Карвонсарой
Хавфсизлик

Хитойнинг Тожикистон ички ишлар вазирлиги учун база қуриб бериш таклифи шубҳаларга сабаб бўлмоқда

Неъматулло Мирсаидов ва AFP

Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги ШҲТ машғулотларида иштирок этаётган Хитой аскарлари, 2012 йил, 13 июн. [Неъматулло Мирсаидов]

Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги ШҲТ машғулотларида иштирок этаётган Хитой аскарлари, 2012 йил, 13 июн. [Неъматулло Мирсаидов]

ДУШАНБЕ – Тожикистонликлар Пекиннинг Афғонистон чегараси яқинида Тожикистон ички ишлар вазирлиги учун база қуриш режасидан кўзланган асл мақсадларни шубҳа остига олмоқдалар.

27 октябр куни тожик парламенти Тожикистон ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ва Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлиги ўртасида база юзасидан имзоланган келишувни ратификация қилган.

Келишувга асосан, Хитой ИИВнинг Махсус тезкор бўлинмаси учун 3500 гектар майдонда 12 та бино, жумладан тураржой ва ўқув иншоотларидан иборат хавфсизлик мажмуасини қуриш мажбуриятини олган.

Парламентдаги манбаларга кўра, база Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг (ТБМВ) Ишкошим туманида жойлашади.

ИИВнинг Суғд вилояти Шаҳристон шаҳридаги ўқув марказида ўтказилган машқларида қатнашган тожик аскарлари, 2017 йил. [Неъматулло Мирсаидов]

ИИВнинг Суғд вилояти Шаҳристон шаҳридаги ўқув марказида ўтказилган машқларида қатнашган тожик аскарлари, 2017 йил. [Неъматулло Мирсаидов]

ИИВнинг Суғд вилояти Шаҳристон шаҳридаги ўқув марказида ўтказилган машқларида қатнашган тожик аскарлари, 2017 йил. [Неъматулло Мирсаидов]

ИИВнинг Суғд вилояти Шаҳристон шаҳридаги ўқув марказида ўтказилган машқларида қатнашган тожик аскарлари, 2017 йил. [Неъматулло Мирсаидов]

«Қурилиш ишларининг бари Хитой томони томонидан молиялаштирилади. Қурилиш тугаганидан сўнг база Тожикистон ИИВ ихтиёрига топширилади», деди ўз исмини ошкор қилишни истамаган парламент вакили телефон орқали AFPга.

Унинг сўзларига кўра, Хитой базага ёрдам тариқасида 8,5 миллион доллар ажратади.

«Озодлик» радиосининг тожик хизмати – «Озоди» радиоси парламент қуйи палатаси депутати Толибхон Азимзода баёнотига асосланган ҳолда молиялаштириш суммасини тасдиқлади.

Азимзоданинг сўзларига кўра, хитойликлар бу объектни тўлиқ жиҳозлаб беришга рози бўлганлар.

«Ер ажратиш ва ҳарбий объектни лойиҳалаш билан боғлиқ масалалар ҳал қилинмоқда», деди Азимзода депутатларга.

Аммо Тожикистон расмийлари, жумладан, Азимзода ҳам хитойликлар бунинг эвазига нима олиши ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.

AFPнинг янги милиция базасига оид хабарлар ҳақидаги саволига Хитой ташқи ишлар вазирлиги «Ишонч билан айтамизки, Хитойнинг Марказий Осиёда ҳеч қандай ҳарбий базаси йўқ», деб жавоб берган.

Карвонсарой нашри парламент ёки ИИВ орқали вазиятга ойдинлик кирита олмади.

Тожикистонликлар келишувнинг мавҳум тафсилотлари ва Хитой билан бизнес юритишнинг ҳақиқий баҳосини шубҳа остига олмоқдалар.

«Хитой бекорга пул бермайди», дейди Марказий Осиё бўйича эксперт Саидмуҳиддин Дўстмуҳаммадиён.

«Буни Тожикистон ҳукумати ҳам тушунади, бироқ оммага ошкор қилмайди, чунки жамоатчилик орасида аксилхитой кайфияти ҳукмрон», деди у.

Қўшма лойиҳа парламентда ратификация қилиниши олдидан бир нечта етакчи маҳаллий ва халқаро ОАВ у ҳақда мақолалар чоп этиб, тожикистонликларнинг норозилигини келтириб чиқарди, уларнинг аксарияти Хитойга ишончсизлик билдирган.

«Улар база қуриб, ерларимизга кўз тикадилар», деб огоҳлантирган Наимчон Мавлонов “Озоди” радиосининг бўлажак база ҳақида октябр ойидаги бошқа мақоласига билдирилган фикр-мулоҳазаларда.

