Карвонсарой
Атроф-муҳит

Кўмир ишлаб чиқариш ҳажмини ошираётган Хитой раҳбари Си иқлим бўйича муҳим саммитда иштирок этмади

Карвонсарой ва AFP

3 ноябр куни Шанси вилояти Датун шаҳридаги кўмир электростанцияси олдида ҳилпираб турган Хитой миллий байроқлари. [Ноэл Селис/AFP]

3 ноябр куни Шанси вилояти Датун шаҳридаги кўмир электростанцияси олдида ҳилпираб турган Хитой миллий байроқлари. [Ноэл Селис/AFP]

ПЕКИН – Дунё мамлакатлари етакчилари бу ҳафта Глазгода (Шотландия) иқлим ўзгаришини тўхтатиш чораларини муҳокама қилиш учун йиғилган бир пайтда, Хитой ўзининг атроф-муҳитга таъсирини инобатга олмай, энергия эҳтиёжларини қондириш йўлида кўмир ишлаб чиқаришни оширмоқда.

Шу билан бир вақтда, ХХР раиси Си Цзинпин Хитойда қолиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) иқлим ўзгариши бўйича (COP26) саммитида иштирок этмасликка қарор қилган.

Дунёнинг энг йирик кўмир импортчиси сўнгги ойларда қатъий ҳаво чиқиндилар кўрсаткичлари ва қазиб олинадиган ёқилғининг қимматлашуви туфайли таъминот занжирларини тўхтатиб қўйган ялпи электр узилишлари билан курашди.

Маҳаллий кўмир қазиб олиш ҳажмининг оширилиши энергия инқирозига барҳам бера бошлаган.

3 ноябр куни Шанси вилоятининг Датун шаҳридаги кон яқинида кўмир саралаётган ишчилар. Хитой конлар хавфсизлиги бўйича миллий бошқармасининг 21 октябр кунги хабарига кўра, сўнгги тўрт ҳафта ичида юз берган 10 та бахтсиз ҳодиса натижасида асосан кўмир конларида 18 ишчи ҳаётдан кўз юмган. [Ноэл Селис/AFP]

3 ноябр куни Шанси вилоятининг Датун шаҳридаги кон яқинида кўмир саралаётган ишчилар. Хитой конлар хавфсизлиги бўйича миллий бошқармасининг 21 октябр кунги хабарига кўра, сўнгги тўрт ҳафта ичида юз берган 10 та бахтсиз ҳодиса натижасида асосан кўмир конларида 18 ишчи ҳаётдан кўз юмган. [Ноэл Селис/AFP]

Глазгодаги БМТ иқлим саммитининг (COP26) учинчи кунида Ҳаракатлар зонасида ўтирган делегатлар, 3 ноябр. [Пол Эллис/AFP]

Глазгодаги БМТ иқлим саммитининг (COP26) учинчи кунида Ҳаракатлар зонасида ўтирган делегатлар, 3 ноябр. [Пол Эллис/AFP]

Бироқ, ёпилган кўмир конларини қайта очиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш атроф-муҳитнинг ифлосланиши, глобал исиш ва Хитойдаги 2,6 миллион нафар кончиларининг саломатлиги ва хавфсизлигига ҳалокатли таъсир кўрсатади, деб огоҳлантиради экспертлар.

Кўмир билан боғлиқ иқлим ўзгаришлари

Тадқиқотларга кўра, кўмир ёқиш инсоният фаолияти таъсиридаги иқлим ўзгаришининг энг асосий сабабидир.

Global Carbon Project консорциумининг пайшанба (4 ноябр) куни эълон қилинган йиллик ҳисоботига кўра, Хитойда ҳукумат томонидан рағбатлантирилган иқтисодий ўсиш оқибатида бу йил ҳаво чиқиндилари ҳажми ўтган йилги пандемиядан таъсирланмаган 2019 йилга нисбатан 5,5 фоизга ўсади.

Бу йилги глобал ҳаво чиқиндиларнинг 31 фоизи Хитой улушига тўғри келади.

2021 йилда Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқининг эмиссияси мос равишда 3,7% ва 4,2% га камаяди ва уларнинг глобал эмиссиядаги улуши 14% ва 7% ни ташкил қилади.

