Карвонсарой
Дин

Айрим толибон жангарилари ўз етакчиларидан фарқли равишда мусулмонларга зулм қилаётган Хитойга қарши жиҳодга чақирмоқда

Умар

22 октябр куни Ҳирот шаҳрида қўриқчилик қилаётган Толибон жангарилари. [Умар/Салаам Таймс]

22 октябр куни Ҳирот шаҳрида қўриқчилик қилаётган Толибон жангарилари. [Умар/Салаам Таймс]

ҲИРОТ – Толибон етакчилари маблағ ва халқаро легитимликка эришиш умидида Пекинга тобора яқинлашар экан, гуруҳ аъзолари Афғонистон кўчаларида Хитойнинг Шинжондаги мусулмонларга нисбатан зулми ва оммабоп Қуръон иловасини тақиқлаганига норозилик билдирмоқда.

Ўтган ой Apple Хитойдаги App Store дўконидан Quran Majeed иловасини олиб ташлаб, уни миллионлаб фойдаланувчилар учун ўчириб қўйган.

Компания маълумотларига кўра, «бутун дунёда 25 миллиондан ортиқ мусулмонлар учун ишончли ҳисобланган» бу илова орқали, жумладан Қуръон ўқиш ёки тинглаш, намоз вақтларини билиб бориш, (Макка) қиблани аниқлаш ҳамда Макка ва Мадинадаги жамоат намозларининг жонли видеотасвирларни томоша қилиш мумкин.

Пекин иловани тақиқлаш учун Хитойда интернет орқали китоблар ёки журналларни тарқатишга рухсатнома талаб қиладиган қонунни баҳона ўлароқ қўллаб, мусулмонларни диний эркинликлари ва ҳуқуқларидан маҳрум қилди.

Хитойнинг Шинжон вилояти, Қашғар шаҳридан шимолдаги асосан мусулмон этник озчиликлар вакиллари ҳибсда сақланадиган, Хитой режимининг «қайта тарбиялаш» лагерларидан бири бўлган Артуш шаҳридаги касб-ҳунар таълими маркази. [Грег Бейкер/AFP]

Хитойнинг Шинжон вилояти, Қашғар шаҳридан шимолдаги асосан мусулмон этник озчиликлар вакиллари ҳибсда сақланадиган, Хитой режимининг «қайта тарбиялаш» лагерларидан бири бўлган Артуш шаҳридаги касб-ҳунар таълими маркази. [Грег Бейкер/AFP]

Хитой ғарбидаги Шинжон минтақаси Хотан шаҳридаги бозорда боласини кўтариб турган муслима аёл. Шинжон аёллари ҳомиладорликдан сақловчи воситалар қабул қилишга ёки стерилизацияга, ҳомиладорликни сунъий тўхтатишга, фарзандлари кўп бўлса, катта жарималар тўлашга ва ҳайзни тўхтатувчи дорилар ичишга мажбурланган. [Грег Бейкер/AFP]

Хитой ғарбидаги Шинжон минтақаси Хотан шаҳридаги бозорда боласини кўтариб турган муслима аёл. Шинжон аёллари ҳомиладорликдан сақловчи воситалар қабул қилишга ёки стерилизацияга, ҳомиладорликни сунъий тўхтатишга, фарзандлари кўп бўлса, катта жарималар тўлашга ва ҳайзни тўхтатувчи дорилар ичишга мажбурланган. [Грег Бейкер/AFP]

Мусулмонларни Хитой ҳукуматининг зулми ва шафқатсизлигидан қутқаришнинг энг яхши йўли – ушбу фашист режимга қарши ғалаён кўтариш, дейди Ҳиротдаги Толибон аъзоларидан бир Ҳамза Маҳажир.

Хитой ҳукуматининг Қуръон иловасини тақиқлаши «жиноят ҳисобланади, бутун дунёдаги мусулмонлар бунга тоқат қилмайдилар ва жим турмайдилар», дейди у Толибон раҳбариятининг сукутидан фарқли равишда.

