эса онлайн-сервислар ва интернетдаги маълумотларни назорат қилишга уринмоқда».

Азонни тақиқлаш

Президент Си Цзинпин бир неча йиллардан бери «хитойлаштириш» сиёсати тарафдори бўлиб келган.

Август ойидаги нутқида Си барча диний ва этник гуруҳлар «Хитой бирдамлиги байроғини баланд кўтариши» кераклигини айтган эди.

2018-2022 йиллар учун белгиланган «хитойлаштириш» режаси доирасида Хитой коммунистик партияси (ХКП) расмийлари масжидларнинг гумбазлари, миноралари ва бошқа ислом архитектураси рамзларини олиб ташламоқда, масжид карнайларидан азон айтишни тақиқламоқда.

Режа нафақат аксар мусулмонлар яшайдиган Шинжон вилоятида, балки бутун Хитой бўйлаб фаол равишда амалга оширилмоқда. Шинжондаги бу сиёсат ҳуқуқбон ташкилотлар ва айрим Ғарб давлатлари тарафидан геноцидга тенглаштирилган.

Хитой ҳукумати бу ҳудудда бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа туркийзабон мусулмонлар, жумладан этник қозоқ ва қирғизларни «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерлари, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган 400 га яқин муассасаларда сақлаб келмоқда.

Яна миллионлаб одамлар қатъий кузатув ва назорат остида яшамоқда.

Хитой ҳукумати бу муассасаларни террорчиликка барҳам бериш ва бандлик имкониятларини яхшилашга қаратилган «қайта тарбиялаш марказлари» деб атайди.

Аммо бу муассасалар мудҳиш қонунбузарлик юз берадиган «концентрацион лагерларга» ўхшаш мажбурий ҳибсда сақлаш марказлари экани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалган.

Мустақил терговлар, собиқ маҳбуслар билан ўтказилган суҳбатларда жисмоний ва руҳий қийноқлар, онгни заҳарлаш, мунтазам зўрлашлар, муслима аёлларнинг мажбурий бичилиши, тана аъзоларини мажбуран олиш, жинсий таҳқирлаш ва бошқа даҳшатли амалиётлар тилга олинган.

Хитой расмийлари томонидан Шинжонда бошқа жиноятлар ҳам содир этилган – минтақада 1000 дан ортиқ имом ва диний арбобларнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани, қарийб 16000 масжиднинг бузилгани шулар жумласидандир.

2019 йилда AFP томонидан ўтказилган текширув давомида минтақада ўнлаб қабристонлар вайрон қилингани аниқланган, улардан чиққан инсон суяклари ва бузилган қабрларнинг ғиштлари ҳар тарафга сочилиб кетган.

[Бу мақолани тайёрлашга Қоҳирадан Волид Абул Хайр кўмаклашган]

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500