«Қўрққан нарсаларимиз юз берди», деб ёзган Аҳмад Али.

Номаълум режалар

Хитой ва Тожикистон ҳарбий алоқалари ҳақида бонг урмаса-да, Пекин хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги бир қанча лойиҳаларга сармоя киритгани маълум.

Чегара постларини қуриш ва мустаҳкамлаш учун ҳам Хитой, ҳам АҚШдан молиявий ёрдам олган Тожикистон ўз ҳудудида Россиянинг йирик ҳарбий базасини жойлаштирган.

Айрим манбаларга кўра, Хитой ва Тожикистоннинг терроризмга қарши кураш йўлидаги ҳамкорлиги жадаллашиб бормоқда.

Хитой Шинжон билан чегарадош ТБМВда Тожикистон билан қўшма ҳарбий иншоот лойиҳасини қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, томонлардан ҳеч бири унинг мавжудлигини расман тан олмаган.

Ўтган ой «Озоди» радиоси икки давлат ўртасида имзолаган қўшма ҳужжатга таяниб, Тожикистон база назоратини тўлиқ Пекин ихтиёрига топширишга ва «ҳарбий ёрдам эвазига келгусидаги ижара ҳақидан воз кечишга» тайёрлигини хабар қилган эди.

Хитой сўнгги йилларда, шунингдек Тожикистондаги Помирда тўртта чегара блокпости, битта ҳарбий ўқув маркази, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши кураш маркази ва Душанбедаги офицерлар клубини қуриб берган.

Хитойнинг манфаатлари икки турли: Пекин миллий хавфсизликдан ташқари, Марказий Осиёнинг табиий ресурсларидан фойдаланиш сиёсати ортидан эришиладиган соф иқтисодий манфаатларни кўзламоқда.

Тожикистон ҳукумати янги милиция базасининг аниқ манзилини ошкор қилмаган бўлса-да, у Афғонистоннинг учта тоғ тизмаси – Ҳиндикуш, Помир ва Қорақарум оралиғида жойлашган тор афғон водийси – Воҳан йўлаги яқинида жойлашиши мумкин.

Унинг кенглиги 15, узунлиги эса 300 километрга чўзилади.

Қадимда Ипак йўлининг асосий шахобчаларидан бири Воҳан йўлаги орқали ўтган бўлиб, у Марказий Осиёни Хитой, Покистон ва Ҳиндистон билан боғлагани сабабли Хитой учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб қолмоқда.

Покистон, Тожикистон ва Афғонистоннинг йўлак бўйлаб автомагистрал қуриш режалари бўлса-да, улар муҳокамадан нарига ўтмаган.

Давлатнинг қайд этишича, Хитойнинг чуқур чўнтаклари ва ночор мамлакатларнинг табиий ресурсларини Хитой манфаатлари йўлида қазиб олиш ва ташиб кетишга хизмат қиладиган «Бир камар, бир йўл» трансчегаравий лойиҳасини ҳисобга олган ҳолда, унинг ушбу лойиҳага қўшилиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Тожикистоннинг юқори мартабали транспорт мутасаддиси шахсини очиқламаслик шарти билан Карвонсаройга шундай имконият кўриб чиқилаётганини тасдиқлаган.

«Ҳозир бизда битта таклиф бор. Биз уни ўрганиб чиқяпмиз. Нима бўлишини кўрамиз», дейди у.

Таклиф Хитойдан келиб тушган бўлиши мумкин, дейди Давлат.

Давлатга кўра, Хитойнинг режалари қандай эканлигини тахмин қилиш қийин эмас.

«У ҳамма ишни келажакни кўзлаган ҳолда амалга оширади», дейди у. «Йўллар, ҳарбий иншоотлар, гидроэлектростанциялар қуриши ёки грантлар ва қарзлар беришидан қатъий назар», дейди у.

«Йўллар қазилма бойликларни олиб ўтиш учун керак. Энергия саноат корхоналарининг ишлаши учун зарур. Грантларни ишонч қозониш учун, кредитни қарздорлик ботқоғига ботириш ва улардан фойдаланиб ўз шартларини талаб қилиш учун беради», деб қўшимча қилди у.

Шинжонга оид хавотирлар

База қуриш режалари Пекиннинг Шинжондаги вазиятдан хавотирда экани билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.

Хитой ҳукумати бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа мусулмонлар, жумладан этник қозоқ ва қирғизларни «сиёсий қайта тарбиялаш» лагерлари, тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарни ўз ичига олган 400 га яқин муассасаларда сақлаб келмоқда.