Ҳисоботда таъкидланишича, кўмир – дунё миқёсида ҳаво чиқиндиларини қанчалик тез камайтириш мумкинлигини аниқлайдиган ноаниқ омил бўлиб қолмоқда.

Бутун дунёда декарбонизация – асосан қазиб олинадиган ёқилғидан қайта тикланадиган турларига ўтиш – энергияга бўлган талабдан юқори бўлиб, чиқиндилар ҳажмини оширишда давом этяпти.

«Гап асосан кўмир ҳақида кетмоқда», дейди ҳисобот ҳаммуаллифи, Британиядаги Шарқий Англия университетининг иқлим ўзгариши фани профессори Коррин Ле Керр. «Катта ноаниқликлар айнан шу ерда.»

Аммо ҳисоботда ижобий сигналлар ҳам йўқ эмас.

Сўнгги ўн йил ичида глобал эмиссиянинг чорак улушига эга йигирма уч мамлакат – жумладан АҚШ, Япония, Германия, Франция ва Буюк Британия бир вақтнинг ўзида кучли иқтисодий ўсиш ва эмиссиянинг сезиларли даражада пасайишини намойиш этиб, бу икковини бир-биридан ажратиш мумкинлигини намойиш этган.

«Бундан кўриниб турибдики, мазкур мамлакатлар бунинг йўлини биладилар ва буни амалга ошириш мумкинлигини кўрсатмоқдалар», деди Ле Керр.

Аммо Хитой кўмирдан тўлақонли фойдаланишда давом этмоқда.

Мамлакатнинг иқтисодий режалаштириш бўйича олий органи бўлган Тараққиёт ва ислоҳотлар миллий комиссияси (МТИК) маълумотларига кўра, сўнгги бир неча ҳафта ичида Хитой кунлик кўмир қазиб олишни бир миллион тоннадан кўпроққа оширган.

МТИКнинг 31 октябр кунги хабарига кўра, ўртача кунлик кўмир қазиб олиш ҳажми октябр ойи ўрталаридан бери 11,5 миллион тоннадан ошган – бу сентябр ойи охирига нисбатан 1,1 миллион тоннага кўп.

Етакчилик мавжуд эмас

Ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши 200 га яқин дунё лидерлари Си иштирокисиз COP26 саммитида глобал иссиқхона газлари эмиссиясини ҳал қилиш учун тўпланиши ортидан кузатилган.

Сайёрани қиздирувчи газлар миқдори бўйича дунёда биринчи ўринда турадиган Си раҳбарлигидаги мамлакат саммитда иштирок этиш ўринга ёзма баёнот тақдим этиб, бошқа жаҳон етакчиларининг норозилигини келтириб чиқарган.

«Очиғини айтганда, Хитойнинг келмагани катта хато бўлди», деди АҚШ президенти Жо Байден Глазгодан жўнаб кетиш арафасида журналистларга. «Бутун дунё Хитойга қараб, «улар қандай фойда келтиряпти?» деган саволни берди.»

«Бу жуда катта муаммо, улар эса бундан қочишди», деди у. «Шундай қила туриб, яна етакчиликка даъво қиласизми?»

Си 2020 йил бошида COVID-19 пандемияси бошланганидан бери Хитойдан ташқарига чиқмаган.

COP26 саммити 2015 йилда имзоланган Париж келишуви учун муҳим ҳисобланади, унга кўра давлатлар глобал ҳароратни 2°C даражадан «сезиларли пасайтириш» ва хавфсиз чегарада ушлаб туришга келишиб олганлар.

Иқлимга оид 13 келишув имзоланган сешанба кунги саммитда 100 га яқин давлат АҚШ ва Европа иттифоқи билан биргаликда жорий ўн йилликда кучли иссиқхона гази ҳисобланган метан эмиссиясини камида 30 фоизга камайтиришга оид ташаббусга қўшилган.

Аммо, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва Австралия каби асосий эмитентлар бу ҳужжатни имзоламаган.

Россия эмиссия бўйича дунёда тўртинчи ўринда эса-да, саёҳатларга чиқиб турадиган Россия президенти Владимир Путин COP26 саммитида иштирок этмаган.

«Унинг тундралари ёняпти, том маънода тундра ёняпти», деб айтган Байден Путин ҳақида. «Унинг иқлимга оид ўта жиддий муаммолари бор, у эса нимадир қилиш борасида сукут сақлаяпти.»

