Карвонсарой
Инсон ҳуқуқлари

Хитой тайванликларни «овлаб», оролнинг суверенитетига путур етказишга уринмоқда

Карвонсарой ва AFP

1 октябр куни Гонконгдаги демократик намойишларини бостиришга тайёр турган Хитой полицияси. [АЙЗЕК ЛОУРЕНС/AFP]

1 октябр куни Гонконгдаги демократик намойишларини бостиришга тайёр турган Хитой полицияси. [АЙЗЕК ЛОУРЕНС/AFP]

Пекин юзлаб Тайван фуқароларини Хитойга депортация қилиш учун хорижий мамлакатлар ҳукуматларига босим ўтказган – эълон қилинган янги ҳисоботда инсон ҳуқуқлари фаоллари бу ҳолатни «тайванликлар ови» деб атаганлар.

2016 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда 600 дан ортиқ тайванликлар «Тайван суверенитетига путур етказиш» айблови билан турли давлатлардан Хитойга экстрадиция қилинган, дейилади Safeguard Defenders ҳуқуқбон ташкилотининг 30 ноябр кунги ҳисоботида.

Ўз-ўзини идора қилувчи демократик Тайванни ўзига тегишли ҳудуд деб биладиган ва уни қачондир (керак бўлса, зўрлик билан) тортиб олишга тайёр бўлган Хитой сўнгги йилларда оролни дипломатик жиҳатдан иҳоталаш чораларини кучайтирган.

Хитой компартияси (ХКП) Тайван устидан ҳеч қачон ҳукм юритмаган, гарчи уни исёнкор вилоят деб ҳисобласа ҳам.

2019 йил 1 октябр куни Хитой халқ республикаси ташкил топганининг 70 йиллиги муносабати билан Пекин осмонида учаётган Хитой халқ озодлик армияси ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари. Сўнгги ойларда Хитой самолётлари Тайваннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳудудини мунтазам равишда бузган. [Грег Бейкер/AFP]

2019 йил 1 октябр куни Хитой халқ республикаси ташкил топганининг 70 йиллиги муносабати билан Пекин осмонида учаётган Хитой халқ озодлик армияси ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари. Сўнгги ойларда Хитой самолётлари Тайваннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳудудини мунтазам равишда бузган. [Грег Бейкер/AFP]

1895 йилдан 1945 йилгача у Япония мустамлакаси бўлган. 1945 йилда Иккинчи Жаҳон урушида Япония таслим бўлгач, Хитой миллий партияси ҳукумати Тайван устидан назорат ўрнатган. 1949 йилда Гоминдан Хитой фуқаролар урушида мағлуб бўлганидан кейин оролга қочган эди.

Пекин риоя қилмайдиган 2009 йилги келишув

Хитой ва Тайван 2009 йилда иккала томон ҳуқуқ-тартибот идоралари хориждаги гумондорларни ўз ҳудудига қайтариши масаласида келишиб олган эди.

Бироқ, 2016 йилда Цай Инвен Тайван президенти этиб сайланганидан кейин, Пекин бу келишувни тез-тез эътиборсиз қолдира бошлади, дейилади ННТ ҳисоботида.

Цай оролнинг мустақил эканини исботлашга уринар экан, Хитой Тайванга нисбатан янада тажовузкорроқ суратда даъво қила бошлади.

Safeguard Defenders ташкилотига кўра, Пекин хорижий давлатлар ҳукуматларига, жумладан Филиппин ва Камбоджага, асосан телекоммуникация соҳасига оид фирибгарликда айбланган юзлаб тайванликларни Хитойга экстрадиция қилиш учун босим ўтказган. Бу амалиётлар Тайван ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг одамларни мажбурий топширишга қарши саъй-ҳаракатларига зид равишда олиб борилган.

Хитойга ноқонуний равишда экстрадиция қилинганлар «ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, қийноқлар, ғойиб бўлиш ва телевидение орқали мажбурий иқрор» ҳолатларига дуч келганлар, дейилади Safeguard Defenders баёнотида.

Ҳисоботга кўра, Испания инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясига қўшилганига қарамай, энг кўп мажбурий топшириш ҳолатлари – (200 дан ортиқ) айнан шу давлат ҳиссасига тўғри келган.

2017 йилда Испания суди фирибгарликда гумон қилинган 121 кишидан иборат хитойлик ва тайванликлар гуруҳи Хитойга экстрадиция қилиниши мумкинлиги тўғрисида қарор чиқарар экан, Тайванни дипломатик жиҳатдан Хитойнинг бир қисми деб ҳисобловчи Пекиннинг кенг миқёсидаги «Ягона Хитой сиёсати»га ишора қилган.

Бунинг муқобили ўлароқ, ўтган йили Чехия Олий суди қийноқлар хавфи ва Пекиннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ёмон ҳолатини рўкач қилиб, саккиз нафар Тайван фуқаросини экстрадиция қилиш тўғрисидаги Хитой сўровини рад этган.

Ушбу ҳисоботга жавобан, ўтган ҳафта Тайван ҳукумати Хитойнинг хориждаги жиноий ишларга алоқадор Тайван фуқароларига нисбатан «юрисдикцияга эга эмаслигини» ва улар жавобгарликка тортилиши учун Тайванга қайтарилиши кераклигини айтди.

Хитой режими мамлакат ичида ва бутун дунёда халқаро қонунлар ва меъёрларни назар-писанд қилмай келади.

Давлат тарафидан рухсат этилган энг ашаддий қонунбузарлик Пекиннинг Шинжондаги мусулмон озчиликларга нисбатан тазйиқларидир. У бир миллиондан ортиқ уйғурлар ва бошқа туркий мусулмонларни, жумладан қозоқ ва қирғизларни «сиёсий таълим» лагерлари, тергов изоляторлари ва қамоқхоналардан иборат 400 га яқин муассасада ҳибсда сақлаб келмоқда.

Хитойнинг кучайиб бораётган таҳдидлари

AFP маълумотлар базасига кўра, ноябр ойида Хитой ҳарбий самолётлари Тайваннинг ҳаво мудофааси ҳудудини 159 марта бузиб кирган, Пекиннинг демократик оролга ҳарбий босимни кучайтириши билан боғлиқ иккинчи энг фаол ой бўлган.

Тайван уни ўз ҳудуди деб биладиган ва уни қачондир (керак бўлса, зўрлик билан) тортиб олишга тайёр бўлган Хитойнинг доимий тажовузи остида яшамоқда.

2016 йилда Тайван президенти Цай Инвен сайловда ғалаба қозонганидан кейин Пекиннинг бу мамлакатга босими кучайди, сабаби у оролнинг «ягона Хитой» ҳудуди эканлигини тан олмайди. Цай Инвен 2020 йилда қайта сайланган.

Сўнгги 14 ой ичида ҳарбий қудратни кўз-кўз қилиш авжига чиқар экан, Пекин Тайваннинг ҳаво мудофааси ҳудудига тобора кўпроқ жанговар самолётлар юбора бошлаган – аввалроқ Хитой ҳарбий авиацияси кўпинча бундан ўзини тияр эди.

Зўравонлик чораларининг кучайиши гарчи ҳозирча бунинг эҳтимоли кам деб ҳисобланса-да, АҚШ ва Япония каби Ғарбий иттифоқчилар орасида «Хитой Тайванга бостириб киришга буйруқ бериши мумкин», деган хавотирларни кучайтирган.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500