Карвонсарой
Жамият

Палмира: Сурия режими ва жангарилар назоратидаги «арвоҳ шаҳар»

Волид Абу ал-Хайр

Сурия шимолидаги Ал-Бобдаги устахонада ИШИД жиддий шикаст етказган археологик ёдгорликни ёғоч ва гипсдан ўз хотирасига таяниб қайта тиклаётган 58 яшар собиқ палмиралик Али Солиҳ, 14 январ. [Бакр Алқосим/AFP]

Сурия шимолидаги Ал-Бобдаги устахонада ИШИД жиддий шикаст етказган археологик ёдгорликни ёғоч ва гипсдан ўз хотирасига таяниб қайта тиклаётган 58 яшар собиқ палмиралик Али Солиҳ, 14 январ. [Бакр Алқосим/AFP]

Маҳаллий фаолларга кўра, Сурия жануби-марказидаги Хомс вилоятида бир вақтлар юнон-рум харобаларини томоша қилишга ошиққан сайёҳлар билан тўладиган қадимги Палмира шаҳри ҳозирга келиб арвоҳ шаҳарга айланиб қолган.

1980 йили Бутунжаҳон мероси объекти сифатида тан олинган Палмира 2015 йилда ҳудудни эгаллаган «Ироқ ва Шом ислом давлати» (ИШИД) қўлидан жиддий талафот кўрган. Замонавий шаҳарнинг аксар аҳолиси қочиб кетган.

2017 йилда ИШИД иккинчи бор қувиб чиқарилганидан кейин, шаҳарнинг бир қисмидаги ташландиқ уйларни Эронга алоқадор жангарилар эгаллаган бўлса, россиялик аскарлар шаҳарнинг бошқа қисмидаги фосфат конлари ва археологик ҳудудларда назорат ўрнатган.

Шунингдек, Палмира ҳарбий аэропорти ҳам Россия кучлари назоратига ўтган.

Рим даврига мансуб қадимги Палмира шаҳри харобаларининг Буюк устунларига етказилган зарарни кўрсатувчи сурат, 7 феврал, Суриянинг Хомс вилояти. [Луай Бешара/AFP]

Рим даврига мансуб қадимги Палмира шаҳри харобаларининг Буюк устунларига етказилган зарарни кўрсатувчи сурат, 7 феврал, Суриянинг Хомс вилояти. [Луай Бешара/AFP]

Йўлларнинг абгор ҳолати, яхши ёритилмаслиги ва таянч инфратузилманинг йўқлиги сабаб Палмира ва унинг атрофидаги катта кўчаларда ҳар куни йўл-транспорт ҳодисалари юз беради, дейди маҳаллий аҳоли. [SANA]

Йўлларнинг абгор ҳолати, яхши ёритилмаслиги ва таянч инфратузилманинг йўқлиги сабаб Палмира ва унинг атрофидаги катта кўчаларда ҳар куни йўл-транспорт ҳодисалари юз беради, дейди маҳаллий аҳоли. [SANA]

Шаҳар ва унинг атрофи қаровсиз қолган, Башар Асаднинг Сурия режими ва унинг иттифоқдошлари ҳудуддаги демографик ўзгаришга таъсир ўтказиш кампаниясини олиб бормоқда, деб хабар берган фаоллар Al-Mashareq веб-сайтига.

Ўтакетган беписандлик

Замонавий Палмиранинг 50 минг аҳолисидан кўпчилиги ИШИД истилосидан кейин шаҳардан кўчиб кетган, уларнинг ўрнига режимга алоқадор эронлик ва россиялик жангарилар келган.

«Сурия ҳукумати идоралари Палмира ва унинг атрофини қаровсиз қолдирди, улар Эрон ва россиялик жангарилар яшаётган ҳудудлардан бошқа жойларда ҳатто оддий вазифаларни ҳам бажармайди», дейди ОАВ фаоли Аммар Солиҳ.

Шаҳарда асли палмираликлар жуда оз, «улар беш йил аввал шаҳар режим назоратига ўтганидан кейин қайтганлар», дейди Солиҳ.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Палмира «арвоҳ шаҳар»га айланган. «ИШИД билан урушда йўқ қилинган биноларнинг харобаларига тегилмаган, тупроқ уюмлари эса ҳали ҳам йўлларни тўсиб турибди.»

Уруш вақтида йўқ қилинган инфратузилма қайта тикланмаган, ичимлик суви, канализация хизмати ва электр қуввати йўқ, дейди у.

«Ёритиш воситалари, йўл ҳаракати белгилари ва асосий инфратузилма йўқлиги» сабабли Палмира ва Хомс вилоятини Дайр Аз-зор билан боғлайдиган магистралларда ҳар куни йўл-транспорт ҳодисалари юз беради, деб қўшимча қилди у.

