БРЮССЕЛЬ – Россиянинг Европа давлатлари билан расмий дипломатик алоқалари янада совуқлашиши мумкин бўлган бир пайтда, оппортунистик руҳдаги Кремл вазиятни алангалатиш учун бир қатор минтақавий инқирозлардан фойдаланиш йўлларини излаб топган.
Ўз мамлакатида кучайиб бораётган COVID-19 муаммоси қуршовида қолган президент Владимир Путин имкони бор ерларда тактик муваффақиятларга эришиш ва европалик ҳамкасбларини ўз таъсирини тан олишга мажбурлаш билан хориждаги ҳаракатларни жадаллаштирмоқда.
«Россия сиёсати, шубҳасиз, пайдо бўладиган имкониятларга асосланади», дейди европалик юқори мартабали дипломат ва Россия бўйича экспертлардан бири AFP билан суҳбатда.
«Аммо унинг яқин қўшнилари, хусусан собиқ Совет республикаларига келсак, унда вазиятни қўлга олиш ва босқичма-босқич назоратни тиклаш учун ҳақиқий ирода бор.»
Россия мижози бўлган Александр Лукашенко Яқин Шарқдаги мигрантларни Полша чегараси томон йўналтирганида, Путин вазиятга аралашишдан бош тортиб, Брюсселни Беларуснинг рад этилган режими билан қайта музокара бошлашга мажбурлади.
Франция Африкадаги собиқ мустамлакалари билан низолашиб қоладиган бўлса, Кремлга алоқадор Вагнер гуруҳининг ёлланма аскарлари Парижнинг жиззаки ҳамкорларига Россиянинг муқобил ҳарбий ёрдамини таклиф қилиш учун у ерда ҳозиру нозир бўлади.
Россия НАТОга ўзининг орқа ҳовлиси деб биладиган жой масаласида босим ўтказмоқчи бўлса, Кремл қўлловидаги исёнга қарши курашаётган ғарбпараст Украина чегараларида ўзининг ҳарбий қудратини кўз-кўз қилади.
Ҳатто, Россия одатда халқаро шериклар билан ҳамкорлик қилишдан фахрланадиган фазовий соҳада ҳам, ўтган ҳафта Россиянинг сунъий йўлдошга қарши ракетасининг синовдан ўтказилгани эътирозларга сабаб бўлди.
Зарарли ҳамкор
Кремл кузатувчилари бу провокациялар ортида катта фитна бор деб билмаса-да, Россия раҳбари Европа стратегиясидаги заиф нуқталар ва қарама-қаршиликларни топиш учун ўз ихтиёридаги барча воситалардан фойдаланаётганини айтмоқда.
Россиянинг яккалаб қўйилгани Путинга қарама-қаршилик мантиғига амал қилишдан бошқа чора қолдирмади, дейди Москвадаги Карнеги марказининг катта илмий ходими Александр Баунов AFP билан суҳбатда.
«Кремл зарарли ҳамкор ҳисобланади», деб тушунтирди у. «Шундай экан, Ғарбни музокарага мажбурлаш учун унинг қўрқитишдан бошқа чораси қолмаган».
«У бунинг учун музокара мавзуларини пайдо қилмоқда – Украина инқирози, Европа Иттифоқи чегарасидаги қочқинлар муаммоси, [табиий] газ нархлари», деди у.
2014 йилда Москва Украинага қарашли Қримни аннексия қилганидан кейин Украина армияси Россия билан чегарадош икки бўлгинчи минтақада россияпараст айирмачилар билан кескин низо ҳолатида бўлиб турибди.
Киев ва унинг Ғарбдаги иттифоқдошлари Россияни айирмачиларни қўллаб-қувватлаш учун чегара оша қўшин ва қурол жўнатганликда айбламоқда, Москва эса бу даъволарни рад этяпти.
Аммо, 2014 йилда Украина мухолифатининг намойишлари ортидан кремлпараст президент ҳокимиятдан ағдарилар экан, Ғарбнинг Европа Иттифоқи (ЕИ) ва НАТО таъсирини постсовет ҳудудга ёйиш режасини кўрган Россия ғазабга тушган эди.
Шу тариқа, ўтган йили Брюссел Беларусда мухолифат намойишлари бостирилганини қоралаган ва Лукашенконинг баҳсли қайта сайланишини тан олишдан бош тортганида, Путин авторитар иттифоқдошини қўллаб-қувватлаган эди.
Лукашенко Брюсселдан ўч олиш учун Яқин Шарқдаги қочқинларни чегарага олиб бориб, Европа Иттифоқи аъзоси Полша билан қарама-қаршилик келтириб чиқарганида, Путин уни қўллаб-қувватлади.
