Карвонсарой
Саломатлик

АҚШ Ўзбекистонга COVID-19га қарши Pfizer вакциналарини хайрия қилди

Карвонсарой

6 декабр куни АҚШ ҳукумати COVID-19га қарши кураш доирасида Ўзбекистонга 301860 доза Pfizer вакцинаси етказиб берди. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси]

6 декабр куни АҚШ ҳукумати COVID-19га қарши кураш доирасида Ўзбекистонга 301860 доза Pfizer вакцинаси етказиб берди. [АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси]

ТОШКЕНТ – АҚШ ҳукумати 6 декабр (душанба) куни COVID-19га қарши кураш доирасида Ўзбекистонга қўшимча 301860 доза Pfizer вакцинаси етказиб берди, дейилади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси баёнотида.

«Хавфсиз ва самарали вакциналар пандемияга барҳам беришнинг энг яхши воситасидир. Америка Қўшма Штатлари 1 миллиард доза COVID-19га қарши Pfizer-BioNTech вакцинасини сотиб олиш ва дунё бўйлаб хайрия қилиш мажбуриятига содиқ қолади. Бунинг натижасида дунё миқёсида АҚШ етказиб берадиган вақциналар сони 1,1 миллиарддан ошади», деди АҚШ элчиси ўринбосари Пол Полетес вакцинанинг келишини олқишлаб.

Ушбу хайрия ёрдами билан Ўзбекистонга июл ойидан бери бир неча марта етказиб берилган АҚШда ишлаб чиқарилган вакциналар сони 5,3 миллион дозадан ошган.

Шунингдек, қисман АҚШ ҳукумати томонидан молиялаштирилган COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга шу кунга қадар 2,4 миллион доза AstraZeneca вакцинаси етказиб берилди.

Бундан ташқари, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) яқинда Ўзбекистонга COVID-19 билан курашиш учун тезкор ёрдам чораси сифатида 2,5 миллион доллар ажратган.

Ўзбекистонга ёрдам 16 миллион доллардан ошди

Ушбу ёрдам билан Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга АҚШ ҳукуматининг тўғридан-тўғри ҳамда USAID ва АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказлари (CDC) орқали қўшган умумий ҳиссаси 16 миллион доллардан ошди.

COVAX глобал вакцина ташаббусининг энг йирик донори ҳисобланган АҚШ бутун дунё бўйлаб 200 миллиондан ортиқ COVID-19 вакцинаси тарқатди ва келгусида яна миллионлаб вакцина етказиб беради.

«Ўзбекистонда тўлиқ эмланган одамлар сони ошиб бормоқда. Аммо кураш ҳали тугагани йўқ – бу мамлакатда вирус кучайишдан тўхтамаган ва янги штаммлар доимий глобал хавф туғдирмоқда», деган эди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаела Мередит 12 ноябр кунги баёнотида.

«Пандемияга барҳам бериш барчанинг хавфсизлигини таъминлаш, одамлар ҳаётини сақлаб қолиш ва глобал иқтисодиётни тиклашда жуда муҳим», деди Мередит.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500