Карвонсарой
Хавфсизлик

Овозаси дунёга тарқалаётган Кремлнинг ёлланма жангарилари учун вазият мураккаблашмоқда

Карвонсарой ва AFP

image

Марказий Африка Республикаси (МАР) армияси аскарлари 3 феврал куни исёнчи жангарилар томонидан босиб олиниб, талон-тарож қилинган ҳарбий базани кўздан кечирмоқда. Март ойида БМТ гуруҳи россиялик ёлланма аскарларнинг Марказий Африка Республикасида ўтган йил декабрдаги «президент сайловларидан кейин юз берган қатор зўравонлик ҳужумларига алоқадорлиги» юзасидан хавотир билдирган. [ALEXIS HUGUET / AFP]

Жаҳон лидерлари Кремл билан яқин алоқадаги россиялик хусусий ёлланма жангчиларидан иборат «Вагнер» гуруҳига нисбатан қўшимча санкциялар жорий қилишга келишиб олдилар.

Вагнер ёлланма аскарлари бутун дунё бўйлаб бир қанча қайноқ ҳудудлар, хусусан, Украина, Африканинг бир нечта давлати ва Яқин Шарқдаги можароларда иштирок этган.

«Бу гуруҳга нисбатан чекловчи чоралар кўришда илгарилашга имкон берувчи консенсус мавжуд», деди Жозеп Боррел душанба (15 ноябр) куни Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи (ЕИ) ташқи ишлар вазирларининг йиғилишидан сўнг.

Санкцияга оид таклифлар Европа Иттифоқи экспертлари томонидан ишлаб чиқилади ва декабр ойида ташқи ишлар вазирларининг келаси учрашувида муҳокама қилинади, деди у.

image

Сунъий йўлдошлардан олинган ушбу суратдан 2020 йил июл ойида Ливиядаги ал-Хадим аэродромида Вагнер гуруҳи томонидан етказиб берилган ва фойдаланиладиган ускуналар ҳажми маълум бўлган. [AFRICOM]

image

Белоруссия давлат телевидениесининг видеолавҳасида 2020 йил июл ойида номаълум манзилга кетаверишда Беларусга кирган «Вагнер гуруҳи»нинг ўнлаб ёлланма аскарлари акс этган. [Файл]

image

Қримдаги Перевалное қишлоғида жойланган Украина ҳарбий базаси олдида қўриқчилик қилаётган номаълум аскарлар, 2014 йил, 16 март. Украина Россия президенти Владимир Путиннинг буйруғини бажарадиган «Вагнер» ёлланма аскарлар гуруҳининг ватани ҳисобланади. (Димитар Дилкофф/AFP)

Европа Иттифоқи аъзоси Франция Вагнерга нисбатан чора кўриш ҳаракатларига бошчилик қилмоқда.

Париж гуруҳ ва Мали ҳарбий хунтаси ўртасида мамлакатга 1000 нафар ёлланма аскар юборишга доир келишувга кескин қарши чиқмоқда.

2013 йилдан бери Франция Мали ва Сахел минтақасига минглаб аскарлар ҳамда ҳаво кучларини юборди, улар маҳаллий кучлар билан бирга Ал-Қоида ва «Ислом давлати»га (ИД) алоқадор исёнчиларга қарши амалиётлар олиб борди.

Камида 20 та этник гуруҳ истиқомат қиладиган, ночор ва денгизга чиқиш йўли бўлмаган Мали жангарилар ҳужумлари ва кўп ҳолларда қўшни мамлакатларга ҳам тарқалаётган қабилалараро зўравонликларга қарши курашиб келмоқда.

Кучайиб бораётган эътибор

Кремл шу йил бошида Вагнер ёлланма гуруҳидан 1000 нафар жангчини можаролар ҳукм сураётган давлатга жўнатиш бўйича келишув имзолангани ҳақида хабарлар ортидан Франция ва Германия эътиборига тушган эди.

«Биз Малининг терроризмга қарши кураш салоҳиятини қўллаб-қувватлаш зарурлигини тушунамиз», деб айтган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 11 ноябр куни Москвада малилик ҳамкасби Абдулае Диоп билан музокаралар чоғида.

«Мамлакатни зарур жиҳозлар, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар билан таъминлаяпмиз. Малининг давлатчилиги ва ҳудудий яхлитлигига таҳдидларнинг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўрамиз», деди Лавров.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда россиялик ёлланма аскарлар масаласига оид саволлар Мали ҳукуматига берилиши керак. Россия фуқаролари томонидан хусусий тартибда илгари сурилган ҳарбий ташаббуслар Москванинг расмий доирасига кирмайди.

