Карвонсарой
Қочқинлар

Тожикистон афғон қочқинларининг эҳтимолий оқимига тайёрланмоқда

Неъматулло Мирсаидов

Суратда: Афғонистонлик ҳайкалтарош рассом Умар Хамошнинг бадиий галереяси (ўнгдан иккинчи), 29 сентябр, Ваҳдат шаҳри. 2021 йил бошида отаси Толибонлар тарафидан ўлдирилган Хамош Тожикистонга қочиб ўтган. Ҳозир у Душанбедан 20 км узоқликдаги Ваҳдат шаҳрида истиқомат қилади ва афғон қочқинларига тасвирий санъатдан дарс беради. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

Суратда: Афғонистонлик ҳайкалтарош рассом Умар Хамошнинг бадиий галереяси (ўнгдан иккинчи), 29 сентябр, Ваҳдат шаҳри. 2021 йил бошида отаси Толибонлар тарафидан ўлдирилган Хамош Тожикистонга қочиб ўтган. Ҳозир у Душанбедан 20 км узоқликдаги Ваҳдат шаҳрида истиқомат қилади ва афғон қочқинларига тасвирий санъатдан дарс беради. [Неъматулло Мирсаидов/Карвонсарой]

ДУШАНБЕ – Афғонистонда Толибонлар ҳокимиятга қўлга олар экан, мамлакат билан 1344 километрлик умумий чегарага эга Тожикистон афғон қочқинларининг эҳтимолий оқимига ҳозирлик кўрмоқда.

Ҳозирда Афғонистоннинг чегара туманларидан қочқинларнинг «оқиб» келиш дараги бўлмаса-да, расмийларнинг айтишича, чегарадаги кескинликнинг кучайиши ёки Толибоннинг репрессиялари қочқинлар оқимининг ошишига олиб келиши мумкин.

БМТ Тараққиёт дастурининг (БМТТД) Тожикистондаги ваколатхонаси 14 октябр куни Афғонистон чегарасидаги вазиятнинг эҳтимолий кескинлашуви билан боғлиқ фавқулодда вазиятга тайёр туриш мақсадида Хатлон вилоятидаги БМТ омборини очганини эълон қилди.

У камида 100 та оилани чодирлар, кўрпа-тўшак, ошхона анжомлари, печлар, кийим-кечак, гигиена воситалари ва бошқа зарур ашёлар билан таъминлашга мўлжалланган. Товарларнинг тахминий қиймати 3 миллион сўмни (256 минг доллар) ташкил этади.

Афғон диаспораси узоқ вақтдан бери Тожикистон марказидаги Ваҳдат туманида яшаб келади. [Неъматулло Мирсаидовнинг шахсий архиви]

Афғон диаспораси узоқ вақтдан бери Тожикистон марказидаги Ваҳдат туманида яшаб келади. [Неъматулло Мирсаидовнинг шахсий архиви]

Шу ва Тоғли Бадахшон мухтор вилояти Хоруғ шаҳрида қурилаётган бошқа бир омбор Япония ҳукумати тарафидан молиялаштирмоқда. Бу ишлар тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш лойиҳаси доирасида амалга ошириляпти.

«Дунё яқин тарихдаги энг ҳалокатли ва чуқур тузилмавий, ижтимоий ва иқтисодий бўҳронлардан бирини бошдан кечирмоқда, Экстремал иқлим хавфининг ортиши, шунингдек, Афғонистондаги сўнгги воқеалар каби техноген инқирозлар шулар жумласидандир», дейилади БМТ Тараққиёт дастурининг Тожикистондаги доимий вакили Пратибҳа Меҳтанинг баёнотида.

«Тожикистон ҳукумати ҳар қандай инқирозли вазиятлар, табиий офатлардан жабрланганларнинг гуманитар эҳтиёжлари ва Афғонистондан эҳтимолий қочқинлар оқимига тайёр туриш ва шайликни таъминлаш учун барча чораларни кўрмоқда», деди у.

Тайёргарлик ишлари давом этмоқда

Бу чоралар қочқинлар лагерлари барпо этишни ҳам ўз ичига олади.

