ОЛМАОТА – Россиянинг Европага табиий газ етказиб беришдан ўз геосиёсий мақсадларини амалга ошириш воситаси сифатида фойдаланиши Марказий Осиёдаги кузатувчилар эътиборига тушган.
Молдова ва Россиянинг энергетика гиганти «Газпром» 29 октябр куни Москва нархларни оширганидан сўнг жиддий танқисликка дуч келган собиқ совет мамлакатига газ етказиб беришга оид келишувни узайтирганини маълум қилди.
Янги беш йиллик келишувга кўра, октябр ойида «Газпром»га қисқа муддат давомида тўланган 1000 куб метр учун 800 долларлик нархдан анча пастроқ ставка белгиланган.
Бу баёнот Россиянинг Ғарбга мойиллик сиёсатидан воз кечиши учун Молдовага босим ўтказишда айблангани ортидан эълон қилинган.
Кремл назоратидаги энергетика гиганти «Газпром» ва Молдованинг ягона газ таъминоти компанияси қишки мавсум олдидан ночор мамлакат учун нархларни оширгач, Кишинёв жиддий газ танқислиги сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.
28 октябр куни Европа Иттифоқи (ЕИ) бош дипломати Хосеп Боррел Россияни газдан Молдовага қарши «геосиёсий қурол» сифатида фойдаланишда айблар экан, Молдованинг ғарбга мойил ҳукуматини инқирозни ҳал қилишда қўллаб-қувватлашга ваъда берди, деб ёзади AFP.
«Биз «Газпром»нинг газ нархини пасайтириш ўрнига сиёсий босим ўтказишга уринаётганини кўряпмиз», деб айтган Молдова бош вазири Наталя Гаврилица билан Брюсселда учрашган Боррел Европа Иттифоқи баёнотига кўра.
«Газ сотиб олинадиган ва сотиладиган маҳсулот, уни геосиёсий қурол сифатида қўллаш мумкин эмас», деди у.
Кремл бу масаланинг «мутлақо тижорий» эканлигини даъво қилар экан, июл ойида бўлиб ўтган сайловлардан сўнг Гаврилица ЕИ билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга ваъда бериши ортидан постсовет Молдовани ўз ҳукмронлиги остига қайтариш учун энергетик қудратидан фойдаланаётганини инкор этган.
Аммо «Газпром» расмийлари Молдова Европа Иттифоқи билан эркин савдо шартномасидан воз кечишга, Брюссел билан келишилган энергетика бозори ислоҳотларини тўхтатишга ва Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) қўшилишга рози бўлса, газни арзонроқ қилиб беришларини айтганлар, деб ёзади Financial Times. Нашр бу ҳақда 26 октябр куни музокаралардан хабардор аноним манбаларга таяниб хабар берди.
«Газ тажовузи»
Европа Москвани қитъадаги энергетик инқирозни кучайтирганликда ҳам айбламоқда – сўнгги ҳафталарда пандемия чекловлари юмшатилганидан кейин мамлакатлар иқтисоди ўсиб бораётгани сабабли газ нархи янги рекордни қайд этган.
Украина президенти Володимир Зеленский 22 октябр куни Москвани Европада энергетик инқироз келтириб чиқаришда айблади ва Россиянинг «газ тажовузига» қарши курашда Европа Иттифоқини Киев билан ҳамкорлик қилишга чақирди.
«Бу Европа Иттифоқига қарши ҳақиқий газ тажовузидир», деб айтган Зеленский AFPга берган ёзма изоҳида. У Европанинг «қўшма саъй-ҳаракатлар учун мислсиз эҳтиёжи» борлигини таъкидлаб, муаммоларга ечим топишда Брюсселни Киев билан ишлашга ундаган.
Кремл бундай тактикани илк марта қўллаётгани йўқ.
2006 йил 22 январда Грузиянинг ўша вақтдаги президенти Михаил Саакашвили Шимолий Осетиядаги Моздок-Тбилиси табиий газ қувурида юз берган ва мамлакатга газ таъминотини узиб қўйган икки портлашда Кремлни айблаб чиққан эди.
Россия Грузияни ўзининг ички газ қувурлари тармоғига эгалик ҳуқуқини Москвага топширишга мажбурлаш учун атайин газ таъминотини узди ва бу ишни Грузияда йилнинг энг совуқ вақтига тўғрилади, деган эди у.
Қувур таъмирланган, аммо бу воқеадан кейин Грузия Озарбайжонни жалб қилган ҳолда, ўзининг газ манбаларини диверсификация қилган.
Марказий Осиёликлар хавотири
Марказий Осиё, хусусан, ЕОИИ давлатлари – Қозоғистон ва Қирғизистондаги кузатувчилар Россия ўзининг муросасиз газ сиёсатини уларнинг мамлакатига нисбатан ҳам қўллаши мумкинлигидан ташвишда.
ЕОИИ аъзолари Россия билан яқин энергетик алоқаларга эга ва Кремл ҳукмронлигидаги савдо блокига аъзолик туфайли ноқулайликларга дуч келишмоқда.