«Мали ҳукуматининг Россия ХҲК (хусусий ҳарбий компанияси) хизматларидан фойдаланиш режалари ҳақидаги хабарларга келсак... бу савол Малининг қонуний ҳукумати юрисдикциясига киради», деди Лавров.

«Бу шартномалар суверен давлатларнинг қонуний ҳукуматлари билан тузилган бўлса, нима учун салбий баҳоланиши мумкинлигини тушунмайман», деб қўшимча қилди у.

Бироқ, агар сўнгги воқеалар ниманингдир белгиси бўлса, Вагнер ва бошқа Россия ХҲКлари билан ишлашнинг салбий оқибатлари борлиги аниқ.

Вагнер илк бор 2014 йилда Украинадауруш бошланиб, Россия Қримни ноқонуний эгаллаб олганида пайдо бўлган.

Ўшандан бери унинг ёлланма аскарлари бутун дунёда, жумладан Сурия, Мозамбик, Судан, Венесуэла, Марказий Африка Республикаси (МАР) ва Чаддаги можароларда қатнашганлар.

Кремлнинг Сурия ва Ливияни боғлайдиган ўйинлари

ЕИ ўтган йилдаёқ Россия президенти Владимир Путиннинг қадрдон дўсти – Вагнернинг молиячиси деб гумон қилинадиган Евгений Пригожинни гуруҳнинг Ливиядаги операцияларга алоқадорлиги сабаб қора рўйхатга киритган эди.

Яқинда овоза бўлган хатолар ва можаролар «Вагнер» гуруҳининг хавфсизликка нисбатан пала-партиш ёндашувини фош этган.

Ливияда гуруҳ аъзоси тарафидан ташлаб кетилган планшет буни тасдиқловчи сўнгги далиллардан биридир. Вагнер халқаро ҳамжамият тарафидан тан олинган Ливия миллий келишув ҳукуматини (МКҲ) ағдаришга уринаётган ливиялик етакчи, Россиянинг мижози Халифа Ҳафтарни 2018 йилдан бери қўллаб-қувватлаб келади.

Планшет ичида Россия ёлланма армиясининг ҳаракатланишига оид маълумотлар, унинг одамлар яшайдиган туманларда миналар жойлаштирганига оид далиллар ва соядаги гуруҳ ортида турган пулларга оид ишоралар бўлган, деб хабар берган ВВС 12 август куни.

Икки нафар собиқ вагнерчилардан интервью олган BBC жангариларнинг уруш олиб боришига оид икки тафсилотни очиқлаган: Гуруҳ аъзолари учун ҳеч қандай хулқ-атвор кодекси мавжуд бўлмаган ва улар мунтазам равишда асирларни ўлдирган.

«Ҳеч кимга ортиқча боқиманда одам керак эмас», деб айтган собиқ вагнерчи BBC нашрига.

Планшет билан бирга, BBC ихтиёрига қуроллар ва қурилмаларнинг «харид рўйхати» ҳам келиб тушган. Таҳлилчиларга кўра, улар фақат Россия армияси заҳирасида бўлиши мумкин.

Вагнернинг Ливиядаги фаолияти шунингдек, Россиянинг Сурия можаросидаги иштироки билан ҳам боғлиқ.

2020 йилда Suwayda.com сайти Россия қўлловидаги кучлар сафида жанг қилиш мақсадида Ливияга кетиш учун рухсатнома олган 20600 нафар суриялик эркакнинг рўйхатини қўлга киритган.

Аммо, апрел ва июн ойида нашр ўша кучлар билан қисқа муддатли шартномалар тузган норози сурияликлардан интервью олган. Улар тўланмаган маошлар, озиқ-овқатнинг етарли эмаслиги, иш йўқлиги ва бошқа нолойиқ муносабатлардан шикоят қилишган.

Сурияда Вагнер жангариларининг қотилликлари ва уруш жиноятлари ҳақидаги ҳикоялар талайгина. Гуруҳ бу мамлакатга Москва 2015 йил сентябрда Сурия президенти Башар Асад армиясини қўллаб-қувватлаб низога аралашган вақтда кирган.

«Инсон ҳуқуқларини жиддий поймол қилиш»

Шу йили аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) экспертлари россиялик ёлланма аскарларни МАРда «инсон ҳуқуқларини жиддий поймол қилишда» айблаган эди.

