Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Беларусдаги ноумид мигрантлар Россиянинг геосиёсий ўйинчоқларига айланиб қолишди

Карвонсарой ва AFP

Беларус-Польша чегарасидаги мигрантлар, 8 ноябр, Гродно вилояти. 8 ноябр куни Полша Беларусдаги юзлаб мигрантлар мамлакат чегаралари оша Европа Иттифоқи давлатларига ўтишга уринаётгани ҳақида маълум қилди – НАТО буни Минск тарафидан атайин уюштирилган тактика деб баҳолаган. [Леонид Шчеглов/БЕЛТА/AFP]

Беларус-Польша чегарасидаги мигрантлар, 8 ноябр, Гродно вилояти. 8 ноябр куни Полша Беларусдаги юзлаб мигрантлар мамлакат чегаралари оша Европа Иттифоқи давлатларига ўтишга уринаётгани ҳақида маълум қилди – НАТО буни Минск тарафидан атайин уюштирилган тактика деб баҳолаган. [Леонид Шчеглов/БЕЛТА/AFP]

Беларус яқин иттифоқдоши Россиянинг қистови билан санкцияларни бекор қилиши учун Европа Иттифоқига (ЕИ) босим ўтказиш мақсадида Яқин Шарқ, Афғонистон ва Африкадан келган минглаб мигрантлардан фойдаланиб, геосиёсий ўйин олиб бормоқда.

Сешанба (9 ноябр) куни Польша бош вазири Матеуш Моравецкий Россия президенти Владимир Путинни Беларусдан Польшага ўтишга уринаётган мигрантларнинг мислсиз оқимини ташкиллаштиришда айблади.

Польша ва Беларус чегарасида юзлаб мигрантларнинг қамалиб қолгани ЕИ барқарорлигига хавф солмоқда, деб айтган у.

«[Беларус президенти Александр] Лукашенко уюштирган бу ҳужумнинг ғоявий ташаббускори Москвада – у президент Путин», деб айтган Моравецкий Польша парламентининг фавқулодда мажлиси чоғида.

Афғонистонлик деб тахмин қилинган мигрантлар гуруҳининг аъзоси журналистлар ва Польша парламенти депутатлари ҳозирлигида польшалик адвокатларга халқаро ҳимоя учун ҳужжат топшириш ниятида эканини билдирмоқда. Беларус билан чегарадош, Польшанинг Бьялистон яқинидаги Уснарз-Горний қишлоғи, 20 август. [Войтек Радвански/AFP]

Афғонистонлик деб тахмин қилинган мигрантлар гуруҳининг аъзоси журналистлар ва Польша парламенти депутатлари ҳозирлигида польшалик адвокатларга халқаро ҳимоя учун ҳужжат топшириш ниятида эканини билдирмоқда. Беларус билан чегарадош, Польшанинг Бьялистон яқинидаги Уснарз-Горний қишлоғи, 20 август. [Войтек Радвански/AFP]

Grupa Granica (Чегара гуруҳи) нодавлат ташкилоти фаоллари ёрдам кўрсатаётган Эроннинг Дохук шаҳридан келган курд оиласи чегара қўриқчилари Польша-Беларус чегараси яқинидаги Наревка шаҳрига олиб ўтишларини кутмоқда, 9 ноябр. Оила 20 кунга яқин ўрмонда бўлиб, саккиз маротаба Беларусга қайтарилган. Айтишларича, беларус аскарлари уларни уриб, итлар билан қўрқитишган. [Войтек Радвански/AFP]

Grupa Granica (Чегара гуруҳи) нодавлат ташкилоти фаоллари ёрдам кўрсатаётган Эроннинг Дохук шаҳридан келган курд оиласи чегара қўриқчилари Польша-Беларус чегараси яқинидаги Наревка шаҳрига олиб ўтишларини кутмоқда, 9 ноябр. Оила 20 кунга яқин ўрмонда бўлиб, саккиз маротаба Беларусга қайтарилган. Айтишларича, беларус аскарлари уларни уриб, итлар билан қўрқитишган. [Войтек Радвански/AFP]

Танқидчилар Лукашенконинг ЕИ санкцияларига жавоб чораси сифатида Европага йўналтириш учун Яқин Шарқлик мигрантларни ўз мамлакатига чорлаб келаётганини айтганлар.

Беларус бу даъвони рад этиб, мигрантларни киритмаётган Польшани инсон ҳуқуқларини бузишда айбламоқда.

Кескин вазият икки тараф аскарлари жойлаштирилган чегарада тўқнашув хавфини келтириб чиқармоқда.

Чоршанба куни Польша полицияси охирги 24 соат ичида Беларусдан Польшага чегарани кесиб ўтган 50 дан ортиқ мигрантларни қўлга олгани ва Варшаванинг чегарани бузиб ўтиш ҳолатлари кўпайгани ҳақидаги огоҳлантириши ортидан бошқалар мигрантларни излаётгани ҳақида хабар берган.

Чегарани бузишга ундаш

Душанба куни Польша ҳукумати юзлаб мигрантларнинг Беларус чегарасини ноқонуний кесиб ўтишининг олдини олгани, аммо яна минглаб одам келаётгани ҳақида хабар берган.

Польша чегарачилари мигрантларнинг қисқичлар ва шохлар ёрдамида чегара панжараларини бузиб ўтишга ҳаракат қилаётгани акс этган видеони интернетга жойлаганлар.

«Вазият нотинч», деб айтган Польша мудофаа вазири Мариуш Блашак Польша радиосига чоршанба куни. У мигрантлардан иборат кичик гуруҳлар ЕИ ва НАТОга аъзо давлат чегарасини бузишга уринаётганини қўшимча қилди.

