Карвонсарой
Жамият

Кремлга алоқадор банкнинг тилга ҳурматсизлиги қозоғистонликларнинг эътирозига учради

Канат Алтинбаев

20 октябр куни Туркистондаги банкоматда Сбербанк мижозларига қозоқ тилини танламаслик тавсия этилган билдиришнома. [Мурат Абенов/Facebook]

20 октябр куни Туркистондаги банкоматда Сбербанк мижозларига қозоқ тилини танламаслик тавсия этилган билдиришнома. [Мурат Абенов/Facebook]

ОЛМАОТА – Қозоғистондаги банкоматлардан бирининг интернетда тарқалиб кетган суратлари туфайли Россияга қарашли «Сбербанк» давлат тилига ҳурматсизлиги учун танқидлар остида қолди.

Қозоғистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш коалицияси раиси, Нур-Султонлик Мурат Абенов 20 октябр куни Facebook тармоғига Туркистондаги «Сбербанк» банкомати суратини жойлаган.

Банкоматга қозоқ тилида «Қозоқ тилини танламанг, банкомат ишламайди» деб ёзилган қоғоз ёпиштирилган.

«Сбербанкнинг Қозоғистонга муносабати», деб ёзади таълим ва фан вазирининг собиқ ўринбосари Абенов.

2020 йил 13 октябрда олинган сурат: Петропавловскдаги банкоматнинг қозоқ тилидаги тушунарсиз менюси. [Ербакит Амантайули/Facebook]

2020 йил 13 октябрда олинган сурат: Петропавловскдаги банкоматнинг қозоқ тилидаги тушунарсиз менюси. [Ербакит Амантайули/Facebook]

Бу постга юзлаб қозоғистонликлар «Сбербанк» қозоқзабон мижозларни ўзлари учун таниш она тилда банк хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилганидан ғазабланиб муносабат билдиришган.

Бу сурат Россиянинг Қозоғистондаги миллий ўзликни англаш жараёнини ёқтирмаслигининг «рамзи», дейди HAQ («Халыққа Адал Қызмет») жамоатчилик ҳаракати раҳбари, олмаоталик Тоғжан Кожалиева.

«Бу – «Сбербанк» бошқарувчиларининг қозоғистонлик мижозларга муносабати. Улар банкоматга бундай ёзувлар илмай, уни тузатиб қўйишлари мумкин эди. Бу тилга нисбатан ҳурматсизлик», деди Кожалиева Карвонсаройга.

Агар «Сбербанк» банкоматларида рус тилида муаммо чиққанида, бир кунда тузатиб қўйган бўлишарди, деди Кожалиева.

«Муаммо шундаки, қозоқ тилига иккинчи даражали тил сифатида қаралади ва Россия шундай бўлиб қолишини истаяпти», дейди у.

Қозоғистон Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири маслаҳатчиси Максим Рожин ҳам «Сбербанк»нинг тилга нисбатан ҳурматсизлигини танқид қилди.

«Қозоғистонда рус тилини яхши билмайдиган фуқаролар бор. Бу уларга хизмат кўрсатмайсиз деганими?», деб ёзиб қолдирган у Абеновнинг Facebook тармоғига жойлаган сурати остида.

«Бу одатий эмас, балки истисноли ҳолат деб умид қиламан. Компаниянгиз давлат тили – қозоқ тилини қатъий ҳурмат қилади, деб ишонаман», деб айтган Рожин.

Шубҳали АТ

Шундай бўлса-да, бу «Сбербанк» банкоматлари билан боғлиқ биринчи шикоят эмас.

2020 йил октябрда ҳам шу каби ҳолат юз берган – «Солтүстік Қазақстан» (Шимолий Қозоғистон) вилоят газетаси бош муҳаррири, петропавловсклик Ербакит Амантайули ўзининг Facebook саҳифасида маҳаллий «Сбербанк» банкомати менюси суратини чоп этган – ундаги қозоқча сўзларнинг аксариятида грамматик хатолар ёки ҳарфлар ўрнига тушунарсиз белгилар бўлган.

«Сбербанкда кимдир борми? Бу ҳарфлар нимани англатишини тушунтириб беришсин. Улар на лотин ва на кирилл имлосида. Банкоматдан фойдаланиш учун одатда қозоқ тилини танлайман, аммо бугун сўзларни тушуна олмаганим учун муаммога дуч келдим», деб ёзган Амантайули.

