Карвонсарой
Иқтисодиёт

Россия интернет-дўконлари Қозоғистонда жорий этилган янги солиқ қоидаларидан шикоят қилмоқда

Ксения Бондал

image

Қозоғистонда тўлов тизими ва электрон тижорат соҳасида етакчи ҳисобланган «Каспи» ходими 2020 йилнинг 5 ноябр куни компаниянинг Олмаотадаги бош қароргоҳида ишламоқда. [Руслан Пряников/AFP]

ОЛМАОТА – Қозоғистон ва Беларусдаги онлайн-дўконларга жорий этилган янги солиқлар Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕИИ) доирасида Кремлнинг шикоятларини келтириб чиқариши кутилмоқда, дейди иқтисодчилар.

Ушбу можаро Россия ҳукмронлик қиладиган иттифоқда шериклик кайфияти етишмаслигини кўрсатмоқда.

Россиядаги интернет дўконлари 2022 йил январдан Қозоғистонда, июлдан эса Беларусда кучга кирадиган қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) юзасидан Россия бош вазири Михаил Мишустинга шикоят қилган.

Қозоғистонда ҚҚС ставкаси 12% ни ташкил этади ҳамда товар ва хизматларнинг сотув баҳосига нисбатан қўлланилади – эндиликда у хорижий компанияларнинг интернетдаги электрон савдоларига ҳам тааллуқли бўлади.

image

3 декабр куни Олмаота гипермаркетида Россия ширинликларини кўздан кечираётган қозоғистонлик харидор. [Ксения Бондал/Карвонсарой]

image

Терма скриншотда қозоғистонлик мижозларга маҳсулот сотадиган Россиянинг йирик интернет-дўконлари бош саҳифалари акс этган.

Россия фирмалари Россияда ҚҚС тўлаши ва эндиликда Қозоғистон ёки Белоруссияда ҳам иккинчи бор тўлашга мажбур бўлаётганидан нолимоқда.

Россиянинг онлайн-савдо компаниялари ассоциацияси Мишустинга мурожаат қилиб, муаммони ҳал қилишда амалий ёрдам беришни сўраган, деб ёзади 25 ноябр куни «Коммерсант» нашри.

Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлиги бу муаммодан хабардор эканлигини маълум қилар экан, ЕОИИ ижрочи органи – Евроосиё иқтисодий комиссиясига (ЕОИК) «тўсиқлар яратишга йўл қўйиб бўлмаслигини» айтган.

Вазирлик юзага келган вазиятнинг «ЕОИИ қонунига зидлигини» эътироф этиб, Россия ҳукумати ЕОИК, Қозоғистон ва Беларус ҳукуматлари билан бу масалани муҳокама қилиши ҳақида хабар берган.

Россия оммавий ахборот воситалари эса оловга мой пуркамоқда.

«Россиянинг онлайн дўконлари икки томонлама солиқ тўлайди», дейилади ноябр ойида Россиянинг «Секрет фирмы» сайтида чоп этилган «Беларус ва Қозоғистон Россия онлайн дўконларининг ҳаётини мураккаблаштирмоқла» деб номланган мақолада.

«Улар Беларус ва Қозоғистонда сотилаётган товарлар учун ҚҚС тўлаши талаб этилади», деб ёзади мақола муаллифи Россия фирмаларига январ-июл ойлари учун жорий этиладиган солиқларни назарда тутиб. «Бундан ташқари, компаниялар бундай солиқларни Россияда ҳам тўлаши керак.»

«Бозор иштирокчилари янги солиқ йиғимлари бу сайтларда сотилаётган маҳсулотлар нархининг ошишига сабаб бўлишини айтмоқда. Платформалардан ундирилаётган қўшимча солиқлар юкламаси 7,4 миллиард рублга (100,6 миллион АҚШ доллари) тенг келади», дейилади йиллик юкламани назарда тутиб.

Иқтисодий товламачилик

Таҳлилчилар анчадан бери Москвани Кремл бошқарувидаги ЕОИИ тенг бўлмаган даромадларни олишни кўзлаб савдо чекловларини жорий этишда айблаши фонида Россиянинг солиқ борасидаги шикоятлари пайдо бўлди.

ЕОИИ Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон ва Беларусдан таркиб топган.

Россия ЕОИИ ичида муаммоларни босим ўтказиш йўли билан ҳал қилишга ўрганиб қолган, дейди молиявий таҳлилчи, олмаоталик Арман Бейсембаев.

«Россия интернет дўконларига Қозоғистондек «учинчи дунё давлатида» солиқ тўлаш манфаатли эмаслигини аниқ. Шунинг учун ҳам шикоят қилишмоқда: Мишустиннинг тезроқ у ерга бориб, солиқ масаласида гаплашиб қўйишини истамоқдалар», дейди у.