Газ саноати бутунлай Россия назоратида бўлган Қирғизистон аллақачон Кремлга қарамликни бошдан ўтказиб улгурган.
Пандемия авж олган 2020 йилнинг баҳорида Қирғизистонда табиий газ нархлари ошди, бу вақтда бутун дунё бўйлаб нефт ва газ нархлари кескин тушиб кетди, натижада айрим депутатлар мамлакатнинг «Газпром» билан келишувини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлдилар.
Келишувга асосан газ нархлари АҚШ долларида белгиланган, бу Қирғизистонни доллар курсининг ошишидан ҳимоясиз қилиб қўяди, деган эди 2020 йил апрел ойида ўша вақтдаги бош вазир ўринбосари Эркин Асрандиев.
«Биз бу масалани ЕОИИ доирасида муҳокама қиляпмиз. Нефт ва газга миллий валютада пул тўлаш масаласи кўриб чиқилмоқда», деб айтган у ўша вақтдаги парламент мажлисида.
Аммо, Газпром ҳали ҳам «Қирғизистонга газни энг қиммат нархда сотяпти», деб айтган таҳлилчи Шайирбек Маматокторов Озод Европа/Озодлик радиосининг (RFE/RL) қирғиз хизматига.
«Россиянинг «Газпроми» Ўзбекистондан 1000 куб метр газни 120 АҚШ долларига сотиб олади ва 250 АҚШ долларига сотади. Таққослаш учун, ЕОИИга аъзоси бўлмаган Тожикистон Ўзбекистон билан шартнома тузган ва газни 120 АҚШ долларидан олмоқда», деб айтган Маматокторов 2020 йил апрелда.
Бу орада глобал бозорда табиий газнинг нархи 75 АҚШ долларига тушиб кетган, деб таъкидлаган у.
«Иттифоқчилик ва ҳамкорлик ҳақида қандай гап бўлиши мумкин?» деб савол берган у.
2013 йил июл бошида Бишкек давлат тасарруфидаги «Қирғизгаз» газ тақсимлаш компаниясини банкротдан сақлаб қолиш ва табиий газга бўлган ички талабни қондириш мақсадида уни рамзий 1 АҚШ доллари эвазига «Газпром»га сотган эди.
Кўпчилик бу чорани Москванинг Ўзбекистон ва Қозоғистон ўрнига Россия газига қарам бўлишни бошлаган Қирғизистонда ўз таъсирини кучайтиришга уриниши ўлароқ баҳолади.
Газпромнинг 2020 йил учун Қирғизистондаги нарх сиёсати ва Молдованинг айни дамдаги вазияти энергетика соҳасидаги қарамликнинг даҳшатли оқибатларини акс эттиради, дейди бишкеклик иқтисодчи Элмира Суранчиева.
«Бу нимани билдиради? Агар «итоатсиз ва қайсар бўлсангиз», Россия қаҳратон қиш вақтида сизни иссиқлик қувватисиз қолдириши мумкин», дейди Суранчиева Карвонсарой нашрига.
«Навбатдаги Молдова»
Шунингдек, Россия Қозоғистонга электр қувватини қимматлаштирилган нархда экспорт қилиш орқали фойда кўришга уринмоқда.
Россиянинг электр қувватини экспорт ва импорт қилиш билан шуғулланувчи давлат бошқарувидаги «Интер РАО» компанияси раҳбари Александра Панина 28 октябр куни ноябр ойида Қозоғистонга электр қувватини Қозоғистон одатда тўлайдиган нархдан қимматроққа сотиш режалаштирилганини айтди.
Қозоғистон қонунчилиги агар электр қуввати етказиб беришда танқислик мавжуд бўлмаса, уни импорт қилишни тақиқлайди.
Аммо, тақиқланишдан хавотирга тушиб, Хитойдан Қозоғистонга кўчиб ўтган биткоин майнинг фермалари кўпайгани сабабли электр қуввати истеъмоли ҳам ошган. Панинага кўра, нархнинг ошгани шу билан изоҳланади.
Қозоғистон билан музокаралар аллақачон олиб борилмоқда, деб айтган Панина. Нур-Султон бу борада ҳеч қандай баёнот бермаган.
Яқин келажакда Қозоғистон Россияга энергетик қарамликка тушиб қолиш хавфи остида бўлмаса ҳам, ҳукумат ўз статус-квосини сақлаб қолишга ҳаракат қилиши керак ва давлатнинг энергетик мустақиллигини кафотлашлаши зарур, деб айтган Қозоғистондаги нефть-газ саноатига бағишланган «Оқимдаги энергия» китоби муаллифи, олмаоталик журналист Танат Кожманов.
«Москва барча воситалардан, жумладан газдан ҳам ўз геосиёсий манфаати доирасидаги давлатлар устидан таъсирини кучайтириш ва қайта тиклаш учун фойданаётгани ҳеч кимга сир эмас», дейди Кожманов.
«Биз навбатдаги Молдовага айланиб қолмаслигимиз керак.»