Ҳеч ким меню матнини тўғирлаб қўймаган.

«Бундай муаммони бир кунда ҳал қилиш мумкин. Аммо «Сбербанк» учун бу муҳим эмас кўринади», дейди бошқа банкнинг АТ менежери, олмаоталик Асхат Бакетаев. У Карвонсаройдан ўзи ишлайдиган банкни очиқламасликни илтимос қилди.

«Одатда, бошқа мамлакатда ишлаётган ва хизмат кўрсатаётган бўлсангиз, маҳаллий аҳоли билан унинг она тилида мулоқот қилишингиз керак. «Сбербанк» билан боғлиқ ҳолат эса ноодатий», дейди у.

Бакетаевга кўра, Қозоғистон ҳукумати миллий электрон платформани ишлаб чиқишни «Сбербанк»ка топширгани шубҳали.

Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин ва «Сбербанк» бош директори Герман Греф 3 сентябр куни Қозоғистоннинг рақамли трансформацияси бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашган.

Меморандум доирасида Кремл билан яқин алоқаларга эга «Сбер» гуруҳи Қозоғистон электрон ҳукумати (egov.kz) веб-сайтинининг рақамли платформасини ишлаб чиқиши кутилмоқда.

Келишув доирасида «Сбер» барча ҳукумат идоралари маълумотлар базасини ягона платформага улайди.

Қозоғистонликлар Санкт-Петербургдаги Интернет тадқиқот агентлиги (IRA) каби Россия ҳукумати қўлловидаги хакерларнинг ёмон ном чиқаргани ҳамда Россия ҳукумати қозоғистонликларнинг шахсий маълумотларидан фойдалана олиши имкониятини ҳисобга олган ҳолда бу келишувдан хавотирда.

«Бу Қозоғистон суверенитетигига таҳдид солиши мумкин», деб айтган Бакетаев.

«Ҳукумат хизматлари GovTech орқали тақдим этилади, бу эса барча АТ тизимлари ва ҳукумат маълумотларига уланишни талаб этади, бу стратегик муҳим маълумотлар», дейди Azimut Solutions Group бош директори, олмаоталик Еркегали Машир Карвонсарой нашрига.

«Шунинг учун ҳам бу лойиҳа хорижлик дастурий таъминот ишлаб чиқувчилар томонидан амалга оширилишига шубҳа билан қарайман», дейди Машир.

«Москва диққат билан кузатмоқда»

Қозоқ тили муаммоларини кўтариб чиққанлар Россия ҳукумати томонидан босимга учраши эҳтимоли мавжуд вақтда бундай махфийлик масалалари айниқса муҳим.

Август ойида қозоқ тили фаолларидан бири Куат Аҳмедов Қозоғистон шаҳарларидаги жамоат жойларида суратга олинган туркум видеолавҳалар чиқариб, уларда мижозларга қозоқ тилида хизмат кўрсатилмаётганига эътибор қаратган эди.

Натижада Россиялик сиёсатчилар Қозоғистон ҳукуматидан «ушбу жайдари миллатчиларнинг шармандали қилмишларига баҳо беришини» талаб қилган, Кремл назорати остидаги ОАВ эса қозоғистонлик фаолларни ҳақоратлаган.

ОАВ хабарига кўра, Қозоғистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган Аҳмедов ҳозирда Киевда яшамоқда.

Россия ҳукуматининг ўзи этник нафрат деб атаган хатти-ҳаракатлар ҳақида огоҳлантириб келган.

Россия ташқи ишлари вакили Мария Захарова ўтган чоршанба куни Россиянинг Lenta.ru веб-сайтига берган интервюсида «Москва Қозоғистондаги этник тоқатсизликларни диққат билан кузатиб бораётганини» айтиб ўтган.

«Тил патруллари Қозоғистон ҳукумати томонидан жазоланмасдан қолмайди», деб айтган Захарова қозоқ тилида гапирмайдиган ёки ёзмайдиган ташкилотлар, ҳукумат идоралари ва уларнинг ходимлари айбини агрессив тарзда кузатиб борувчи Аҳмедов каби қозоғистонликларни назарда тутиб.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Сбербанкка ёқмаса, уйига бориб, ўша ерда ўз шартларини ўрнацин. Бу Жириклар, Милоновлар ва Михеевлар, Журавлевларнинг ҳаммаси жонга тегди.

Жавоб бериш