Карвонсарой
Жиноят ва адолат

Россияда норезидентларга нақд пулда ҳақ тўлашнинг тақиқлангани танқидга учради

Ксения Бондал

image

Москвадаги валюта айирбошлаш пункти ёнидан ўтиб кетаётган аёл, 2020 йилнинг 10 марти. Россия қонунчилигига кўра, Россияда солиқ резиденти бўлмаган чет эллик ишчиларга нақд пул тўлаш – валюта операцияси ва Россия хавфсизлигига таҳдид ҳисобланади. [Юрий Кадобнов/AFP]

ОЛМАОТА – Курган шаҳридаги қозоғистонлик фаррош аёл билан юз берган воқеадан сўнг, Россияда иш берувчиларга норезидентлар иш ҳақини нақд пулда беришни тақиқловчи қонун жамоатчилик эътиборига тушган.

Россиянинг Новосибирск шаҳридаги «Юсконсалт» компанияси юристи Валентина Гречишникованинг маълум қилишича, шу ой бошида апелляция суди Курган шаҳар суди томонидан иш берувчи – «Академия» МЧЖга Россиянинг солиқ резиденти бўлмаган Қозоғистон фуқароси А.А.Холодовага иш ҳақини нақд пулда бергани учун белгиланган жаримани ўз кучида қолдирган.

Inbusiness.kz сайтининг шу ой бошидаги хабарига кўра, «Академия» судга апелляция берган, аммо ишни ютқизган.

Йил давомида камида 183 календар куни давомида Россия резиденти сифатида тан олинган жисмоний шахс солиқ резиденти ҳисобланади.

image

Қозоғистонлик режиссёр Сергей Дворцевойнинг Москвада ноқонуний ишлаётган мигрант аёл ҳақида ҳикоя қилувчи «Айка» филмидан олинган кадр. [Файл]

Россия қонунчилигига кўра, Россияда солиқ резиденти бўлмаган хорижликларга иш ҳақини нақд пулда бериш валюта операцияси ҳисобланади, деди Гречишникова.

Бундан англашиладики, компания валютага оид қонунчиликни бузган ва натижада суд қарийб 85000 рубл (504 минг тенге ёки тахминан 1866 доллар) миқдорида жарима белгилаган.

Бундан ташқари, суд «ташкилот томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик Россия Федерациясининг миллий хавфсизлигига таҳдид солади» деб баёнот берган.

Қонун Россияда юридик шахсининг норезидентларга нақд пул тўлаши мумкин бўлган ҳолатларни ҳам кўзда тутади, деди Гречишникова.

Бундай ҳолатларнинг ёпиқ рўйхатида «иш берувчининг норезидент ишчига иш ҳақини нақд пулда тўлаш имконияти зикр қилинмаган, шу боис ҳам Россия норезидентига нақд пул тўлаш ноқонуний валюта операциясига айланади, деди у.

Жарима бўйича апелляция бериб ютқизган «Академия» МЧЖ Холодовага банк картаси муддати тугаб қолгани сабабли нақд пул тўлаганини маълум қилган.

COVID-19 пандемияси туфайли Холодова Қозоғистонга бориш ва банк билан муаммони ҳал қилишнинг уддасидан чиқолмаган, дейилади хабарда.

«Жавобгарликдан қутулиб қолиш мумкин, лекин у («Академия» МЧЖ) қонунбузарликнинг аҳамиятсиз эканлигини исботлаши ва бу иш қасддан содир этилганини рад қилувчи, шунингдек қонун билан қўриқланадиган манфаатларга путур етказмаганига оид далилларни тақдим этиши зарур, деди Гречишникова.

ЕОИИ нимага керак?

Суднинг ўз баландпарвоз ҳукмини қўллаб-қувватлаб, оқсоч аёлнинг иши миллий хавфсизлик ва Қозоғистон аъзо бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) таҳдид солишини даъво қилгани кузатувчилар эътирозига сабаб бўлган.

Россия етакчилигидаги ЕОИИ маҳсулотлар, хизматлар, сармоя ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланишини кўзда тутиши керак эди.

Чимкентлик фаол Куаниш Сатаев юз берган воқеани бемаънилик деб атаган.

«Бизга доим Россия ва Қозоғистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ҳақида гапириб келишади, дунёдаги энг узун умумий чегарага эгамиз, давлатларимиз биргаликда жуда кўп шартномаларни имзолаган, аммо шунда ҳам қозоғистонлик фуқаролар у ерга бориб ишлаши ва ўзи ишлаб топган пулни қўлига ололмаса.»

«Бу нимаси?» дейди у.

ЕОИИ иттифоқ ичида маҳсулотлар, хизматлар, сармоя ва ишчи кучининг эркин ҳаракатини кафолатласа-да, имзоланган барча шартномалар амалда ишламаслигини кўриб турибмиз, деб қўшимча қилди у.

«Ягона иттифоққа бирлашиб, бир-биримизга нисбатан дўстлик ва қўшничиликнинг қадрига етадиган бўлсак, фуқароларимиз ҳам бандлик ва эркин ҳаракатланишда муаммоларга дуч келмаслиги керак», дейди Сатаев.

Қандай қилиб оқсоч бўлиб ишлаётган бечора аёл дунёнинг ядровий салоҳиятига эга бутун бошли мамлакатга хавф солиши мумкин? Энди Россияда ишлаётган ҳамма қозоғистонликларни шу тоифага киритиш мумкин», деди у.

«Бу – бемаънилик.»

Россия манфаатлари

ЕОИИ уни ўз режаларини амалга ошириш учун қўллаётган Россиянинг манфаатларигагина хизмат қилади.

Москва ундан нафақат иқтисодий манфаати йўлида, балки сиёсий мақсадларини ҳам илгари суриш учун фойдаланади.

ЕОИИ доирасидаги интеграция жараёнлари фақатгина иқтисод ва божхона соҳасига қаратилмай, балки иттифоққа аъзо давлатлар ўртасида ишчи кучининг эркин ҳаракатини ҳам назарда тутиши керак эди, дейди олмаоталик сиёсий таҳлилчи Расул Жумали.

Аммо, кўп ҳолларда Россия ЕОИИнинг катта шартномаларида ёзилган нарсалардан ташқари, қўшимча шартларни ҳам талаб қилади, дейди Жумали.

Масалан, 2020 йилнинг март-апрел ойларида Қозоғистоннинг айрим юк машиналари маъмурий округ стандартларига жавоб бермагани сабабли Россия ҳукуматининг уларни мамлакат киритмагани халқаро можарога сабаб бўлган, дейди Жумали.

«Кўпгина қозоғистонлик тадбиркорлар Россияни ЕОИИнинг турли қоидаларини мунтазам равишда ўз фойдасига талқин қилишда айблаганлар. Керак бўлганда, Қозоғистондан бир нарсани, кейинроқ бошқа нарсани талаб қилишади.»

«Мана шундай ҳуқуқий устамонлик амалга оширилмоқда», деди у.

«Қандай қилиб қўшнимизга хавф солишимиз мумкин? Биз нафақат қўшни, балки МДҲ (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги), ЕОИИ, КХШТ (Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти) ва бошқа кўплаб ташкилотлар аъзосимиз», деб айтган Сатаев собиқ Совет республикаларини ўз таъсири остида сақлаб қолиш мақсадида Россия томонидан тузилган бир қатор ташкилотларни тилга олиб.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500