Карвонсарой
Технология

Кремлнинг қора қутилари Россиядаги эркин интернет устидан назорат ўрнатди

Карвонсарой ва AFP

2019 йилнинг 10 март куни минглаб одамлар Россиянинг интернетдаги чекловчи чораларига норозилик билдириб, Москва марказида митинг ўтказишди. Кўпчиликнинг фикрича, бу чоралар охир-оқибат «мутлоқ цензура»га олиб келади ва мамлакатни дунёдан иҳоталаб қўяди. [Александр НЕМЕНОВ/AFP]

2019 йилнинг 10 март куни минглаб одамлар Россиянинг интернетдаги чекловчи чораларига норозилик билдириб, Москва марказида митинг ўтказишди. Кўпчиликнинг фикрича, бу чоралар охир-оқибат «мутлоқ цензура»га олиб келади ва мамлакатни дунёдан иҳоталаб қўяди. [Александр НЕМЕНОВ/AFP]

МОСКВА – Кремл Пекиннинг «Буюк файрволи»дан ўрнак олиб, дунёдаги бошқа авторитар лидерлар такрорлаши мумкин бўлган чорани – Хитойдан ташқаридаги энг катта рақамли цензурани жорий қилишга киришмоқда, деб хабар беради New York Times нашри.

Интернетни ўз қудратига хавф солувчи восита деб кўрадиган Россия президенти Владимир Путин бошқарувидаги ҳукумат қачонлардир эркин ва очиқ бўлган интернетни жиловлашга уринмоқда.

Бу жараён 2019 йилда Россиянинг қудратли интернет назоратчиси – «Роскомнадзор»нинг интернет ва телекоммуникация хизматлари провайдерларидан техник тафсилотларни талаб қилувчи қатор бюрократик хатлари ва шакллари билан бошланган.

Кейинроқ, «Роскомнадзор» ҳукумат томонидан тасдиқланган техник мутахассисларни қора қутилар ўрнатишга юборди. Айрим ҳолларда улар калит ва қулф билан телекоммуникация компанияларининг компьютер тизимлари ва серверлари ёнида жойлаштирилган.

Москва марказидаги Қизил майдонда телефонидан фойдаланиб турган эркак, 2021 йилнинг 10 марти. Шу куни Россия «ноқонуний» контентни ўчириб ташламагани учун Твиттерни секинлатишини маълум қилган эди. [Димитар Дилкофф/AFP]

Москва марказидаги Қизил майдонда телефонидан фойдаланиб турган эркак, 2021 йилнинг 10 марти. Шу куни Россия «ноқонуний» контентни ўчириб ташламагани учун Твиттерни секинлатишини маълум қилган эди. [Димитар Дилкофф/AFP]

17 сентябр куни Москва яқинидаги Ново-Огарёво давлат қароргоҳида компьютер қаршисида ўтирган Россия президенти Владимир Путин. [Алексей Дружинин/СПУТНИК/AFP]

17 сентябр куни Москва яқинидаги Ново-Огарёво давлат қароргоҳида компьютер қаршисида ўтирган Россия президенти Владимир Путин. [Алексей Дружинин/СПУТНИК/AFP]

Қутилар Москвадаги бошқарув маркази билан уланган бўлиб, улар ёрдамида Россия аҳолиси кўришини истамайдиган веб-сайтлар цензура қилиниши ёки секинлаштирилиши мумкин.

Twitter ишини секинлаштириш

Тадқиқотчилар ва фаолларга кўра, Кремл жорий йил аввалида ўзининг янги имкониятларини синовдан ўтказган.

10 март куни Россиядаги Twitter фойдаланувчилари тезликнинг кескин камайиб кетганини пайқаганлар, одатда тўрт сонияда юкланадиган фотосуратлар саккиз баравар узоқроқ – 34 сонияда юкланган.

Роскомнадзор Twitter тармоғини 3000 дан ортиқ «ноқонуний», жумладан наркотик моддаларнинг ноқонуний истеъмоли, болалар порнографияси ёки вояга етмаганларни «ўз жонига суиқасд қилишга ундовчи» контентга алоқадор постларни ўчирмаганликда айблаган.

Интернетни назорат қилувчи ташкилот бу чоралар «Россия фуқароларини ҳимоя қилиш ва интернет хизмати кўрсатувчиларни Россия қонунларига риоя қилдиришга» қаратилгани ҳақида хабар берган.