Мустақил терговлар ва собиқ маҳбуслар билан ўтказилган суҳбатларда жисмоний ва руҳий қийноқлар, онгни заҳарлаш, мунтазам зўрлашлар, муслима аёлларнинг мажбурий бичилиши, тана аъзоларини мажбуран олиш, жинсий таҳқирлаш ва бошқа даҳшатли амалиётлар тилга олинган.

Яна миллионлаб одамлар қатъий кузатув ва назорат остида яшамоқда.

ТБМВдаги база қурилишини молиялаш эвазига Хитой Афғонистондаги «Ислом давлати» (ИД) ёки бошқа жангариларнинг Шинжон томон ҳаракатланиши учун йўл очадиган Воҳан йўлаги яқинида ҳарбий ҳозирлигини кучайтиришга рухсат олиши мумкин, дейди Тожикистон медиа-иттифоқи директори Абдумалик Қодиров.

Айни вақтда Воҳан йўлагида йўллар йўқ.

«Бир неча йиллардан бери, Воҳандан унча узоқ бўлмаган жойда кичик хитой отряди мавжуд бўлиб, у Афғонистондан уйғур айирмачиларининг кириб келишига қарши курашиб келмоқда», деди у ТБМВдаги ярим махфий Хитой базасини назарда тутиб.

«Бу Хитой раҳбариятини қўрқитади», дейди Қодиров.

«Хитой армияси буни тушунади ва ўзини ҳимоя қилмоқда», дейди у. «Қурилиш ишлари ва махсус тезкор бўлинмани жиҳозлаш орқали Хитой, керак бўлса, миллий хавфсизликка таҳдид юзага келганида ундан фойдаланиши мумкин.»

«Ҳарбий ҳозирликка рухсат бериш билан Тожикистон базанинг қурилиш ҳақини тўлаётган бўлиши мумкин», дейди сиёсатшунос Андрей Захватов.

«Хитой битта ўқ билан иккита қуённи ўлдириш ниятида – ўзини Воҳан йўлаги орқали уйғур айирмачилари томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган эҳтимолий ҳужумлардан ҳимоя қилиб, Афғонистон ва Тожикистондан қимматбаҳо металларни ўз ичига олган қазилма бойликларни олиб келиш учун энг қулай транспорт йўлларини қурмоқчи», дейди Захватов.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бу китаёзалар аллақачон ҳамма нарсани 150 йил олдинга ҳисоб-китоб қилиб қўйишган. Биз эса ҳар доимгидек ҳеч қачон беш йилдан кўпроқни режалаштирмаймиз. Мен барча сиёсатшуносларнинг фикрига қўшиламан, уларнинг фикрлари бир-бирини тўлдирган ва айтилганларнинг бари чин ҳақиқат эканига ишониш учун ҳамма асослар бор. Хитойликлар учун бу имтиёзларнинг барчаси бир вақтда белгиланмоқда. Шунинг учун бу ўжар китаёзалар 2003-йилги стратегик режасига амал қилган ҳолда нима қилиб бўлса ҳам ўз мақсадига эришиш пайида бўлади. Бу режанинг бандларидан бири Марказий Осиёга имкон қадар чуқурроқ кириб бориш ва бунинг учун уйғурлар сонини 10 миллионгача камайтиришмоқчи. Хитой статистикасига кўра, 1996 йилда Хитойда 58 миллион уйғур, шунингдек, 3 миллион қозоқ, 500 минг қирғиз ва бошқалар бор эди. Шарқий Туркистондаги уйғурлар эса Марказий Осиё учун қалқон бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай. Уйғурларни қириши билан китаёзаларнинг мутлоқ экспансияси бошланади. Улар ҳамма жойда ўз манфаати учун қандай ишлаётганинига ўзим гувоҳ бўлиб турибман. Улар ўз режасига кўра, Қозоғистон ва Қирғизистонга нисбатан ҳудудий даъволарни илгари суради, «Бир камар, бир йўл» лойиҳасини қуриб ва бу йўналишдаги ҳамма нарсани назорат қилади, барча мамлакатларга иқтисодий таъсир кўрсатади, сиёсий масалаларда ўз қоидаларини ўтказади, ва ниҳоят. 2025 йилга бориб биринчи рақамли супердавлатга айланади. Чуқурроқ мулоҳаза қиладиган бўлсак, буларни узоқ давом эттириш мумкин, чунки улар бир тош билан икки ёки ҳатто уч эмас, балки би

Жавоб бериш

Тожикистон заифлашиб бораётган Россияга унча ишонмай, Хитой базасини эҳтиёт чораси сифатида кўрмоқда.

Жавоб бериш