«Россияга Лукашенкони тўхтатишнинг нима кераги бор?» деди «Россия халқаро сиёсатда» нашри муҳаррири Фёдор Лукянов жаҳл билан. «Лукашенко Европа билан муносабатлардаги инқироздан чиқиш йўлини топди.»
«Россиянинг нуқтаи назарига кўра, унинг иттифоқчиси омон қолиш учун курашмоқда».
Бу ғазаб ўтган пайшанба (18 ноябр) куни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Европадан «барча муаммоларда Россияни айбдор қилишни» тўхтатишни талаб қилганида яққол намоён бўлди.
Ғарб давлатлари ўтган ҳафта Россиянинг Украина яқинидаги ҳарбий фаоллигидан хавотир билдириб, Вашингтон «ноодатий» деб атаган хатти-ҳаракатлардан «реал хавотирда» эканини баён қилган.
Шанба куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен: «Биз президент Путиннинг мақсадлари қандай эканлигини билмаймиз. Лекин ўтмишда нималар бўлганини биламиз», деди.
«Биз Украина ёки бошқа бирон бир давлатнинг қандайдир хаёлий провокациясига ишора қилиб, Россия буни ўз режалари йўлида баҳона сифатида ишлатишини яхши биламиз.»
Якшанба куни Песков Россиянинг Украинага эҳтимолий бостириб кириши борасида АҚШнинг «жазавага» тушаётганини танқид қилган.
Қамалда қолган диктатор
Эндиликда ўз лавозимини тарк этаётган Германия канцлери Ангела Меркел вазиятни барқарорлаштириш учун Лукашенкога қўнғироқ қилишга мажбур бўлди ва Европа Комиссияси (ЕК) мигрантлар репатриацияси бўйича ўзи тан олмаган режим билан «техник музокаралар» бошлади. ЕК Европа Иттифоқининг ижрочи органи ҳисобланади.
Euronews.com хабарига кўра, Европа давлатлари ташқи ишлар вазирларининг 15 ноябр кунги йиғилишида ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Хосеп Боррел «Мен Лукашенконинг бу ишларни Россиянинг кучли дастагисиз қилаётганига ишонмайман», деб айтган.
Ҳужжатнинг AFPга маълум бўлган дастлабки лойиҳасида Россиянинг Европа Иттифоқи манфаатларига ва Болқон, Шарқий Европа, Ливия, Сурия ва Ўрта ер денгизининг шарқий қисмидаги барқарорликка қарши аралашуви ҳақида гап боради.
Вазирлар муҳокамасидаги матнда айтилишича, Россия билан ёмонлашган муносабатлар «бу театрларнинг аксариятида ғоят жиддий».
«У гибрид тактикалар орқали фаол аралашиб, бу мамлакатлардаги барқарорлик ва демократик жараёнларга путур етказмоқда. Бу бизнинг хавфсизлигимизга ҳам бевосита таъсир қилади».
Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Вагнер гуруҳига нисбатан қўшимча санкциялар ишлаб чиқмоқда, деди Боррел.
«Бу гуруҳга нисбатан чекловчи чоралар кўришда илгарилашга имкон берувчи консенсус мавжуд», деди у.
Унинг айтишича, санкциялар бўйича таклифлар Европа Иттифоқи экспертлари томонидан ишлаб чиқилади ва декабр ойида ташқи ишлар вазирларининг келаси учрашувида муҳокама қилинади.
Путиннинг иттифоқдоши Евгений Пригожинга алоқадор Вагнер ёлланма аскарлари Украина можаросига аралашувдан кейин Мали, Марказий Африка Республикаси, Ливия ва Сурияда фаол бўлгани маълум.
Вазирлар яқинда эълон қилинадиган ва келгуси йиллар учун Европа Иттифоқининг ҳамжиҳатликдаги ташқи сиёсатини белгилайдиган ҳужжат устида иш олиб борганлар.
Бефойда мақола, Россия – душман ва биз ҳеч нарса қила олмаймиз
Жавоб беришФикрлар 3
Бу қандай провокацион саволлар бўлди? Ҳар бир давлатнинг ўз раҳбари томонидан билдирилган позицияси фақат битта нарсага – унинг фуқаролари ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоялашга хизмат қилиши керак. Ушбу мақсадларга барча қонуний воситалар билан эришиш лозим.
Жавоб беришФикрлар 3
Россия фақат бошқа давлатларга зарар етказишни билади. Бошқа ҳеч нарса қўлидан келмайди.
Жавоб беришФикрлар 3