Бу ҳаракат Американинг бошқа интернет компанияларига огоҳлантириш ўлароқ амалга оширилди, деб айтган «Роскомнадзор»нинг интернет трафикни секинлаштиришга имкон берувчи қонунни ишлаб чиқишга кўмаклашган парламент аъзоси Александр Хинштейн.

Россияда кузатувчилари кам бўлган Twitter ишининг секинлаштирилиши «бошқа ижтимоий тармоқлар ва йирик хорижий интернет компанияларнинг қонунларимизга амал қилмаслигини Россия жимгина кузатиб турмаслигини тушуниб етишга ундайди», деган эди у 10 март куни.

Ўзгача фикрни бўғиш

Ҳуқуқбон ташкилотларга кўра, асосий мақсад ўзгача фикрлашни бостиришдир.

Мухолифат етакчиси Алексей Навалнийнинг ҳибсга олиниши ортидан Кремлга қарши намойишларда Twitter, «Facebook»нинг Instagram, «Google»нинг YouTube ва Хитойнинг TikTok ижтимоий тармоқлари муҳим рол ўйнади.

Германияда даволанган Навалний январда Россияга қайтиб келган эди. У август ойида Совет даврига оид «Новичок» асабни фалажлантирувчи моддаси билан заҳарланган, кўпчилик бу воқеани Россия ҳукумати тарафидан унинг ҳаётига уюштирилган суиқасд деб билади.

Навалнийнинг Twitter тармоғида 2,6 миллион, Инстаграмда 3,7 миллион ва YouTube платформасида 6,45 миллион кузатувчиси бор.

Ҳукуматдаги коррупция ва Навалнийга кўра «тарихдаги энг йирик пора» эвазига барпо қилинган Путиннинг Қора денгиз бўйидаги 1,35 млрд. долларлик саройи ҳақидаги видеолавҳа YouTube тармоғида шу кунга қадар 119 миллион марта томоша қилинган.

Ижтимоий тармоқлар россияликларга режимга қарши маълумотларни бўлишиш, ташкилий ишларни олиб бориш ва очиқ фикр билдириш имконини беради.

Қора қутилар мухолифатнинг овозини ўчириш ва режим учун номақбул контентни олиб ташлаш бўйича Ғарбдаги технологик компанияларига нисбатан чора кўриш имкониятини беради.

Сентябрда ўтган умуммиллий сайловлар олдидан ҳукумат маҳаллий Apple ва Google ходимларини ҳибсга олиш билан таҳдид қилгач, компаниялар Навалнийни қўллаб-қувватловчиларнинг иловаларини ўчириб ташлашга мажбур бўлганлар.

Навалнийга алоқадор бир нечта веб-сайт ҳам блокланган.

«Буни бутун дунё кўчириши мумкин», деб айтган АҚШ давлат департаментининг интернет эркинлиги дастурининг собиқ раҳбари Лаура Каннингем октябрда New York Times нашрига.

«Россиянинг цензура модели бошқа авторитар тузумлар томонидан тез ва осон ўзлаштирилиши мумкин», деб огоҳлантирган у.

Сўнгги йилларда Ҳиндистон, Мьянма, Эфиопия ва бошқа мамлакатлар ҳукуматлари интернетни блоклаш амалиётидан норозиликларни тинчитиш учун фойдаланган.

Россия бу усулни икки марта, 2018 йилда Ингушетия ва 2019 йилда Москвада ҳукуматга қарши намойишларни бостиришда қўллаган эди.

Хитой изидан

Кремл ва бошқа авторитар режимлар бу борада Хитойдан ўрнак олишмоқда.

Пекиннинг «Буюк файрволи» Хитойдаги хорижий веб-сайтлар, жумладан Facebook, Twitter, Instagram, Google, Yahoo, YouTube, WhatsApp, Telegram ва бошқаларга киришни блоклайди.

Электроника маҳсулотларини импорт ва экспорт қилиш Хитой Миллий Корпорацияси (CEIEC) интернетни нозик сиёсий материаллардан тозалайдиган «Буюк файрвол»нинг тижорий версияси таклиф этмоқда.

Расмий веб-сайтида CEIEC ўзини дунёнинг 160 мамлакати ва ҳудудида фаолият юритувчи, 24 та асосий шўъбасига эга «Хитой марказий ҳукумати бошқарувидаги давлат ташкилоти» деб таърифлайди.