«Хитой мусулмонларнинг эзгуликлари ва муқаддасотларини очиқдан-очиқ ҳақорат қилмоқда, режим эса мусулмон аҳолини таъқиб қиляпти», дейди Маҳажир. «Хитой ҳукуматига қарши жиҳод қилиш вақти келди».

«Бутун дунё мусулмонлари ўз ресурсларини сафарбар этиб, Хитой режимига қарши муқаддас уруш бошлаши керак», деди у. «Хитой коммунистик режимини бостириш учун куч ишлатмас эканмиз, бу мамлакат ҳеч қачон мусулмон аҳолига қарши шафқатсиз жиноятлар содир этишдан тўхтамайди».

Хитой режимининг [мамлакатдаги] мусулмонларга нисбатан ваҳшийликлари ва қийноқларини олдини олишдаги энг яхши қурол жиҳод уюштириш», деб қўшимча қилди у.

Кўплаб Толибон жангарилари орасида ҳукмрон бўлган бу кайфият Хитойнинг Шинжондаги мусулмонларга нисбатан зулмига эътибор бермасликка тайёрлигини намойиш этган гуруҳ раҳбариятиникидан кескин фарқ қилади. Ҳуқуқбон ташкилотлар, Ғарб давлатлари ва кўплаб мусулмонлар Хитойнинг бу хатти-ҳаракатларини геноцид деб баҳолаган.

Хитой истибдоди

Аксар аҳолиси мусулмонлардан иборат Шинжон вилоятида Хитой ҳукумати бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа мусулмонлар, жумладан этник қозоқ ва қирғизларни «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерлари, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган 400 га яқин муассасаларда сақлаб келмоқда.

Яна миллионлаб одамлар қатъий кузатув ва назорат остида яшамоқда.

Мустақил терговлар ва собиқ маҳбуслар билан ўтказилган суҳбатларда жисмоний ва руҳий қийноқлар, онгни заҳарлаш, мунтазам зўрлашлар, муслима аёлларнинг мажбурий бичилиши, тана аъзоларини мажбуран олиш, жинсий таҳқирлаш ва бошқа даҳшатли амалиётлар тилга олинган.

Ҳиротдаги Толибонлардан бири Ҳамидулла Ғафорийнинг айтишича, Хитой режими мусулмонларнинг душмани бўлган ва ўз тарихи давомида мусулмон аҳолига нисбатан мудҳиш ёвузликлар содир этиб келган.

«Хитой ҳукумати муслима аёллар фарзанд кўрмаслиги учун уларни стерилизация қилмоқда. У мамлакатда исломни йўқотиш бўйича узоқ муддатли мақсадига эришиш йўлида мусулмонларни қирғин қилишда давом этмоқда».

Хитой ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан зулмига қарши бош кўтариш ва келажакда мусулмонларнинг қийноқларга дучор бўлишига йўл қўймаслик барча мусулмонлар учун фарз, дейди Ғафарий.

У Хитой ҳукуматининг мусулмонларга қарши истибдоди давом этса, барча мусулмонлар бош кўтариб, унга қарши ҳаракат қилишлари ҳақида огоҳлантирди.

Хитой мусулмонлари ўз ҳукуматига қарши туриб, ҳуқуқ ва диний имтиёзлари учун курашишда бор имкониятларини ишга солишлари керак, деди Толибон ҳаракатининг Ҳиротдаги яна бир аъзоси Умар Мутасим.

«Биз Хитой ҳукуматини ўз мамлакатидаги мусулмонларга зулм қилиш ва таҳқирлашни бас қилишга чақирамиз; акс ҳолда улар бутун дунё мусулмонларининг исёнига дуч келишади», деди у.

