Карвонсарой
Дин

Пекин тарафидан машҳур Қуръон иловасининг тақиқланишини қозоғистонликлар ҳам қораламоқда

Ксения Бондал

Хитой мусулмонлари Пекиндаги Нюцзе масжидида Рамазон ҳайити намозини ўқимоқдалар, 13 май. Хитой ҳукумати, айниқса Шинжон вилоятида мусулмонлар байрамларини нишонлашни кескин чеклаган. [Ноэл Селис/AFP]

Хитой мусулмонлари Пекиндаги Нюцзе масжидида Рамазон ҳайити намозини ўқимоқдалар, 13 май. Хитой ҳукумати, айниқса Шинжон вилоятида мусулмонлар байрамларини нишонлашни кескин чеклаган. [Ноэл Селис/AFP]

ОЛМАОТА – Қозоғистонликлар дунё бўйлаб миллионлаб фойдаланувчилар ишончини қозонган Қуръон иловасининг Хитой ҳукумати томонидан ўчириб ташланишини қоралаш кампаниясига қўшилдилар. Таҳлилчилардан бири бу чорани «Хитойнинг исломга қарши сиёсатининг давоми», деб атаган.

Шу ой бошида Apple компанияси Quran Majeed иловасини Хитойдаги App Store дўконидан олиб ташлаб, қарийб миллион фойдаланувчилар учун ўчириб қўйди, деб хабар беради иловани ишлаб чиққан Pakistan Data Management Services (PDMS) компанияси.

PDMSга кўра, Quran Majeed иловаси «бутун дунёда 25 миллиондан ортиқ мусулмонларнинг ишончини қозонган». Аммо, Пекин ҳеч қандай далил келтирмай, иловада ноқонуний диний матнлар борлигини даъво қилган.

PDMSга кўра, бу илова орқали, жумладан Қуръон ўқиш ёки тинглаш, намоз вақтларини билиш, қиблани аниқлаш ҳамда Макка ва Мадинадан жонли видеотасвирларни томоша қилиш мумкин.

Quran Majeed иловасининг рус тилидаги версияси скриншоти. Шу ойда Apple компанияси Пекин босимидан кейин иловани ўз платформасидан олиб ташлаган.

Quran Majeed иловасининг рус тилидаги версияси скриншоти. Шу ойда Apple компанияси Пекин босимидан кейин иловани ўз платформасидан олиб ташлаган.

Хитой зулмининг кенгайиши

Хитой ўз ҳудудида исломни йўқ қилмоқчи, шу сабабли Қуръоннинг муқаддас матнларидан фойдаланишни қийинлаштирмоқда, дейди қозоғистонлик кузатувчилар.

«Мен Quran Majeed иловасини биламан. Унда Қуръон оятлари, байрам ва намоз вақтлари ҳақидаги эслатмалардан бошқа нарса йўқ. Унда шубҳали, қолаверса экстремистик руҳдаги матнлар умуман йўқ», дейди экстремизмнинг олдини олиш бўйича мутахассис, олмаоталик Асилбек Избаиров Карвонсарой нашрига.

Илованинг Хитой ҳудудида ўчирилиши Хитойнинг исломга ва мамлакат ичидаги мусулмонларга нисбатан сиёсатига хос, дейди Избаиров.

«Хитойнинг исломга қарши қатъий сиёсатини «қайта таълим лагерлари» туфайли бутун дунёда яхши билишади», деб айтган у Шинжон вилоятидаги халқаро миқёсда қораланган, миллионлаб уйғурлар ва бошқа мусулмонлар ҳибсда сақланадиган қамоқхоналарни назарда тутиб.

Шинжондаги маҳбуслар орасида этник қозоқлар ва қирғизлар, ҳатто Хитойга қариндошларини кўргани келганида қўлга олинган Қирғизистон ва Қозоғистон фуқаролари ҳам бор.

Совет даврини эслатиш

Қуръон иловасининг суд қарорисиз платформадан олиб ташланиши советча амалиётни эслатади, дейди Избаиров Совет ҳукуматининг судларсиз диний етакчиларни таъқиб қилганини ёдга олиб.

«Хитойда кичик этник гуруҳларни ассимиляция қилиш сиёсати кучаймоқда», дейди у.

Аммо ислом бор экан, «дунганлар ва уйғурлар каби этник гуруҳлар ҳеч қачон ассимиляция бўлмайди», деб башорат қилди у.

Атеистик руҳдаги Хитой коммунистлари йўқ бўлиб кетган советлар каби ислом таклиф қилган муқобил эътиқод тизимини қабул қилмайди, дейди у.

«Улар компартиянинг жамиятдаги илмоний қарашларини қўллаб-қувватлаб, исломни йўқ қилишмоқчи», деб айтган у Хитой режимини назарда тутиб.

«Мафкуравий нуқтаи назардан, Хитой сиёсати диндорларни ахборот манбаидан узиб қўйишдан иборат. Илованинг ўчириб ташланганини шу билан изоҳлаш мумкин», дейди Кўкчатовдаги собиқ экстремистлар билан ишлаш ва уларни реабилитация қилиш бўйича «Акниет» нодавлат ташкилоти раҳбари Рустам Садуев.

Шунингдек, режим Хитой бўйлаб ислом архитектураси рамзларини йўқ қилмоқда ва масжидларда сиёсий таълим олиб боришга буйруқ бермоқда.

Садуев «мусулмонлар учун лагерлар яратилганидан» кейин ҳам уйғурларнинг бош эгмаётганини олқишлади.

«Уйғурлар жим бўлгани йўқ. Улар эътиқод ҳуқуқи учун курашишни бошлади», деди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500