Карвонсарой
Хавфсизлик

Қозоғистонликлар Россия ташқи ишлар вазирининг ксенофобияга оид айбловларини рад этмоқда

Канат Алтинбаев

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, 11 ноябр, Москва. [Юрий Кочетков/AFP]

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, 11 ноябр, Москва. [Юрий Кочетков/AFP]

НУР-СУЛТОН – Россиялик сиёсатчилар Қозоғистонни русийзабон аҳолига нисбатан зулмда айблашда давом этар экан, Кремнинг собиқ постсовет мамлакатларга нисбатан тажовузкор позициясидан хавотирдаги қозоқларнинг норозилигини келтириб чиқармоқда.

9 ноябр куни ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг «Российская газета» давлат нашрида чоп этилган «Россия ва Қозоғистон: чегарасиз ҳамкорлик» номли мақоласи қозоқларнинг ғазабини янада кучайтирган.

Сарлавҳадан англашилганидек, икки давлат ўртасидаги «дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро англашув»га алоҳида эътибор қаратган мақола қўшма ютуқларга урғу берувчи дипломатик расмиятчиликлар билан тўлиб тошган.

Бироқ, мақола сўнгида Лавров анчадан бери Қозоғистоннинг ғашига тегаётган Россиянинг норозилиги ифода этилган – унинг русийзабон фуқароларга нисбатан зуғуми.

«Российская газета»да чоп этилган мақоласида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (чапда) узоқ вақтдан бери Қозоғистоннинг ғашига тегиб келаётган масалани кўтарган: у ҳам бўлса, рус тилида сўзлашувчи фуқароларга нисбатан зуғум ўтказилаётгани. [Файл]

«Российская газета»да чоп этилган мақоласида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (чапда) узоқ вақтдан бери Қозоғистоннинг ғашига тегиб келаётган масалани кўтарган: у ҳам бўлса, рус тилида сўзлашувчи фуқароларга нисбатан зуғум ўтказилаётгани. [Файл]

«Афсуски, биз яқинда Қозоғистоннинг русийзабон фуқароларига нисбатан ксенофобия билан боғлиқ бир қанча шов-шувли ҳолатларнинг гувоҳи бўлдик», деб ёзади Лавров.

У номаълум ташқи кучларни қоралар экан, уларни ксенофобияни қўллаб-қувватлаётганликда айблаган.

«Ушбу алоҳида ҳодисалар асосан... ташқи ташвиқот усулларининг маҳсули бўлиб, улар маҳаллий миллатчиликни ёйиш ва Россия билан ҳамкорликни обрўсизлантиришга қаратилган.»

Лавров «хавотирли ҳолатлар» юзага келган тақдирда қозоғистонлик миллатчиларга қарши «тезкор чоралар» кўриш билан таҳдид қилган.

«Биз бу ишга ТИВ, ҳуқуқ-тартибот ва адлия идоралари, президент маъмуриятлари орқали тўғридан-тўғри алоқа каналларини жалб қиламиз», деб ёзади у.

Қозоғистон конституциясига кўра, «рус тили расмий тил мақомида бўлиб, қозоқ тили билан бир қаторда қўлланилади», деди у.

Россия «Қозоғистоннинг рус тилини биладиган педагог ва мутахассисларни тайёрлайдиган мактаблари, касб-ҳунар таълими муассасалари ва университетларига ҳар тарафлама ёрдам кўрсатишда давом этади», деди у.

Огоҳлик қўнғироғи

Нур-Султон бунга расман жавоб бермаган бўлса-да, сиёсатшунослар, журналистлар ва оддий қозоғистонликлар Москванинг ушбу ҳужумига жиддий эътироз билдирганлар.

Олмаотадаги «Деловая неделя» (Бизнес ҳафталиги) газетаси мухбири Жилдиз Алиева Лавровнинг мақоласини «хавотирли сигнал» деб атаган.

«Ўтмишда Қозоғистонга қарши тажовузкор риторика асосан ҳиссиётга берилувчан депутатлар ва кремлпараст оммавий ахборот воситаларидан чиққан бўлса, бу сафар биз Россиянинг халқаро муносабатлар бўйича иккинчи рақамли шахси – ташқи ишлар вазирининг танқидини кўриб турибмиз. Буни Россиянинг расмий позицияси дейиш ҳам мумкин», деди у.

Алиева Лавровнинг май ойида Қозоғистоннинг «Хабар» телеканалига берган интервьюсидан иқтибос келтириб, россиялик сиёсатчиларнинг Қозоғистон шимоли тарихан Россияга тегишли эканлиги ҳақидаги провокацион иддаоларини эслатди. Ўшанда у бундай риторикадан узоқроқ туришга уринган эди.

Бу воқеалар шунчаки сиёсатчиларнинг жамоатчилик эътиборини жалб қилишга уриниши эди, деди Лавров интервьюда.

«Аммо Россиянинг Қозоғистонга нисбатан сиёсатини белгиловчи одамлар томонидан бу каби баёнотлар берилмайди», деган эди у ўшанда.

Аммо Лавровнинг сўнгги иддаолари Москва Қозоғистоннинг миллий ўзликни англаш жараёнига очиқдан-очиқ тўсқинлик қилаётганидан далолат беради, дейди Алиева.

«Агар рус тилини яхши билмайдиган ва уларга ўз она тилида хизмат кўрсатилишини истаган қозоқ фуқаролари бўлса, уларнинг айби нима ва қандай қилиб бу ксенофобия бўлиши мумкин?», деди у.