Бажарилиши қийин ваъдалар

Хитой ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Ван Венбин Сининг саммитда иштирок этмаслик қарорини қўллаб-қувватлади.

«Амаллар сўзлардан баландроқ жаранглайди», деб айтган у чоршанба куни.

Саммитдан бир неча кун аввал Пекин 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш ва эмиссия шиддати – иқтисодий маҳсулот бирлигига эмиссия миқдорини 65 фоизга камайтириш мақсадини тасдиқловчи иқлим бўйича янги режани БМТга тақдим этган.

Си 2026 йилдан бошлаб кўмирдан фойдаланишни «камайтиришга» ва 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришишга ваъда берган эди.

Улкан ваъдаларга қарамай, Хитой мамлакат бўйлаб 60 дан ортиқ жойда кўмир электростанциялари барпо этмоқда, ўнлаб тўхтаб қолган заводлар эса қайта очилган ёки ишлаб чиқаришни кенгайтирган.

Хитой 60 фоиз энергияни кўмирдан олади. Қўшма Штатларда эса бу кўрсаткич 19 фоизни ташкил этади, деб хабар берган АҚШ энергетика вазирлиги.

Ўтган йили Хитойда кўмир иншоотлари қуввати 38,4 Гигаваттга ошди, бу дунёнинг бошқа жойларида барпо этилганидан уч марта кўп, деб хабар беради дунё бўйлаб қазиб олинадиган ёқилғи лойиҳаларини кузатиб борувчи АҚШдаги Глобал энергетика мониторинги (GEM) ташкилоти.

«Кўмир истеъмолининг янгиланиши иқлимга оид қисқа ва узоқ муддатли мақсадларга путур етказади», дейди GEM кўмир дастури раҳбари Кристин Ширер.

Кучайиб бораётган босим

Пекинга нисбатан босим кучайиб бормоқда.

Август ойи бошларида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро кенгаши (IPCC) 2030 йилларга бориб, глобал исиш кўрсаткичи саноатлаштириш давридагидан 1,5 даражага ошиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Глобал исишнинг бундай даражада юқорилаши инсоният учун ёнғинлар, тўфонлар, қурғоқчилик ва тошқинлар каби таҳдидларни пайдо қилади.

195 мамлакат томонидан тасдиқланган ҳушёр торттирувчи ҳисобот йиллар давомида иқлим ўзгариши ҳаётга таҳдид эканига оид жуда кўп далилларга қарши курашаётган давлатларни юзага чиқарган.

Бу рўйхатда энг юқори поғона Хитойга тегишли.

Хитой эмиссия бўйича мақсадларга эришиши учун, 2050 йилгача энергиянинг 90 фоизи ядровий ва қайта тикланувчи манбалардан олиниши керак, деб айтган Пекиндаги Цинхуа университети тадқиқотчилари.

Айни вақтда бу рақам 15 фоизни ташкил қилади.

Дунёда ўрнатилган шамол ва қуёш энергетикаси иншоотларининг учдан бир қисмидан кўпроғи Хитойда жойлашган, қайта тикланадиган энергия манбалари ишлаб чиқарган электр қуввати эса кўмирникига нисбатан арзонроқ.

«Кўмир лоббисининг босими туфайли коммунал хизмат кўрсатиш компаниялари сотиб олинадиган яшил энергия улушини оширишга шошилмаяпти», дейди Американинг иқлимни ҳимоя қилиш гуруҳи, Ресурсларни ҳимоя қилиш миллий кенгашининг Хитой энергетика сиёсати тадқиқотчиси Хан Чен.

«Шу боис саноатга кириб келаётган барча инвестицияларга қарамай, қайта тикланадиган энергия манбалари Хитой энергетика балансининг 15 фоизини ташкил этмоқда.»

«Янги IPCC ҳисоботи ўқув машғулоти эмас, балки бўш ваъдалардан иборат пуфак ёрилишига оз қолгани ҳақида огоҳлантириш», дейди Даккадаги Иқлим ўзгариши ва тараққиёт халқаро маркази раҳбари Салимул Ҳуқ.

«Ишни ортга суриш ўз жонига қасд қилиш билан тенг ва иқтисодий жиҳатдан норационал.»

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500