Карвонсарой
Саломатлик

АҚШ Ўзбекистонга COVID-19 вакциналарини, Қирғизистонга эса муҳим жиҳозларни ҳадя қилди

Карвонсарой

АҚШ ҳукумати 25 октябр куни Ўзбекистонга 273780 доза COVID-19га қарши Pfizer вакцинасини етказиб берди. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси]

АҚШ ҳукумати 25 октябр куни Ўзбекистонга 273780 доза COVID-19га қарши Pfizer вакцинасини етказиб берди. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси]

ТОШКЕНТ – COVID-19га қарши курашда Қўшма Штатларнинг Марказий Осиёга ёрдами сусайгани йўқ.

Душанба (25 октябр) куни АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга 273780 доза Pfizer вакцинасини етказиб берди. Бир ҳафта аввал – 18 октябрда мамлакатга 526500 доза Pfizer вакцинаси келтирилган эди.

Ўзбекистон АҚШдан сентябр ойида 1,2 миллион дозадан ортиқ Pfizer, июл ойида эса 3 миллион дозадан ортиқ Moderna вакциналарини қабул қилган.

«Вакциналаримиз ҳеч бир шартларсиз тақдим этилмоқда», дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблум. «Бу вакциналарни одамлар ҳаётини сақлаб қолиш ва пандемияни тугатишга кўмаклашиш учун улашмоқдамиз.»

19 октябр куни АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Бишкекдаги иккита касалхонага шахсий ҳимоя воситалари ва тиббий жиҳозларни топширган. [Қирғизистондаги АҚШ элчихонаси]

19 октябр куни АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Бишкекдаги иккита касалхонага шахсий ҳимоя воситалари ва тиббий жиҳозларни топширган. [Қирғизистондаги АҚШ элчихонаси]

Дунё мамлакатларига хайрия тариқасида жами 1,1 миллиард COVID-19 вакцинаси ажратган АҚШ COVAX дастури доиарсида қарийб 200 миллиондан ортиқ дозани етказиб берган.

COVAX доирасида шунингдек, қисман АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилган 1,6 миллион доза AstraZeneca вакцинаси бир нечта партияда Ўзбекистонга етказиб берилди.

Қўшма Штатлар COVAXнинг энг йирик донори ҳисобланади.

Бу орада АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) бутун пандемия даврида Ўзбекистон билан COVID-19ни ташхислаш, даволаш ва унга қарши чора кўришни яхшилаш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилди.

Бишкек касалхоналарига ёрдам

Қўшни Қирғизистонда ҳам шу каби янгилик – 19 октябр куни USAID агентлиги Бишкекдаги икки касалхонага шахсий ҳимоя воситалари ва тиббий жиҳозлар етказиб берган.

«Миллий шифохона ва Республика юқумли касалликлар шифохонасига 19 минг жуфт бир марталик қўлқоп, 5 мингта респиратор, 960 та ҳимоя кўзойнаги, 10 минг дона сирпанмайдиган бахиллалар ҳамда беморларни парвариш қилиш учун 50 та юрак стимулятори етказиб берилди», дейилади АҚШ элчихонаси хабарида.

Бу ёрдам пандемияга карши курашда муҳим аҳамият касб этди, дейди Миллий шифохона менежери Токтобай Маанаев.

Август ойида АҚШ элчихонаси Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қиймати 44 минг доллардан ортиқ шахсий ҳимоя воситаларини ҳадя қилган эди.

Июл ойида эса USAID COVID-19 бўйича ортиқча юклама билан ишлаётган Қирғизистоннинг беш касалхонасига замонавий асбоб-ускуналар ва ашёларни тақдим этган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500