31 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлар гуруҳи россиялик ёлланма аскарларнинг 27 декабр куни МАРда «президентлик сайловларидан кейин юз берган зўравонлик ҳужумларига алоқадорлиги» юзасидан хавотир изҳор этган.

Улар учта гуруҳ номини тилга олганлар: Sewa Security Services, Lobaye Invest SARLU ва Вагнер гуруҳи.

Ёлланма аскарлар «оммавий қотилликлар, ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар, сўроқ пайтида қийноқлар қўллаш, тинч аҳолини мажбуран кўчириш, фуқаролик объектларини бетартиб нишонга олиш, соғлиқни сақлашга оид ҳуқуқларни поймол қилиш ва гуманитар ташкилотларга ҳужумларнинг кучайишига» алоқадор, дейилади БМТнинг ёлланма аскарлар бўйича ишчи гуруҳи баёнотида.

Шунингдек, фаоллар Вагнерни Сурияда «уруш жиноятларини» содир этишда ҳам айблайдилар.

2018 йилда Суриянинг Дайр Аз-Зор вилоятидаги АҚШ аскарлари ва уларнинг воситачилари томонидан қўриқланадиган нефт объектларини қўлга олиш операцияси давомида бир неча ўнлаб Вагнерчилар ўлдирилгани ва яралангани айтилади.

Ўша йилнинг июл ойида ОАВдан бири учун Вагнернинг МАРдаги операцияларини ўрганаётган уч нафар журналист пистирмада ҳалок бўлган.

Россиянинг бир нечта маҳаллий янгиликлар сайтлари жангариликда гумонланганларнинг Россиядаги дафн маросимлари ҳақида хабар берган, уларнинг оилалари сукут сақлаш эвазига катта маблағ олишади.

Бошқа барча хусусий ҳарбий компаниялар сингари Россияда ноқонуний ҳисобланган Вагнер ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ҳарбий хизматчилар орасидан Россиядаги ўртача иш ҳақидан беш-олти баравар кўпроқ маош оладиган бўлажак аскарларни ёллаш билан шуғулланади.

Москванинг «энг ёмон қўриқланадиган сири»

Пригожин сайловларга аралашиш ва бутун дунё бўйлаб Кремлнинг режаларини амалга оширувчи ёлланма қўшинларни молиялаштиришдаги роли сабабли ҳуқуқий тарафдан жиддий таҳдид остига қолган.

2018 ва 2020 йилларда Вашингтон Пригожинга нисбатан санкциялар жорий қилиб, унга қарашли деб ҳисобланувчи Санкт-Петербургдаги «троллар фабрикаси» – Интернет тадқиқотлари агентлиги (ИТА) 2016 ва 2020 йилларда АҚШдаги сайловларга аралашув ортида турганини айтган.

ИТА шунингдек, бошқа мамлакатлар, масалан, Англия, Германия ва Франциядаги сайловлар ва референдумлар чоғида бузғунчи ташвиқот юритишда айбланмоқда.

Ўтган йили Беларусда сайловлар олдидан мухолифат билан бирга оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришни режалашда айбланган 33 нафар Вагнер «жангариси» ҳибсга олинган эди.

Қўлга олинганлар Беларус пойтахти Минск орқали Венесуэла, Ливия, Куба, Туркия ва Суриядаги манзилларга ўтмоқчи бўлганликларини таъкидлаган. Бу иқрордан ноқулай вазиятга тушган Москва уларнинг яширинча озод қилинишига эришди.

Ўтган йилнинг октябр ойида Европа Иттифоқи «Вагнер» гуруҳи орқали Ливиядаги вазиятни беқарорлаштиргани учун Пригожинга нисбатан санкциялар қўллаган.

Феврал ойида АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) Пригожиннинг ҳибсга олинишига ёрдам берадиган маълумот учун 250 минг доллар мукофот таклиф қилди ва унинг «АҚШни алдаш фитнасига алоқадорликда гумон қилинаётгани» сабабли қидирилаётганини айтди.

Карнеги жамғармасининг таҳлил маркази Вагнерни «Москванинг энг ҳимояланмаган сирларидан бири» деб атаган.

Марказ маълумотларига кўра, гуруҳнинг иккита асосий мақсади бор: «Уруш ҳудудларига жангариларни жойлаштиришда Кремлни ҳақиқатнамо инкор билан таъминлаш» ва «мезбон давлатларда босим ўтказишга тайёр бўлиш».

Пригожин Вагнер билан алоқаларини рад этиб келади, Москва эса ҳеч қачон Вагнер ёлланма аскарлари ҳақидаги хабарларни тасдиқламаган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500