Мисолларнинг яна бирида CEIEC Венесуэланинг давлат телекоммуникация компаниясига экспертлик хизматлари кўрсатгани маълум бўлди. Бу компания мустақил оммавий ахборот воситаларини, 50 мамлакат муваққат президент деб тан олган мухолифат етакчиси Хуан Гуайдонинг бевосита эфирини блоклаган.

Президент Николас Мадуро ўтган йили 6 декабр куни қонунчилик органларига сайловларда ғалаба қозонди. Бу сайловлар мухолифат партиялари томонидан бойкот қилинган ва дунё етакчилари томонидан фирибгарлик деб қораланган.

Ўтган йил 30 ноябрь куни Қўшма Штатлар CEIECга нисбатан санкциялар қабул қилиши ва 50 фоиздан ортиқ акцияси унга тегишли бўлган ҳар қандай компаниянинг активларини музлатиши ҳақида эълон қилган.

CEIEC Эрон ва Сурияга ёки ушбу мамлакатлардан ташқарига қурол ташишда ёрдам беришни тақиқловчи қонунга кўра, 2006-2008 йиллар давомида АҚШ санкциялари остида бўлган.

«Ҳақиқий интернетга» назар

Хитойнинг интернетга оид темир муштига яна бир мисол, шу йил аввалида цензура машҳур Clubhouse иловасини ўчириб қўйгани бўлди.

Континентал Хитойдаги ва бошқа хитойзабон фойдаланувчилар ноёб «ҳақиқий» интернетдан бир ҳафтагина чекловсиз фойдаландилар.

Хитойнинг Шинжондаги мусулмонларга нисбатан зулми, Тянаньмэн майдонидаги намойишнинг бостирилиши ва тақиқдаги бошқа мавзуларга эксклюзив тарзда, фақат таклиф билан кириш мумкин бўлган «Clubhouse» аудиоиловасининг фильтрланмаган чатхоналарида умуман чеклов йўқ эди.

8 феврал куни хавфсиз уланиш имкониятини берувчи VPNсиз интернетга кирган хитойлик фойдаланувчиларда хатолик ҳақидаги огоҳлантиришлар пайдо бўлган – давлат цензорлари бу муҳокамалардан хабар топишган.

«Хитой президенти Си Цзинпин даврида тақиқ вақт масаласи эди», дейди Гонконгнинг Хитой университети коммуникация бўйича профессори Локман Цуй.

Онлайн муҳокамалар майдони Си президент этиб сайланган 2013 йилдан бери «кескин қисқарган», деб қўшимча қилган Хитойда сиёсий иштирок ва вакилликни тадқиқ қилувчи Парижнинг Кретей университети доценти Эмили Френкил.

Пекин «Хитой маданиятига» зид келадиган материалларни тўхтатиш учун қонуний йўлларни изламоқда.

Ўтган ойда расмийлар Хитойда интернет тармоғида китоблар ва журналларни тарқатиш учун рухсатнома талаб қилувчи қонун ёрдамида дунё бўйлаб миллионлаб мусулмонлар ишончини қозонган Қурон иловасини ўчиртириб ташлади.

Quran Majeed иловаси ноқонуний диний матнларни жойлаштиргани учун олиб ташланди, деб хабар берган BBC 15 октябр куни, аммо илова Хитойдаги қайси қонунларни бузгани аниқ эмас.

Худди шу вақтда яна бир машҳур диний Olive Tree's Bible иловаси ҳам Хитойдаги App Store дўконидан олиб ташланган.

Бутун дунё бўйлаб Apple App Store дўконидаги иловаларни кузатиб борувчи Apple Censorship веб-сайти илова ўчирилгани ҳақида илк марта 12 октябр куни хабар берган.

Ўтган ой Amazon ўзининг Audible аудиокитоблар ва подкастлар иловасини «рухсат талаблари туфайли» Хитойдаги App Store дўконидан олиб ташлашга мажбур бўлган эди, деб хабар беради Mac Observer 15 октябр куни.

14 октябр куни Microsoft Пекиннинг цензура қоидаларига риоя қилиш билан боғлиқ «муаммолар» туфайли ўзининг LinkedIn ижтимоий тармоқ иловасини олиб ташлаганини эълон қилган эди.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Темир парда ёпилмоқда.

Жавоб бериш

Россияда YouTube ва Google тезроқ блокланса эди!

Жавоб бериш