Шунингдек, мудофаа вазирлигига кўра, Беларус расмийлари мигрантларни чегарани бузиб ўтишга мажбурлаш учун уларни қўрқитган бўлиши мумкин.

Чоршанба куни Польша мудофаа вазирлиги чегаранинг Беларус томонидан хизмат кийимидаги қуролли шахс ўқ узгани акс этгани икки видеони ижтимоий тармоқларга жойлаган.

Польша ҳукумати вакили Пётр Мюллер чегара яқинида 3000-4000 мигрант борлигини айтар экан, душанба кунги чегарани бузиш уринишларини ташкиллаштиришда «Беларусга алоқадор махсус кучларни» айблаган.

Қўшма Штатлар Минскни мигрантлар оқимини тўхтатишга чақирган бир вақтда ЕИ режимга қарши янги санкциялар қўллашга ундаган.

НАТО Минскни мигрантлардан сиёсий восита сифатида фойдаланаётганликда айблаган.

«Сиёсий ўйинчоқлар»

НАТО Беларуснинг мигрантлардан ЕИга босим ўтказиш учун фойдаланаётганини «мутлақо номақбул» деб қоралаб, чегарадаги вазиятнинг «кескинлашиш» эҳтимоли юзасидан хавотир билдирган.

Европа комиссияси (ЕК) президенти Урсула фон дер Ляйен душанба куни иттифоққа аъзо давлатларни Беларусга қарши янги санкциялар жорий қилишга чақирди. ЕК ЕИнинг ижрочи органи ҳисобланади.

«Мигрантлардан сиёсий мақсадда фойланишни қабул қилиб бўлмайди», деб баёнот берди у. Брюссель, шунингдек Беларусга мигрантларни олиб келган «учинчи давлат авиакомпанияларига» нисбатан ҳам санкциялар қўллаш масаласини кўриб чиқади, деб қўшимча қилган ЕК раиси.

Хабарларга кўра, Минск Беларусга Ироқ ва бошқа Яқин Шарқ давлатларидан мигрантларнинг учиб кириши учун махсус виза жорий қилган. Шундан кейин улар Беларус ва Польша чегарасига боришган.

Чегара ҳудудида тўпланиб қолган мигрантлар орасида августдан бери ўша ерда қолиб кетган 32 нафар афғонистонлик ҳам бор. Уларни иккала мамлакат ҳам қабул қилмаяпти, деб хабар берган Amnesty International ва бошқа ҳуқуқбон гуруҳлар.

АҚШ давлат департаменти Беларусдаги режимни «мигрантларнинг ноодатий оқимини Европа чегараси бўйлаб куч билан бошқариш кампаниясини дарҳол бас қилишга» чақирган.

Аросатда қолиб кетган мигрантлар Беларус расмийлари томонидан чегарани кесиб ўтишга мажбур қилинаётгани, ундан кейин эса Польша ҳукумати томонидан қайта Беларусга ўтказилаётгани ҳақида бот-бот хабар беришмоқда.

Ҳудудда камида 10 та мигрант ўлган бўлиб, улардан 7 таси Польша томонда ҳаётдан кўз юмган, деб хабар беради Польшанинг Gazeta Wyborcza нашри.

Кремлнинг сояси

Сешанба куни Лукашенко қуролли тўқнашув юз беришини истамаслиги, аммо Польша билан мигрантлар борасидаги вазият сабаб «тиз чўкмаслигини» айтиб ўтган.

«Биз можарони истамаймиз», деб айтган у ва ҳар қандай низо Беларуснинг иттифоқдоши Россияни жалб қилиши ҳақида огоҳлантирган.

Беларус ташқи ишлар вазири Владимир Макай чоршанба куни Минск Россия билан биргаликда вазиятни ҳал қилишда «ҳамкорликдаги чораларни» режалаштираётгани ва «ўзаро ёрдамга» умид қилаётганини айтиб ўтган.

Путин – мухолифатга кўра, натижалари сохталаштирилган ўтган йилги сайловлар олдидан мухолифатга қарши тазйиқлари туфайли тобора яккаланиб бораётган Лукашенконинг энг асосий қўлловчиси бўлиб турибди.

Май ойида Беларуснинг жанговар самолёти бортидаги беларуслик диссидентнинг Лукашенко режими тарафидан қўлга олиниши учун хорижий фуқаролик авиакомпанияси самолётини Минскда қўнишга мажбурлаган эди.

Беларус Россиянинг стратегик тафаккурида Украинадан ташқари бошқа қўшниларидан кўра кўпроқ марказий жой эгаллайди. У Москванинг «стратегик теранлиги» учун жуда муҳим.

Минск диктатураси Болтиқ ва Қора денгиз ўртасидаги ҳудудда Россиянинг ягона Кремлпараст қўшнисидир. Эстония, Латвия, Литва ва Украиналар эса Путин режимига қарши.

Кремлнинг Европа билан муносабатлари 2014 йилда Украинадан Қримни ноқонуний тортиб олганидан кейин ёмонлашган ҳамда сайловларга аралашув ва жосуслик айбловлари билан танглик янада кучайган.

Европа лидерлари 2020 йил август ойида Сибирда Кремлнинг бош мухолифатчиси Алексей Навальнийнинг заҳарланишини кескин қоралаб, Москвага қарши қўшимча санкциялар билан жавоб қайтариши мумкинлигини айтиб ўтган.

Навальний қарийб ҳалокатли заҳарланишдан омон қолган бўлса-да, феврал ойида шубҳали айбловлар билан 32 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 1

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Россия улардан ўз мақсадлари ёълида фойдаланади.

Жавоб бериш