Айрим автоҳалокатлар Россия кучлари учун фосфат ва бошқа материалларни ташувчи юк машиналари иштирокида содир бўлади, деб таъкидлади у.

Шаҳар асосан бўш бўлишига қарамай, Россия назорати остидаги айрим ерларда археологик ҳудудлар ва улардаги хизматлар қайта тикланган.

Россияликлар қадимги ёдгорликларга ташрифларни ташкиллаштиради ва маҳаллий аҳолига бу объектларга рухсатсиз яқинлашишни тақиқлайди, «гўёки бу ерлар сурияликлар эмас, россияликларга тегишлидек», дейди Солиҳ.

Демографик ўзгаришлар

Сурия режими назоратига қайтган бошқа ҳудудлар каби Палмира ва унинг атрофлари «эътиборсизлик ва кундалик хизматларнинг йўқлигидан» азият чекмоқда, дейди суриялик журналист Муҳаммад ал-Абдуллоҳ.

Унга кўра, режимнинг асосий мақсади «қайтиб келган аҳолини кетишга мажбурлаш ва келмоқчи бўлаётганларни фикридан қайтариш».

Ҳудудда «кескин демографик ўзгаришлар юз бермоқда», деб қўшимча қилди у. Шаҳарнинг бир қисми ташландиқ уйларни эгаллаб олган Фотимиюн бўлинмаси – эронлик жангарилар ҳамда Ироқ аскарлари назорати остида.

Аҳоли сийрак бўлган ҳудудлардан яна бири Россия кучлари ва Вагнер гуруҳининг ёлланма аскарлари назоратида бўлиб, у ердаги қўриқланадиган объектларда Россия унсурлари ва Вагнерга ишлайдиган турли вилоятларидан келган сурияликлар яшайди, деди у.

«Сурия режими ҳудудда хавфсизлик нуқтайи назаридан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳеч қандай назоратга эга эмас», дейди ал-Абдуллоҳ.

«Россияликлар фосфат конлари ва бутун археологик ҳудудни, жумладан фаолияти қайта тикланган нефт конларини назорат қилади.»

Эрон қўлловидаги жангариларнинг Палмирага жойлаштирилиши унинг Ироқ чегарасига яқин бўлгани сабаб стратегик чора ҳисобланади, бу уларнинг трансчегаравий фаолиятини ҳимоялашга ёрдам беради, дейди у.

Айрим маълумотларга кўра, шаҳардаги қадимий Бел ибодатхонаси эронликларнинг қуроллари ва ракеталари сақланадиган омборхонага айлантирилган.

Жангариларга ишлаш

2016 йилда Палмирадан кўчиб кетган Бассем ал-Акайдат ҳозирда Суриянинг жанубий чегарасидаги ал-Руқбон жамлоғида яшамоқда.

Саҳродаги лагерда ҳаёт жуда оғир, аммо шунга қарамай, ал-Акайдат «Палмирага қайтишдан кўра, ал-Руқбонда қолиш афзал эканлиги» айтади, чунки у ерда шароит ёмон, «ҳатто ал-Руқбондагидан ҳам оғирроқ».

Айрим оилалар Палмирага қисқа муддатга қайтишган, кейинчалик ал-Руқбон ёки шарқий вилоят Дайр Аз-зор каби бошқа жойларга қочиб кетишган, дейди у.

Ал-Акайдатга кўра, бунга «шаҳарда яшашга шароит йўқлиги, режим ва Эрон жангарилари, шунингдек ҳудудга яқинда жойлаштирилгани айтилаётган Вагнер унсурлари томонидан кўрилган қатъий хавфсизлик чоралари сабаб бўлган».

Россия жангари гуруҳининг сафи «янги аъзолар билан тўлдирилган», дейди у.

Ортга қайтган айрим оилалар «россияликлар ва эронликлар билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга розилик бўлганлар, бу ягона даромад манбаи бўлгани учун кўпчилик оилаларнинг йигитлари жангарилар сафига қўшилган», деди у.

Уларнинг айримлари россияликлар бошқарадиган ва фақат россияликларга содиқ бўлганларгина ишга қабул қилинадиган фосфат ва туз конларида ишлайди, деб қўшимча қилди у.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Бунинг ҳайрон қоларли жойи ёъқ, зеро Россия терроризмни қўлловчи давлат ҳисобланади.

Жавоб бериш

Рус дунёси қаерга кирган бўлса, ўша ерда қашшоқлик ва вайронагарчилик.

Жавоб бериш