«Мишустин русийзабон аҳоли сиқувга олинаётгани борасида хавотир изҳор этиш учун ё Қозоғистон вазирини чақиртиради, ё ўзи шахсан Қозоғистонга ташриф буюради», деб башорат қилган Бейсембаев.

Россиянинг ўзида Марказий Осиёлик мигрантларга қарши дискриминация кучайиб бораётганига қарамай, Россия расмийлари сўнгги ойларда Марказий Осиёда этник рус озчилигига нисбатан ксенофобия ва босим ортгани ҳақидаги даъволарни кучайтирган.

Россия расмийлари ўз мамлакати учун манфаатли шартларни кўзлар экан, мунтазам савдо чекловлари ҳақида гапиради, дейди у. Россия доим шу услубдан фойдаланади, дейди Бейсембаев.

«Россияликлар бизнинг сут маҳсулотларимизнинг киришига йўл қўймайди, аммо биз Қозоғистонга уларнинг гўшт маҳсулотларини киритмасак, савдо чекловларини яратишда айблашади», деб қўшимча қилган у.

«ЕОИИда сиёсий ва иқтисодий товламачилик жуда кенг тарқалган.»

ҚҚС баҳси ЕОИИ ичида шахсий манфаатлар устуворлиги ва бирдамлик йўқлигини яққол намойиш қилади.

ЕОИИ аввалдан омонат пойдевор устига қурилган эди, ҳар бир аъзо давлат бошқа аъзо мамлакатлар ҳисобига фойда кўришга ҳаракат қилиб келади. Аммо, якунда Россия қолган барча аъзолар ортидан фойда кўради, дейди у.

Ҳамма солиқ тўлаши керак

Қозоғистонда савдо қилаётган Россия веб-сайтларидан ундирилаётган солиқларни аксар қозоғистонликлар қўллаб-қувватлайди.

Барча компаниялар қаерда товар сотсалар ҳам, солиқ тўлаши талаб қилинади, дейди Office-Expert.kz онлайн дўкони эгаси Кайрат Десупов Карвонсарой нашрига.

«Биз ўз мамлакатимизда ҚҚС тўлаймиз, нима учун Россия компаниялари бошқача йўл тутиши керак? Агар икки томонлама солиқ солинишидан шикоят қилишар экан, ҚҚСни тўлаш муаммосини Россияда ҳал қилишсин, Қозоғистонда эмас», дейди Десупов.

«Улар ўз ҳукуматидан Россияда ҚҚСни камайтиришни сўраши мумкин. Нима учун солиқлар тўпланиб, Россия бюджетига тушишини таъминлаши керак экану, Қозоғистонда оладиган фойдаси учун ҳеч нима тўламас экан?»

«Россия ўз компаниялари учун икки томонлама солиқ солиш муаммосини ҳал қилиши керак, аммо бу Қозоғистон ҳисобидан бўлмаслиги керак», дейди Десупов.

Мишустин Қозоғистоннинг ички солиқ қонунчилигига аралашмаслиги керак ва бунга ҳаққи йўқ, деб қўшимча қилган у.

Россия аллақачон хорижий фирмалардан ҚҚС олади

Гап россияликлар учун савдо чекловларида эмас, дейди Uchet.kz конгломерати асосчиси, олмаоталик Максим Баришев.

«Савдо платформалари ҚҚС тўлаши керак, бу стандарт халқаро амалиёт, пул Қозоғистондан келаётган экан, солиқ ҳам шу ерда тўланиши керак», деб айтган Баришев Карвонсарой нашрига.

«Аслида Россия бундай солиқни жорий қилган, уни кўпчилик «Google Tax» номи орқали билади. Мишустин эса бунинг ташаббускорларидан бири бўлган», деб айтган Баришев 2017 йилда Россияда кучга кирган электрон хизматлар учун тўпланадиган солиқни назарда тутиб.

«Норасмий «Google Tax» номи билан танилган қонун россияликларга онлайн хизмат кўрсатувчи хорижий компанияларга 18 фоиз ҚҚС жорий этилишини назарда тутади», деб тушунтириб ўтган АҚШнинг Abbott, Stringham & Lynch компанияси 2017 йилда.

Агар Россия онлайн дўконлари зарардан хавотир олишса, бунинг ечими оддий, деб таъкидлаган у.

Улар солиқ юкини камайтириш учун «Қозоғистонда юридик шахс бўлиб рўйхатдан ўтишлари мумкин», дейди у.

«Қозоғистондаги солиқ қонунлари шундай ишлайди, бизнинг бозорда ишламоқчи экансиз, уларга риоя қилишингиз керак», деб айтган Баришев.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 2

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500

Ҳа

Жавоб бериш

Унда Россия дўконлари учун солиқларни 3 баравар ошириш керак.

Жавоб бериш