Карвонсарой
Хавфсизлик

АҚШ ускуналари Тожикистонга ядровий материаллар контрабандасига қарши курашда ёрдам беради

Карвонсарой

АҚШ элчиси Жон Марк Поммершейм (чапдан иккинчи) ва Тожикистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ГКНБ) расмийси 6 декабр куни Душанбеда ускуналарни топшириш маросимида иштирок этишди. [АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси]

АҚШ элчиси Жон Марк Поммершейм (чапдан иккинчи) ва Тожикистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ГКНБ) расмийси 6 декабр куни Душанбеда ускуналарни топшириш маросимида иштирок этишди. [АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси]

ДУШАНБЕ – 6 декабр (душанба) куни Қўшма Штатлар Тожикистонга чегарада ва мамлакат ичида ядровий ва радиоактив материаллар контрабандасига қарши курашда ёрдам бериш мақсадида хавфсизликни таъминлаш ва радиация аниқлаш ускуналарини ҳадя қилди.

Душанбе шаҳридаги Тожикистон кимёвий, биологик, радиологик ва ядровий хавфсизлик агентлигининг минтақавий ўқув марказида ўтган жиҳозларни топшириш маросимида АҚШ элчиси Жон Марк Поммершайм ва Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси (ГКНБ) ходими иштирок этди. Бу ҳақда Тожикистондаги АҚШ элчихонаси хабар берган.

Қиймати 1 млн доллардан (11,3 млн сомоний) ортиқ янги ускуналар портатив ва кўчма аниқлаш тизимлари, кузатув мосламалари, автотранспорт воситаларини текширувдан ўтказиш тўпламлари ва радиацияни аниқлайдиган замонавий мобил қурилмалар, шунингдек, тегишли тренинглар ва техник хизмат кўрсатишни ўз ичига олади ва ГКНБнинг бутун мамлакат бўйлаб контрабандага қарши операцияларига ёрдам беради.

Ускуналар ва тегишли тренинглар АҚШ Энергетика вазирлигининг ядровий хавфсизлик миллий бошқармаси (DOE/NNSA) томонидан тақдим этилган.

2022 йилда АҚШ Энергетика вазирлигининг ядровий хавфсизлик миллий бошқармаси АҚШ Федерал тергов бюроси билан биргаликда ядровий материаллар контрабандаси билан боғлиқ ҳолатлар текширувини кучайтириш мақсадида Тожикистон идоралари учун қўшма тренинг ўтказади.

«Халқаро ядровий хавфсизлик соҳасида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даврини эълон қилишдан мамнунман», деди Поммершайм.

«Бугун биз АҚШ Энергетика вазирлигининг ядровий хавфсизлик миллий бошқармаси ёрдамининг биринчи босқичини намойиш қилмоқдамиз. Бу АҚШ ва Тожикистон ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадамдир», деди у.

«Қўшма Штатлар ва Тожикистон тожик чегараларини қўриқлаш учун наркотиклар ва терроризмга қарши курашда яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда ва айни вақтда одамлар ва товарларнинг қонуний ўтишини осонлаштирмоқда».

«Ушбу муҳим янги имкониятлар билан биз ядровий ва радиоактив материаллар контрабандасига қарши кураш бўйича ҳамкорлигимизни янада кенгайтирамиз», деди Поммершайм.

Баёнотда айтилишича, DOE/NNSA ядровий ва радиоактив материаллар ноқонуний ҳаракатининг олдини олиш ва барҳам беришга қаратилган миллий комплекс аниқлаш дастурларини ишлаб чиқишда ҳамкорларни қўллаб-қувватлаш учун кенг кўламли тажриба, билимлар ва воситаларни тақдим этади.

АҚШ Энергетика вазирлигининг ядровий хавфсизлик миллий бошқармаси 2013 йилдан бери Тожикистонда ядровий материаллар контрабандасига қарши кураш лойиҳаларига 12 миллион доллардан (135,5 миллион сомоний) ортиқ маблағ ажратган.

ГКНБ билан йўлга қўйилган ҳамкорликдан ташқари, DOE/NNSA Тожикистон давлат божхона хизмати, Давлат чегара хизмати, Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) ва Фанлар академияси ҳузуридаги ядровий ва радиацион хавфсизлик агентлиги билан Тожикистоннинг ядровий ва радиоактив материаллар контрабандасига қарши кураш салоҳиятини янада кучайтириш йўлида ҳамкорликни давом эттирмоқда.

Сизга мақола ёқдими?

Фикрлар 0

Сиёсат * Мажбурий 1500 / 1500