Европа Иттифоқининг (ЕИ) 14 сентябр кунги баёнотида айтилишича, Афғонистон билан чегарадош Хатлон ва Тоғли Бадахшон мухтор вилоятларидан 5 мингга яқин афғон фуқароси қўним топган.

Хатлон вилоятининг Шамсиддин Шохин туманидаги Хирманжо қишлоғида Европа Иттифоқи кўмагида қочқинлар лагери барпо этилмоқда, деб хабар берган Asia-Plus 22 сентябр куни.

Жайхун тумани маъмурияти раиси Толибшо Назризода ҳам ИИВ Хатлон вилояти, Жайхун тумани Панж жамоати ҳудудида лагер қураётганини тасдиқлаган.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси икки тумандаги эски ўқув базаларини Афғонистондан келган қочқинларни жойлаштириш учун ҳозирламоқда, деб хабар қилди БМТнинг аноним қолишни истаган Тожикистондаги манбаси.

Базалар нисбатан кичик бўлса-да, уларда кам сонли қочқинлар қулай шароитларда яшаши мумкин.

«Гап оз сонли қочқинларни қабул қилиш ҳақида кетмоқда», дейди манба. «Бу объектларга кўпи билан 5000 киши сиғиши мумкин».

Шаҳринав туманида жойлашган Қоратоғдаги объектлардан бирида Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ва Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг қўшма лойиҳаси доирасида таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Яна бир объект Хатлон вилоятининг Жалолиддин Балхий туманида, Афғонистон чегарасидан 50 км узоқликда жойлашган.

«Ҳар бир тумандаги эски базалар ҳудудлари қарийб 20 гектарни ташкил этади», дейди манба. «Объектлар ҳарбийлаштирилган бўлиб, панжара билан ўралган ва кучайтирилиши мумкин бўлган қўриқлаш тизимига эга. Эҳтиёж туғилган тақдирда, чодирлар ўрнатилиши мумкин, аммо буларнинг бари катта маблағ талаб қилади».

Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Ишкошим туманида ҳам қочқинлар учун жой ажратилган.

Бу жойлар аввалроқ қочқинларни қабул қилган, уларнинг айримлари Афғонистонга қайтган, дейди у. Қолганлар Тожикистоннинг бошқа ҳудудларига кўчирилган, баъзилар эса Ишкошимда қолишган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича олий комиссари (UNHCR), UNDP ва ЕИ Тожикистон мамлакат ичидаги қочқинларга максимал даражада ёрдам бериш учун бир-бири билан мунтазам алоқада бўлиб турибди, деб хабар беради манба.

Толибонлардан қочиб

Афғонистондаги гуманитар инқироз ёмонлашиб бормоқда ва у ердаги 20 миллионга яқин одамга ёрдам кўрсатиш учун шошилинч маблағ ажратилиши зарур, деб огоҳлантирган UNHCR 12 октябр кунги баёнотида.

«Фақат беш фоиз оилаларда ҳар куни овқатланиш имконияти бор, келаси йилга бориб, беш ёшдан кичик бўлган болаларнинг ярмидан кўпи тўйиб овқатлана олмаслик хавфи остида», дейилади UNHCR баёнотида.

Сўнгги ойларда Тожикистон, жумладан Душанбедаги афғонистонлик қочқинлар сони сезиларли ошган, дейди Совет иттифоқи даврида Афғонистонда таржимон бўлиб ишлаган тожикистонлик таҳлилчи Аҳмадшоҳ Комилзода.

«Улар Толибон ва эҳтимолий репрессиядан қочишяпти», дейди у. «Бугунги кунда Афғонистонда исталган одамга сотқин ёки Қўшма Штатлар ва иттифоқдошларининг жосуси деб тамға босиш мумкин.»

«Толибонларнинг жазо чоралари шафқатсиз», деб қўшимча қилди у.

«Шунинг учун Толибон ҳукуматга келишидан олдин Тожикистонда яшаган аксар одамлар ватанга қайтишдан қўрқади», дейди Комилзода.

«Кўпчилик хорижий мамлакатларнинг элчихоналари орқали учинчи давлатларга чиқиб кетиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга ҳаракат қиляпти, аммо бу жуда қийин жараён.»

«Шунга қарамай, одамлар кутишяпти ва умид қилишяпти.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500