Хитой билан дўстлашиш «мумкин эмас»

Диний уламолар Хитойда мусулмонларнинг диний эркинликларини рад этиш давом этаётгани ва Қуръони Мажид иловасининг тақиқланганига жавобан, мусулмон давлатларининг Хитой режими билан дўстлашиши жоиз эмаслигини эълон қилган.

«Хитой Халқ Республикаси мусулмонларни куч билан... ҳибсхоналарда сақлаб, шафқатсиз қийноққа солмоқда», дейди Ҳиротлик дин арбобларидан бири Мавлавий Эҳсануллоҳ Ҳидоят. «Бу зулмга чек қўйилиши, Хитой мусулмонлари ҳам бошқа инсонлар каби оддий ҳаёт кечиришлари керак».

У барча мусулмон давлатларини Хитой билан алоқаларни узишга ва Хитой ҳукуматининг таъқиблари ва адолатсизликларини тўхтатиш йўлида бирлашишга чақирди.

«Қўли мусулмонлар қонига ботган ҳукумат билан дўстлашиш ва яқинлашиш мумкин эмас», деди Ҳидоят.

Хитой ҳукумати мусулмонларга нисбатан энг аёвсиз ва ноинсоний жазоларни қўлламоқда, деди Бодғис вилояти маркази Қалъаи-Нав шаҳридаги диний уламо Мавлоно Халил Аҳмад Ниёзий.

Унинг айтишича, «уйғур мусулмонларини ўлдириш, жинсий эксплуатация қилиш, қийноққа солиш ва мажбуран кўчиришда иштирок этаётган Хитой ҳукумати билан ислом давлатларининг дўстлиги гуноҳи кабирадир».

«Уйғур мусулмонлари асосий инсон ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб турган бир пайтдаХитой ҳукумати ислом мамлакатлари билан дўстлик ўрнатишга интилмоқда», деди Ниёзий. «Биз барча ислом мамлакатларини мусулмон аҳолига зулм қилмаслик учун Хитойга босим ўтказишга чақирамиз».

Хитой масаласидаги сукут

Аксар мусулмон давлатларининг сукути ва Хитой режимининг уйғур мусулмонларига нисбатан зулмини қоралашдан бош тортиши кечиримли эмас, дейди Ҳиротлик Жамшид Ализода.

Ализодага кўра, Толибон ва Эрон режимининг Хитой ҳукумати томонидан мусулмонлар қирғинига сукут сақлаши шубҳали, чунки уларнинг иккови ҳам исломий ҳукуматга эга эканини ва бутун дунё мусулмонларни қўллаб-қувватлашини даъво қилади.

«Ислом амирлиги Хитойнинг арзимас гуманитар ёрдамини қабул қилмаслиги ва [Афғонистон билан] яхши муносабатларга эга бўлиш учун бундан кейин Хитой мусулмонлари ҳуқуқларини поймол қилмасликка кафолат бериши керак», деди Ализода.

Нимрўз вилояти маркази Заранж шаҳрида истиқомат қилувчи Файз Муҳаммад Какар ҳам мусулмон давлатларининг сукутидан ғазабда эканини айтади.

«Мен барча ислом мамлакатларини турли ташкилотлар, жумладан, БМТда чиқиш қилишга, мустабид Хитой ҳукуматининг зулми ва адолатсизлигига қарши зудлик билан чора кўришга чақираман», деди у.

«Биз Ислом амирлигининг баралла овоз билан Хитойдаги бегуноҳ мусулмон жамоасини қўллаб-қувватлашини кутгандик, аммо афсуски у сукут сақламоқда », деди Какар.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россиянинг қулаши ортидан қулаш навбати инсониятнинг биринчи рақамли душмани Хитойга келади. Чунки Иброҳимий динларга эргашган барча халқлар мавжудлигининг ўзаги – ахлоқ ва инсонийлик улар учун бегонадир. Атеистлар инсониятнинг маънавиятсиз ва тубан қатламидир.

Жавоб бериш