Қозоғистон Лавровнинг мақоласига «тизимли ва конструктив муносабат билдириши лозим», дейди Нур-Султонлик сиёсий таҳлилчи, инвестициялар ва ривожланиш вазири ўринбосарининг собиқ маслаҳатчиси Газиз Абишев.

«Миллий медиа маконини тизимли, билимга асосланган ҳолда ҳимоя қилиш миллий элита ва давлат аппарати олдидаги энг муҳим вазифадир», деб ёзади у 9 ноябр куни Телеграмдаги каналида.

«Усиз мамлакат эски, йиртиқ байроқдек шамолда осилиб туришга маҳкум».

Қозоғистонда ксенофобия йўқ, деди Абишев Карвонсаройга.

Тўғрироғи, бу сунъий «муаммо», деди у Москва Қозоғистонга ўз қарашларини ўтказаётганини қўшимча қилиб.

«Россияда, айниқса, мигрантларга нисбатан шовинизм ва ирқчилик мавжуд», деди у. «Бу тизимли муаммо, аммо расмийлар бунга кўз юммоқдалар.»

Абишевга ўхшаган қозоғистонликлар назарида, Россия расмийлари Қозоғистондаги алоҳида ҳодисалар билан Россиядаги Марказий Осиёлик мигрантларга нисбатан авж олган зўравонлик ва дискриминация ўртасида ахлоқий мувозанат ўрнатишга ҳаракат қилмоқда.

Ҳурматсизлик

Кремлнинг айбловлари қозоқлар Россия уларнинг давлат тилини менсимаслигидан чарчаган бир пайтда янграмоқда.

Қозоғистондаги банкоматлардан бирининг интернетда тарқалиб кетган суратлари туфайли Россияга қарашли «Сбербанк» давлат тилига ҳурматсизлиги учун танқидлар остида қолди.

Жумладан, август ойида қозоқ тили фаолларидан бири Куат Аҳмедов Қозоғистон шаҳарларидаги жамоат жойларида суратга олинган туркум видеолавҳалар чиқариб, уларда мижозларга қозоқ тилида хизмат кўрсатилмаётганига эътибор қаратган эди.

Шундан сўнг Россиялик сиёсатчилар Қозоғистон ҳукуматидан «ушбу жайдари миллатчиларнинг шармандали қилмишларига баҳо беришини» талаб қилган, Кремл назорати остидаги ОАВ эса қозоғистонлик фаолларни ҳақоратлаган.

ОАВ хабарига кўра, Қозоғистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган Аҳмедов ҳозирда Киевда яшамоқда.

Россия ҳукуматининг ўзи этник нафрат деб атаган хатти-ҳаракатлар ҳақида огоҳлантириб келган.

Россия ташқи ишлари вакили Мария Захарова 3 ноябр куни Россиянинг Lenta.ru веб-сайтига берган интервьюсида «Москва Қозоғистондаги этник тоқатсизликларни диққат билан кузатиб бораётганини» айтиб ўтган.

«Тил патруллари Қозоғистон ҳукумати томонидан жазоланмасдан қолмайди», деб айтган Захарова қозоқ тилида гапирмайдиган ёки ёзмайдиган ташкилотлар, ҳукумат идоралари ва уларнинг ходимлари айбини агрессив тарзда кузатиб борувчи Аҳмедов каби қозоғистонликларни назарда тутиб.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 9

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Агар Лавров бундай бемаъни гапларни гапира бошлаган бўлса, бундан ҳам каттароқ муаммоларни кутаверинг. Украинага камлик қилгандек... Сувли стакан ичида бўрон бўлишини исташмоқда

Жавоб бериш

Лавров масхарабоз Жирикка ўхшаган шовинист! Кремл ва унинг сиёсати хулосалар чиқармаяпти, эски хатоларни такрорламоқда. Грузия, кейин Украина билан шундай бўлди, энди эса Молдова билан. Кейинроқ, улар буни Қирғизистон ва Ўзбекистон билан ҳам такрорламоқчи. Россия тушуниши керак; замон ўзгарди, фикрлаш ва дунё ўзгарди. Шовинизм ва ўта радикалистик сиёсат Кремлга қимматга тушади.

Жавоб бериш

Россия бизни ўзлаштирилган ҳудуд деб билади, чунки бизнинг амалдорлар уларнинг чангалида; Руслар уларнинг ҳамма сирларини билишади. Оддий одамлар норози, лекин бари бефойда, чунки ҳукумат пинагини бузмайди. [Қолганлари қозоқ тилида]

Жавоб бериш

Ҳа

Жавоб бериш

Лавров ўзининг Россиясида шовинизмни жиловласин; Биз бу ерда қайси тилдан фойдаланишни ўзимиз ҳал қиламиз.

Жавоб бериш

Менинг фикрим бундай: менинг онам украиналик, дадам қозоқ; мен ҳар қандай давлатда нацизмга қаршиман.

Жавоб бериш

Бизни эса Россиядаги ксенофобия хавотирга солмоқда.

Жавоб бериш

Россиядаги мусулмон ва туркий халқларга ёрдам бериш керак, токи уларга ҳеч ким бармоғини ҳам теккизмасин. Россиядаги ксенофобия ва нацизм керагидан ортиқ даражада.

Жавоб бериш

Маслаҳатларинг билан даф бўл, Лавров

Жавоб бериш